Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Сутра ҳақида | Ҳадис дарслари (311-дарс)

19:00 / 17 декабрь 85 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Сутра», деганда намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтмаслиги учун қўйилган тўсиқдир. «Сутра»ни Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари мандуб, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари мустаҳаб, деганлар.

Девор, устун, найза, асо, бошқа бирор нарса сутра бўлиши мумкин. Ҳеч нарса топилмаса, бир чизиқ чизиб қўйса ҳам бўлади. Мақсад, намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтиб, кўнглини бузмасин, хусусан, шайтон васваса қилмасин.

عَنْ سَهْلٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ بَيْنَ مُصَلَّى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَبَيْنَ الْجِدَارِ مَمَرُّ الشَّاةِ. رَوَاهُ الثَلَاثَةُ.

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз жойлари билан девор орасида бир қўй сиғадиган жой бор эди».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Баъзи бир уламолар «У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадамлари билан деворнинг орасида бир қўй сиққудек жой бор эди», дейдилар. Тўғрироғи эса саждага бош қўядиган жойлари билан девор орасида, деганимиздир.

عَنْ يَزِيدَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ سَلَمَةُ  رَضِي اللهُ عَنْهُ يَتَحَرَّى الصَّلَاةَ عِنْدَ الْأُسْطُوَانَةِ الَّتِي عِنْدَ الْمُصْحَفِ فَقُلْتُ لَهُ: يَا أَبَا مُسْلِمٍ، أَرَاكَ تَتَحَرَّى الصَّلَاةَ عِنْدَ هَذِهِ الْأُسْطُوَانَةِ، قَالَ: رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَتَحَرَّى الصَّلَاةَ عِنْدَهَا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Салама розияллоҳу анҳу мусҳаф ёнидаги устун олдида намоз ўқишни танлар эди. Мен унга:

«Эй Абу Муслим, ушбу устун олдида намоз ўқишни танлаганингизни кўрмоқдаман?» дедим.

У:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унинг олдида намоз ўқишни танлаганларини кўрган эдим», деди».

Икки Шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоятда номлари зикр қилинаётган киши машҳур саҳобий Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудирлар.

«Мусҳаф ёнидаги устун». Қуръони Карим ёзилган саҳифалар бир сандиққа солиниб, ўша сандиқ «Муҳожирлар устувонаси» номли бир машҳур устуннинг остига қўйилган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кишилар олдиларини кесиб ўтмаслиги учун суннат ва нафл намозларни кўпроқ ана шу устунни тўсиқ қилиб олиб ўқир эдилар.

Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу одатларини яхшилаб тақлид қилар эканлар. Бу ҳолни эса ушбу ҳадис ровийси Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳунинг озод қилган қуллари Язид ибн Абу Убайд розияллоҳу анҳу ўз хожаларидан сўраб, билиб, гапириб юрар эканлар.

Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар бир нарсада эргашиш, у зотнинг намоз ўқиган жойларида намоз ўқиш фазилатли эканлигидан бир далолатдир.

Демак, масжидда якка ўзи намоз ўқиётган одам устунни ўзига тўсиқ қилиб олиб ўқигани яхши. Баъзи бирларимиз шу нарсанинг фарқига бормаймиз. Кўринган жойда, ҳатто кўпчилик ўтиб турадиган жойларда ҳам намоз ўқиб, ўзимизга ҳам, ўзгаларга ҳам ноқулайлик туғдирамиз.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يُرْكَزُ لَهُ الْحَرْبَةُ فَيُصَلِّي إِلَيْهَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга калта найза санчиб берилар ва у зот унга қараб намоз ўқир эдилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Саҳобалардан бирлари «ҳарба» ёки «аназа» деб аталадиган калта найзани кўтариб юрар эди. Очиқ жойларда намоз ўқиладиган бўлса, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига санчиб қўйилар эди. Ўша найза тўсиқ вазифасини ўтар, имомнинг тўсиғи қавмга ҳам тўсиқ ҳисобланар эди.

وَعَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يُعَرِّضُ رَاحِلَتَهُ فَيُصَلِّي إِلَيْهَا. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уловларини кўндаланг қилиб туриб, ўша томонга қараб, намоз ўқир эдилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, миниб юрган ҳайвонни тўсиқ қилиб, намоз ўқиса ҳам бўлар экан.

وَقَالَتْ عَائِشَةُ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ سُتْرَةِ الْمُصَلِّي، فَقَالَ: مِثْلُ مُؤْخِرَةِ الرَّحْلِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозхоннинг сутраси ҳақида сўрашди. Бас, у зот:

«Эгарнинг суянчиғи (баландлиги)ча», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, сутранинг баландлиги ҳақида сўралди. Арабларда одам суяниб кетиши учун эгарнинг орқаси махсус равишда баланд қилинади. Ана ўша суянчиқ баландлигидаги нарса сутра учун кифоя қилар экан.

