1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (21-дарс). Сияр китоблари

12:30 / 20.02.2019 2906 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Сияр» сўзи «сийрат» сўзининг кўплигидир. «Сийрат»нинг икки хил маъноси бўлиб, биринчиси – «тариқат» (яъни, йўл), иккинчиси – «ҳайъат» (яъни кўриниш) маъносини билдиради. Сияр китобларининг иккинчи номи «жиҳод»дир. Ушбу услубдаги китоблар ғозийларнинг йўлини ва кўринишларини баён қилгани учун ҳам «сияр» деб аталган.

Бу ҳақда ушбу мавзу бўйича илмнинг улуғларидан бири Шамсул Аимма Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг машҳур китоби – «Мабсут»нинг «Китобус-сияр»ида қуйидагиларни айтган:

«Билки, «сияр» «сийрат»нинг жамидир. Бу китобнинг ушбу ном билан аталишининг сабаби шуки, унда мусулмонларнинг мушриклар, аҳли ҳарб, аҳднома тузганлар, омонлик сўраганлар, аҳли зиммалар ва муртадлар билан бўладиган сийратлари – тутадиган йўллари ҳақида баён этилади».

Бу турдаги китобларнинг номи ғалатироқ бўлса ҳам, у бугунги кундаги «халқаро алоқалар қонуни» истилоҳини ифода қилиши ҳамма эътироф қилган ҳақиқатдир.

Ғарбда голландиялик олим Гротюс (Grotius) (1583–1645) «халқаро алоқалар қонунининг отаси» деб аталади. Чунки у халқаро алоқалар ҳақида баъзи баҳслар юритган.

Аммо мусулмон фақиҳлар ундан тахминан саккиз юз йил олдин бу илмни мукаммал китоб шаклида жамоатчиликка тақдим қилганлар.

Бу оламшумул ишни ҳанафий мазҳабининг учинчи имоми Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (ҳижрий 132–189 йиллар) амалга оширди. У киши «Сиярус-сағийр» ва «Сиярул кабийр» китобларини ёздилар. Бу икки китоб билан кейинроқ батафсил танишамиз. Аммо ҳозир имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳининг халқаро алоқалар қонунига оид китоблари Ғарбга қандай таъсир кўрсатгани ҳақида икки оғиз сўз юритайлик.

Доктор Салоҳуддин Мунажжиднинг «Шарҳи Сиярил кабийр» китобига ёзган муқаддимасида қуйидагилар зикр қилинади:

«Сўнгги йилларда халқаро қонунлар бўйича мутахассислар Шайбонийга алоҳида эътибор бера бошладилар. Олмонияда халқаро ҳуқуқлар жамияти тузилди. Унга дунёнинг турли давлатларидан халқаро қонунлар мутахассислари аъзо бўлишди. Мазкур жамиятга мисрлик машҳур қонуншунос доктор Абдулҳамид Бадавий раис этиб сайланди. Раисга иккита ноиб ҳам сайланди. Жамият Шайбонийни танитиш, унинг фикрларини тарқатиш ва асарларини нашр қилишни режалаштирган» («Шарҳи Сиярил кабийр», 14-бет).

Ҳанафий мазҳаби уламолари сияр китобларини биринчилардан бўлиб таълиф қилганлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи сияр ҳукмларини тўлиқ равишда шогирдларига имло қилганлар. Кўпчилик бу имлоларни ёзиб олган. Улардан биринчи бўлиб китоб тузганлар ичида имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи ҳам бўлган.

1. Ар-радду ъалаа сиярил Авзоъий.

Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи бу китобни имом Авзоъий ўзи тузган сияр китобида Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига хилоф қилганида ёзган. Бу китоб Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳининг ўз устозига ён босиши ва у кишининг фикрларини қўллаб-қувватлашидан иборатдир.

«Ар-радду ъалаа сиярил Авзоъий»да уруш, омонлик бериш, сулҳ тузиш, ўлжалар ва шунга ўхшаш масалаларда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг ҳужжат ва далиллари қанчалик кучли экани исбот қилинган. Унда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг қиёсга қанчалар уста бўлганлари ва ақллари қанчалар ўткир бўлганлиги ёрқин намоён бўлган.

2. Сиярус-сағийр.

Бу китобни Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг бошқа бир шогирдлари имом Муҳаммад ибн Ҳасан тузган. Мазкур китобда уруш, унда жоиз бўладиган ва бўлмайдиган нарсалар, қачон сулҳ тузилади, қачон тузилмайди, асирларга оид ҳукмлар ва бошқалар ҳақида сўз борган.

Бу китоб имом Муҳаммаднинг охирги китобларидан биридир. У киши «Сиярус-сағийр»ни Ироқдан қайтиб келганидан кейин тузган. Унда асосан имом Абу Юсуфдан қилинган ривоятларга суянилган.

«Ас-Сиярус-сағир»ни Шамсул Аъимма Абдулазиз ибн Аҳмад Ҳалвоний ва Шамсул Аъимма Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсий шарҳ қилганлар.

