1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Буқаламунлик балоси

11:00 / 26.09.2021 5332 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Буқаламун» деган бир жонзот бор. Уни бошқа тилда «хамелеон» ҳам дейишади. Бу жонзотнинг ўзига хос томони табиий шароитга қараб тусини, рангини, кўринишини тез ўзгартира олишидир. У-ку фитратан шундай яратилган, лекин ер юзининг халифаси саналмиш бани Одам орасида ҳам ана шундай тез ўзгарувчан кишиларнинг борлиги баъзида ўйлантириб қўяди.

Аслида бир кишини «буқаламун» деб аташ уни камситиш, ҳақорат деб қаралса-да, бугун табиатидаги ана шу сифатдан уялмайдиган, ҳатто: «Ҳозирги шиддатли замонда буқаламун бўлиб олмасанг, истаганингдек ҳаёт кечира олмайсан. Аслида ҳаммамиз ҳам буқаламунмиз, ичимиздагини ташимизга бошқача йўсинда чиқарамиз. Агар шундай йўл тутмасак, турмуш жуда оғирлашиб кетарди», деган иддаоларни пеш қилувчилар ҳам кўпайиб кетди.

Мени масаланинг бошқа жиҳатлари ўйлантиради. Биринчидан, бундай тоифадагиларнинг феъл-атворини ижобий санаш қийин, чунки буқаламунлик остида иккиюзламачилик, мунофиқлик ётади. Бу эса динимизда қаттиқ қораланган.

Қолаверса, буқаламунга ўхшаш одамлар «шамолнинг қаёқдан эсиши»га қараб фикрини тез ўзгартирадиган субутсиз кишилар бўлишади. Бугун бир одамни унда сира бўлмаган хислатлари билан кўкларга кўтариб, оғиз тўлдириб мақтаса, эртага ўша одамни ер билан яксон қилади, табиатида йўқ айбларини «катта жасорат билан фош этиб ташлайди». Бугун сизнинг пинжингизга кириб олиб, ўзини «энг содиқ дўст» қилиб кўрсатаётган бўлса, эртага сиздан бирор манфаат йўқлигини сезиб қолса, душманингизга қўшилиб сизга қарши ҳужумга ўтади.

Иккинчидан, нуқтаи назарини, йўли ва фикрини вазиятга қараб осонгина ўзгартиравергани учун бу тоифа ҳар доим ҳам одамлар ишончини қозонавермайди. Шу боис уларнинг дўсти ҳам, ғаними ҳам бўлмайди. Бундай «принцип»сиз кимсанинг атрофидаги дўстлар ва ҳамкасбларга ёқиши мушкул. Бу кабилар ўз фойдаси йўлида ҳамиша «ўйин қилиш»га мажбур: бугун ёқимтой, ювош кўринган ана шундай одамнинг думини сал босиб қўйсангиз, эртага у важоҳатини ўзгартириб, қопағон итдай сизга ташланади. Ҳозиргина ёнингизда гиргиттон бўлиб, сизга ғамхўрлик ва марҳаматлар кўрсатиб турган одам учун эртасига сиз ҳеч ким бўлмай қоласиз. У юзингизга тупуради-да, яна янги «дўст»лар орттиргани йўл олади. Уларнинг бу қилиғи болангизнинг сиздан ширинлик ундириш учун ўзини минг мақомга солиб, айёрлик қилиши, ялиниб-ялтоқланиши, зардага бориши, ҳатто керак бўлса ўйинга тушиб беришига ўхшаб кетади.

Тўғри, ҳар қандай инсон ҳам вазиятга қараб фикрини, қарашларини, йўлини ўзгартириб туради. Инсон учун бугун энг муҳим саналган бир воқеа эртага умуман аҳамиятсиз нарсага айланиб қолиши мумкин. Аммо бу ҳамма нарсада буқаламунлик қилиб, бошқаларга ўзингнинг иккиюзламачилигингни кўз-кўз қилавергин, дегани эмас! Одамда шахсий фикрнинг йўқлиги, «мен»идан мосуво экани, кўпчиликка қарши чиқолмаслиги ва аниқ йўли йўқлиги одамни кўпинча буқаламунликка етаклайди.

Аммо буқаламунликнинг яна бир хатарли тури борки, у динга, иймонга муносабатда кўпроқ очилиб қолади. Бундайлар динга сал эркинлик берилиши билан дарров тўнларини ўзгартириб, ўзларича мусулмонларга «энг дўст одам» бўлиб олишади. Шамол сал бошқачароқ эсиши билан хижолат ҳам бўлмай диндорларни ёмонлайдиган, уларга мафкуравий «ҳужум» қиладиганларнинг энг биринчи сафидан жой олишади.

Балки одамларнинг дунёвий масалалардаги буқаламунлигини қайсидир маънода кечирса бўлар. Чунки инсон ожиз, ўз фойдаси йўлида жуда кўп нарсага интилади, жуда кўп нарсалардан воз кечиб юборади. Аммо иймон-эътиқод борасидаги буқаламунликни ёқлаб бўлмайди. Чунки бунинг тагида мунофиқлик ётади. Мунофиқ эса мусулмон учун куфр ва ширк эгаларидан ҳам хатарли ғанимдир.

«Ҳилол» журналининг 11(20) сонидан олинди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ ҳикоя қиладилар.Бир куни хонамда ўтирсам сочлари ва кийиниши буткул ғарбона бўлган бир йигит олдимга кирди. Унда иймоннинг давоми...

8494 15:00 / 12.04.2019
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган У Кунда кофирларга жаҳаннамни намойиш қилурмизrdquo.Яъни, улар жаҳаннамни кўришлари учун уларга жаҳаннам давоми...

5301 20:21 / 25.04.2017
Залзала сурасининг 2ояти ҳам жуда қизиқдир. Бу ояти каримада ернинг ўз оғирликларини ортишидан, ташқарига улоқтиришидан сўз юритилади. Асрлар давомида инсонлар давоми...

7477 13:00 / 16.03.2020
Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири шариатда ҳаром қилинган нарсаларнинг савдосидир.Ислом шариатида қиймати йўқ ёки ҳаром дейилган нарсаларнинг савдоси билан давоми...

3067 11:03 / 20.11.2018
Аудиолар

213178 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132397 14:35 / 11.08.2021