1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Илм ва уламолар фазли ҳақида

15:30 / 19.04.2019 2870 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Б и р и н ч и  б о б

(давоми)

96. Абу Воқид ал-Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўтирган эдилар. Бирдан уч киши кириб келди. Улардан иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Биттаси қайтди. Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларига келиб, тўхтадилар. Улардан бири ҳалқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси уларнинг орқасига ўтирди. Учинчиси эса ортга бурилиб, чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлганларидан кейин:

«Сизларга ҳалиги уч нафарнинг хабарини берайми? Улардан бири Аллоҳдан бошпана сўради. Аллоҳ унга бошпана берди. Бошқаси эса ҳаё қилди. Бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди. Яна бошқа бири юз ўгирди. Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довудгина ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф Абу Воқид ал-Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Аввал у киши билан танишиб олайлик:

Абу Воқид ал-Лайсий куняси билан машҳур бўлган бу саҳобанинг асл исмлари Авф ибн ал-Ҳорисдир.

Бу саҳоба Бадр, Макка фатҳи, Ярмук кунларида иштирок этганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ҳадислар ривоят қилганлар. Бу кишидан Ибн Мусаййиб, Урва ибн Зубайр, Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ, Ато ибн Ясорлар ривоят қилганлар.

Бу зот ҳижратнинг 68-санасида Маккада 85 ёшларида вафот этдилар. Жасадлари муҳожирлар қабристони бўлган «Фаҳҳа» қабристонига дафн этилган.

Ушбу ҳадисда илм ҳақида сўз кетаётганлиги учун Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи уни ушбу бобда келтирганлар.

Ҳадиснинг ровийси мусулмонлар ҳаётида бўлиб ўтган бир ҳодисани ўзи қандай кўриб, эшитган бўлса, шундай қилиб нақл қилмоқда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўтирган эдилар». 

Бу ерда илмий «суҳбат қуриб» деган қўшимчани зикр қилишнинг ҳожати йўқ. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўтирган бўлсалар, албатта, илмий суҳбат бўлганлиги турган гап.

«Бирдан уч киши кириб келди». 

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан илмий суҳбат қуриб ўтирган масжидга уч киши кириб келди.

«Улардан иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Биттаси қайтди». 

Ўша уч кишидан иккитасининг илмга рағбати бор экан, илмий суҳбатдан фойдаланмоқчи бўлиб, илм манбаси бўлмиш зот – Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Учинчи кишининг илмга рағбати йўқ экан, илмий суҳбат бўлаётганини кўриб, ортга қайтди.

«Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларига келиб, тўхтадилар. Улардан бири ҳалқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси уларнинг орқасига ўтирди. Учинчиси эса ортга бурилиб, чиқиб кетди». 

Яъни, ҳалиги уч кишидан илмга қизиққан иккитаси бориб, Расулуллоҳнинг тепаларига тўхтади. Илмий суҳбатга қулоқ осиш учун жой ахтарди.

Улардан бири илмий суҳбат учун ҳалқа қуриб ўтирган саҳобаларнинг орасидан бир бўш жойни топиб, ўтирди.

Иккинчиси унчалик илмга ўч эмас экан, ҳалқадагиларнинг орқасига келиб, жойлашди.

Илмга умуман қизиқмайдиган учинчи одам эса бурилиб, масжиддан чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса илмий суҳбатни давом эттиравердилар.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлганларидан кейин». 

Яъни илмий суҳбатни тугатганларидан сўнг:

«Сизларга ҳалиги уч нафарнинг хабарини берайми?» дедилар.

Яъни, илмий суҳбат бўлиб турганда масжидга кириб, ўзларини уч хил тутган кишиларнинг хабарини берайми, дедилар. Ва улар ҳақида хабар беришни бошладилар.

«Улардан бири Аллоҳдан бошпана сўради. Аллоҳ унга бошпана берди». 

