1447 йил 4 Рамазон | 2026 йил 22 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Исломий ҳукм ва уни баён қилувчи оятлар ва ҳадислар

18:07 / 15.04.2020 2484 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ فِيمَا أُنْزِلَ مِنَ الْقُرْآنِ عَشْرُ رَضَعَاتٍ مَعْلُومَاتٍ يُحَرِّمْنَ، ثُمَّ نُسِخْنَ بِخَمْسٍ مَعْلُومَاتٍ، فَتُوُفِّيَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم وَهُنَّ فِيمَا يُقْرَأُ مِنَ الْقُرْآنِ. رَوَاهُمَا الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Қуръонда нозил қилинган нарсаларда ўнта маълум ҳаром қилувчи эмизиш бор эди. Сўнгра улар бешта маълум билан насх қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида улар Қуръондан ўқилаётган нарсалар ичида эди».

Икковини бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари ушбу ривоятга амал қилиб, «Шаръий эмизиш собит бўлиши учун беш марта тўйиб эмиш керак», дейишган.

Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари эса «Бу ривоят ўта мушкул ривоят», деганлар. Чунки Қуръонда ўн эмиш ҳақида ҳам, беш эмизиш ҳақида ҳам ҳеч қачон оят бўлмаган. Кейин, агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида ўқиб турилган бўлса, нима учун ҳозир ўқилмайди? Бунга ўхшаш саволлар жуда ҳам кўп. Уламолар ушбу ривоят ҳақида кўп баҳс юритганлар. Охири «Ушбуга ўхшаш иборалар ўша вақтда саҳобаларнинг ўзларига маълум нарсалар бўлган, лекин ҳозирда бу тушунилиши қийин масаладир», деган хулосага келганлар.

وَعَنْهَا قَالَتْ: دَخَلَ عَلَيَّ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم وَعِنْدِي رَجُلٌ قَاعِدٌ فَاشْتَدَّ ذَلِكَ عَلَيْهِ، وَرَأَيْتُ الْغَضَبَ فِي وَجْهِهِ، فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّهُ أَخِي مِنَ الرَّضَاعَةِ، فَقَالَ: انْظُرْنَ إِخْوَتَكُنَّ مِنَ الرَّضَاعَةِ، فَإِنَّمَا الرَّضَاعَةُ مِنَ الْمَجَاعَةِ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга кирганларида бир киши ўтирган эди. Бас, бундай бўлиши у зотга оғир ботди. У зотнинг юзларида ғазабни кўрдим. Сўнгра:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бу менинг эмикдош акам», дедим.

«Эмикдош акаларингиз(нинг қандайлигига) қаранглар. Эмизиш фақат очликда бўлур», дедилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Эркак киши ўз оиласида бўлаётган ишлардан хабардор бўлиб, сўраб-суриштириб туриши кераклиги.

2. Эмикдош ака-укалар аёл кишига маҳрам бўлиши.

3. Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг зийракликлари. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазабларини юзларидан сезиб, узр айтишга киришганлари шуни кўрсатади.

4. Эмизиш очликдан, яъни бола очлигини сут билан қондирадиган вақтда, эмизиш учун тайинланган муддатда собит бўлиши.

Бу муддатни Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

«Оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизурлар. (Бу) эмизишни батамом қилмоқчи бўлган кишигадир», деган оят билан белгилаб қўйган («Бақара» сураси, 233-оят).

Худди шу маъно Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча ҳадиси шарифларида ҳам таъкидланган.

Демак, бола икки ёшидан кейин эмса, шаръий эмизиш собит бўлмайди. Ушбу маънони яхши тушуниб олмоқ керак. Оддий кишилар ичида бу борада тушунмовчилик бор. Сути йўқ кампир кўкрак солиб қўйса ҳам, каттароқ ёшдаги болалар кўкракни оғзига олиб қўйса ҳам, кўпчилик эмизиш собит бўлди, деб юради.

Баъзи саводли кишиларнинг ҳам хато қилишларига эса Бухорий ва Муслимларнинг «Саҳиҳ»ларида келган бир ривоят сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Унда айтилишича, Абу Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг хотинлари Саҳла бинту Суҳайл розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солим уйимизда юриб, эр етди, эркаклар биладиган нарсани билди», деди. Шунда у зот:

«Уни эмизгин, унга ҳаром бўлиб қоласан», дедилар.

Билмаган кишилар бу ривоятни шундайлигича, шарҳсиз ўқиб, қачон бўлса ҳам, ким бўлса ҳам, қандай қилиб бўлса ҳам бир аёлни эмса, унга маҳрам бўлиб қолар экан, деб тушунадилар.

Энг қизиғи, исломий ҳукм бундай эмаслигини қайта-қайта баён қилувчи оятлар ва кўплаб ҳадислар туриб, битта шу ривоятга эргашадилар.

Аввало Саҳла розияллоҳу анҳонинг Солим билан бўлиб ўтган қиссалари шаръий эмизишнинг муддати бола икки ёшга киргунча муддат ичида бўлиши ҳақидаги ҳукм жорий қилинишидан олдин бўлиб ўтган.

Иккинчидан, бу иш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига биноан, Саҳла ва Солим розияллоҳу анҳумога хос бўлган.

Учинчидан, Саҳла розияллоҳу анҳо сутларини соғиб берганлар, Солим ичган. Чунки балоғатга етган одам бегона аёлнинг кўкрагини оғзига олиши мутлақо мумкин эмас. Ушбу масаладаги тушунмовчилик беҳуда гап ва муаммоларни келтириб чиқармаслиги керак.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аёл эрини рози қилиш билан ўзига жаннатни нақд қилиб олади. Умуман аёлнинг икки дунё саодатига ноил бўлиши учун эрининг розилиги муҳим ўрин эгаллайди. Расулуллоҳ давоми...

3281 19:40 / 06.02.2024
СаволМаълумки, аёлларнинг намозида эркакларникидан айрим ўринларда фарқланади. Саволим шуки, аёлларнинг ҳажида ҳам эркакларникидан ажралиб турадиган фарқли давоми...

1965 17:00 / 29.07.2020
...Кечаси билан йиғлаб чиқдим. Тонг отгунча кўз ёшим тўхтамади, кўзимга уйқу ҳам келмади. Кундузи ҳам йиғлайвердим.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий давоми...

3049 15:09 / 25.11.2018
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа завжаи мутоҳҳаралари ҳақида сўз юрита туриб, кундошлик ҳақида гапирмай давоми...

6485 14:03 / 19.12.2018
Аудиолар

232579 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151038 14:35 / 11.08.2021