1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Доктор Фотима Аҳмад Абдуттаввоб қиссаси

17:00 / 01.12.2021 4183 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мен доктор Фотима бўламан.

Тиббиёт факультети. Йилнинг бошида янги ўқитувчи аудиторияга салом бериб кирди ва деди:

«Бу йилги ўқишларингга омад тилайман. Доимо соғ-саломат бўлинглар. Бугун менинг биринчи дарсим. Ўзимни таништиришдан олдин шуни айтишни истар эдимки, қайси талабанинг шароити оғир бўлиб менинг дарсимга оид китобларни сотиб олишга қурби етмаса дарсдан сўнг менга ёзма равишда мурожаат қилсин. Иншааллоҳ ёрдам бераман»!

Шунда талабалардан бири деди:

«Устоз! Сиздан олдинги ўқитувчилар бундай қилмас эди-ку! Бу қанақаси бўлди»?!

Ўқитувчи деди:

«Мен бошқаларни билмайман. Мен ўзимнинг китобларим ҳақида гапиряпман».

Талабалардан бири кулиб деди:

«Унда барча талабалар шароити оғирлигини айтиб китобни бепул олишади. Китобни сотишга ҳеч кимни топа олмайсиз»!.

Ўқитувчи деди:

«Муаммо йўқ. Мен сизга рухсат бераман. Бугун биринчи дарсимиз муносабати билан сизга бир ширин ҳикояни айтиб бермоқчиман. Бундан йигирма йиллар олдин, яъни сиз туғилишингиздан илгари бир ҳайдовчи бор эди. Унинг исми Аҳмад Абдуттаввоб эди. Унинг бир қизи бўлиб, у тиббиёт факультетининг биринчи курсида таълим олар эди. Айнан сизнинг ёшингизда эди у. Қизнинг исми Фотима эди. Аҳмад амаки қизини университетга келтириб қўйганидан сўнг қизидан сўради:

-Қизим! Қайси соатда қайтасан? Мен сени олиб кетиш учун келаман.

Фотима деди:

-Ҳозирча қанақа дарсларим борлигини, қачон чиқишимни билмайман. Факультетдан чиқсам ҳар кунги жойда тураман. Келмасангиз кутиб туравераман.

Аҳмад амаки эски машинасини таксилар турадиган жойга қўйди. Дарслар тугагач Фотима факультетдан чиқди. Отаси уни олиб уйга йўл олди. Йўлда у отасига эртага унга 500 жунайҳ керак бўлишини, унга китоб, оқ халат ва қон босимини ўлчайдиган асбоб сотиб олишини айтди. Отаси:

-Қизим! Эртага зарурми?-деб сўради.

Фотима:

-Ҳа отажон, катта устозлар шуни талаб қилишяпти.

Аҳмад амаки пулни қаердан олишини билмай боши қотди. Аммо у қизига:

-Эй қизим, Роббимиз ишимизни енгил қилади. Сени уйга ташлайман ва саҳаргача ишлайман, деди.

Фотима хавф билан деди:

-Бугун эмас эй ота! Бугун ҳаво ёмон, совуқ.

Аҳмад амаки деди:

-Қизим, Аллоҳ Ҳофиз!

Отаси Фотимани манзилга етказди. Яна қайтиб ишга кетди. Машиналар тураргоҳи тамоман машиналардан холий, аммо йўловчилар кўп эди. Аҳмад амаки машинани тўлдириб бошқа шаҳарга қараб йўл олди. Ҳаво ёмонлиги туфайли у ердаги тураргоҳ ҳам бўш экан. Аҳмад амаки саҳар соат иккигача йўловчи ташиди. Тураргоҳ бўшаб қолганидан сўнг Аҳмад амаки уйига қайтди. У йўлда ишлаган пулини санади. Пул 300 жунайҳ бўлибди. Шунда бир қора костюм кийган киши уни тўхтатди. У киши Аҳмад амакига: «Мени уйимга элтиб қўйинг, истаган пулингизни бераман», деди. У киши машинага мингач: «Менда ҳозир пул йўқ. Уйга етиб борсак ҳисоб-китоб қиламиз», деди. Аҳмад амаки: «Пулни ўйламанг», деб машинани ҳайдади. У киши: «Йўлда келаётганимда шантажчилар пулимни олиб қўйишди. Машинамни ҳам олиб кетишди», деди. Аҳмад амаки: «Муҳими жонингиз соғ қолибди. Пул келиб кетаверади», деди. Аҳмад амаки уни манзилига етказиб қўйди. У киши уйига кириб кетар экан: «Жаноб, мени кутиб туринг. Кийимларимни алмаштириб чиқаман. Биргаликда ички ишларга бориб машинамнинг ўғирлангани ҳақида хабар берамиз».

Аҳмад амаки уни кутиб турди. Ҳалиги киши уйига кириб кетди. Бир неча дақиқадан сўнг ичкаридан бақирган овоз келди: «Амаки тез келинг, тез келинг! Газ трубасидан газ сизиб чиқибди, хотиним ва фарзандларим беҳуш ётишибди. Илтимос, уларни машинангизга олиб борайлик!».

