Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (40-дарс). Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер

14:40 / 08.07.2019 8571 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва:

«Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ислом – «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», дедилар.

«Тўғри айтдинг», деди у.

Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.

«Менга иймон ҳақида хабар бер», деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон кел­тирмоғинг», дедилар.

«Тўғри айтдинг», деб тасдиқлади ва:

«Менга эҳсон ҳақида хабар бер», деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар.

«Менга (қиёмат) соатидан хабар бер», деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас», дедилар.

«Унинг аломатларидан хабар бер», деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, ялан­ғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар.

Сўнгра у қайтиб кетди. Бас, мен анча вақт ғойиб бўлдим. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?» дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дедим.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динлари­нгизни ўргатгани келибди», дедилар».

Яна бир ривоятда:

«У (яъни, қиёмат соати) Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган беш нарсанинг ичидадир», дедилар ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида (қиёмат) соати илми бор» оятини тиловат қилдилар. Сўнгра у қайтиб кетди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уни қайтаринглар», дедилар.

Одамлар ҳеч нарсани кўрмадилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бу Жаброилдир. Одамларга динларини ўр­гатгани келибди», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг ровийси буюк саҳобий, ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоллари тўғрисида неча-неча китоблар битилган. Биз эса баъзи қисқача маълумотларни келтириб ўтамиз:

Умар ибн Хаттоб тўрт халифанинг иккинчиси, ҳақ билан ботилни ажратиб, «Форуқ» лақабини олган, жаннатга кириши башорат қилинган ўн саҳобанинг бири. Илк бор «Амирал муминин» лақабини олган халифа. Исломга Расулуллоҳ пайғамбар қилиб юборилишининг олтинчи йили кирдилар. Олдин бу динга қарши бўлиб, бир-икки бор Расулуллоҳни ўлдиришга ҳам қасд қилдилар. Лекин Аллоҳ бу кишини Ислом динига ҳидоят қилиб қўйди. Бу зот Исломга киришларидан бир-икки кун олдин Расулуллоҳ:

«Аллоҳим, Исломни Умар билан қувватлагин», деб дуо қилдилар. Аллоҳ пайғамбарининг дуосини қабул қилиб, ҳазрати Умарни Исломга ҳидоят қилиб қўйди. Бу ҳодиса тарих китобларида қуйидагича келтирилади:

«Бир куни Умар ибн Хаттоб қиличини яланғочлаб, Расулуллоҳни ўлдирмоқни қасд қилиб кетаётганида, тўсатдан Наъим ибн Абдуллоҳ учраб қолади. Умарнинг ҳолини кўриб, «Қаерга кетаяпсан?» деб сўрайди. Умар ибн Хаттоб:

«Қурайшнинг олиҳаларини сўккан, илоҳни ягона деб, пайғамбарликни даъво қилаётган Муҳаммадни ўлдириш учун кетяпман», деб жавоб беради. Наъим:

«Аввал синглинг ва куёвингга қарасанг-чи, улар Муҳаммаднинг динига киришди-ку!» дейди. Умар йўлидан қайтиб, синглисининг уйи томон юради. Умар синглисининг уйига келганида Хаббоб ибн Арт розияллоҳу анҳу Фотима ва унинг эрига Қуръон ўқиб бераётган эди. Умар эшикни тақиллатади. Фотима эшикни очади. Умар уйга кирмай туриб, аввал синглисидан Исломга киргани ҳақидаги хабар рост ёки ёлғонлигини суриштиради. Кейин у куёвини дўппослаб кетади. Буни кўрган синглиси у кишига ёпишади. Умар синглисини туртиб, уни ҳам қонга белайди. Шунда синг­лиси йиғлаб:

«Бизни уриб, ўлдириб юбор, лекин бу диндан қайтмаймиз», деб, қатъий туриб олади. Шунда Умарнинг қалби юмшаб, қилган ишидан афсусланади. Синглисидан Қуръон оятлари битилган варақни тортиб олмоқчи бўлганида, у:

«Сен нопоксан, ғусл қилмагунингча буни ушлашинг мумкин эмас», дейди. Умар ғусл қилиб келиб, варақни қўлига олади. Унда ТоЪа сурасининг қуйи­даги оятлари бор эди:

«Сенга Қуръонни бахтсиз бўлишинг учун нозил қилганимиз йўқ. Фақат (Роббидан) қўр­қувчилар учун. (Қуръон) ерни ва юксак осмонларни яратган Зотдан нозил бўлгандир...» (2-4-оятлар).

