1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Инсон инсонга икки тарафлама биродардир

11:00 / 12.07.2023 1398 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламга тақдим қилган улкан хизматларидан иккинчиси инсоният бирлиги ва башарият тенглиги тасаввуридир.


Авваллари инсонлар турли халқлар, қабилалар, ирқлар ва табақаларга бўлинар эди. Улардан баъзилари олий, юқори табақа, бошқалари паст, қуйи табақа ҳисобланарди. Мазкур табақалар орасидаги тафовут жуда ҳам улкан бўлиб, баъзан инсон билан ҳайвон, ҳур билан қул ва обид билан маъбуд орасидаги тафовутга тенг келар эди. Бу ерда инсоният бирлиги ва башарият тенглиги ҳақида ҳатто фикр ҳам юритилмас эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам узоқ давом этган сукунатдан ва зулматдан сўнг мазкур инқилобий, ақлларни даҳшатга солувчи ва вазиятларни ўзгартирувчи эълонни қилдилар:


«Эй одамлар! Сизларнинг Роббингиз бирдир. Отангиз бирдир. Ҳаммангиз Одам Атодансиз. Одам эса тупроқдандир. Аллоҳнинг ҳузурида мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Арабнинг ажамдан тақводан бошқа фазли йўқдир», дедилар.


Ушбу эълон ўзида икки ҳақиқатни мужассам қилган. Иккиси ҳам эминлик ва тинчликнинг асосий таянчларидир. Барча замонлар ва маконларда шу иккиси асосида тинчлик бўлган. Уларнинг бири Роббнинг бирлигидир. Иккинчиси башариятнинг бирлигидир. Инсон инсонга икки тарафлама биродардир. Инсон инсонга икки марта биродардир. Биринчи марта – Роббнинг бирлиги туфайли. Иккинчи марта – отанинг бирлиги туфайли.


«Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар! У билан ўзаро сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик (алоқаларини узиш)дан қўрқинг. Албатта, Аллоҳ устингиздан кузатиб турувчидир» (Нисо сураси, 1-оят).


«Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик, сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлийингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчидир, хабардор» (Ҳужурот сураси, 13-оят).


Албатта, бу боқий калималарни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида ўз тиллари ила эълон қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу калималарни эълон қилган пайтда олам улардаги журъат ва ошкораликни ҳазм қила оладиган ҳолатда эмас эди. Бу эълон ўша пайтдаги олам учун катта ва шиддатли зилзиладан ўзга нарса эмас эди.


Бугунги кунда инсоният босиб ўтган илм, фаҳм ва инсоний фикр йўлидаги узоқ ва машаққатли йўл Ислом даъвати, исломий жамият пайдо бўлиши, даъватчилар, ислоҳчилар, мураббийларнинг ҳаракати ила ушбу улкан ва оламшумул эълонни оддий кундалик ҳақиқатга айлантирди. Бугунги кунда мазкур эълонни дунёдаги барча сиёсий ва ижтимоий муассасалар ўзининг шиори қилиб олганлар. Жумладан, БМТ байроғини кўтарган «Инсон ҳуқуқлари хартияси» ҳам. Ҳар бир давлат, ҳар бир ташкилот инсон ҳуқуқлари ва тенглиги тўғрисида қиладиган баёнотлар ҳам Ислом таълимотларидан кўчирмадир. Аммо аввалги вақтларда – баъзи халқлар ва оилалар ичида ашрофлик эътиқоди давр сурган, ўзларини башарлик савиясидан юқори тутган, баъзи оила ва сулолалар ўз насабини ой, қуёш ёки Аллоҳга «Аллоҳ золимлар айтадиган нарсадан жуда ҳам олий бўлди» деб нисбат берган пайтда инсоният қаерда эди?! Қуръони Карим бизларга яҳудий ва насороларнинг гапини ҳикоя қилиб берган:


«Яҳудий ва насоролар: «Биз Аллоҳнинг ўғилларимиз ва Унинг маҳбубларимиз», дейишди» (Моида сураси, 18-оят).


Миср фиръавнлари ўзларини қуёш худоси Ранинг бир кўриниши деб даъво қилар эдилар.


Ҳиндистонда эса «Сурж банси» – қуёш ўғиллари ва «Жундур банси» – ой ўғиллари номли икки машҳур оила бор эди. Эроннинг кисролари (подшоҳлари) ўз томирларида илоҳнинг қони оқишини даъво қилар эдилар. Аҳоли уларга муқаддас ва илоҳий шахслар сифатида қарар эди. Милодий 590–628 йилларда ҳукмронлик қилган кисро Абравезнинг васфида «Олиҳаларда фоний бўлмас инсондир. Башарда иккинчиси йўқ илоҳдир. Калимаси олийдир. Шон-шарафи, шавкати юксакдир. Қуёш ила, ўз ёғдуси ила чиқади. Қоронғи кечаларни ўз нури ила мунаввар қилади», дейиларди.


Қайсарларнинг (Рум императорларининг) ҳам олиҳалари бор эди. Ким юртни бошқаришни ўз қўлига олса, унинг ўз илоҳи бўларди. Уларнинг лақаби «август», яъни «маҳобатли ва буюк» эди.

Хитойликлар императорни «осмоннинг ўғли» деб эътиқод қилишарди. Уларнинг ақийдаси бўйича, осмон эркак, ер аёл бўлиб, иккисининг бирлашишидан борлиқ туғилган эмиш. Император эса ушбу эр-хотиннинг биринчи ўғиллари экан.
Араблар эса ўзларидан бошқаларни ажам ҳисоблашар эди. Қурайш қабиласи ўзини араб қабилаларининг энг шарафлиси деб биларди. Ҳаж мавсумида ўзини имтиёзли тутарди. У одамлардан бошқа жойда туриб, бошқа алоҳида бир жойда юрарди. Ҳожиларга қўшилиб Арафотда турмас, балки Ҳарамда қолиб, Муздалифада турар эди. Улар: «Биз Аллоҳнинг юртидаги аҳлимиз, Унинг Байтининг аҳлимиз», дер эдилар.
 

«Ислом тарихи» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди
 

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳижрий 17 йилда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини кенгайтириб ислоҳ қилдилар.Бухорий ва Абу Довуд Ибн Умар давоми...

525 09:44 / 10 август
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбардаги ишларини тамом қилганларидан кейин Фадак сари юриш қилдилар. У ерда ҳам яҳудийлар яшашарди. Улар ўзларича давоми...

2006 16:30 / 21.08.2021
Маълумки, Табук ғазотидан кўплаб мунофиқлар, узрли саҳобалар ва соғлом содиқ саҳобалардан уч нафарлари қолиб кетишган. Улардан Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳунинг давоми...

2168 11:00 / 02.05.2021
Абу Бакр розияллоҳу анҳу бетоб бўлиб, вафотлари яқинлашганини ҳис қилганларида, мусулмонлар ичида ихтилоф чиқмаслиги учун аввалдан халифа тайинлаб қўйишни ирода давоми...

3555 09:19 / 18 январь
Аудиолар

137612 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57679 14:35 / 11.08.2021