Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (83-дарс). Қадарга иймон келтириш

13:00 / 29.04.2020 6036 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

чинчи мақола)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ азза ва жалла халойиқнинг тақдирини қазо қилган чоғда Ўз ҳузуридаги Арш устидаги Китобга «Албатта, раҳматим ғазабимдан илгаридир», деб ёзди», дедилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Бу ҳадисда Аллоҳ таоло азалда, махлуқотларни яратишдан аввал, уларнинг тақдирларини белгилаш пайтидаёқ Ўз раҳматининг ғазабидан олдин бўлишини тақдир қилиб қўйганлиги хабар қилинмоқда. Бу ҳадиси шарифда қадар масаласининг бир қисми баён қилинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Аллоҳ азза ва жалла халойиқнинг тақдирини қазо қилган чоғда» деганлари азалда – ҳамма нарсаларни келажакда қандай бўлишини билган пайтда, деганларидир. Демак, Аллоҳ таоло махлуқотларни яратишдан олдин келажакда уларнинг ҳоли қандай бўлишини билган. Чунки У Зотнинг илмининг чегараси йўқ. Ғайбнинг ишини У Зотнинг Ўзигина билади. Бу дунёда қиёматгача бўладиган барча ишни ҳам У Зотнинг Ўзигина билади.

«Ўз ҳузуридаги, Арш устидаги Китобга» жумласидаги «Китоб»дан мурод «Лавҳул Маҳфуз»дир.

Демак, Аллоҳ таоло махлуқотларнинг тақдирини ёзган китобнинг номи Лавҳул Маҳфуздир. Бунга иймон келтириш ҳам лозим нарсалардан биридир.

«Арш» сўзи луғатда подшоҳ ўтирадиган тахтни англатади. Ақоид илми уламоларининг айтишларича, Арш оят ва ҳадисларда келган васфларга кўра оёқлари бор тахт бўлиб, уни фаришталар кўтариб туради. У худди олам устидаги қуббага ўхшайди. У барча махлуқотларнинг шифтидир. Аллоҳ таолонинг Аршга эҳтиёжи йўқ. Балки уни Ўзи билган ҳикмат учун яратгандир.

«Арш устидаги Китобга» деганда ҳиссий маъно кўзда тутилмаган, чунки Аршнинг устида бирор нарса йўқ. Бу ерда Аллоҳнинг ҳузуридаги олий маконлик кўзда тутилган. «Ёзди» деганда эса «Қаламга ёзишни буюрди», деган маъно кўзда тутилган.

Кўриб турибмизки, бу ҳадиси шарифда ақоид илмида «ғайбиёт» деб номланган нарсалардан бир нечаси зикр қилинмоқда. Ҳадиси шарифда ўша ғайбдан иймон келтириш лозим бўлган нарсалардан Аршни, Китобни ва уларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мартабасини эслата туриб, Аллоҳнинг раҳмати У Зотнинг ғазабидан илгари эканлиги таъкидланмоқда. Бу эса биз бандаларнинг Аллоҳ таолонинг раҳматидан доимо умидвор бўлишимиз учундир.

Аллоҳ таолонинг раҳмати ғазабидан ғолибдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Раҳматим ҳамма нарсадан кенгдир», деган.

Ушбу ҳадиси шарифдан қуйидагиларни истифода қиламиз:

1. Аллоҳ махлуқотлар қазои қадарини уларни яратишдан олдин қилгандир.

2. Аллоҳ махлуқотлар тақдирини «Лавҳул Маҳфуз» китобига ёзгандир.

3. «Лавҳул Маҳфуз» ҳақдир.

4. «Лавҳул Маҳфуз» Аллоҳнинг ҳузуридадир.

5. Арш ҳақдир.

6. Аллоҳнинг раҳмати ғазабидан илгаридир.

 «Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳадис орқали собит бўлган ҳукмлар тўрт қисмга бўлинади 1. Қуръони карим ила собит бўлган ҳукмларни таъкидловчи ҳукмлар. Бунга намоз ўқиш, закот бериш, рўза давоми...

8381 12:00 / 28.11.2018
ҲАДИС ЎРГАНУВЧИЛАР ОДОБЛАРИ...Ислом ҳидоятидан маҳрум бўлганлар, охирги Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматликдан маҳрум бўлганлар ана шу давоми...

6542 16:51 / 08.04.2016
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис айтдилар. У зот содиқу масдуқдирлар .Сизнинг ҳар бирингизнинг давоми...

6221 13:00 / 27.05.2020
Иккинчи қисм тил амалларидан иборат бўлиб, етти шуъбага бўлинади1. Тавҳидни талаффуз қилиш.2. Қуръон тиловати.3. Илм ўрганиш.4. Илм ўргатиш.5. Дуо қилиш.6. Зикр қилиш. давоми...

6251 19:05 / 25.09.2019