Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Нафл намоз ўқиш ман қилинган вақтлар | Ҳадис дарслари (286-дарс)

19:00 / 12 июнь 1452 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: شَهِدَ عِنْدِي رِجَالٌ مَرْضِيُّونَ وَأَرْضَاهُمْ عِنْدِي عُمَرُ، أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَهَى عَنِ الصَّلَاةِ بَعْدَ الصُّبْحِ حَتَّى تُشْرِقَ الشَّمْسُ، وَبَعْدَ الْعَصْرِ حَتَّى تَغْرُبَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Менга энг одил кишилар гувоҳлик бердилар. Уларнинг ичида энг одили Умардир.

«Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозидан кейин то қуёш чиққунча ва Асрдан кейин (қуёш) ботгунча намоз ўқишдан қайтарганлар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадисдаги «одил киши» деган жумла «адолатли» эмас, балки «ростгўйликларида ва динларида ҳеч қандай шубҳа йўқ бўлган, гувоҳлиги ўтадиган одамлар», деган маънони англатади. Бу эса келтирилган хабар ўта ишончли ва муҳим эканлигидан дарак беради.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бомдод намози ўқилганидан кейин қуёш чиққунича намоз ўқиб бўлмаслиги.

2. Аср намозини ўқигандан сўнг қуёш ботгунича намоз ўқиб бўлмаслиги.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا تَحَرَّوْا بِصَلَاتِكُمْ طُلُوعَ الشَّمْسِ وَلَا غُرُوبَهَا، فَإِنَّهَا تَطْلُعُ بِقَرْنَيِ الشَّيْطَانِ. وَفِي رِوَايَةٍ: إِذَا طَلَعَ حَاجِبُ الشَّمْسِ فَأَخِّرُوا الصَّلَاةَ حَتَّى تَرْتَفِعَ، وَإِذَا غَابَ حَاجِبُ الشَّمْسِ فَأَخِّرُوا الصَّلَاةَ حَتَّى تَغِيبَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Намозингиз ила қуёшнинг чиқишини ҳам, ботишини ҳам намоз вақти қилиб олманглар. Чунки у шайтоннинг шохлари орасидан чиқади», дедилар».

Яна бир ривоятда:

«Қуёшнинг қоши чиқса, намозни у кўтарилиб бўлгунча кечга суринглар. Қуёшнинг қоши ботса, намозни у ботиб бўлгунча кечга суринглар», дедилар».

Икки Шайх ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоятдаги «қуёшнинг қоши» иборасидан мурод, қуёш доирасининг бир тарафи – қошга ўхшаб эгилган жойи тушунилади.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Қуёш чиқаётган вақтда намоз ўқимаслик.

2. Қуёш ботаётган вақтда намоз ўқимаслик.

3. Қуёшнинг бир тарафи чиқиб, кўринганидан кейин у то тўлиқ кўтарилиб бўлгунча намоз ўқимай туриш.

4. Қуёшнинг бир тарафи ботганидан кейин то у тўлиқ ботиб бўлмагунча намоз ўқимай туриш.

5. Мазкур вақтларда намоз ўқиб бўлмаслигининг сабаби «Чунки у шайтоннинг шохлари орасидан чиқади» деган ибора билан баён қилинган.

Имом Муслимнинг ривоятида:

«Ва кофирлар унга сажда қилурлар» жумласи зиёда келган.

Демак, қуёшпарастлар қуёшга у чиқаётган ва ботаётган пайтда сажда қилар эканлар. Шайтон эса ўша жойда туриб олиб, улар менга сажда қиляптилар, деб масхара қилар экан. Ана шу кофирларга ўхшамаслик учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни мазкур вақтларда намоз ўқишдан қайтарганлар.

