1446 йил 4 жумадул аввал | 2024 йил 06 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Расулуллоҳнинг ҳаётларидан лавҳалар (19-қисм)

11:28 / 03.01.2018 6846 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ Кифлни мағфират қилди

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Бани Исроилда ҳеч қандай гуноҳдан қайтмайдиган Кифл бор эди. Унинг олдига бир аёл келиб қолди. Унга олтмиш динор бериб мақсадини ҳосил қилмоқчи бўлди. Эркаклар ўз хотинлари билан қиладиган ишни бошламоқчи бўлган эди, аёл қалтираб йиғлаб юборди.

Нимага йиғлаяпсан ёки бу иш сенга ёқмаяптими? – сўради Кифл.

Йўқ. Лекин мен муҳтожлигим сабабли ҳаётимда ҳеч қачон қилмаган ишни қилишга мажбур бўляпман – жавоб берди аёл.

Агар асло қилмаган ишингни қилаётган бўлсанг, бор, кетавер! Пул ҳам сенга! – деди Кифл. Сўнг: «Аллоҳга қасамки, қайтиб Аллоҳга осийлик қилмайман!» – деб қасам ичди.

Шу кеча вафот этди. Эшигида: «Аллоҳ Кифлни мағфират қилди» – деган ёзув пайдо бўлди.

Амр ибн Оснинг Исломга кириши

Бир киши ўрнидан туриб Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан сўради:

Исломга киришни пайсалга солишингга сабаб нима?

У жавоб берди:

Бизлар ўзимиздан муқаддамроқ қавм билан эдик. Уларнинг доноликлари тоғларга қиёс эди. Қачонки пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нубувват келганида, улар инкор қилдилар, биз ҳам уларга тақлид қилдик. Улар кетиб, иш ўзимизга қолганида, бизлар тафаккур ва тадаббур қилиб кўрдик. Ҳақ аниқ баён бўлгач, қалбим Исломга мойил бўлди. Мен Исломга дарҳол кира қолмай, тарддудда бўлганимни шундан деб биламан. Менинг олдимга бир йигитни юборишди. У мен билан Ислом тўғрисида мунозара қилди. Мен унга: «У зотнинг яхши амаллар қилганларга мукофот, ёмон ишлар қилганларга жазо берилиши учун ўлгандан сўнг тирилишимиз ҳақида айтган сўзлари ҳақ эканлигини қалбимдан ҳис қилмоқдаман. Шундай экан, ботил ишларда бардавом бўлмоқлик яхши эмас» – дедим.

Шундан сўнг Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Исломга кириш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига йўл олди. Йўлда Холид ибн Валидни ва Бани Абду Дордан бўлган Каъбанинг нозири Усмон ибн Талҳани учратиб қолди. Холиддан сўради:

Қаёққа кетмоқдасан, эй Сулаймоннинг отаси?

Аллоҳга қасамки, энди фурсат етиб келди. У зот ҳақиқатан пайғамбардур! Аллоҳга қасамки, Исломга кирмоқ учун бормоқдаман. Қачонгача шу ҳолда юрамиз, ахир!

Ҳа, Аллоҳга қасамки, мен Ислом учунгина йўлга тушдим.

Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киришди. Жаноб соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга назар солдилар ва асҳобига:

Батаҳқиқ, Макка сизларга ўзининг жигарпораларини юборибди, – дедилар.

Аввал Холид ибн Валид Исломни қабул қилди. Сўнг Амр ибн Ос:

Эй Аллоҳнинг расули! Менинг аввалги гуноҳларимни кечиришингиз шарти билан байъат қиламан, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Эй Амр, байъат қилавер. Зеро Ислом ўзидан аввалгиларини кечиб юборади. Ҳижрат ҳам ўзидан аввалгиларини кечиб юборади, – дедилар.

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг шижоати ва маърифати юқорилигидан ўзларига яқин олиб юрдилар. Шунинг учун Макка фатҳида унга Қуръонда зикр қилинган бутлардан Ҳузайл қабиласига тегишли бўлган Сувоъ исмли бутни ағдариш вазифасини топширдилар. Амр розияллоҳу анҳу борганида бутнинг роҳиби уни бу ишдан қайтариб, оқибати ёмон бўлишидан огоҳлантирди. Амр унга:

Сен ҳали ҳам ботилликдамисан? – деди ва бутни ағдариб ташлади. Сўнг нозирга қараб: – Хўш, энди нима дейсан? – деб сўради. Роҳиб:

Оламларнинг Раббиси Аллоҳга имон келтирдим, – деди.

Сен дўзах аҳлидан эмассан

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходими Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Собит ибн Қайсни суриштириб қолдилар. Собит жамоатида ўзига яраша мақомга эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Унинг қаерда эканлигини менга ким айтиб беради? – деб сўрадилар. Бир киши:

Мен, Эй Аллоҳнинг расули! – деди. У киши бориб Собитни уйида бошини хам қилиб ўтирган ҳолда топди.

Сенга нима бўлди? – деб сўради.

Ёмон! – жавоб берди Собит, – Мен овозимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг овозидан баландроқ қилган эдим. Энди менинг амалларим куйиб кетди. Дўзах аҳлидан бўлиб қолдим!

У киши қайтиб бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга унинг сўзларини етказди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Унинг олдига бориб: «Сен дўзах аҳлидан эмассан, балки жаннат аҳлидансан» деб айт, – дедилар. Хабарчи бориб Собит розияллоҳу анҳуга мана шундай улкан башорат хабарини етказди.

