1447 йил 26 жумадис сони | 2025 йил 17 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Мутаассиблик ва мазҳабга эргашишнинг фарқи

18:16 / 16 декабрь 266 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мутаассиблик, мазҳабга эргашиш каби тушунчалар қаердан келган?

Душманлар бу йўлни ўрганиш учун жуда кўп бош қотиришди. Ниҳоят, унинг илдизи учта асосга бориб тақалишини англашди: тазкия (руҳий тарбия), ақоид ва фиқҳ.

Душманлар мусулмонларни ҳанафий ёки шофеъий фиқҳини ўрганишдан қайтара олишмасди. Ёки одамларга: «Сизлар душманга нисбатан кучли бўлиб кетяпсизлар, тазкия билан шуғулланманглар», дея олишмасди. Шунинг учун мусулмонларнинг қаддини тик тутиб турган бу илмларнинг илдизига болта уришга ўтишди. Лекин мусулмонлар фиқҳни маҳкам ушлар эдилар, шунинг учун душманлар бу борада катта тўсиққа дуч келишди. Энди улар мусулмон инсоннинг ҳаёт тарзини ўзгартирмоқчи бўлишди. Улар мусулмон халқларни пул, мол-дунё ва аёллар билан банд қилиб қўймоқчи бўлишди.

Душманлар қайси мавзуда гап очмасин, мусулмонлар муайян бир мезон остида амалларнинг ҳалол-ҳаромига қатъий амал қилишар эди, уларнинг жирканч ғояларини жорий қилишига йўл бермас эди. Шунинг учун душманлар мана шу илмларга қарши катта уруш очишди. Инсонни мезон ва қоидалардан «озод» қилиб, душманлар хоҳлагандек фикрлайдиган бўлиши учун уларга «Мен мусулмонман», деган тушунчани сингдириб, энди бу «мусулмон»нинг қандай бўлишини ўзлари шакллантиришди. Уларни «Мен мусулмонман» деган бўшлиққа тушириб қўйиб, ҳар кўйга солишди. Бу бўшлиқда на тарбиявий, на эътиқодий, на амалий асослар бор эди.

Кейинчалик ушбу ғоя бутун дунёга тарқаб кетди. Душманларга бизнинг «Мен шофеъийман» ёки «Мен ҳанафийман» деган сўзимиз ёқмас эди, чунки бу «Мен шофеъий ёки ҳанафий уламолар тузиб кетган низомга бўйсуниб яшайман», дегани эди. Душман эса бизни мана шу низомдан чиқариб юбориш пайига тушган. Шунинг учун «Мен мусулмонман» деган макрли режага зўр бераверди. Улар жамиятни Исломнинг ҳақиқий илмларидан узиб қўйишни истаб, янги иборалар киритишди: «Мазҳабга эргашиш мутаассибликдир», яъни ҳанафий, шофеъий ёки моликий бўлиш мутаассибликнинг айни ўзи, деган фикрларни тарқатишди. Бугунги кунга келиб, мазҳаб тутиш билан мутаассиблик битта маънони ифодалайдиган синоним сўзга айланиб қолди. «Мен мазҳабдаман», десангиз кифоя, «Мен ашъарийман» ёки «Мен мотуридийман», деган гап залолат ҳисобланадиган бўлиб қолди, «Мен сўфийман», дейиш эса кофир бўлиш билан баробар бўлиб кетди. Бу натижа учун душман жуда кўп куч сарфлади. Улар авом халқни сўфий билан кофир битта нарса, адашган билан ашъарий битта нарса, ҳанафий билан мутаассиб битта нарса эканига, булар ажралмас тушунчалар эканига ишонтиришди. Охир-оқибат ғўр мусулмонлар, ҳатто баъзи толиби илмлар ҳам «Ашъарийлар залолатда, мазҳабга эргашган одам мутаассиб», дейдиган бўлиб қолишди.

Бугун мазҳаб ҳақида тарқатилаётган салбий гапларнинг барчаси сафсаталар, тарихий асоси йўқ гаплардир. «Мазҳаб тутиш мутаассибликдир» деган ғоя – Аллоҳнинг душманлари халқни шариат илмларидан узоқлаштириш учун ўйлаб топган найрангдир. Шариат ўзи фиқҳий мазҳаблар, ақоид йўналишлари ва сўфийлик тариқатларидан иборат бўлса, буларни майдондан чиқариб юборилса, шу йўл билан одамлар шариатдан нари бўлади. Бу илмлардан воз кечган одамнинг фақат кўриниши мусулмон бўлиб қолади, холос.

Яна айтамизки, душманлар бутун Ислом олами азият чекаётган бу сохталикка осонликча эришгани йўқ. Бунинг ортида жуда катта ҳаракатлар, уринишлар ётибди. Албатта, душманлар «Биз динга қаршимиз», деб очиқ айтмайди, лекин «Мазҳабга эргашиш билан таассуб битта нарса», деган йўлдан юради.

Хўш, мазҳабни ташлаган одам нимага эришади?

Бундай одамнинг зеҳнида «ҳалол» ёки «ҳаром» деган тушунчалар қолмайди, «Ашъарийлик яхшимас, улар адашган» деб, ўзини улардан четга олади.

