1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

СУННАТ САҲОБАЛАР ИСТИЛОҲИДА

16:52 / 08.04.2016 5114 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларнинг фақатгина шаръий ҳукмга тегишлисини Суннат деб, бошқаларини Суннат демаслик саҳобаи киромлар ва тобеъийнларнинг одатлари бўлган. Яъни, улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларнинг барча мусулмонлар ҳам амал қилишлари лозим бўлган қисминигина Суннат деб атаганлар.

Ушбу тақсимга биноан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган амаллар ва гапу-сўзлар суннатга ва суннатмасга бўлинган. Суннатига мусулмонлар эргашишлари лозим бўлган. Суннатмасига эса, мусулмонлар оммасининг эргашиши лозим бўлмаган.
Имом Аҳмад Ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг энг машҳур тўққиз ҳадис китобларидан бири ҳисобланадиган Муснад номли китобларида келтирган ривоятда Абу Туфайл розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади:
“Мен Ибн Аббосга:
“Сенинг қавминг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Байт(уллоҳ)ни рамл(паҳлавон юриш)ла тавоф қилганлар ва бу суннатдир дейишмоқда?”-дедим.
“Ҳам рост, ҳам ёлғон айтишибди”-деди у.
“Ҳам рост, ҳам ёлғон айтишибди, деганинг нимаси?”-дедим.
“Рост айтганлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Байтни рамл қилганлари. Ёлғон айтганлари, у(иш)нинг Суннат эканлиги. Қурайшликлар Ҳудайбия замонида, Муҳаммадни ва Унинг саҳобаларини тек қўйинглар, ҳайвонларга тушадиган қуртларга ўхшаб ўлиб кетсинлар, дейишди. Улар У зот билан У киши ўз саҳобалари ила келгуси йили келишлари ва Маккада уч кун туришлари ҳақида сулҳ туздилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида мушриклар Қуъайқиъон тарафда туришар эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз саҳобаларига, Байтни уч марта рамл қилинглар, бу Суннат эмас, дедилар”- деди у. Мен:
“Сенинг қавминг, У зот Сафо билан Марва орасида туяга миниб саъй қилганлар ва бу Суннатдир, дейишмоқда?”-дедим. Бас, у:
“Ҳам рост, ҳам ёлғон айтишибди”-деди.
“Ҳам рост, ҳам ёлғон айтишибди, деганинг нимаси?”-дедим мен.
“Рост айтишгани, У зот ҳақиқатда ҳам Сафо билан Марва орасида туя миниб саъй қилганлар. Ёлғон айтишгани, у(иш)нинг Суннат экалиги. Ўшанда одамлар Расулуллоҳдан четланмас ҳам, бурилиб кетмас ҳам эдилар. Бас, улар У зотнинг каломларини эшитсин ва қўллларини У зотга теккизишмасин учун туя миниб саъй қилганлар”-деди. Мен унга:
“Сенинг қавминг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо ва Марва орасида саъй қилганлар ва бу Суннатдир, дейишмоқда?”-дедим.
“Рост айтишибди-деди у”
Ушбу ривоятдан саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир ишларига эргашишни Суннат деб билмаганлар. Балки, шаръий ҳукмга боғлиқларинигина Суннат деб билганлар ва уларга сўзсиз амал қилганлар.