3. «Сиярул кабийр».

Бу китоб имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳининг охирги таълиф қилган китобидир. Бу китобнинг тарихи ҳақида Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳи имом Сарахсийдан қуйидагиларни нақл қилади:

«Сиярус-сағийр» аҳли Шомнинг олими Абдурраҳмон ибн Амр Авзоъийнинг қўлига тушганда: «Бу китоб кимники?» деб сўрабди. «Ироқлик Муҳаммадники», дейишибди. Шунда у: «Ироқликларга бу бобда китоб ёзишни ким қўйибди? Улар сияр илмини билмайдилар-ку. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва саҳобаларининг ғазотлари Шом ва Ҳижозда бўлган, Ироқда эмас», дебди.

Бу гап имом Муҳаммадга бориб етганда, аччиғи чиқди ва бошқа ишларини бир томонга қўйиб, ушбу китобни ёзди. Имом Авзоъий мазкур китобни кўрганда: «Агар ичидаги ҳадислар бўлмаганида, илмга ўзи асос солар экан, деган бўлардим. Аллоҳ таоло тўғри топиш йўлини унинг фикрига жойлаб қўйган экан. «Ҳар бир илмли устидан ундан ҳам билимлироқ бор», деган Аллоҳ тўғри айтади», дебди.

Ҳожи Халифанинг таъкидлашича, сўнгра имом Авзоъий «Сиярул кабийр»ни олтмишта дафтарга кўчириб, тезда халифага етказишни амр қилган.

Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳи мазкур китобларида асосан Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига суянганлар. Ўрни келганда қиёсни ҳам ишлатганлар. Шунинг учун ҳам бу китоб исломий халқаро алоқалар қонунида алоҳида ўрин тутади.

«Сиярул кабийр»ни халифа Ҳорун ар-Рашийд ўқиб кўриб, ғоятда хурсанд бўлган ва ўз даврининг фахрли ишларидан бири деб атаган. Сўнг икки ўғлини мазкур китобни муаллифидан ўрганиш учун юборган.

Усмонийлар халифалиги вақтида бу китобнинг аҳамияти яна ҳам ортган ва султон Маҳмудхоннинг даврида у турк тилига таржима қилинган. Давлатнинг халқаро алоқаларида асосий қўлланма қилиб олинган.

Барча фиқҳий мазҳабларнинг фуруъул фиқҳ китобларида «Китобус-сияр» номли бўлимлар бор бўлиб, уларда мусулмонларнинг бошқалар билан бўладиган алоқалари ҳақида баҳс юритилади.

Сияр китоблари энг аввал «жиҳод»ни таърифлаш билан бошланади. Кейин унинг ҳукми, ғозийларга вожиб бўладиган нарсалар, кимни қатл қилиш мумкин, кимни қатл қилиш мумкин эмаслиги, дорул ҳарбга оид ҳукмлар, урушни ҳаром қиладиган сабаблар, ўлжаларга тегишли ҳукмлар, дорул ҳарб ва дорул омондаги ҳукмлар ва бошқалар муолажа қилинади.

Фуруъул фиқҳ китобларида «Китобус-сияр» қай шаклда бўлиши ҳақида тасаввур ҳосил қилиш учун имом Косонийнинг «Бадоиъус-саноиъ фий тартибиш-шароиъ» китобига назар ташлайлик.

«Бадоиъус-саноиъ фий тартибиш-шароиъ»да «Китобус-сияр» «Китобул қуттоъит-торийқ» (йўлтўсарлар китоби) ва «Китобул ғасб» (бировнинг молини тортиб олиш китоби) орасида келган. Имом Косоний ўз одати бўйича аввал мазкур китобдаги мавзуларни айтиб ўтган ва уларни тартиб билан баён қилишга киришган.

Имом Косоний «Кимни ўлдириш ҳалол ва кимни ўлдириш ҳалол эмаслиги ҳақидаги фасл»да қуйидагиларни айтади:

«Уруш ҳолатида аёлни, ёш болани, қари кишини, ўтириб қолганни, бир тарафи қуриб қолганни, кўрни, қўл-оёғи кесилганни, майибни, ибодатхонадаги роҳибни, тоғда одамларга аралашмай юрганни, ҳовлига ва черковга кириб, эшикни ёпиб олганни ўлдириш ҳаромдир».

Сўнгра бу ҳукмга Қуръони карим ва Суннатдан далиллар келтиради.

«Бадоиъус-саноиъ фий тартибиш-шароиъ»нинг соҳиби «Урушни ҳаром қилувчи сабаблар» фаслида:

«Урушнинг орасидан чиқиб, уни ҳаром қиладиган сабаблар уч турли бўлади – иймон, омон ва ҳарамга кириб олиш», дейди ва уларнинг ҳар бирини ҳужжат-далиллар билан баён қилишга ўтади.

Биз ўзимизнинг ожизона ҳаракатимиз ила бошқа мазҳаб уламоларининг «сияр» мавзусида алоҳида ёзган асарларини топа олмадик.