عَنْ طَلْحَةَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا وَضَعَ أَحَدُكُمْ بَيْنَ يَدَيْهِ مِثْلَ مُؤْخِرَةِ الرَّحْلِ فَلْيُصَلِّ وَلَا يُبَالِ مَنْ مَرَّ وَرَاءَ ذَلِكَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Толҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирортангиз олдига эгар суянчиғичалик нарсани қўйса, унинг ортидан ким ўтганига эътибор бермай, намозни ўқийверсин», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, сутра қўйиб олган одам сутра орқасидан ким ёки нима ўтганига эътибор бермаслиги керак. Сутранинг орқасидан ўтган нарса унинг намозига ҳеч қандай зарар қилмайди.

وَقَالَ عَطَاءٌ: آخِرَةُ الرَّحْلِ ذِرَاعٌ فَمَا فَوْقَهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Ато раҳматуллоҳи алайҳи:

«Эгарнинг суянчиғи бир аршин ва ундан баландроқдир», деди».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоят соҳиби машҳур тобеъин Ато ибн Абу Рабоҳ саҳобалар ичида илмлари билан машҳур бўлганлар. «Ислом умматининг илм денгизи» деб ном олган буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан Макка аҳли бир масалани сўрашганида: «Ичингизда Ато туриб, мендан сўрайсизларми?» деган эканлар.

Ато ибн Абу Рабоҳ раҳматуллоҳи алайҳи ўша вақтлардаги, яъни ҳадисларда зикр қилинган эгарнинг суянчиғи қанчалик баланд эканлигини тушунтириб бермоқдалар. Биз «аршин» деб таржима қилган сўз араб тилида «зироъ» дейилиб, аслида қўлнинг бармоқ учидан чиғаноғигача бўлган қисмига айтилади. Узунлик ўлчови сифатида 58 сантиметрни ташкил этади. Демак, сутра қилинадиган нарса ана шу баландликда ёки ундан бир оз юқорироқ бўлса, кифоя қилар экан.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا صَلَّى أَحَدُكُمْ فَلْيَجْعَلْ تِلْقَاءَ وَجْهِهِ شَيْئًا، فَإِنْ لَمْ يَجِدْ فَلْيَنْصِبْ عَصًا، فَإِنْ لَمْ يَكُنْ مَعَهُ عَصًا فَلْيَخْطُطْ خَطًّا ثُمَّ لَا يَضُرُّهُ مَنْ مَرَّ أَمَامَهُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирортангиз намоз ўқийдиган бўлса, юзи томонга бирор нарса қўйиб олсин. Агар ҳеч нарса топмаса, асони тиклаб қўйсин. Бас, агар у билан асо ҳам бўлмаса, бир чизиқ чизиб қўйсин. Сўнгра унинг олдидан ким ўтса ҳам зарар қилмайди», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадисда намоз ўқувчининг олдида сутраси бўлишига катта эътибор берилмоқда. Шунингдек, сутра нималардан иборат бўлиши мумкинлиги тартиб билан баён қилинмоқда. Аввал имкони бўлса, бирор нарса қўйиб олиш керак. Агар ундай нарса бўлмаса, асони тиклаб қўйиш, агар асо ҳам бўлмаса, чизиқ чизиб қўйиш лозим. Шундан сутра намозхоннинг кўнгли тўлиши учун қилинадиган нарса эканлиги билиниб турибди.

عَنْ الْمِقْدَادِ بْنِ الْأَسْوَدِ  رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَا رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُصَلِّي إِلَى عُودٍ وَلَا عَمُودٍ وَلَا شَجَرَةٍ إِلَّا جَعَلَهُ عَلَى حَاجِبِهِ الْأَيْمَنِ أَوِ الْأَيْسَرِ، وَلَا يَصْمُدُ لَهُ صَمْدًا. رَوَاهُمَا أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ.

Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қачонки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир шох ёки устун ёхуд дарахт томонга қараб намоз ўқиётганларини кўрсам, албатта, ўша нарсани ўнг ёки чап қошлари тўғрисига олиб ўқир эдилар. У нарсага тўппа-тўғри турмас эдилар».

Иккаласини Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, намозхон сутрани қоқ рўпарасига эмас, бир оз ўнг ёки чап томонига олиб намоз ўқиши керак экан.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Ҳорун алАбдийдан ривоят қилинади .Абу Саъийднинг ҳузурига борсак .Марҳабо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятлари. давоми...

4786 18:00 / 06.04.2022
. . Сулаймон ибн Бурайда раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади, у ўз отасидан ривоят қилади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ куни давоми...

2107 19:00 / 18.05.2023
. . Амр ибн Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Усмоннинг ҳузурида эдим. Таҳорат суви опкелтирди ва .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

1802 19:00 / 15 февраль
Фуқаҳоларимиз Қуръони карим ва Суннати мутоҳҳара, ижмоъ ва қиёс каби масдарлардан фойдаланиб, шаръий ҳукмлар чиқариш учун .Усулулфиқҳ, номли қонунқоидалар мажмуи давоми...

6697 16:02 / 10.11.2018