Умарнинг қалбида бир нарса шуълаланди. Бу шуъла Ислом нурининг учқуни эди. Бу учқун келажакда оловга айланиб, бутун дунёни забт этиши керак эди. Шунда Хаббоб беркиниб ётган жойидан чиқиб, «Эй Умар, хурсанд бўл, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сен ҳақингда «Аллоҳим, Исломни Умар билан қувватлагин», деб дуо қилаётганларини эшитдим», деди.

Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришиш нияти борлигини айтади. Хаббоб у кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бошлаб боради. Шу кундан бошлаб, мусулмонларга бўлаётган тазйиқу азоб-уқубатлар сезиларли даражада камаяди.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ айтади:

«Умар Исломга кирганларидан кейин мушрик­ларнинг зулмидан анча халос бўлдик».

Ҳижратга рухсат берилганида мусулмонларнинг кўпчилиги беркиниб, кечаси ҳижрат қилиш­ни танлашди. Лекин Умар кундузи Каъба олдига келиб, тавоф қилдилар, сўнгра ҳижрат қилишларини эълон қилдилар. Ва Қурайшга қарата: «Ким онасининг боласиз, хотинининг бева, болаларининг етим қолишини хоҳласа, менга шу тоғнинг орқасида учрасин», деб айтдилар. Лекин ҳеч ким у кишига қарши чиқишга журъат қила олмади.

Умар ибн Хаттоб Бадр, Уҳуд, Хандақ ва бундан бошқа ҳамма жангу фатҳларда иштирок этдилар.

У зот Абу Бакр Сиддиқдан сўнг Ислом умматининг иккинчи халифаси бўлдилар. Бу вақт ичида катта ҳаракат қилиб, Форс, Миср, Шом, Ироқ ва бошқа жойлар фатҳ этилди. Ҳазрати Умар даврларида Исломнинг 12 минг минбари барпо этилди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд айтадилар: «Умар ибн Хаттобнинг Исломга киришлари ғалаба бўлса, ҳижрат қилишлари ёрдам, халифа бўлишлари эса раҳмат эди».

Ҳазрати Умар ўз халифаликлари даврида кўп­лаб ислоҳотлар, янгиликлар қилдилар. Мусулмон­ларнинг Байтулмолларини таъсис этдилар. Басра ва Куфа шаҳарларини қурдилар. Катта ободончилик ишларини олиб бордилар, халифаликни юритиш ишларида катта янгиликларни амалга оширдилар. Бу зот халифаликни ниҳоятда адолат билан юргиздилар, Ислом динининг равнақи йўлида ниҳоятда катта хизмат қилдилар.

Ҳазрати Умар олим, тадбирли, доно, тақволи, дунёда зоҳид, аччиқ бўлса-да, ҳақ сўз сўзловчи киши эдилар. У киши ҳаммаси бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 539та ҳадис ривоят қилдилар. Бу зотдан бир нечта саҳобалар ривоят қилганлар. У зот ривоят қилган ҳадислардан учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.

Умар ибн Хаттоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганларидек, шаҳид бўлдилар. У зот масжидда мусулмонларга имомлик қилиб турганларида, мушриклар ёллаган қотил томонидан ҳижратнинг йигирма учинчи йили суиқасд туфайли қатл этилдилар. Ҳазрати Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаларига, ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ёнларига дафн қилинганлар.

Ушбу ҳадиси шариф инсон сўзи васфига ожиз бўлган улкан ҳақиқатларни ўз ичига олган. Чунки унда Ислом, иймон, эҳсоннинг нима экани, Қиёмат куни ҳақида маълумотлар берилмоқда. Ҳадиснинг охирида эса ушбу нарсаларнинг жами «дин» деб аталмоқда.

«Ҳадис ва ҳаёт» II жуз китобидан.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тасбеҳ намози 8тавсияИбн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аббос ибн Абдулмутталибга шундай дедилар .Эй Аббос Эй давоми...

99184 17:00 / 08.04.2016
.Албатта, дунё тўрт нафарникидир,. Яъни, бу дунёда яшайдиган одамлар тўрт хилга бўлинадилар 1. .Бир бандага Аллоҳ молини ҳам, илмини ҳам ризқ қилиб берган. У бу билан давоми...

3520 17:00 / 11.08.2021
. . Амр ибн Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Усмоннинг ҳузурида эдим. Таҳорат суви опкелтирди ва .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

1814 19:00 / 15 февраль
2. .Қоим суннат,. Шаръий илмларнинг иккинчи асоси ndash .қоим суннат,, яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Суннат нималиги, унинг давоми...

3074 19:00 / 17.11.2021