
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ
Ҳаворийларга: «Менга ва расулимга иймон келтиринг», – деб ваҳий юборганимда, «Иймон келтирдик ва гувоҳ бўл, биз, албатта, мусулмонлармиз», – деганини эсла!» (Моида сураси, 111-оят).
Ҳаворийлар Ийсо алайҳиссаломга ихлослари зўр, дин иши учун бутунлай ажралиб чиққан инсонлар эди. Ийсо алайҳиссаломга ҳақиқий кўмакчи бўлган кишилар ҳам ўшалар. Бу оятдаги «ваҳий юборганимда» деган сўзлардан пайғамбарларга юбориладиган ваҳийни тушунмаслик керак. Араб тилида, Қуръон истилоҳида «ваҳий» сўзи «илҳом» маъносида ҳам ишлатилади. Мисол учун, «Наҳл» сурасида «Ва Роббинг асаларига ваҳий қилди» деган оят ҳам бор. Демак, ҳайвонга илҳом берилади. Шунингдек, бу оятда ҳам ҳаворийларнинг ихлосли ва фидокор, иймонли эканликлари Аллоҳ томонидан уларга бу ишлар илҳом қилиб берилганлигидан экани таъкидланмоқда.
Ҳар бир йўлбошчи бўлган одам мухлис ва мустаҳкам иймонли ёрдамчиларга муҳтож бўлади. Улар келажакда ишларни ривожлантиришда хизмат қиладилар. Ҳаворийлар ҳам Ийсо алайҳиссаломнинг даъватларини кишилар орасида ёйишда ва бошқа лозим ишларда ўша вазифани адо этдилар. Бундай ёрдамчиларнинг бўлиши ҳам Аллоҳнинг неъмати ҳисобланади.
Ҳаворийлар ҳақидаги суҳбат кейинги келадиган учта ояти каримада ҳам давом этади:
ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ
«Ўшанда ҳаворийлар: «Эй Ийсо ибн Марям, Роббинг бизга осмондан ясатилган дастурхон тушира олурми?» – дедилар. У: «Агар мўмин бўлсаларингиз, Аллоҳга тақво қилинглар», – деди» (Моида сураси, 112-оят).
Бу оятда ҳам хитоб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эслатма бўлиб келмоқда. Айни чоғда, бу оят ҳаворийлар билан Ийсо алайҳиссалом ўрталарида бўлиб ўтган суҳбатни ва шу суҳбат орқали Ийсо алайҳиссалом қавмларининг сиймосини (кимлигини) очиб беряпти. Ҳаворийлар Аллоҳ илҳом бериб, Унга ва Унинг пайғамбари Ийсо алайҳиссаломга иймон келтирган, ўз қавмлари ичидан Аллоҳнинг дини ва пайғамбарига мадад бўлишлари учун танлаб олинган, ихлосли ва мустаҳкам иймонли кишилар экани ҳаммага маълум. Ана шундай мумтоз гуруҳ ўз йўлбошчиси – пайғамбарига «Эй Ийсо ибн Марям», – деб мурожаат қиляпти. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари у зотга бирор марта бу тарзда мурожаат қилганлари йўқ. Улар доимо: «Эй Аллоҳнинг Расули», «Эй Аллоҳнинг Набийси», «Ота-онам сизга фидо бўлсин» каби сўзлар билан мурожаат этганлар.
Қолаверса, Ийсо алайҳиссаломнинг энг яқин кишилари бўлмиш ҳаворийлар:
«…Роббинг бизга осмондан ясатилган дастурхон тушира олурми?» – дейишмоқда.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромларидан бирорталари иймонга кирганларидан сўнг у зотдан мўъжиза кўрсатишларини талаб қилмаганлар. Чунки иймонли кишига бу иш ярашмайди. Бу иш ноқулай бўлганидан ҳам Ийсо алайҳиссалом ҳаворийларидан юқоридаги ноўрин саволни эшитганларидан сўнг:
«Агар мўмин бўлсаларингиз, Аллоҳга тақво қилинглар», – демоқдалар.
«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.