1446 йил 9 жумадул аввал | 2024 йил 11 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

ҲАДИС ИЛА СОБИТ БЎЛГАН ҲУКМНИНГ ДАРАЖАСИ

16:59 / 08.04.2016 4521 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари Қуръонда келган ҳукмни баён қиладиган бўлса, ўша ҳукмнинг даражаси Расули Акрамнинг амалларига ҳам даража бўлади. Агар мазкур амаллар Қуръон ҳукмини баён қилиб эмас, ўзи мустақил равишда келса уларнинг фарз, вожиб, мандуб ёки мубоҳ эканлигини билиб олиш учун махсус қоидаларни ишга солиш керак бўлади.

Бу қоидалар бошқа шаръий далиллар учун ҳам бирдир. Лекин бизнинг баҳсимиз ҳадис бўлгани учун «ҳадис» сўзини ишлатисак бўлаверади, деб ўйлаймиз.
Фарз – шариат томонидан қилиниши жазм ила, шубҳаси йўқ қатъий далил ила талаб қилинган нарсадир.
Ҳадис билан собит бўлган фарз амаларнинг мисоли, намозда Қуръон қироат қилишдир. Бундоқ тарзда собит бўлган ҳукмни адо қилиш лозиму лобуддир. Уни бажарган одам улкан савобга эришади. Қилмаган одам эса гуноҳкор бўлиб, икки дунё иқобига учрайди. Мазкур ҳукмни инкор қилган одам эса кофир бўлади.
Вожиб – шариат томонидан жазм ила қатъий бўлмаган далил билан талаб қилинган нарсадир.
Бунинг мисолига витр ва ҳайит намози, садақаи фитрга ўхшаш амаллар киради.
Чунки бу ҳукмлар оҳод ҳадислар ила собит бўлган. Вожибнинг ҳукми фарз билан баробар. Фақат вожиб нарсани инкор қилган одам кофир эмас, фосиқ бўлади, халос.
Суннат ёки мандуб – шариат томонидан жазм бўлмаган равишда талаб қилинган нарса.
Бундоқ ҳукмга амал қилган одам савоб олади, унга амал қилмаган одамга эса иқоб қилинмайди. Аммо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан унга маломат ва итоб бўлиши мумкин.

Ҳанафий мазҳаби уламолари суннатни уч даражага бўладилар:

а) Суннати муаккада – яъни таъкидланган суннат.
Мисол учун жамоат билан намоз ўқиш. Бу даражадаги суннат вожибдан кейинги ўринда туради.
б) Суннати машруъа – душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиш ва шунга ўхшаш амаллар.
в) Суннати зоида – емоқ-ичмоқ, юриб-турмоқ, ухлаш каби ишларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилишлик.
Ҳаром – шариат томонидан жазм ҳамда шубҳасиз, қатъий далил ила қилмаслик талаб қилинган нарса. Одам ўлдириш, ароқ ичиш, зино қилиш, ўғрилик каби ишлар шунга киради Ҳаром ишни қилмаслик лозимдир. Ким уни қилса уқубатга учрайди. Шариатимиз ҳаром деган нарсанинг ҳаромлигини инкор қилган одам кофир бўлади.
Макруҳи таҳримий – яъни ҳаромга яқин макруҳ – шариат томонидан қилмаслик жазмий равишда талаб қилинган, лекин қатъий эмас далил билан собит бўлган нарса. Мисол учун, бировнинг савдоси устига савдо қилиш, яъни харидор савдони битирмай туриб, бошқа бир ҳаридорнинг савдога аралашиши, бировнинг совчилиги устига совчилик қилиш, эркакларга тилла ва ипакли кийим кийиш ҳаромлиги каби ҳукмлар. Мазкур ишларни қилмаслик жазм ила талаб этилган. Аммо оҳод ҳадислар билан собит бўлган. Шунинг учун ҳаром эмас макруҳи таҳримий ҳукмини олган. Бу ҳам ҳаром ҳукмидаги гап. Фақат бундоқ ҳукмни инкор қилган одам кофир бўлмайди халос.
Макруҳи танзиҳий – шариат томонидан қилмаслик жазмсиз ва уқубат таҳдидисиз талиб қилинган нарса. Бунга мушук ва йиртқич қушлар теккан сувда таҳорат қилиш киради. Бундай ишларни қилмаганлар савоб олади, мақталади, қилганлар эса маломат ҳам, иқоб ҳам қилинмайдилар.
Мубоҳ – шариатимиз қилиш ёки қилмасликни кишилар ихтиёрига қўйган ишлар. Инсоннинг биологик ҳожатларига боғлиқ ишларнинг барчаси (масалан емоқ, ичмоқ, ухламоқ каби) мубоҳ доирасига киради. Бунда шариат кўрсатган чегарадан чиқмай тасарруф қилмоқ мубоҳдир. Мубоҳ амални қилган-қилмаган баробар, гуноҳи ҳам, савоби ҳам йўқ.
Демак, ўқиган ҳадисларимизда келган нарсалар фарз, вожиб, суннати муаккада, суннати машруъа, суннати зоида, ҳаром, макруҳи таҳримий, макруҳи танзиҳий ва мубоҳ нарсаларга бўлинар экан. Лекин ҳадисни ўқиб-ўрганган одам буларни фарқлай олмайди. Бу ишларни умрларини илмга тиккан, унда катта даражаларга эришган уламоларимиз фарқлаганлар. Улар шаръий далилларни, жумладан ҳадиси шарифларни диққат билан, атрофлича ва чуқур ўрганиб чиққанлар. Ҳамма ҳам уларнинг даражасидаги илмга эга бўла олмаслигини эътиборга олиб, кўпчилик учун ўзларининг машаққатли меҳнатларининг самарали хулосасини айтиб кетганлар. Мисол учун, намозда Қуръон қироат қилиш фарздир, деганлар. Бу фақиҳларимизнинг ичидан чиқариб айтган гаплари эмас, балки шариатнинг қатъий ҳукмидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутовотир ҳадис билан собит бўлган ҳукмдир. Эҳтимол фуқаҳолар бу ҳукмни аниқлаш учун йиллаб меҳнат қилгандирлар. Ҳамма оят ва ҳадисларни атрофлича қайта-қайта кўриб чиққандирлар?! Намозда Қуръон қироат қилиш тўғрисидаги ҳадисни мутавотир эканини аниқлаш учун озмунча ҳаракат қилмагандирлар?! Агар улар мазкур илмий уринишларини бирма-бир ёзиб, охирида намозда Қуръон қироат қилиш фарз эканлигини айтсалар, биз учун бу ҳукмни билиш мақсадида бир неча китобни ўқишимиз зарур бўлар эди. Бу эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Осонгина қилиб, намозда Қуръон қироат қилиш фарздир, деб қўйилган жумлани ўқишга дангасалик қилаётганларга ўша ҳукмни билиш учун бир неча китобни ўқишни йўл бўлсин! Қолган бошқа ҳукмлар ҳақида ҳам айни шу гапларни айтиш мумкин.
Ҳозирги кундаги кўпгина тушунмовчилик, келишмовчилик ва турли ихтилофу жанжалларимизнинг асосий сабабларидан бири ҳам мазкур ҳақиқатларни тўла тушуниб етмаслигимиздир. Гоҳида қилинса ҳам, қилинмаса ҳам барибир бўлган мубоҳ ҳукм ҳақида тортишиб жанжал қиламиз, бир-биримизни кофир, деб фатво чиқаришгача бориб етамиз. Ҳолбуки, фарз, фожиб, суннати муаккада амалларга парво ҳам қилмаймиз. Гоҳида мансух (амалдан қолган) ҳадисни ўқиб олиб, «нимага амал қилмаяпсизлар?» деб ҳамманинг бошини айлантирамиз.
