Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (97-дарс). Аллоҳнинг илми ва қудрати (ўн биринчи мақола)

14:01 / 05.08.2020 4201 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

«Агар хоҳласа, ҳаммангизни ҳидоятга солар эди».

Аллоҳ, шубҳасиз, бунга қодир. Мисол учун, фаришталарни шундай қилиб яратди. Улар доимо итоаткор, исёнсиз табиат соҳиблари қилиб яратилдилар. Лекин одамларни хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам, ҳидоятга юрадиган қилиб яратишдан нима фойда бор? Аллоҳ таоло одамларга ҳидоят ва залолат йўлини кўрсатиб қўйди, ақл-идрок ато этди ва хоҳлаган йўлини танлаш ихтиёрини берди. Ана шу ихтиёрга қараб, жазо ёки мукофот олади. Мушрик ва кофирлар ана шу ёмон – залолат йўлини танлаганлардир. Улар ўша ихтиёрлари учун жазоларини оладилар.

Ҳидоят ёки залолат баъзи сабабларнинг натижасидир. Худди таом еса тўйганидек, сув ичса қонганидек, пичоқ кесгани, олов куйдирганидек, ҳидоят ёки залолатга ҳам сабаб бўладиган нарсалар бор.

Ҳидоят яхши ният ва солиҳ амал самарасидир.

Залолат ёмон ният ва ёмон амал самарасидир.

Ҳидоят ёки залолатни Аллоҳ таолога нисбат бериш эса У Зотнинг сабабларни ва уларнинг таъсир қилиш низомини яратганидандир. Баъзилар ўйлаганидек, бандаларни ҳидоят ва залолатга мажбур қилганидан эмас. Бу маъно Қуръони Карим оятларида яққол намоён бўлган.

Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида:

«Албатта, Аллоҳ кимни хоҳласа, залолатга ‎кетказур ва Ўзига тез қайтадиганларни ‎ҳидоят қилур»‎, деган (27-оят).

Ушбу жумладаги «тез қайтадиган» деган сўз Қуръони Каримдаги «аноба» деган сўзнинг таржимасидир. Бу сўз аслида «яхшилик навбатига кириш», яъни Аллоҳга таслим бўлиш, унинг оятларини кўриб, унга қайтиш ва тавба қилиш маъноларини англатади. Демак, бирор кишининг ҳидоятга муяссар бўлиши шарти, аввало унинг ўзида истак, Аллоҳга томон йўналиш бўлиши кераклиги экан. Ана шунда Аллоҳ уни ҳидоятга солар экан.

Аллоҳ таоло «Иброҳим» сурасида:

«Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур. Аллоҳ золимларни залолатга кетказур. Аллоҳ хоҳлаганини қилур», деган (27-оят).

Аллоҳ таоло мўмин бандаларни иймонли бўлганлари, собит сўзни – иймон сўзини айтиб, унга амал қилганлари туфайли бу дунёю охиратда собитқадам қилади. Ҳа, «Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, ‎охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур‎».

Мўмин банда бу дунёда иймон соясида яшагани учун собитқадам бўлади. Ҳар бир қиладиган иши, айтадиган сўзи аниқ: Аллоҳ томонидан олдиндан кўрсатиб қўйилган, олдиндан нима қилиши ва оқибати нима бўлишини яхши билган, билганда ҳам, асосий масдар, яъни Аллоҳ таоло томонидан билинган одам собитқадам бўлмай, ким бўлсин?! Шунингдек, Аллоҳ таоло мўмин бандаларни собит сўз, иймон ила охиратда ҳам собитқадам қилади. Охиратда мўмин собитқадам бўлмаса, ким собитқадам бўлади?!

«Аллоҳ золимларни залолатга кетказур».

Улар золим бўлганлари учун залолатга кетадилар. Шунинг учун улар икки дунёда ҳам собитқадам бўла олмайдилар.

«Аллоҳ ‎хоҳлаганини қилур‎».

Унинг истаги, хоҳиши ва иродасининг чеки йўқ.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида бундай деган:

«У билан кўпчиликни залолатга кеткизар ва ‎кўпчиликни ҳидоятга солар‎‎» (26-оят).

Демак, синов ҳар кимга ҳар хил таъсир қилади. Эси бор одам ундан фойда олиб, иймони мустаҳкамланади. Ақли шайтоннинг қўлида бўлганлар эса уни масхара қилиб, куфрда янада чуқур кетади. Куфрда чуқур кетадиганлар фосиқлардир. Одатда, гуноҳ ишларни қилган мусулмонлар фосиқ деб аталадилар.

