Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 25 шаввол | 2025 йил 23 апрель, чоршанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Намоз – энг олиймақом ибодат | Ҳадис дарслари (268-дарс)

19:00 / 07.02.2024 2366 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ،عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَتَعَاقَبُونَ فِيكُمْ مَلَائِكَةٌ بِاللَّيْلِ وَمَلَائِكَةٌ بِالنَّهَارِ، وَيَجْتَمِعُونَ فِي صَلَاةِ الْفَجْرِ وَصَلَاةِ الْعَصْرِ، ثُمَّ يَعْرُجُ الَّذِينَ بَاتُوا فِيكُمْ فَيَسْأَلُهُمْ رَبُّهُمْ وَهُوَ أَعْلَمُ بِهِمْ كَيْفَ تَرَكْتُمْ عِبَادِي؟ فَيَقُولُونَ: تَرَكْنَاهُمْ وَهُمْ يُصَلُّونَ وَأَتَيْنَاهُمْ وَهُمْ يُصَلُّونَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ичингизда кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир хил фаришталар алмашиб турадилар. Улар Бомдод намозида ва Аср намозида жамланиб турадилар. Сўнгра ичингизда тунаганлар кўтариладилар. Бас, Роббилари Ўзи билиб турса ҳам улардан:

«Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўрайди. Улар:

«Уларни намоз ўқиётган ҳолларида тарк қилдик. Ҳузурларига борганимизда ҳам намоз ўқиётган эканлар», дейишади», дедилар».

Икки Шайх ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ҳадиси шарифда зикри келаётган фаришталар бандаларни муҳофаза қилиш учун ер юзига навбат билан тушиб турадилар. Кундузи муҳофаза қилиш учун алоҳида фаришталар бор, кечаси муҳофаза қилиш учун алоҳида фаришталар бор. Улар Бомдод ва Аср намозлари вақтида алмашадилар.

Бомдод намози вақтида тунги фаришталар кўтарилиб, кундузги фаришталар муҳофаза учун тушадилар. Ана шу вақтда икки тоифа фаришталар жамланиб, бир-бирлари билан кўришадилар.

Аср намозида эса бандаларни кундузи муҳофаза қилган фаришталар кўтарилиб, кечаси муҳофаза қиладиган фаришталар тушадилар. Бу пайтда ҳам икки тоифа фаришталар бир-бирлари билан учрашадилар.

Бандаларнинг ичида юрган фаришталар кўтарилганларида Аллоҳ таоло Ўзи билиб турса ҳам фаришталардан:

«Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўраши намозхон инсоннинг шаънини олий мақомга – Аллоҳнинг ҳузурига, Аллоҳга муқарраб фаришталар даражасига кўтаришдир. Бу эса намознинг ўта улкан ва фазилатли ибодат эканлигидандир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Намознинг энг олиймақом ибодат эканлиги.

Чунки Аллоҳ билан фаришталар орасидаги савол-жавобда намозгина зикр этилмоқда.

2. Бомдод ва Аср намозларининг бошқа намозлардан устун туриши.

3. Бомдод ва Аср намозларининг вақти афзал ва баракали вақтлардан эканлиги.

Чунки худди шу вақтларда фаришталар жамланадилар. Асарларда келтирилишича, ризқ Бомдод намозидан кейин тақсимланади. Кундалик амаллар эса Аср намозидан кейин Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилади. Шунинг учун ҳам бу вақтни банда тоат-ибодатда ўтказса, ризқи ва амали баракали бўлади.

4. Малоикаларнинг мусулмонлар ичига тушиб туришларидан Ислом умматининг бошқа умматлардан кўра шарафли эканлиги келиб чиқади.

5. Аллоҳ таолонинг фаришталар билан сўзлашиши.

Қаранг, намоз ўқиган одам ҳар куни икки марта Аллоҳ билан фаришталар ўртасидаги суҳбатда зикр қилинар экан. Бу қандай улуғ шараф! Кишилар бирорта амалдор у ҳақда таниш-билишидан: «Фалончи тинч юрибдими?» деб сўраб қўйса, қанча вақт мақтаниб юрадилар. Намозхонни эса Аллоҳ таоло ҳар куни фаришталардан икки марта: «Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўрар экан. Фаришталар эса «Намоз ўқиётган ҳолларида тарк қилдик», деб жавоб берар эканлар. Намоз ўқимаганлар эса бу бахтдан бебаҳрадирлар.

Шунинг учун ҳам намозни канда қилмайлик, ҳар куни Аллоҳ таоло томонидан икки маҳал ҳол-аҳволи сўраладиган бандалар қаторида бўлишга интилайлик.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мазий ndash жинсий аъзодан чиқадиган оқ рангдаги ўта майин суюқлик бўлиб, у одатда жинсий яқинлик ёки шунга яқин ҳаракат бўлганда чиқади. . Асмо давоми...

2781 00:00 / 17.11.2022
. Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси Таҳажжуд намози учун турсалар, оғизларини мисвок билан ишқалар давоми...

1061 19:00 / 04.12.2024
Илм талабининг фазилати 3тавсия Қабиса ибн Мухориқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордим. У зот .Эй давоми...

5369 05:00 / 28.02.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули, мен сизни кўрсам кўнглим ёришади, кўзим қувонади. Менга барча нарсалар нимадан яратилгани давоми...

7456 13:49 / 03.08.2017