عَنْ عَمْرِو بْنِ عَبَسَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قُلْتُ يَا رَسُولَ اللهِ، أَيُّ اللَّيْلِ أَسْمَعُ؟ قَالَ: جَوْفُ اللَّيْلِ الْآخِرُ فَصَلِّ مَا شِئْتَ، فَإِنَّ الصَّلَاةَ مَشْهُودَةٌ مَكْتُوبَةٌ حَتَّى تُصَلِّيَ الصُّبْحَ، ثُمَّ أَقْصِرْ حَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ فَتَرْتَفِعَ قِيسَ رُمْحٍ أَوْ رُمْحَيْنِ فَإِنَّهَا تَطْلُعُ بَيْنَ قَرْنَيْ شَيْطَانٍ وَيُصَلِّي لَهَا الْكُفَّارُ، ثُمَّ صَلِّ مَا شِئْتَ، فَإِنَّ الصَّلَاةَ مَشْهُودَةٌ مَكْتُوبَةٌ حَتَّى يَعْدِلَ الرُّمْحَ ظِلُّهُ، ثُمَّ أَقْصِرْ فَإِنَّ جَهَنَّمَ تُسْجَرُ وَتُفْتَحُ أَبْوَابُهَا فَإِذَا زَاغَتِ الشَّمْسُ فَصَلِّ مَا شِئْتَ، فَإِنَّ الصَّلَاةَ مَشْهُودَةٌ حَتَّى تُصَلِّيَ الْعَصْرَ، ثُمَّ أَقْصِرْ حَتَّى تَغْرُبَ الشَّمْسُ فَإِنَّهَا تَغْرُبُ بَيْنَ قَرْنَيْ شَيْطَانٍ وَيُصَلِّي لَهَا الْكُفَّارُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ. وَلِأَبِي دَاوُدَ وَالْبَيْهَقِيِّ: كَرِهَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الصَّلَاةَ نِصْفَ النَّهَارِ إِلَّا يَوْمَ الْجُمُعَةِ فَإِنَّ جَهَنَّمَ تُسْجَرُ إِلَّا فِي يَوْمِ الْجُمُعَةِ. وَلِلنَّسَائِيِّ: يَا بَنِي عَبْدِ مَنَافٍ لَا تَمْنَعُوا أَحَدًا طَافَ بِهَذَا الْبَيْتِ وَصَلَّى أَيَّةَ سَاعَةٍ شَاءَ مِنْ لَيْلٍ أَوْ نَهَارٍ.

Амр ибн Абаса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, кечанинг қайси вақти (дуо) эшитилувчироқ?» дедим.

У зот:

«Кечанинг охирги қисми. Бас, хоҳлаганингча намоз ўқи. Албатта, токи Бомдодни ўқигунингча намоз шоҳид бўлинган ва ёзилган бўлур. Сўнгра қуёш чиқиб, бир ёки икки найза бўйи кўтарилгунча тўхта. Чунки у шайтоннинг шохлари орасидан чиқур ва кофирлар унга ибодат қилурлар. Сўнгра хоҳлаганингча намоз ўқи. Албатта, токи найзанинг сояси унинг ўзига тенглашгунча намоз шоҳид бўлинган ва ёзилган бўлур. Сўнгра тўхта. Чунки ўша пайтда жаҳаннам қизитилур ва унинг эшиклари очилур. Қачонки қуёш мойил бўлганда хоҳлаганингча ўқи. Албатта, токи Асрни ўқигунингча намоз шоҳид бўлинган бўлур. Сўнгра қуёш ботгунча тўхта. Чунки у шайтоннинг шохлари орасидан ботур ва кофирлар унга ибодат қилурлар», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Абу Довуд ва Байҳақийнинг ривоятида:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жумъа кунидан бошқа пайтда наҳорнинг ярмидаги намозни хуш кўрмаганлар. Чунки жаҳаннам жумъа кунларидан бошқа вақтда қизитилади», дейилган.

Насаийнинг ривоятида эса:

«Эй Бани Абду Маноф, ушбу уйни тавоф қилган ва кечаю кундузнинг хоҳлаган соатида намоз ўқиган одамни ман қилманглар», дейилган.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Амр ибн Абаса розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Амр ибн Абаса ибн Омир ибн Ҳомид ас-Самий, кунялари Абу Нужайҳ. Исломга биринчи бўлиб кирганлардан ҳисобланадилар. Амр Исломга кирган кунларини шундай баён қиладилар: «Қалбимга нимагадир «Бутларга ибодат қилиш ботил» деган фикр келди. Бир одамга бу фикримни айтсам, у менга: «Эй Амр, сен ўйлаган нарсани Маккада бир одам гапираётган эмиш», деб қолди. Бу гапдан кейин Маккага бордим. У одам ҳақида сўраган эдим, менга:

«Кечқурун Каъбани тавоф қилгани келади, кундузи бекиниб юради», дейишди. Каъба ёнида ухлаётганимда кимнингдир «Лаа илааҳа иллаллоҳу» деган сўзидан уйғониб кетдим. У одамга бориб:

«Кимсан?» дедим.

У киши менга:

«Аллоҳнинг Расулиман», дедилар.

«Аллоҳ сени нима билан юборди?» деб сўрадим.

У:

«Аллоҳга ширк келтирмасдан, Унга ибодат қилишга, ўзаро қон тўкмасликка, қариндош-уруғлар орасида борди-келдини тиклашга», деб жавоб бердилар.

У кишига:

«Ҳозир сиз билан ким бор?» десам,

«Бир ҳур ва бир қул бор», дедилар.

«Қўлингизни беринг, сизга байъат қиламан», деб, Исломга кирдим.

«Ҳозир тўртта мусулмон эканмиз. Сиз билан турайми?» дедим.

«Йўқ қавмингга қайт, агар менинг бошқа жойга кўчганимнинг хабарини эшитсанг, келгин», дедилар.

