Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 3 жумадул аввал | 2024 йил 05 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (11-дарс). Суннат муҳаддислар истилоҳида

13:04 / 12.12.2018 5524 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаддислар истилоҳида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, амал, таҳрир, халқий сифат, хулқий сифат ва сийратларга, агар пайғамбарликларидан олдин содир бўлган бўлса ҳам, Суннат дейилади.

Дарҳақиқат, ҳадис китобларини ўқийдиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гап-сўзлари, қилган амаллари ҳамда саҳобаи киромлардан содир бўлган тасарруфотларни тақрир қилганлари билан бир қаторда, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадди қоматлари, шакл-шамойиллари, ҳар бир аъзолари қандай бўлганлиги ҳақидаги маълумотларни, шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқи ҳамидаларига оид: ҳусни хулқ, сабр-тоқат, ҳилм, тавозуъ, омонатлилик каби сифатлари ҳақидаги маълумотларни ҳам кўрамиз. Сиз билан биз уммати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга у зоти бобаракотнинг сийратлари – ҳаёт йўллари ёки бошқача қилиб айтганда, таржимаи ҳолларини ҳам муҳаддис уламоларимиз ўз китобларидаги собит ривоятлар ила етказганлар.

Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, муҳаддисларимиз истилоҳида келган суннатдаги ҳар бир нарсани мусулмонлар ўз ҳаётларига татбиқ қилишлари мумкин эмас. Мисол учун, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак таналари ва аъзоларини васф қилган ривоятлар маълумот учун, мусулмонлар ўз маҳбуб Пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сиймоларини қалбларига жо қилишлари учун кўзланган маълумотлардир.

Албатта, ҳадис китобларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қоматлари фалон хил бўлган экан, ҳар бир мусулмон ҳам ўз қоматини худди ана шундай қилмоғи шарт, деб бўлмайди. Шунга ўхшаш, ҳадис китобларимизда ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ваҳий келишидан олдин Ҳиро ғорида ўтириб, таҳаннус ибодати қилган эканлар, биз ҳам у зотга иқтидо қилиб, суннатларига эргашиб, Ҳиро ғорида таҳаннус ибодати қилишимиз лозим, деган одам бўлмаган.

Демак, муҳаддисларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли ҳар бир маълумотни суннат деб билганлар ва ўша маълумотларни ровийлари билан аниқлаб, текшириб, йиғишга ҳаракат қилганлар. Шубҳасиз, муҳаддисларимиз ўзларининг бу ишлари ила улкан хизматни адо этганлар. Бу ҳақда аввал ҳам батафсил гапирган эдик. Лекин яна бир бор таъкидлашимиз лозимки, муҳаддисларимиз ривоятларни ўрганиб, тўплаганлару, шу билан ўз хизмат бурчларини адо этган ҳисобланганлар. Ҳадиси шарифлардан қандай шаръий ҳукм чиқиши, уларнинг қайсиларидан фарз ҳукм, қайсиларидан вожиб ҳукм ва ҳоказолар келиб чиқишини эса фақиҳ уламоларимиз баён қилишган. Кези келганда яна бир илмий ҳақиқатни эслаб ўтишимиз фойдадан холи бўлмаса керак. Кўпчиликка муҳаддислар ҳадисларни жамлаб, тартибга солиб берганлару, фақиҳларимиз ўша ҳадислардан ҳукм чиқарганга ўхшаб туюлади.

Аслида эса аввал фақиҳларимиз ҳадисларни чуқур ўрганишиб, улардан фиқҳий ҳукмларни истинбот қилганлар. Кейинчалик эса муҳаддисларимиз ўз услублари ила ҳадиси шарифларни тартибга солишга, турли мавзу ва услубларга биноан китоблар таълиф қилишга ўтганлар.

Суннат – фуқаҳолар истилоҳида

Фуқаҳолар истилоҳида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган фарз ёки вожиб бўлмаган нарсаларга Суннат дейилади.

Фуқаҳолар истилоҳидаги Суннат бидъатнинг муқобилидаги нарсадир. Маълумки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган нарса ила фарз, вожиб ва бошқа ҳукмлар чиқишини ҳаммамиз жуда яхши биламиз. Демак, фуқаҳолар истилоҳи ила назар солсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир этилган ва шаръий ҳукм бўлишга салоҳияти бор бўлган ҳар бир нарса ҳам суннат бўлавермайди. Балки ўша нарсалардан фарз ва вожибнинг савиясидан кейин келадиганларигина Суннат бўлади. Ушбу фуқаҳолар истилоҳидаги Суннатнинг ҳукми нима, дейилганда, у – шариат томонидан жазм этмаган ҳолда талаб қилинган нарса бўлиб, уни қилган одам савоб олади, қилмаган одам иқобга қолмайди, деб жавоб берилишини фуқаҳоларимиздан ўрганганмиз.

Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, бу истилоҳдаги Суннат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган нарсалардан ўта чегараланган бир қисмини ўз ичига олади, холос. Бинобарин, Суннатга амал қилган савоб олар экан, амал қилмаса, ҳеч нарса бўлмас экан, шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсалардан хоҳлаганимизга амал қиламиз, хоҳламаганимизга амал қилмаймиз, дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шунинг учун Суннат ҳақида тўлиқ ва тўғри маълумотга эга бўлишимиз ва турли шахсларнинг бўлган-бўлмаган гапларига учмаслигимиз лозим.

Суннат усули фиқҳ уламолари истилоҳида

Усули фиқҳ уламолари истилоҳида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган, шаръий ҳукмга далил бўлишга салоҳияти бор ҳар бир гап, амал ёки тақрирга Суннат дейилади.

Исломдан озгина бўлса ҳам хабардор бўлган ҳар бир кишига маълум ва машҳур бўлган ҳақиқатлардан бири шариати исломиянинг асосий тўрт масдарларининг биринчиси Қуръони карим бўлса, иккинчиси Суннати мутоҳҳара эканидир. Худди ушбу Суннат, айни усули фиқҳ уламолари истилоҳидаги Суннатдир. Шаръий ҳукмларга алоқаси бор, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳар бир гап, амал ва тақрирни ўрганиб чиққан усули фиқҳ уламоларимиз фиқҳий қонун-қоидалар асосини ишлаб чиққандирлар.

Фуқаҳоларимиз эса ўша қоидаларни ишга солиб, ҳар бир шаръий амалнинг Суннатда келган далилига қараб, мартабасини ва адо этиш йўлини баён қиладилар. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган, аммо шаръий ҳукм бўлиш салоҳияти йўқ гап, амал ва тақрирлар, шунингдек, халқий ва хулқий сифатлар ҳамда сийратга тегишли маълумотларни ўз ихтисослари доирасидан ташқари деб биладилар. Биз аввал айтиб ўтган, ҳаммани Суннатга амал қилишга тарғиб қилишдаги гап-сўз ва ташвиқлар асосан шу истилоҳдаги Суннатга тегишлидир.


“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жунуб бўлмасалар, бизларга ҳар қандай ҳолда Қуръонни ўқитар давоми...

1543 19:00 / 13.09.2023
Имом Абу Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож алҚушайрий анНисобурий Нисобурда дунёга келдилар. Нисбатлари Қушайрий бўлиб, у Нисобурга қарашли қишлоқдир. У зот ҳадис давоми...

4722 21:10 / 10.04.2019
. . . Абдулвоҳид ибн Сулайм розияллоҳу анҳумодан ривоят давоми...

4055 13:09 / 08.07.2020
. . 214. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз уйқусидан уйғонса, қўлини уч марта давоми...

2484 19:00 / 08.03.2023