Аҳмад амаки болаларни олиб машинага миндирди. У киши хотинини машинага миндирди. Уларни шифохонага олиб келишди. Уларнинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Ҳалиги киши Аллоҳга ҳамд айтиб чиқди ва Аҳмад амакига деди:

«Мен сизнинг олдингизда қарздорман!».

Сўнгра чўнтагидан пул чиқариб Аҳмад амакига узатди. Амаки пулларни олишдан бош тортиб у кишига деди:

«Йигирма йил олдин хотиним раҳматлик билан маслаҳатлашиб охирги мижоздан Аллоҳнинг ризоси учун пул олмаймиз деб келишган эдик. Шояд бизни Аллоҳ ифлос инсонлардан сақласа!».

У киши деди:

«Сизга ва хотинингизга Аллоҳ барака берсин. Исмингизни айтсангиз ва мени ўз биродарингиз деб ҳисобласангиз».

Аҳмад амаки деди:

«Исмим Аҳмад Абдуттаввоб. Сиз билан танишиш менга шараф»!

У киши деди:

«Мана бу осиғлиқ турган сурат қизингизнинг суратими»?

Аҳмад амаки деди:

«Ҳа, бу қизим Фотима. Университетда тиббиёт факультетида биринчи курс талабаси».

Аҳмад амаки уйга бориб бўлган воқеани қизи Фотимага айтиб берди. Фотима деди:

«Эй ота! 300 жунайҳ ишлаганингизга ақлим етмаяпти. Аллоҳ сизни иш билан насибалантирибди. Ундан мол олмабсиз».

Аҳмад амаки деди:

-Қизим! Сени тиббиёт факультетига етказиб қўйган, сени мен учун муҳофаза қилган, нарса аввало Аллоҳ бўлса қолаверса, биз Аллоҳ учун ҳақини олишдан воз кечган охирги мижоздир. Аллоҳ менга унинг ўрнини тўлдиради.

Фотима эртаси куни факультетга борди. Биринчи дарс орасида аудиторияга бир ишчи кириб: «Фотима Аҳмад Абдуттаввоб ким?», деб сўради. Фотима қўрқиб: «Мен», деди. У киши: «Сизни факультет декани сўраяпти», деди. Фотима у билан деканнинг хонасига борди. Деканнинг нега чақирганини билмасдан унинг оёқлари титрар эди. Декан ундан сўради:

- Сиз Фотима Аҳмад Абдуттаввобмисиз?

- Ҳа.

- Отангиз такси ҳайдайдилар. Шундайми?

- Ҳа. Отамга бирор нарса бўлдими?

- Йўқ, отангизга ҳеч нарса бўлгани йўқ. Агар кеча отангизга учрамаганимда хотиним ва фарзандларимга бирор кор-ҳол бўлар эди.

Фотима ажабланиб сўради:

- Сизнинг олдингизга кеча отамнинг машиналарига минган киши бордими?

Декан кулиб деди:

- Ўша мен эдим. Биз отангиздан бир умр қарздормиз.

Декан Фотимага миннатдорчилик билдирганидан сўнг деди:

- Мана бу бир йиллик ўқув дарсликлари. Мана бу оқ халат, бу эса қон босимини ўлчайдиган асбоб. Буларни олинг. Агар бирор нарсага эҳтиёж сезсангиз мени отангиз деб билинг. Тортинмасдан айтаверинг.

Фотима хижолат бўлиб у нарсаларни олишдан бош тортди. Аммо декан қаттиқ туриб олди.

Ўқитувчи талабаларига бу ҳикояни айтиб бергач уларга деди:

- Энди танишиб олайлик. Менинг исмим доктор Фотима Аҳмад Абдуттаввоб!

Абдулқодир Полвонов 

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аъмаш айтади .Мужаммиъ Таймий билан бирга эдим. У бир дирҳамга битта хурмо сотиб олаётган эди, бир тиланчи сотувчидан садақа сўради. Шунда Мужаммиъ сотувчига давоми...

2077 08:00 / 29.01.2020
Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳнинг дуо қилса қабул бўлишига сабаб давоми...

4506 10:00 / 21.05.2021
Солиҳ ибн Абу Ахзор айтади .Айюбга .Менга насиҳат қилинг,, десам, .Кам гапир, деди.Айюб Сухтиёнийнинг тақвосиСалом айтади .Айюб Сухтиёний туни билан бедор бўлар, давоми...

2315 08:00 / 15.02.2021
Дардни берадиган ҳам Унинг Ўзи, унга оғриқ берадиган ҳам Ўзи.Оғриқ ҳиссини туйдирадиган Унинг Ўзи, дард ва оғриқларга куч ва сабр берадиган ҳам Ўзи.Оғриқларга давоми...

1823 14:03 / 29.03.2022