Мен қавмимга қайтиб, у ерда кўп вақт турдим. Кейин менга бир одам «Муҳаммад Маккадан Ясрибга кўчди», деб қолди. Ясриб томон йўл олдим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб:

«Мени танияпсизми?» дедим.

«Ҳа, сен менга Маккада байъат қилган эдинг», дедилар. Кейин билсам, орада Бадр, Уҳуд, Ҳандақ жанглари ўтиб кетган экан».

Амр ибн Абаса Мадинага келиб, шу ерда турдилар. Сўнг Шомга кўчиб ўтдилар.

Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ҳадислар ривоят қилдилар. Улардан эса Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Умома ал-Боҳилий, Саҳл ибн Саъд, тобеъинлардан Абу Идрис Ҳувлоний, Салим ибн Омир, Касийр ибн Мурра ва бошқалар ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда нафл намоз ўқиш мумкин бўлмаган вақтлар батафсил баён қилинмоқда. Уларнинг ҳикматлари ҳам баён қилиниши билан бирга, баъзи бир истиснолар ҳам зикр этилмоқда.

Ҳадисдаги баъзи бир истилоҳлар билан танишиб олайлик:

«Кечанинг қайси вақти (дуо) эшитилувчироқ?»

Яъни, кечанинг қайси вақтида дуо ва ибодат яхшироқ қабул қилиниб, сўралган нарса ижобат бўлади?

«Кечанинг охирги қисми»

Яъни, кечанинг охирги – олтидан бир қисми, деб тушунмоқ керак.

«Албатта, намоз шоҳид бўлинган ва ёзилган бўлур»

Яъни, ўша намозга фаришталар шоҳид бўлурлар ва савобини ёзиб қўюрлар.

Хаттобий раҳматуллоҳи алайҳи:

«Қуёшнинг шайтон шохлари орасидан чиқиши ва жаҳаннамнинг қиздирилиши каби нарсалар ҳис қилиш ва кўриш билан идрок этиб бўлмайдиган нарсалардир. Ундай нарсаларга иймон келтириш ва улар ҳақида баҳс қилишни тарк этиш лозим», деганлар.

Бундай истилоҳлар мажозий бўлишини олдин ҳам ўрганиб чиққанмиз.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ибодат ва дуо қачон кўпроқ ҳамда яхшироқ қабул бўлишини сўраш мумкинлиги.

2. Кечанинг охирги – олтидан бири дуо ва ибодат энг яхши қабул бўладиган вақт эканлиги.

3. Ўша вақтда хоҳлаганча намоз ўқиш яхшилиги.

4. Ўша вақтдаги намозга фаришталар гувоҳ бўлиб, савобини ёзиб туришлари.

5. Бомдодни ўқигандан сўнг то қуёш бир найза бўйи кўтарилмагунча нафл намоз ўқиб бўлмаслиги.

6. Бу вақтда кофирлар қуёшга ибодат қилганлари ва уларга ўхшаб қолмаслик учун намоз ўқиш ман қилинганлиги.

7. Қуёш бир найза бўйи кўтарилганидан то найзанинг сояси ўзининг узунлигига тенг бўлгунга қадар хоҳлаганча нафл намоз ўқиш мумкинлиги.

Бу вақтдаги намозга фаришталар шоҳид бўлиб, савобини ёзиб туришлари.

8. Найзанинг сояси ўзининг узунлигига тенг бўлганидан бошлаб, қуёш қиёмдан пасайгунга қадар намоз ўқиб бўлмаслиги.

9. Ўша пайтда Жаҳаннам қизитилиб, эшиклари очилиши.

10. Қуёш қиёмдан оғганидан кейин Аср намозигача хоҳлаганча нафл намоз ўқиш мумкинлиги.

11. Ўша намозга фаришталар шоҳид бўлиши.

12. Асрдан сўнг то қуёш ботгунича нафл намоз ўқиб бўлмаслиги.

13. Қуёш шайтоннинг шохлари орасидан ботиши ва кофирлар унга ибодат қилишлари.

14. Жумъа куни наҳорнинг ярмида жаҳаннам қизитилмаслиги ва ўша куни у вақтда нафл намоз ўқиш мумкинлиги.

15. Байтуллоҳда кеча-кундузнинг хоҳлаган соатида тавоф қилиб, намоз ўқиш мумкинлиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизнинг ичингизда икки нарсани қолдирдим. Икковларини маҳкам ушласангиз, давоми...

3577 21:30 / 12.05.2021
Аллоҳга тавба қилишнинг фазли 11тавсия Ағарр ибн Ясор Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Эй одамлар, Аллоҳга тавба давоми...

5019 05:00 / 28.02.2017
. . Амр ибн Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Усмоннинг ҳузурида эдим. Таҳорат суви опкелтирди ва .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

1734 19:00 / 15 февраль
. . Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Албатта, Аллоҳ азза ва жалла Ўз давоми...

3783 13:02 / 29.07.2020