Шунингдек, саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган бошқа баъзи амалларнинг ҳам Суннат ёки Суннат эмаслиги ҳақида, яъни, мусулмонлар оммаси уларга амал қилишлари лозимми ёки лозим эмасми эканлиги ҳақида баҳс юритганлар. Биргина мисол келтирамиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж қилганларида, Минодан қайтиш пайтида, биз эртага, инша Аллоҳ Бани Канонанинг селхонадаги тепалигига–куфр учун қасам ичишган жойларига тушамиз, дедилар. Ўша жойнинг номи Абтоҳ бўлган. У ерни миҳсоб, ҳам дейилади. Аммо У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Рофеъ розияллоҳу анҳуни жой тайёрлаш учун юбориб, ҳеч бир кўсатма бермаганлар. Абу Рофеъ розияллоҳу анҳу ўзлари айтишларича, ўз ихтиёрлари билан Абтаҳ номли жойни танлаб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушишлари учун чодир қурганлар. Шу ва бошқа шунга ўхшаш маънолардан келиб чиқиб, ҳажда Минодан қайтаётганда Абтоҳга тушиш Суннат ёки Суннат эмаслиги ҳақида саҳобаи киромлар ўзаро баҳс қилганлар. Уларнинг бу баҳслари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Минодан қайтиб келаётиб Абтоҳга тушганларми ёки йўқми деган маънода эмас, балки,У зотнинг Абтоҳга тушганлари Суннат –шаръий ҳукм–ми ёки Суннат –шаръий ҳукм– эмасми?, деган маънода бўлгандир.
Имом Муслим қилган ривоятда Абдуллоҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳу мазкур амални Суннат деб билишлари ва ўзлари ҳаж қилсалар доимо Абтоҳга тушишлари айтилган.
Абдуллоҳ Ибн Аббос, Абу Рофеъ, Оиша онамиз ва бошқа саҳобийлар, ҳажда Минодан қайтиб келаётиб Абтоҳга тушишни Суннат –шаръий ҳукм– эмас деб билганлар.
Имом Муслим келтирган ривоятда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо, Абтоҳга тушиш Суннат эмас, деганлар.
Имом Аҳмад келтирган ривоятда эса Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўшанда Абтоҳга тушганларига изоҳ бериб, Аллоҳга қасамки у ерга фақат менинг сабабимдангина тушганлар, деганлар.
Лекин вақт ўтиши билан истилоҳлар ўзгариб борди. Ўша ўзгаришлар жараёнида Суннат истилоҳи шариат ҳукми бўлишидан қатъий назар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган барча нарсаларга ишлатиладиган бўлиб қолди. Шунинг учун уламоларимиз Суннатнинг шаръий ҳукм учун содир бўлган ва шаръий ҳукм учун содир бўлмаган қисмлари борлигини қайта-қайта эслатиб турадиган бўлдилар. Баъзи мисоллар келтирсак яна ҳам аниқроқ тушинишимизга ёрдам бўлар деган умид ила мисоллар келтирайлик.
Имом Абу Муҳаммад ибн Қутайба ўзларининг “Таъвийлу мухталафил ҳадис” номли китобларида қуйидагиларни ёзган эканлар:
“Бизнингча Суннат уч хилдир:
Биринчи Суннат” – Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таолодан келтирган Суннатдир. Бунга У зотнинг “Аёл киши ўз аммаси ва холаси устига никоҳланмас”, “Насаб бўйича ҳаром бўлганлар, разоъ(эмизиш) бўйича ҳам ҳаром бўлур”, “Бир сўриш ва икки сўриш ҳаром қилмас”, “Хун пули оқила(ота томон эркак қариндош)лар зиммасидадир” кабилардир.
Иккинчи Суннат” – Аллоҳ У зотга мубоҳ қилиб, унда ўз раъйларини ишлатишга амр қилган Суннатдир. Бунда У зотга хохлаган кишиларига баъзи иллат ёки узрга биноан рухсат беришлари жоиздир. Мисол учун, У зот эркакларга ипакни ҳаром қилганлар. Шу билан бирга, Абдурраҳмон ибн Авфга ундаги мавжуд иллат туфайли ипакка изн берганлар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка ҳақида, унинг майсаси юлинмайди ва дарахти кесилмайди, деганларида Аббос ибн Абдулмуттолиб:
“Эй Аллоҳнинг Расули, изхир мустасно, у уйларимиз учун керак”-деди.
“Изхир мустасно”-дедилар У зот.
