1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Шариатга мувофиқ ишларни қилишга интилиш

19:00 / 03 июнь 816 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ

«Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага, Расулга келинглар», – дейилса: «Бизга ота-боболаримизни ниманинг устида топган бўлсак, ўша етарли», – дерлар. Ота-боболари ҳеч нарсани билмаган ва ҳидоятга юрмаган бўлсалар ҳам-а?!» (Моида сураси, 104-оят).

Аллоҳнинг шариатига амал қилмай, кофир бўлиб юрганларга, уларнинг бу ҳолини кўриб, залолатда эканини англаган ва тўғри йўлни тушунганлар томонидан:

«Аллоҳ нозил қилган нарсага, Расулга келинглар», – дейилса», яъни «Қуръони Каримга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига, шариатга амал қилишга ўтайлик», – дейилса:

«Бизга ота-боболаримизни ниманинг устида топган бўлсак, ўша етарли», – дерлар».

Бу уларнинг маккорлигининг аломатидир. Аллоҳнинг шариатини жорий этмаганлар халқни алдаш учун унинг тасаввурида эътиборли ҳисобланган бошқа нарсаларни улуғлашга ҳаракат қиладилар. Жумладан, ота-боболарни. Улар ота-боболарнинг кейинги авлод олдидаги обрўсини ўз фойдалари йўлида ишлатадилар. «Биз бу ишни ўзимиздан қилаётганимиз йўқ, балки ота-боболаримиздан қолган нарсага амал қилмоқдамиз», – дейдилар. Ота-боболари тўғри йўлда юрган, Аллоҳнинг шариатига амал қилган бўлсалар кошки эди. Эргашса, қандай ҳам яхши бўларди. Аммо ота-бобога эргашиш ҳамма ҳолатларда ҳам зарурми?

«Ота-боболари ҳеч нарсани билмаган ва ҳидоятга юрмаган бўлсалар ҳам-а?!»

Ота-боболарга эргашишнинг мана шундай хавфли томонлари ҳам бор. Агар ота-боболар тўғри йўлда юриб, ақлларини ишлатиб, Аллоҳнинг шариатига амал қилган бўлсалар, уларга эргашилади, аммо улар жаҳолатда ўтган, ақлни ишлатмаган бўлсалар, у ҳолда уларга эргашиб бўлмайди.

Аллоҳнинг шариатига амал қилмай, куфрга кетганларнинг ҳоли бундай бўлса, ҳеч қандай насиҳатни қабул қилмай, ота-бобомизнинг ишларидан қолмаймиз, деб бош тортса, мўмин-мусулмонлар нима қилишлари керак? Бунинг жавоби кейинги оятда келади:

ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни билинг. Агар ҳидоятда бўлсангиз, адашганлар сизга зарар қилмас. Ҳаммангизнинг қайтишингиз фақат Аллоҳгадир. Бас, У сизга қилган амалларингизнинг хабарини берадир» (Моида сураси, 105-оят).

Аллоҳ таоло бу оятда ҳам мусулмон бандаларига улар учун маҳбуб бўлган нидо билан хитоб қилмоқда: «Эй иймон келтирганлар! Сиз Аллоҳнинг шариатида юрмай, кофир бўлаётганларга ваъз-насиҳат, амри маъруф ва наҳйи мункар қилиб, уларни тўғри йўлга солиш учун қўлингиздан келган ҳаракатни қилдингиз. Аммо улар кўнмадилар, айтганингизни қабул қилмадилар. Энди «ўзингизни билинг», ишларингизни жойига қўйинг. Аллоҳнинг амрини бажо қилишда давом этинг. Кофирларнинг қилмишлари сизни турли хаёлларга олиб бормасин, улар ўз қилмишлари учун ўзлари жавоб берадилар».

«Агар ҳидоятда бўлсангиз, адашганлар сизга зарар қилмас».

Ҳар ким ўз қилмишига кўра жазо ёки мукофот олади, чунки:

«Ҳаммангизнинг қайтишингиз фақат Аллоҳгадир».

Ўша жойда сиз ҳам тўпланасиз, залолатга кетган кофирлар ҳам тўпланадилар. У вақтда ўзаро тортишиб юрмайсиз. Балки Аллоҳ таолонинг Ўзи:

«Бас, У сизга қилган амалларингизнинг хабарини берадир».

Шунинг учун бу дунёда ҳар хил нарсаларга чалғимасдан, Аллоҳнинг шариатига мувофиқ ишларни қилишга интилинг.

Ҳар ким қилса, ўзига қилади, деган маъно охиратда жазо ёки мукофот олишга тегишли гапдир. Мусулмон одам бу гапни бу дунёда ўзига шиор қилиб олмайди. Чунки амри маъруф, наҳйи мункар ҳар бир мусулмонга фарздир. Мусулмоннинг вазифаси – даъват қилиш ва ундан қолмаслик. Ҳидоятга солиш Аллоҳнинг иши. Ҳидоятдаги мусулмон киши бошқаларнинг ҳам ҳидоятга эришишини истайди, шу йўлда ҳаракат қилади. Аллоҳ ўнглаб, ҳидоятга тушган биродари учун хурсанд бўлади. Бош тортган эса ўз қилмишига ўзи жавоб бераверади. Унинг учун даъватчи мусулмон жавоб бермайди. Залолатдан чиқишни истамаганлар билан бўладиган муносабат ана шу.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Албатта, бандаларим устидан сенинг ҳукмронлигинг йўқ. Роббинг Ўзи вакилликка кифоядир, Исро сураси, 65оят. Кимки Аллоҳга ҳақиқий банда бўлса, қалби Аллоҳга давоми...

1536 19:00 / 05.06.2024
Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У ўта иззатлидир, ўта давоми...

3432 13:00 / 28.12.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Мушрикаларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг. Шубҳасиз, мўмина чўри давоми...

3969 13:05 / 27.11.2019
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Шундай бўлган тақдирда сенга ҳаёт азобини ҳам икки ҳисса, мамот азобини ҳам икки ҳисса тоттирган бўлардик. Сўнгра давоми...

1944 19:00 / 26.06.2024
Аудиолар

210853 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130117 14:35 / 11.08.2021