Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (112-дарс). Қадарга иймони йўқ одамнинг амали қабул бўлмаслиги

13:00 / 25.11.2020 4981 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا تُجَالِسُوا أَهْلَ الْقَدَرِ وَلَا تُفَاتِحُوهُمْ. رَوَاهُمَا أَبُو دَاوُدَ. 

 Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аҳли қадарлар билан бирга ўтирманглар ва уларга гап очманглар, (бирор масалани ҳал этиш учун) мурожаат қилманглар», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Аввалги ҳадисда айтилган гаплар бу ҳадисга ҳам тегишлидир. Бироқ ушбу ҳадисда бузуқ ақийда эгаларига кўрсатиладиган таъсирнинг бошқача усуллари зикр қилинмоқда: 

1. «Аҳли қадарлар билан бирга ўтирманглар».

Бу иш ҳам бузуқ эътиқодли кишиларга таъсир ўтказишда, оммани уларнинг бузуқлигидан асрашда катта аҳамиятга эгадир. Бир тасаввур қилиб кўрайлик: бир гуруҳ мусулмонлар гаплашиб ўтирган эдилар. Бузуқ эътиқодли киши келиб, уларга қўшилиб ўтирди. Шунда ҳалиги гуруҳ одамлари бирин-кетин ўринларидан туриб кетдилар. Бузуқ эътиқодлининг ўзи қолди. У билан ҳеч ким саломлашмади ҳам, саломига алик олмади ҳам. Бу жуда таъсирли чора.

2. «Уларга гап очманглар, (бирор масалани ҳал этиш учун) мурожаат қилманглар». 

  Бу чора ҳам ўта қаттиқ чора. Инсон ўзи яшаётган жамиятдаги бошқа одамлар билан алоқада бўлишга, муомала қилишга муҳтож. Эътиқоди туфайли мусулмонларнинг нафратига учраган кимса танбеҳ олади, ўзини ўнглаб олишга имкон топади. Энг муҳими, унинг ҳолини кўриб, баъзи бир унга ўхшамоқчи бўлганлар ўзини тияди. 

 وَقِيلَ لِابْنِ عُمَرَ: إِنَّهُ قَدْ ظَهَرَ قِبَلَنَا نَاسٌ يَقْرَءُونَ الْقُرآنَ وَيَتَقَفَّرُونَ الْعِلْمَ، وَذَكَرَ مِنْ شَأْنِهِمْ وَأَنَّهُمْ يَزْعُمُونَ أَنْ لَا قَدَرَ وَأَنَّ الْأَمْرَ أُنُفٌ، قَالَ: فَإِذَا لَقِيْتَ أُولَئِكَ فَأَخْبِرْهُمْ أَنِّي بَرِيءٌ مِنْهُمْ وَأَنَّهُمْ بُرَآءُ مِنِّي، وَالَّذِي يَحْلِفُ بِهِ عُبْدُ اللهِ بْنُ عُمَرَ لَوْ أَنَّ لِأَحَدِهِمْ مِثْلَ أُحُدٍ ذَهَبًا فَأَنْفَقَهُ مَا قَبِلَ اللهُ مِنْهُ حَتَّى يُؤْمِنَ بِالْقَدَرِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ.

Ибн Умарга: 

«Биз томонларда бир (тоифа) одамлар чиқди: Қуръон ўқийдилар, илмни титкилаб талаб қиладилар», дейилди. Ва (гапирувчи) уларнинг қадар йўқлигини, ишлар ўз вақтида янгитдан бўлишини даъво қилаётганларини зикр қилди. Шунда у:

«Агар ўшаларни учратиб қолсанг, хабар бериб қўйки, албатта, мен улардан ҳолиман, улар ҳам мендан ҳолидирлар. Абдуллоҳ ибн Умар Унинг билан қасам ичадиган Зотга қасамки, агар улардан бирининг Уҳуд тоғичалик олтини бўлиб, уни нафақа қилса ҳам, то қадарга иймон келтирмагунча, Аллоҳ ундан қабул қилмайди», деди».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу билан баъзи кишилар ўртасида бўлиб ўтган савол-жавоб келтирилмоқда. Бу ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зикрлари ҳам, гаплари ҳам йўқ. Аммо у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг маъноси бор. Одатда, саҳобаи киромлар, хусусан, Абдуллоҳ ибн Умардек зот бунга ўхшаш масалаларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса эшитмай туриб, ўз фикр­ларича гап гапирмасликларини ҳисобга олиб, бу ривоят ҳадисларга қўшилган. Баъзи кишилар томонидан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга:

«Биз томонларда бир (тоифа) одамлар чиқдилар: Қуръон ўқийдилар, илмни титкилаб талаб қиладилар», дейилди». 

Гапнинг сиёқидан кўриниб турибдики, гапирувчи бошқа юртдан келган. Абдуллоҳ ибн Умардек мўътабар зот билан учрашиб қолганини қулай фурсат билиб, ўзини ўйлантириб юрган нарса ҳақида сўраб олишга қарор қилган. Унинг биз тарафларда бир тоифа одамлар чиқди, дейишидан уларнинг юртида янги бир тоифа чиққанлиги кўриниб турибди. Сўнгра ўша тоифанинг сифатларини айта бошлади:

«Қуръон ўқийдилар».

