Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (93-дарс). Аллоҳнинг илми ва қудрати (еттинчи мақола)

13:09 / 08.07.2020 4162 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

عَنْ عَبْدِ الْوَاحِدِ بْنِ سُلَيْمٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَدِمْتُ مَكَّةَ فَلَقِيتُ عَطَاءَ بْنَ أَبِي رَبَاحٍ فَقُلْتُ: يَا أَبَا مُحَمَّدٍ، إِنَّ أَهْلَ الْبَصْرَةِ يَقُولُونَ فِي الْقَدَرِ، قَالَ: يَا بُنَيَّ، أَتَقْرَأُ الْقُرْآنَ؟ قُلْتُ: نَعَمْ، قَالَ: فَاقْرَإِ الزُّخْرُفَ، فَقَرَأْتُ

ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ

فَقَالَ: أَتَدْرِي مَا أُمُّ الْكِتَابِ؟ قُلْتُ: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ، قَالَ: فَإِنَّهُ كِتَابٌ كَتَبَهُ اللهُ قَبْلَ أَنْ يَخْلُقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ، فِيهِ إِنَّ فِرْعَوْنَ مِنْ أَهْلِ النَّارِ، وَفِيهِ تَبَّتْ يَدَا أَبِي لَهَبٍ. قَالَ عَطَاءٌ: فَلَقِيتُ الْوَلِيدَ بْنَ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ صَاحِبَ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَسَأَلْتُهُ: مَا كَانَ وَصِيَّةُ أَبِيكَ عِنْدَ الْمَوْتِ؟ قَالَ: دَعَانِي أَبِي فَقَالَ لِي: يَا بُنَيَّ، اتَّقِ اللهَ، وَاعْلَمْ أَنَّكَ لَنْ تَتَّقِيَ اللهَ حَتَّى تُؤْمِنَ بِاللهِ وَتُؤْمِنَ بِالْقَدَرِ كُلِّهِ خَيْرِهِ وَشَرِّهِ، فَإِنْ مُتَّ عَلَى غَيْرِ هَذَا دَخَلْتَ النَّارَ، إِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: إِنَّ أَوَّلَ مَا خَلَقَ اللهُ الْقَلَمَ فَقَالَ: اكْتُبْ، فَقَالَ: مَا أَكْتُبُ؟ قَالَ: اكْتُبِ الْقَدَرَ مَا كَانَ وَمَا هُوَ كَائِنٌ إِلَى الْأَبَدِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

Абдулвоҳид ибн Сулайм розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Маккага келиб, Ато ибн Абу Рабоҳга учрашдим ва:

«Эй Абу Муҳаммад! Аҳли Басра қадар ҳақида гапирмоқдалар», дедим.

«Эй ўғилчам! Қуръонни қироат қиласанми?» деди.

«Ҳа», дедим.

«Зухруф»ни қироат қил», деди.

«Ҳаа. Мийм.‎ Очиқ-ойдин китоб ила қасам.‎ Албатта, Биз уни арабча Қуръон қилдик. Шоядки, ақл юритсангиз.‎ Албатта, у ҳузуримиздаги она китобдадир, батаҳқиқ ‎олийдир, ҳикматлидир‎», деб қироат қилдим.

«Она китоб нималигини биласанми?» деди.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир», дедим.

«У бир китобдир. Аллоҳ уни осмонлару ерни халқ қилишдан олдин ёзгандир. Унда «Фиръавн аҳли дўзахлардандир» бор. Унда «Таббат ядаа Аби Лаҳаб» бордир», деди.

Кейин Ато:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Валид ибн Убода ибн Сомитни кўриб қолиб, ундан:

«Ўлим олдидан отангнинг васияти нима бўлган эди?» деб сўрадим.

«Отам мени чақириб туриб:

«Эй ўғилгинам! Аллоҳга тақво қил! Ва билки, Аллоҳга ва қадарнинг барчасига: яхшисига ҳам, ёмонига ҳам иймон келтирмагунингча зинҳор Аллоҳга тақво қила олмассан. Агарда бундан бошқада ўлсанг, дўзахга кирасан. Албатта, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Албатта, Аллоҳ биринчи халқ қилган нарса қаламдир. Бас, У Зот:

«Ёз!» деди.