Бу – ҳалқадан бўш жой топиб ўтирган одам. Одатда зулмга, тазйиққа учраган, хавф-хатарда қолган одам бошпана сўрайди. Ушбу ҳадиси шарифда илм ҳалқасига келиб ўтирган одам ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳдан бошпана сўради» деб айтишлари улкан маъно касб этмоқда. Бу эса илм ҳалқасида ўтирган одам жаҳолатдан, онгсизлик зулмидан, тазйиқидан ва улардан келадиган хавф-хатардан Аллоҳнинг паноҳига қочишини англатмоқда. Бундай бало-офатдан қутулиб қолишнинг бирдан-бир йўли илм йўли эканлиги, илм орқалигина Аллоҳ таолонинг бошпанасига сазовор бўлиш мумкинлиги маълум бўлмоқда. Илм талаб қилишга бунчалик тарғиб ҳеч қаерда йўқ.

«Бошқаси эса ҳаё қилди. Бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди».

Бу ҳалқанинг орқасига бориб ўтирган одам. У ўзини одамлар орасига уришдан ҳаё қилди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳам уни савобсиз қолдиришдан ҳаё қилди. Унга ўзига яраша муомала қилди.

«Яна бошқа бири юз ўгирди. Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди». 

Бу илмий мажлисдан юз ўгириб, чиқиб кетган одамдир. Ҳадисда унинг илмдан юз ўгириши Аллоҳдан юз ўгиришга тенглаштирилмоқда. Шунинг учун Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирганлиги баён қилинмоқда.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинаётган фойдалар:

1. Масжидларда илмий мажлислар уюштиришнинг яхшилиги.

2. Илмий мажлисларда ҳалқа бўлиб ўтириш.

3. Илмий мажлис бўлаётган жойга кирганда дарҳол унга қўшилиш.

4. Иложи борича ҳалқага кириб ўтириш.

5. Ҳалқадан жой топилмаса, орқароққа бўлса ҳам ўтириш.

6. Илмий мажлисни ташлаб чиқиб кетмаслик.

7. Илмий мажлисда ихлос билан иштирок этган одам Аллоҳ таолонинг бошпанасига сазовор бўлиши.

8. Илмдан қочишдан ҳаё қилган одамни иқоб қилишга Аллоҳ таолонинг ҳам ҳаё қилиши.

9. Илмдан юз ўгирган одамдан Аллоҳ ҳам юз ўгириши.

Энди ҳадиси шарифнинг ҳикматидан ҳаётимизда қанчалик фойда олаётганимизни ўйлайлик.

Бугун илму маърифат қадрлими, молу дунё, мансаб ва шунга ўхшаш ўткинчи нарсалар қадрлими?

Ҳозирги ҳаётимизда ўзини илм ҳалқасига урган одам қадрлими ёки сўму долларлар «ҳалқа»сига урган одамми?

Илмдан юз ўгирган одамни Аллоҳдан юз ўгирган одамдек қоралай оламизми? Шу ва шунга ўхшаш саволларга ушбу ҳадиси шариф руҳида ижобий жавоб беришимиз жуда мушкул.

Агар Аллоҳ таоло ҳузуридан бошпана топмоқчи бўлсак, илм ҳалқаларини кўпайтиришимиз, ҳаммамиз ўзимизни уларга уришимиз лозим. Чунки илмсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намозда алангламаслик ҳақида 21тавсия Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Болам, намозда у ёқбу ёққа аланглашдан давоми...

4701 17:04 / 08.01.2017
. . Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ мен орқали юборган ҳидоят давоми...

3652 17:00 / 12.01.2022
иккинчи мақола Фарз икки қисмга бўлинади. Биринчиси ndash фарзи айн. Иккинчиси ndash фарзи кифоя. Фарзи айн ҳар бир мусулмон шахсан бажариши лозим бўлган ишдир. Уни давоми...

2543 19:00 / 15.06.2022
. Абу Айюб алАнсорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бирортангиз қазои ҳожатга борса, қиблага юзланмасин ва давоми...

2679 11:42 / 08.02.2023