Гоҳида эса умуман ҳадис бўлмаган гапларни ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, деб айтиб юборишини ҳоллари ҳам учраб туради. Кўпинча эса заиф ҳадислар бўрттириб кўрсатилади. Бу борада айниқса, кишиларга ваъз-насийҳат қиладиган, дарс айтадиган, мақола ва китоб ёзадиган одамлар хушёр бўлишлари керак.
Бугунги кунда суннати мутаҳҳара атрофида баъзи кишилар томонидан чиқарилаётган ихтилофларнинг сабаблари анчагина бор. Бу ҳақиқатни олдинги саҳифаларда ҳам қисман баён қилишга уринилди. Ўша айтилганларга қўшимча ўлароқ, мазкур ихтилофларнинг асосий сабаби бу ишга аралашганларнинг илмий даражаларида эканлигини яна бир бор алоҳида таъкидлаш лозим.
Шунингдек, бу номарғуб ҳолатнинг келиб чиқиши ва авж олишига сабаб бўлган омиллардан бири татибли диний-илмий тарбиянинг йўқлигидир.
Имкони топилган ҳар бир жойда қайта-қайта, ҳар бир мусулмон Қуръон ва Суннатга амал қилиб яшамоғи лозимлмги таъкидлаб турилади. Мусулмон инсон учун, мусулмон жамият учун Қуръон ва Суннатдан бошқа амал қиладиган нарса йўқлигига алоҳида урғу берилади. Икки дунё саодатига фақатгина ушбу икки нарсага тўлиқ амал қилибгина эришиш мумкинлигини таъкидлашдан чарчалмайди.
Шунингдек, ҳар бир мусулмон инсон учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзга ўрнак бўладиган шахс йўқлиги, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиш эса, суннати мутаҳҳараларига тўлиқ амал қилиш билангина бўлишини омманинг онгига иложи борича мустаҳкамроқ сингдиришга ҳаракат қилинади. Бу жуда ҳам яхши иш. Бу керакли ва савобли ишни янада ривожлантириш лозим. Аммо шу билан бирга Суннат ўзи нима, унга амал қилиш қандоқ бўлади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиш қандоқ бўлади, каби кўплаб зарур масалаларни ҳам баён этиб беришга тўғри келади.
Афсуски, ҳозирда фақат Суннатга амал қилишга тарғиб қилиб, қолган керакли маълумотларни керакли равишда баён қилиб беришга илмимиз ҳам, имконимиз ҳам етишмаяпти. Натижада, ҳозир кўриб, яшаб турганимиздек, ноқулайликлар вужудга кел-моқда.
Суннатга амал қилиш лозимлиги ҳақида қайта-қайта тарғиботларни эшитган инсон унга амал қилмоқчи бўлиб ҳадисларни ўрганишга киришади. Ана шунда турли саволлар, тушунмовчиликлар келиб чиқа бошлайди. Мазкур саволларга жавоб топиш, тушунмовчиликларга ҳал топиш учун етарли имкон ва илмли кишилар топиш ҳам осон эмас. Баъзилар ушбу тўсиқ олдида ҳайрон бўлиб туриб қолишади. Бошқалар эса, тўсиқни айланиб ўтиб ўз билганича иш кўриб кетади. Оқибатда турли келишмовчиликлар, уруш жанжаллар, бир-бирини айиблашлар ва бошқа турли ноқулай ҳолатлар юзага чиқади.
Мазкур ноқулайликдан чиқишнинг энг ишончли йўли керакли даражадаги илмдир. Шунинг учун ушбу омилга алоҳида эҳтимом бериш ўта муҳимдир. Аллоҳ таоло ушбу сатрларни ана ўша эзгулик йўлидаги кичик бир қадам бўлишини муяссар қилар деган умидимиз бор.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . 214. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз уйқусидан уйғонса, қўлини уч марта давоми...

2500 19:00 / 08.03.2023
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули, мен сизни кўрсам кўнглим ёришади, кўзим қувонади. Менга барча нарсалар нимадан яратилгани давоми...

7126 13:49 / 03.08.2017
.Шарт, сўзи луғатда .аломат, маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда эса бир нарсанинг ҳақиқати ва моҳиятидан ташқари бўла туриб, ўша нарсанинг вужудга келиши учун давоми...

1158 19:00 / 27 июнь
Биз Имом Бухорий ҳазратлари энг машҳур муҳаддис бўлганлари учун ҳам, кўпроқ у зотдан мисол келтирдик. У кишидан олдин ўтган муҳаддислар ҳам худди шундай йўл давоми...

6558 10:35 / 24.10.2018