Ваҳшийнинг мусулмон бўлиши

Уҳуд ғазотида ҳазрат Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу Умайя ибн Халафнинг қули Ваҳший томонидан қатл қилингач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ўзини ҳам қатл этишга ҳукм қилдилар. У эса қатлдан қўрқиб саҳрога қочиб кетди. Кунлардан бир кун Ваҳшийнинг қалбида Исломга кириш истаги пайдо бўлиб қолди. Инчунун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хат ёзди:

«Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)! Мен Исломга киришни хоҳлайман, лекин Аллоҳ таоло сенга нозил қилган ушбу оят мени тўсмоқда:

«Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмаслар. Зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилур ва у (азоб)да хор бўлиб абадий қолур». (Фурқон. 68-69)

Мени биласан – мушрикман, қотилман ва зонийман».

Аллоҳ таоло оят нозил қилди:

«Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли бўлган зотдир». (Фурқон. 70)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг хатига жавобан шу оятни юбордилар.  Ваҳший жавоб хатини олгач, яна хат жўнатди:

«Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)! Бу оятда шарт бор экан». Бу билан Ваҳший тавба қилиб, имон келтириб, яхши амаллар қилиш шартини назарда тутди. У бу шартларсиз Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратини хоҳлаган эди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло яна оят нозил қилди:

«Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирур». (Нисо. 48)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна унинг хатига жавобан бу оятни юборди. Аммо Ваҳший Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яна мактуб жўнатди:

«Бу оятда хослик бор экан». Бу билан у Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасини кечиришини, у эса ўша хоҳлаган бандаси бўлмаслиги эҳтимоли борлигини назарда тутган эди.

Бандаларига ўта раҳмдил бўлган Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло яна оят нозил қилди:

«Сен менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», деб айт». (Тавба, 53)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг хатига жавобан шу оятни юбордилар. Ваҳший хатни ўқиди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб мусулмон бўлганини эълон қилди.

Шундай қилиб Ваҳший Исломга кирди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир қанча ғазотларда иштирок этди. Мусайлама каззобни ҳам у ўлдирди ва деди: «Мен жоҳиллигимда эдим, инсонларнинг яхшисини ўлдирдим. Энди эса Исломдаман, одамларнинг ёмонини ўлдирдим».

Аллоҳнинг марҳамати

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳикоя қилиб бердилар:

«Сизлардан бурунгилардан бир киши бўлган эди. У тўқсон тўққизта одамни ўлдирди. Сўнг ер аҳлининг билимдонроғини сўради. Унга бир роҳибни айтишди. Унинг олдига бориб:

Бир киши тўқсон тўққизта одамни ўлдирди. Унинг тавбаси қабул бўладими? – деб сўради. У:

Йўқ, – деди. Уни ҳам ўлдирди. Шу билан тўлиқ юзта бўлди. Сўнг яна ер аҳлининг билимдонроғини сўради. Унга бир олимни айтишди.

Унинг олдига бориб:

Бир киши тўқсон тўққизта одамни ўлдрди. Унинг тавбаси қабул бўладими? – деб сўради. У:

Ҳа. Сен билан тавбанинг орасини ким ҳам тўса оларди? – деб жавоб берди. Сўнг яна сўзида давом этди: – Сен фалон-фалон жойга бор. У ерда Аллоҳ таолога ибодат қилгувчи инсонлар бор. Сен ҳам бориб улар билан ибодат қил. Ўз юртингга қайтма! У ер ёмон жой!

У йўлга тушди. Йўлнинг ярмига борганида, унга ўлим етиб келди. Шу жойда раҳмат фаришталари билан азоб фаришталари тортишиб қолишди. Раҳмат фаришталари айтдилар:

У қалбидан Аллоҳ таолога юзланиб тавба қилиб келди.

Азоб фаришталари айтишди:

У сира яхши амал қилмади.

Уларнинг олдига бир фаришта одам суратида келиб қолди. Уни ўрталарига қўйишди. У:

Шу жойдан туриб икки ер орасидаги масофани ўлчанглар. Қайси бирига яқин бўлса, у ҳам ўшалардандир, – деди.

Аллоҳ таоло унисига, яъни ёмон ерга «Узоқлаш!» деб ваҳий қилди. Бунисига, яъни яхши ерга «Яқинлаш!» деб ваҳий қилди. Икки ер оралиғини  ўлчашди. Уни бунисига, яъни яхши ерга бир қарич яқин топишди. Шу билан у мағфират қилинди».

        

 Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг 

«Қабасотун мин ҳаётир-Расул» китобидан 

Асака туман бош имом хатиби 

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ таржима қилди.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васаллам.Жинларнинг кўзи билан одам боласининг аврати ўртасидаги тўсиқ давоми...

3355 19:00 / 25.01.2023
Намоздан кейинги зикр ва дуолар 16тавсия Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлимдан тутиб, .Эй Муоз, Аллоҳга давоми...

128572 17:04 / 08.01.2017
. . Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз бавл қилса, закарини ўнг қўли билан ушламасин, давоми...

2247 19:00 / 15.02.2023
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Шайтон бирингизга келиб.Осмонни ким яратган Ерни ким яратган, дейди. У.Аллоҳ,, давоми...

5050 15:30 / 04.12.2019