«Нимани ёзай?» деди.

«Бўлган ва тоабад бўлувчи қадарни ёз!» деди», деганларини эшитганман», деди».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Абдулвоҳид ибн Сулайм розияллоҳу анҳу сиз билан бизга қазои қадар масаласида, уни тушуниб етишда бошларидан ўтган бир тажрибани ҳикоя қилиб бермоқдалар:

«Маккага келиб, Ато ибн Абу Рабоҳга учрашдим ва:

«Эй Абу Муҳаммад! Басра аҳли қадар ҳақида гапирмоқдалар», дедим».

Улкан тобеъинлардан бўлган Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳу катта олим ҳам эдилар. У киши ўз вақтида аҳли Макканинг имоми бўлганлар. Ҳамма ўзига керак масалаларни шу кишидан сўрар эди. Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳу бу сафарги саволга савол билан жавоб бера бошлаб:

«Эй ўғилчам! Қуръонни қироат қиласанми?» деди.

«Ҳа», дедим.

«Зухруф»ни қироат қил», деди.

«Ҳаа. Мийм.‎ Очиқ-ойдин китоб ила қасам.‎ Албатта, Биз уни арабча Қуръон ‎қилдик. ‎Шоядки, ақл юритсангиз.‎ Албатта, у ҳузуримиздаги она китобдадир, батаҳқиқ ‎олийдир, ‎‎ҳикматлидир», деб қироат қилдим».

Келинг, ушбу ўқилган ояти карималарнинг маъносини билиб олайлик.

«Ҳаа. Мийм.‎ Очиқ-ойдин китоб ила қасам.‎ Албатта, Биз ‎уни арабча Қуръон ‎қилдик. ‎Шоядки, ақл юритсангиз» («Зуҳруф» сураси, 1‑3-оятлар).

Яъни «Ақл юритасиз, деган мақсадда очиқ-ойдин китобни араб тилидаги Қуръон қилиб юбордик».

«Албатта, у ҳузуримиздаги она китобдадир, батаҳқиқ ‎‎олийдир, ‎‎ҳикматлидир» (4-оят).

Ушбу оятдан Қуръони Карим Аллоҳ таоло наздида қанчалик олий мақомга эга экани кўриниб турибди.

«Албатта, у ҳузуримиздаги она китобдадир».

Уламоларимиз, «она китоб»дан мурод Лавҳул Маҳфуз», деганлар. Демак, Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги Лавҳул Маҳфузда сақланган. Бу эса Аллоҳ таоло уни нақадар юксак қадрлаганини кўрсатади.

«Батаҳқиқ ‎‎олийдир, ‎‎ҳикматлидир».

Яъни Қуръон олий мартабали ва серҳикмат китобдир.

Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳу савол берувчига яна қўшимча маълумот бериш мақсадида:

«Она китоб нималигини биласанми?» деди.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир», дедим.

«У бир китобдир. Аллоҳ уни осмонлару ерни халқ қилишдан олдин ёзгандир. Унда «Фиръавн аҳли дўзахлардандир» бор. Унда «Таббат ядаа Аби Лаҳаб» бордир», деди».

Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳу мазкур она китобда Фиръавннинг дўзах аҳлидан экани ва «Таббат ядаа Аби Лаҳаб» калимаси борлигини бўлиб ўтган ҳодисалардан кейингина билмоқдалар. Бу нарсалар Аллоҳ таолонинг қазосида – илми азалийсида бор эди. Кейин қадари ила воқеъликда содир бўлди. Бошқасини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди.

Қадар ҳақидаги маълумотларни улкан тобеъин Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳу кимлардан ўрганганларини кейинги жумлаларда баён қилиб берадилар.

«Кейин Ато:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Валид ибн Убода ибн Сомитни кўриб қолиб, ундан:

«Ўлим олдидан отангнинг васияти нима бўлган эди?» деб сўрадим.

«Отам мени чақириб туриб: «Эй ўғилгинам! Аллоҳга тақво қил! Ва билки, Аллоҳга ва қадарнинг барчасига: яхшисига ҳам, ёмонига ҳам иймон келтирмагунингча зинҳор Аллоҳга тақво қила олмассан. Агарда бундан бошқада ўлсанг, дўзахга кирасан.