«Фисқ» сўзи уламолар истилоҳида гуноҳи кабира қилиш ёки кичик гуноҳларда бардавом бўлиш, Аллоҳнинг амридан чиқиш маъноларини англатади. Қуръони Каримда эса мавзуга қараб, кофир ва мунофиқлар ҳам баъзан фосиқ дейиладилар.

Келгуси оятда ўша залолатга кетадиган фосиқ, кофир, мунофиқларнинг сифатлари зикр қилинади:

«‎(Улар) Аллоҳнинг аҳдини боғланганидан сўнг бузадиган, Аллоҳ боғланишига ‎буюрган ‎нарсаларни кесадиган, ер юзида бузғунчилик қиладиганлардир. Ана ‎ўшалар, ‎ўшаларгина зиён кўрувчилардир» («Бақара» сураси, 27-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ залолатга кетадиган кофир ва мунофиқларнинг учта катта сифатини келтирган.

Биринчи сифат:

«Аллоҳнинг аҳдини боғланганидан сўнг бузадиган...»

Яъни ҳар бир банданинг Яратган билан боғлаган аҳди бор. Кофир ва мунофиқлар ўша аҳдни бузиш билан бошқалардан ажралиб турадилар. Бу аҳд кўп нарсаларда боғланган, жумладан:

а) Аллоҳ таоло ҳар бир бандани яратиш чоғида унинг табиатига диндорликни солган. Кофир ва мунофиқлар ана шу табиатга қарши чиқадилар;

б) Аллоҳ таоло одам боласини Ўзининг ердаги халифаси қилган. Улар бу аҳдни бузиб, халифаликка хиёнат қиладилар;

в) Ҳар бир шариат келганда Аллоҳ Ўзидан бошқага сиғинмаслик аҳдини олган бўлса ҳам, кофир ва мунофиқлар хиёнат қиладилар. Шунингдек, фосиқлар, яъни кофир ва мунофиқлар ҳаётларида Аллоҳнинг шариатига амал қилиш, унинг кўрсатган йўлидан юриш каби нарсаларга боғлаган аҳдларини бузадилар.

Иккинчи сифат:

«Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни кесадиган...»

Аллоҳ кўп нарсаларни, жумладан, қариндошлик алоқаларини боғлашга, инсоний алоқаларни боғлашга, иймон ва диндошлик алоқаларини боғлашга ва ҳоказо ишларга буюрган. Фосиқ – кофир ва мунофиқлар ушбу алоқаларни ҳам кесадилар.

Учинчи сифат:

«Ер юзида бузғунчилик қиладиганлар‎...»

Бузғунчилик, яъни фасоднинг тури ниҳоятда кўп. Жумладан, юқоридаги икки сифат ҳам ер юзини фасодга тўлдирадиган сифатлардан ҳисобланади. Аммо энг катта фасод борлиқни яратувчи Зот бўлмиш Аллоҳ таоло кўрсатган йўлни тарк этиб, бошқача яшашга ҳаракат қилишдир. Ҳамма фасод шундан келиб чиқади.

Мазкур сифатлар қандай натижага элтади? Албатта, бундай сифатли кишилар ютқазадилар. Бу дунёларини ҳам, у дунёларини ҳам ютқазадилар!

«Ана ‎ўшалар, ‎ўшаларгина зиён кўрувчилардир».

Шу билан бирга, инсоннинг ҳар бир хоҳиши Аллоҳ таолонинг катта хоҳиши доирасида бўлишини унутмаслик лозим.

Аллоҳ таоло «Таквир» сурасида:

«Оламларнинг Робби Аллоҳ хоҳласагина хоҳлайсиз», деган (29-оят).

Ҳа, ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг хоҳиши ила бўлади. Жумладан, ҳидоят ва залолат ҳам Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқ. Аллоҳ эса ҳидоят ва залолат уларни хоҳлаган кимсаларга бўлишини хоҳлашини Ўзи айтиб турибди. Агар, инсон хоҳлагани Аллоҳ таолонинг хоҳишисиз ҳам бўлаверади, дейилса, Аллоҳ таолога нуқсон нисбати берилган бўлади ва бу мутлақо мумкин эмасдир.

(Тамом)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат соф табиат ила туғилади. Бас, отаонаси уни давоми...

5416 13:00 / 06.05.2020
1. Қиблага қараб ўтириб, таҳорат қилиш. Таҳорат ndash ибодат. Қиблага қараб ибодат қилиш қандай яхши 2. Баланд жойда ўтириб, таҳорат қилиш. Ишлатилган сувлар бадан ёки давоми...

2092 19:00 / 03.05.2023
. . Умму Ҳонеъ бинти Абу Толиб розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Фатҳ куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борсам, ғусл давоми...

2271 19:00 / 05.07.2023
. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, энг содиқ Калом Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши давоми...

3154 14:00 / 17.03.2021