Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис 193-дарс. Иймонингизни қадр-қиммати қанчалик эканлигини билмоқчимисиз?

19:00 / 02.08.2022 3134 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

6. «Сабр зиёдир».

Луғатда «сабр» нафсни хоҳлаб турган нарсаларидан қайтариш, унга оғир келадиган ибодатларга ундаб туриш ва турли машаққату қийинчиликларга бардош беришдир.

Бир жисмнинг ўзидан чиққан ёруғликка «зиё» дейилади. Мисол учун, қуёшдан чиққан ёруғлик «зиё» деб аталади. Бир жисм бошқа жисмдан олган ёруғликни қайтариб чиқарса, «нур» дейилади. Ой қуёшдан олган ёруғликни қайтариб таратгани учун уни «ой нури» деб айтамиз.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «У қуёшни зиё, ойни нур қилган Зотдир», деган. Зиё нурдан кучли бўлади.

Сабрнинг зиё бўлиши, аввало инсон сабр ила маъсиятлар зулматидан чиқиши, қолаверса, сабр бора-бора мўмин қалбида зиёга айланишидир. Бош­қача қилиб  айтадиган бўлсак, Аллоҳнинг дийни ва тоати йўлидаги қийинчиликларга сабр қиладиган одамнинг қалбида зиё пайдо бўлади. Ўша зиё ибодатлар ва турли машаққатларнинг янглиш йўлларини унга ёритиб беради. Шу билан бирга, сабрнинг зиёси мўмин кишига қабрда ҳам, қиёмат кунида ҳам фойда беради.

Кўпчилик орасида сабр тушунчаси нотўғри тал­қин қилинади. Сабр деганда, биров томонидан қилинган зулмга жавоб қилмай, жим туриш тушунилади. Аслида  бу сабр эмас, қўрқоқликдир. Сабр эса ижобий тушунча.

Исломда сабр дейилганда, аввало иймон-эътиқод, дийну диёнат йўлидаги қийинчиликларга сабр қилиш, Аллоҳнинг амрини бажариш, қайтарганларидан қайтишга нафсни мажбур қилиб, чидатиш тушунилади. Сабр деганда, Аллоҳнинг калимаси ер юзида ҳамма калималардан устун бўлиши учун кураш қийинчиликларига дош бериш назарда тутилади. Ислом дийни адолатидан бутун дунёни баҳраманд қилиш учун барча машаққатларга кўниш, ҳалол-пок юриш, яшаш ва ишлаш қийинчилигига чидаш сабр дейилади. Ана шу нарсаларга сабр қилишга ўрганайлик, шояд, сабр қалбимизда зиё бўлиб, турли машаққатларнинг осон бўлишига ёрдам берса, қабримизда, қиёмат кунида бизга зиё бўлиб, Аллоҳ таоло бизни унинг ёруғидан баҳраманд этса!

7. «Қуръон сенинг фойдангга ёки зарарингга ҳужжатдир».

Яъни, Қуръонни ўқиб, унга амал қилсанг, у сенинг фойдангга гувоҳлик беради. Аммо Қуръонни ўқимасанг ёки ўқиб туриб, амал қилмасанг, у сенинг зарарингга гувоҳлик беради.

Ҳозирги давр тили билан айтганда, Қуръони Карим икки томонлама тиғи бор қуролга ўхшаб кетади. Кези келганда у фойда учун ҳам, зарар учун ҳам гувоҳлик берар экан. Қуръони Каримни ўз фойдаси ёки зарарига ишлатиш банданинг ўзига боғлиқ. Аллоҳ таоло бандани яратиб, ризқу рўз бериб, ақл бериб, бунинг устига лутфу мар­ҳамат кўрсатиб, икки дунё саодати йўлини топиши учун унга кўрсатмалар дастури сифатида Қуръони Каримни бериб қўйибди. Уни гувоҳ ҳам қилиб қўйибди. Агар банда илоҳий дастур сифатида ўзига берилган Қуръони Каримни ўқиса, унга амал қилиб яшаса, қиёмат куни Қуръон унинг фойдасига гувоҳлик беради. Аммо банда нобакорлик қилса, ўзига берилган илоҳий дастурни ўқимаса ёки амал қилмаса, Қуръони Карим қиёмат куни унинг зарарига гувоҳлик беради. Оқибатда ўша банданинг иши расво бўлади.

Мўмин-мусулмон инсон қанчалар бахтли! Аллоҳ таоло уни қадрлаб, икром қилиб, ҳаётида амал қилиши лозим бўлган, икки дунё саодатига эриштирадиган дастурни тақдим қилиб қўйибди. Бу ўзини билган банда учун чексиз илоҳий лутфу карам ва меҳрибончиликдир.

Аллоҳ таоло: «Мен сени яратиб қўйдим, идрок қилиш, ақл юритиш неъматини бердим, энди йўлингни ўзинг топиб юравер», дейиши ҳам мумкин эди. Аммо Аллоҳ таоло чексиз лутфу карам, меҳрибонлик қилди. Мўмин банда учун ўша илоҳий лутфу карамдан ўз жойида фойдаланиш қолди, холос.

Банда бир ҳарф бўлса ҳам, Қуръон ўқиса, унга амал қилса, ажру савоб олади, икки дунёнинг саодатини топади. Қолаверса, Қуръони Карим қиёмат кунида унинг фойдасига гувоҳлик беради.

Бас, шундай экан, Қуръон ўқиб, унга амал қилиб қолайлик. Аллоҳ таолонинг бизга кўрсатган лутфу марҳаматидан баҳраманд бўлайлик. Шунда икки дунёмиз обод бўлади. Охиратда Қуръон бизнинг фойдамизга гувоҳлик беради.

 

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иккита муаззинлари бор эди Билол ва аъмо кўзи ожиз Ибн Умму давоми...

155 19:00 / 13 ноябрь
Муҳаммад алайҳисалломдан пайғамбарлик сифатлари ила содир бўлган суннатларДемак, сиз билан биз, мусулмонлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Аллоҳ давоми...

5955 15:02 / 03.01.2019
. . . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хуфтон намозини кечанинг ярмигача суриб, кейин давоми...

1354 19:00 / 01 май
.Мустаҳоза, калимаси энг кўп ҳайз муддатидан ортиқ вақтда ҳам қон кўраверадиган аёлга нисбатан айтилади. .Унинг ўз одатига қайтиши, дейилишига сабаб шуки, одат давоми...

1050 19:00 / 01.11.2023