Албатта, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Албатта, Аллоҳ биринчи халқ қилган нарса қаламдир. Бас, У Зот:

«Ёз!» деди.

«Нимани ёзай?» деди.

«Бўлган ва тоабад бўлувчи қадарни ёз!» деди», деганларини эшитганман», деди».

Демак, қадарга иймон келтирмаган одам тақводор бўла олмайди. Бошқачароқ қилиб айтадиган бўлсак, қадарга иймон келтирмаган одам мўмин-мусулмон бўла олмайди ва бу эътиқоддан бошқада ўлса, дўзахга киради.

Қазои қадар эса Аллоҳ таоло Ўзи биринчи яратган нарса – қаламга амр қилиб, Ўзининг илми азалийсидаги нарсаларни қайд қилдирган нарсалардир. Ҳа, бу илмни қайд қилиш, холос. Аллоҳ таолонинг илмининг чексизлигини баён қилиш, холос. Бунда жабр ҳам йўқ, зулм ҳам йўқ.

Демак, Аллоҳ таоло халойиқни, борлиқни яратишдан олдин Ўзи ҳаммадан олдин яратган Қаламга айтиб, қиёмат қоимгача бу дунёда бўладиган ишларни ёздириб қўйган. Ҳар бир мусулмон мана шу нарсага иймон келтириши керак. Ана шунда ўтган нарсага ноўрин муносабатда бўлиб, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам қийнамайди, қазои қадар ақийдасига шак келтирмайди.

Худди шу ақийдада яшаб, худди шу ақийдада ўлиш ҳар бир мусулмон учун ниҳоятда зарурдир. Чунки бу ақийдадан четга чиққан одам залолатга кетган бўлади.

Улуғ саҳобий Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу бошқа бир ривоятда мўминлик ва оталик бурчларини адо этиб, ўғилларига қазои қадарга иймон келтиришдан дарс берганлар. У киши ўғилларига мурожаат қилиб:

«Эй ўғлим! То ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини ва ўзингни четлаб ўтган нарса сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқатининг таъмини топа олмассан», деганлар.

Қаранг, иймон ҳақиқатининг таъми қазои қадарга ишонишда экан! Ўзига етган нарсани «Бу мени четлаб ўтиши мумкин эмас эди, шу нарса албатта бўлиши керак эди», деб билишда экан! Ўзига етмай, четлаб ўтиб кетган нарсани «Бу шундай бўлиши керак эди, барибир менга етмас эди», деб билишда экан!

Агар бунга жиддийроқ эътибор берадиган бўлсак, гап бўлиб ўтган ишлар ҳақида кетмоқда: Ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини, яъни сенга етган яхшилик сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини билмагунингча, иймон ҳақиқатининг таъмини топа олмассан! «Бу яхшилик ўзимнинг усталигимдан, бошқалардан устунлигимдан ёки фалончининг ёрдамидан етди», деб ўзингдан кетма. «Шу нарсага Аллоҳнинг хоҳиши бўлган экан, менга етди», деб Аллоҳга шукр айт!

Шунингдек, сенга етган ёмонлик сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини билмагунингча, иймон ҳақиқатининг таъмини топа олмассан! «Бу ёмонлик фалон нарса бўлгани учун ёки фалончининг қўли билан етди, агар ундай бўлмаганда, бундай бўлар эди», дейдиган бўлсанг, иймон ҳақиқатининг таъмини топишингга йўл бўлсин! Қачон «Шу нарса менга етиши керак эди, четлаб ўтиши мумкин эмас эди, мен қазои қадарга иймон келтирадиган одамман», десанггина иймон ҳақиқатининг таъмини топишдан умид қилсанг бўлади.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир эмизикли гўдак келтирилди. У эса қўйниларига бавл қилиб давоми...

3042 00:00 / 08.12.2022
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У киши .Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат куни сизнинг шафоатингиздан энг саодатманд давоми...

3251 17:30 / 07.07.2021
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларнинг фақатгина шаръий ҳукмга тегишлисини Суннат деб, бошқаларини Суннат демаслик саҳобаи давоми...

5157 16:52 / 08.04.2016
. . Абдуллоҳ ибн Файруз адДайламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Убай ибн Каъбнинг давоми...

4425 13:30 / 22.07.2020