Аслида ҳамма мусулмон ҳам Қуръон ўқийди. Лекин сўзловчининг ҳалиги янги тоифани васф қилишда биринчи бўлиб Қуръон ўқишларини зикр қилишидан, Қуръон ўқиган одамдан яхшиликдан бошқа нарса чиқмаса керак, деб ўйлаб юргани тушунилади. Чиндан ҳам мусулмонлар Қуръони Каримга бўлган эҳтиромлари ниҳоятда зўрлигидан Қуръон ўқиган ҳар бир кишини қаттиқ ҳурмат қиладилар. Баъзи бир нафси бузуқлар, хусусан, бузуқ эътиқоди ила шуҳрат қозонмоқчи бўлган кимсалар бу нозик нуқтадан унумли фойдаланадилар. Ўзларини ҳаммадан кўра кўпроқ Қуръон ўқийдиган, Қуръонни биладиган қилиб кўрсатишга уринадилар.

«Илмни титкилаб талаб қиладилар».

Яъни илмнинг кўпчилик билмайдиган чуқур масалаларини титкилаб топишга уринадилар. Бидъатчи, бузуқчиларнинг асосий сифатларидан бири шу. Улар доимо йўқ ердаги китобларни топиб ўқиб, хаёлга келмаган масалаларни қўзғаб юрадилар. Ўзларини Қуръон аҳли, илм аҳли қилиб кўрсатишга уринадилар.

«Ва (гапирувчи) уларнинг қадар йўқлигини, ишлар ўз вақтида янгитдан бўлишини даъво қилаётганларини зикр қилди». 

Демак, мазкур васф қилинаётган тоифа одамлари қадарга ишонмас эканлар. Ҳар бир иш ўзи қилинаётган вақтдагина маълум бўлади, дер эканлар. Бу билан Аллоҳнинг илми чексиз эканлигини инкор этар эканлар. Ушбу васфлардан сўнг Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу у тоифадагиларнинг кимлигини англаб етдилар ва сўзловчига қуйидагиларни айтдилар:

«Агар ўшаларни учратиб қолсанг, хабар бериб қўйки, албатта, мен улардан ҳолиман, улар ҳам мендан ҳолидирлар». 

Яъни, Ибн Умар ўзини улар билан бир маслакда, деб ҳисобламайди. Улар ҳам ўзларини Ибн Умар билан бир маслакда, деб ҳисобламасинлар.

«Абдуллоҳ ибн Умар Унинг билан қасам ичадиган Зотга қасамки, агар улардан бирининг Уҳуд тоғичалик олтини бўлиб, уни нафақа қилса ҳам, то қадарга иймон келтирмагунча, Аллоҳ ундан қабул қилмайди», деди». 

Яъни ўша қадарга ишонмайдиганларнинг Уҳуд тоғичалик катта миқдорда олтини бўлиб, уни Аллоҳнинг йўлида садақа қилса ҳам, Аллоҳ садақасини қабул қилмайди. Чунки қадарга иймони йўқнинг амали қабул бўлмайди. Бу гаплар қадарга ишонмаслик нақадар ёмон нарса эканлигини яна бир бор кўрсатиб турибди.

Ушбу ҳадисдан қуйидаги фойдаларни оламиз:

1. Олим одамларни кўрганда керакли масалаларни сўраб олиш.

2. Бузуқ ақийдадаги одамларнинг Қуръон ўқишни ўзларига ниқоб қилиб олишлари мумкинлиги.

3. Бузуқ ақийдадаги одамларнинг талаби илмни ўзларига ниқоб қилиб олишлари мумкинлиги.

4. Соф эътиқоддаги мусулмон бировнинг эътиқоди бузуқ эканлигини эшитиши билан ундан ўзининг безор эканлигини эълон қилиши кераклиги.

5. Маънони таъкидлаш учун Аллоҳ билан қасам ичиш мумкинлиги.

6. Қадарга иймони йўқ одамнинг амали қабул бўлмаслиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Ибн Умар розияллоҳу анҳу .Намоз эллик вақт, жунубликдан ғусл қилиш етти марта, кийимдаги пешобни ювиш етти марта эди. Расулуллоҳ давоми...

2181 19:00 / 24.08.2023
.Бидъат, истилоҳи иймонэътиқод бобида .бузуқ ақийда, маъносини англатади. Қадария ва Муржиъа мазҳаблари тўғрисидаги маълумот Аллоҳнинг ёрдами ила ҳадислар давоми...

4079 13:00 / 18.11.2020
Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир куни Бомдод намозидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўта балоғатли ваъз қилдилар. Ундан давоми...

5950 09:26 / 06.09.2017
. . Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Қиз боланинг пешоби ювилади. Таом емайдиган ўғил боланинг пешобига сув сепилади,, дедилар,.Абу Довуд ва давоми...

1794 19:00 / 14.12.2022