Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (138-дарс). Ҳеч қандай чўчийдиган жойи йўқ, дарҳол ибодатни бошланг!

21:00 / 26.05.2021 3815 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَائِشَةَ أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم دَخَلَ عَلَيْهَا وَعِنَدَهَا امْرَأَةٌ فَقَالَ: مَنْ هَذِهِ؟ قَالَتْ: فُلَانَةٌ، تَذْكُرُ مِنْ صَلَاتِهَا قَالَ: مَهْ، عَلَيْكُمْ بِمَا تُطِيقُونَ، فَوَاللهِ لَا يَمَلُّ اللهُ حَتَّى تَمَلُّوا، وَكَانَ أَحَبُّ الدِّينِ إِلَى اللهِ مَا دَاوَمَ عَلَيْهِ صَاحِبُهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг олдиларига кирсалар, ҳузурларида бир аёл бор экан. У зот:

«Бу аёл ким?» деб сўрадилар.

«Фалона» дея унинг намози ҳақида гапира кетдилар.

«Бас! Сизлар тоқатингиз етадиган нарсани лозим тутинглар. Аллоҳга қасамки, сиз малол олмагунингизча, Аллоҳга малол келмайди. Дийннинг Аллоҳга маҳбуби – соҳиби унда бардавом бўлганидир», дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Оиша онамиз бир аёл билан гаплашиб ўтирганларида, олдиларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келибдилар. Шунда ҳалиги аёл ўрнидан туриб, чиқиб кета бошлабди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бу аёл ким?» деб сўрадилар». Оиша онамиз:

«Фалона», дея унинг намози ҳақида гапира кетдилар.

Бошқа ривоятлардан маълум бўлишича, у аёлнинг исми Хавла бинти Тувайт бўлган. Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саволларига: «Бу Хавла бинти Тувайт, Мадина аҳли ичидаги энг ибодатли аёл, кечаси билан ухламай намоз ўқиб чиқади», деб жавоб берганлар. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бас! Сизлар тоқатингиз етадиган нарсани лозим тутинглар. Аллоҳга қасамки, сиз малол олмагунингизча, Аллоҳга малол келмайди. Дийннинг Аллоҳга маҳбуби – соҳиби унда бардавом бўлганидир», дедилар».

Кўриниб турибдики, Хавла бинти Тувайт ал-Асадийя розияллоҳу анҳонинг кечаси билан намоз ўқиб чиқиши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан маъқулланмаяпти.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни:

«Бас!» деб инкор қиляптилар. Сўнгра эса Исломнинг бу борадаги таълимотларини баён қилмоқдалар:

«Сизлар тоқатингиз етадиган нарсани лозим тутинглар».

Яъни, қўшимча ибодат қиладиган бўлсангиз, тоқатингиз етадиганини танланг, имконингизга қаранг. Мисол учун, мусулмон инсон ўзига фарзу вожиб бўлган намозлардан ташқари нафл намоз ўқиб, қўшимча ибодат қилмоқчи бўлса, ўз тоқатини ҳисобга олсин. Хавла бинти Тувайтга ўхшаб туни билан бутунлай ухламасдан намоз ўқиб чиқиб, ўзини қийнамасин.

«Аллоҳга қасамки, сиз малол олмагунингизча, Аллоҳга малол келмайди».

Яъни, сиз ўзингизни қийнаб, ортиқча уриниб, ибодатни малол олиб қилсангиз, Аллоҳга ҳам малол келади. Агар тоқатингиз етадиган нарсаларга қанча кўп уринсангиз, Аллоҳ ҳам малол кўрмай, ажру савобни бераверади. Лекин тоқатингиздан ташқари ишга уриниб, малол олиб қилсангиз, ўзингизга яхши бўлмайди, демоқдалар.

«Диннинг Аллоҳга маҳбуби – соҳиби унда бардавом бўлганидир».

Яъни, дийндаги амалнинг Аллоҳга энг ёққани, эгаси унда доимий бўлганидир. Бирдан кўп қилиниб, кейин тўхтаб қолган амалдан фойда йўқдир. Аммо, оз бўлса ҳам, доимий бўлиб тургани фойдалидир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Уйига кирган аёлнинг кимлиги ҳақида эркак киши сўраши жоизлиги.

2. Аёл ўз эрига олдига келган аёл ва унинг гапирган гапи ҳақида хабар бериши жоизлиги.

3. Кечаси билан ухламай, намоз ўқиб чиқиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга маъқул тушмагани.

4. Гапни таъкидлаш учун Аллоҳ номи ила қасам ичиш жоизлиги.

5. Мусулмон инсон нафл ибодатга малол келадиган даражада уриниши жоиз эмаслиги.

6. Аллоҳ таолога маҳбуб амал бардавом амал эканлиги.

7. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз умматларига енгилликни хоҳлашлари.

Бизнинг замонамизда бу ҳадиси шарифдан қандай фойдаланамиз? Хавла бинти Тувайт розияллоҳу анҳога ўхшаб, кечаси билан намоз ўқиб чиқишга ҳаракат қилаётган одамни топа оламизми? Айниқса, аёлларимиз ичида бундай шахсни учрата оламизми?

Яхши ният қилиб, кечаси билан нафл намоз ўқиб чиқаётганлар ёки шундай қилмоқчилар бор бўлса, уларга ушбу ҳадиси шарифга биноан, «Ундай қилманг, тоқатингиз етадиган, оз бўлса ҳам, бардавом ишни қилинг, чунки дийнимизнинг таълимоти шу», деймиз.

Агар «Исломда таклифлар кўп: кечаси билан намоз ўқиб чиқиш, у қилиш, бу қилиш керак», деб одамларни қўрқитаётганлар бўлса, уларга: «Бекор айтибсиз, Исломда одамларни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилиш йўқ», деймиз.

Баъзи бир биродарларимиз, опа-сингилларимиз ибодатни бошлашдан чўчиб турган бўлсалар, уларга: «Ҳеч қандай чўчийдиган жойи йўқ, дарҳол ибодатни бошланг, оғир келадиган жойи йўқ, ибодат сизни икки дунё саодатига эриштиради», деймиз.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳорис ибн Муслим Тамимий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга шундай дедилар .Бомдод намозини ўқиб бўлганингдан кейин ҳеч давоми...

9353 23:55 / 28.03.2017
Гўзал хулқ ҳақида 15тавсия Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қиёмат куни мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан оғирроқ давоми...

5035 17:04 / 08.01.2017
. . . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки усаҳобаларни бирор ишга амр қиладиган давоми...

3310 17:59 / 09.06.2021
Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари бошқа пайғамбарларники каби ваъзнасиҳатдан иборатдир. Шундай бўлса ҳам, айнан .насиҳат, сўзи давоми...

6558 22:11 / 25.04.2017