Бу борадаги асарлар деярли имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳининг «Сиярул кабийр» китобининг шарҳидан иборатлигини мулоҳаза қилдик.

«Сиярул кабийр»ни бир неча олимлар шарҳ қилганлар:

1. Жамолуддин Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Абдуссаййид Бухорий Ҳанафий (ҳижрий 636 йилда вафот қилган).

2. Қози Муҳаммад Мунийб Ийтобий Румий Ҳанафий (ҳижрий 1234 йилда вафот қилган).

3. Шамсул Аимма Абдулазиз ибн Аҳмад Ҳалвоний (ҳижрий 456 йилда вафот этган).

4. Шамсул Аимма Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсий.

Ушбу охирги зот – имом Сарахсий ва у кишининг «Сиярул кабийр»га ёзган шарҳлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш зарур деб ўйлаймиз. Шунда фиқҳнинг «сияр» бобида Мовароуннаҳр уламолари қилган хизмат яна ҳам яққол юзага чиқса, ажаб эмас, деган умиддамиз.

Аввало, «Сиярул кабийр»нинг биз номларни келтирган тўрт шарҳчиларидан учтаси Мовароуннаҳрлик уламолардир. Қолаверса, бизга етиб келган шарҳ фақат имом Сарахсийнинг шарҳидир.

Имом Сарахсий Мовароуннаҳрнинг Машҳад ва Марв шаҳарлари орасида жойлашган қадимги Сарахс шаҳрида дунёга келди. Илмни Шамсул Аимма Абдулазиз Ҳалвонийдан олди. Фиқҳ, Калом, Усул ва Мунозара илмларида машҳур бўлди. Абу Бакр Муҳаммад ибн Иброҳимга ўхшаган машҳур шогирдларни тайёрлади.

Сўнгра Мовароуннаҳрнинг Фарғона водийсидаги Ўзганд шаҳрига кўчиб борди. У ерда хоқоннинг саройида истиқомат қилди. Имом Сарахсий «Хоқоннинг иддаси чиқмаган аёлга уйланиши ҳаром», деб фатво чиқаргани учун ҳижрий 466 санада зиндонга солинди. Ўзганднинг зиндонида ўн беш йил банди бўлди.

Имом Сарахсийнинг шогирдлари устозлари банди бўлган ерга келишар ва у киши уларга ёддан дарс ўтар эди. Айни ўша пайтда имом Сарахсий ўзининг шоҳ асари – ўттиз жилдлик «Мабсут»ни ёддан, бирор китобга назар солмасдан имло қилди. Кейинчалик Ислом оламига машҳур бўлган бу китобни ҳижрий 477 йилда тугатди.

Кейин имом Сарахсий имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳининг «Сиярул кабийр» китобига шарҳни ҳам ёддан имло қилишни бошлади. Мазкур китобнинг «Китобуш-шурут»ига етиб, уни тугатиш арафасида қамоқдан озод қилинди.

Имом Сарахсий ҳижрий 480 сананинг рабийъул аввал ойида Марғилонга борди. «Сиярул кабийр»нинг шарҳини ўша ерда жумадул аввал ойида охирига етказди.

Имом Сарахсийнинг «Сиярул кабийр»га қилган шарҳининг аҳамияти фақат мазкур асаргина бизгача етиб келгани туфайли яна ҳам ортади. Имом Муҳаммаднинг матни ҳам, Абдулазиз Ҳалвоний ва бошқаларнинг ёзган шарҳи ҳам етиб келмаган.

Араб давлатлари уюшмаси қўлёзмалар маъҳади томонидан имом Сарахсийга мансуб «Сиярул кабийр шарҳи»нинг 28 та қўлёзмаси топилган. Улардан олтитасини асос қилиб доктор Салоҳуддин Мунажжид томонидан тайёрланган нусха китоб шаклида милодий 1971 йилда Қоҳирада чоп қилинди. Бизнинг ушбу сатрларда ёзган маълумотларимизнинг баъзилари ҳам айни шу китобдан олинди.

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намозда уни адо қилиш учун шариатда кўрсатилган кайфиятга хилоф нарса содир бўлса, у бузилади ёки бошқача қилиб айтганда, ботил бўлади. Бу вақтда намозни қайта давоми...

1330 00:00 / 03.12.2022
1. Жанозани тезлатиш. 2. Жанозага эргашиш. Бу нарса уч амалдан жаноза намозини ўқиш, қабргача бирга бориш ва дафндан кеshyйин маййитнинг ҳаққига дуо қилишдан давоми...

1807 19:00 / 07 март
. .Умар розияллоҳу анҳу бомдоддан кейин Байтни етти бор тавоф қилиб, Зу Тувога чиқмагунларича намоз ўқимадилар. Тавофнинг икки ракъат намозини қуёш давоми...

3903 18:00 / 08.07.2021
. . . . Мусулмон, тоҳир пок, балоғатга етган, зулм ила қатл қилинган, ўша қатл ила мол вожиб бўлмаган ва тириклик ҳукмлари давоми...

1301 19:00 / 02 май