Агар Аллоҳ таоло унинг ҳамма дарахтларини ҳаром қилганида У зот Аббос ирода қилган нарсага мувофиқлик билдирмас эдилар. Лекин Аллоҳ У зотга ўзлари салоҳиятли деб билган нарсани истисно қилиш ҳаққини берганидан, одамлар манфаати учун изхирни итисно қилдилар...
Учинчи Суннат” – У зотнинг бизга одоб тарийқасида суннат қилган нарсаларидир. Агар биз унга амал қилсак фазилат бўлур. Агар биз уни тарк қилсак, инша Аллоҳ бизга гуноҳ бўлмас. У зотнинг салланинг пешини томоқнинг остидан ўтказишга амр қилганлари, жаллола(нопок нарсани ейдиган ҳайвон)нинг гўштидан, шунингдек, қон олиш касбидан наҳий қилганлари кабилар шу жумладандир.”
Имом Абу Муҳаммад ибн Қутайба 276ҳижрий санада вафот топган бўлиб, мутақаддим уламоларимиз вакилидирлар.
Энди, мутааххир уламоларимиз вакили бўлмиш, 1176 ҳижрий санада вафот топган, Имом Шоҳ Валиюллоҳи Деҳлавийнинг ушбу масалада ёзиб қолдирганлари билан қисман танишайлик. У киши раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг “Ҳужжатуллоҳил Болиға” номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:
“Билки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиниб, ҳадис китобларига ёзилган нарсалар икки қисмга бўлинади:
“Биринчиси” – Пайғамбарликни етказиш йўлида келган нарсалар.
Бу нарсалар ҳақида Аллоҳ таоло:
“Расул сизга нени берса, бас, уни олинг ва Расул сизни недан қайтарса, бас ундан қайтинг!” дегандир.
Анашу нарсалар жумласига: охират илмлари ва малакут ажоиботлари киради. Буларнинг ҳаммаси ваҳийга суяган нарсалардир.
Яна ўша нарсалар жумласига: шариат аҳкомлари, ибодатларни забт қилиш ва мазкур забт турларига асос бўладиган нарсалар ҳам киради. Бу нарсаларнинг баъзилари ваҳийга ва баъзилари ижтиҳодга суянгандир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодлари ҳам ваҳийнинг ўрнидадир. Чунки Аллоҳ таоло У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг раъйлари хато бўлишидан Ўзи асрагандир. Шунингдек, У зотнинг ижтиҳодлари баъзилар гумон қилганидек, насс (шаръий далил)лардан истинбот қилиниши ҳам вожиб эмас. Балки, Аллоҳ таоло У зотга шариат мақсадларини, шариатчилик, енгиллаштириш ва аҳкомлар қоидаларини таълим берган, ҳамда ўша қоидалар мақсадини ваҳий орқали баён қилиб бергандир.
Ўша нарсалар жумласига яна: Вақти белгиланмаган ва чегараси баён қилинмаган, ахлоқи фозилалар ҳамда уларга зид бўлган нарсаларга, шунингдек, мазкурларга ўхшаш бошқа сарбаст ҳикматлар ва мутлақ манфаатларга оид нарсалар киради. Ғолибо, бундоқ нарсаларнинг асоси ижтиҳод бўлади. Яъни, Аллоҳ У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мазкур нарсаларнинг истинбот қилишнинг асос қонунларини таълим берган бўлади.
Мазкур нарсалар жумласига яна: Фазилатли амаллар ва амал қилувчиларнинг маноқиб(мақтов)ларига оид нарсалар ҳам киради. Менимча, буларнинг баъзилари ваҳийга, баъзилари ижтиҳодга суянган бўлади.
“Иккинчиси” – Пайғамбарликни етказиш йўлида келмаган нарсалар. Бу нарсалар ҳақида У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта мен ҳам башарман. Қачонки, сизларни динингиздан бўлган нарсага амр қилсам, бас, уни олинг. Қачонки, сизларни Ўз раъйимдан бўлган нарсага амр қилсам, бас, албатта, мен ҳам башарман.” деганлар.
Яна У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмони чанглатиш қиссасида: “Бас, албатта мен бир гумон қилдим, халос. Сизлар гумон учун мени тутманглар. Лекин сизларга Аллоҳдан бир нарса гапирсам, уни маҳкам тутинглар. Чунки, мен Аллоҳга ёлғон гапирмаганман” деганлар.
Ўша нарсалар (яъни, Пайғамбарликни етказиш йўлида келмаган нарсалар) жумласига: Тиб ҳам киради.
Мазкур нарсалар жумласига: У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, “Сизлар қашқа қорабайирни лозим тутинг.” деган гапларига ўхшаш боблар ҳам киради. Булар тажрибага суяниб айтиландир.
Ўша нарсалар жумласига: У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қавмлари зикр қиладиган нарсаларга ўхшаш нарсаларни зикр қилганлари, Умму Заръ ва Хузофанинг ҳадисига ўхшаш нарсалар киради. Бунга қуйидаги мисолни келтириш мумкин: Зайд ибн Собитнинг ҳузурига бир неча кишилар кириб:
“Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан гапириб бер”-дедилар. Шунда у:
“Мен У зотнинг қўшниси эдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўзларига қачон ваҳий нозил бўлса, менга одам юборар эдилар. Мен У зотга уни ёзиб берар эдим. Агар биз дунёни зикр қилсак, У зот ҳам уни биз билан зикр қилар эдилар. Агар биз охиратни зикр қилсак, У зот ҳам уни биз билан зикр қилар эдилар. Агар биз таомни зикр қилсак, У зот ҳам уни биз билан зикр қилар эдилар. Мана шуларнинг ҳаммасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сизларга ривоят қилиб берайми?!”-деди.
Ўша нарсалар жумласига: У зотнинг ўша куннинг жузъий манфаатини қасд қилиб содир этган нарсалари, умматнинг барчасига лозим бўлмаган ишлар ҳам киради. Халифа лашкар тайёрлаш учун амр бериши, шиор(мужоҳидларни ажратиб турадиган белги) таъйин қилишига ўхшаш ва бошқа нарсалар.
Бунга Умарнинг қуйидаги гапи мисол: “Бизга ва рамл(тавофда паҳлавон юриш қилиш)га нима бўлибди? Биз у билан Аллоҳ ҳалок қилган бир қавмга ўзимизни кўрсатган эдик” деди. Сўнгра унинг бошқа сабаби бўлишидан қўрқди ва бу ишга ўзгартиш киритмади. Воқеъликда кўпгина ҳукмлар мана шу бобга ҳамл қилинган. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким бир душманни қатл этса, унинг нарсалари ўзига. деган қавлларига ўхшаш.
Ўша нарсалар жумласига: Хос ҳукм ва қозиликлар ҳам киради. У зот бундоқ ҳолларда гап-сўз ва қасамларга биноан иш тутганлар. Бунга: У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Али розияллоҳу анҳуга: “Шоҳид ғоиб кўрмаган нарсаларни кўради”, деган қавллари мисолдир”...

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, энг содиқ Калом Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши давоми...

3235 14:00 / 17.03.2021
. . Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аср намозини ўтказиб юборса, гўёки аҳлини ва молини йўқотибди,, давоми...

1570 19:00 / 27 март
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Одамларга ташаккур айтмаган одам Аллоҳга шукр қилмаган бўлади,, ndash дедилар,. Шарҳ Бу жуда давоми...

4826 05:00 / 06.03.2017
. . Абдуллоҳ ибн асСанобиҳий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Абу Муҳаммад .Витр намози вожиб,, деб даъво қилди. Бас, Убода давоми...

2091 19:00 / 24 январь