«Ҳанафий», «мотуридий», «сўфий» деган сўзлар оддий сўзга ўхшайди, лекин бунинг замирида жуда катта илм ётади. Мусулмоннинг шахсиятини мана шу мактаблар шакллантиради. Бу нисбатлар унинг ҳаётидан чиқариб юборилса, инсон оддий, шахсияти йўқ мусулмонга айланади-қолади.

Душман бу разил ғояга қандай эришди?

Интернет тармоғида мутаассиблик ҳақида маълумотлар жуда кўп. Лекин энг кўп олиб чиқиладиган, баҳсларга сабаб бўладиган мавзу ҳам шу бўлса керак. Таассуб ҳақида минглаб бетлик китоб ёзган, ҳар куни «Таассубдан эҳтиёт бўлинг», деб жар солаётган одам билан гаплашиб, «Айтинг-чи, мутаассиблик нима дегани ўзи?» десангиз, оғзи очилиб, тўхтаб қолади. «Биродар, мутаассиблик ҳақида кўплаб маърузалар айтдингиз, наҳотки унинг таърифини билмасангиз?» дейсиз.

Бу мавзуда оғиз очилса, таассуб қилишни гуноҳ дейди, ёмон иш дейди. «Умматни айнан мана шу нарса ортда қолдирди, бирлигини парчалаб ташлади, Усмоний халифалигини қулатди, мусулмонларни қолоқ қилиб қўйди, урушлар келтириб чиқарди», деган гапларни гапиради. Сўзининг орасида ўзи гапираётган нарсанинг асл моҳияти ҳақида сўрасангиз, илмсиз ҳолда гапираётгани фош бўлиб қолади.

Бу борада баҳслар қилиб, қийин саволлар бериш шарт эмас. Аслида жоҳил билан олимнинг фарқи ҳам шунда: олим ўзи гапираётган гапни теран англаб етган, унинг туб маъносини ҳис қилган бўлади, жоҳил эса нима ҳақида гапираётганини ўзи ҳам билмайди. «Бунинг маъноси нима ўзи?» деган биргина савол уни тўхтатиб қўяди, чунки у бир ҳовуч гапни ёдлаб олиб, валдираётган бўлади.

Мутаассибликни ёмонлаётган ўша одамдан унинг таърифини сўрасангиз, айтиб бера олмайди. Мабодо айтса ҳам, «Мутаассиблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини ташлаб, имомларга эргашиб кетишди», дейди-қўяди. Ўзи таассубни ёмонлаб, юзлаб бет китоб ёзган, лекин унинг таърифи нима? Уларнинг фикрича, Мужтаҳиднинг сўзига эргашиб, ҳадисни олмаслик. Уларнинг айтишича, мен «Саҳиҳул Бухорий»да бир ҳадис кўрсам-у, бу ҳадис Абу Ҳанифанинг сўзига мувофиқ келмаса, мен шу ўринда ҳадисни эмас, Абу Ҳанифанинг сўзини олсам, мутаассибликнинг чўққисига чиққан бўлар эканман.

«Нега ашъарийлардан ўзингни бунчалик олиб қочасан? Уларнинг нимаси ёмон ўзи?» десангиз, сабабини ўзи ҳам билмайди. «Улар: «Аллоҳнинг еттита, саккизта, ўн иккита сифати бор», дейишади», деб чайналади. «Улар таътийл йўлидан юради», дейди. Лекин «Таътийл нима дегани?» десангиз, билмайди. Ўша гапларни бировлардан эшитиб, ёдлаб олиб, гапириб юради, аммо ўзи бунинг моҳиятига етиб бормаган бўлади.

Асл мавзуимиз мотуридийлик, ашъарийлик ёки тасаввуф эмас, мазҳаб тутиш ва мутаассиблик эди.

Келинг, улардан ўзлари кўтариб чиққан нарса ҳақида сўрайлик: «Абу Ҳанифанинг сўзини олиб, ҳадисни олмаслик мутаассиблик саналадими?»

Келинг, шу жумлани бироз таҳлил қилайлик. Иттифоқ қилинган бир тақсимот бор: оми одам муфтийлик даражасидаги олимга мурожаат қилади. Муфтий мазҳаб ичидаги мужтаҳидга, мазҳаб ичидаги мужтаҳид эса мутлақ мужтаҳидга эргашади. Мутлақ мужтаҳид Қуръон ва ҳадисдан ижтиҳод қилади.

Яна бир марта такрорлаймиз: оми одам бир масалани билмаса, муфтийга боради. Муфтий мазҳаб ичидаги мужтаҳидга боради, у эса мутлақ мужтаҳидга боради. Сўнгги босқичдаги мутлақ мужтаҳидгина Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлардан ҳукм чиқара олади.

Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳ айни мана шу қоидага асосланиб, бир масалани айтган. Эслатиб ўтамиз, Абу Юсуф ўз замонасидаги энг катта олим, энг қудратли давлат бўлмиш Аббосийлар давлатида Ҳорун ар-Рашид халифалигида биринчи бўлиб «қозилар қозиси» деган мартабага ўтирган зотдир. У зотдан бир масала зикр қилинади: оми одам бир ҳадисни эшитиб, унга амал қилса, масалан, бир киши Рамазон рўзасини тутган ҳолида ҳижома қилдирса-ю, кейин «Ҳижома қилувчининг ҳам, ҳижома қилдирувчининг ҳам рўзаси бузилибди» деган ҳадисни эшитса, кейин бориб, менинг рўзам ҳижома сабабли бузилиб бўлибди, деб ўйлаб, таом еса, шу ўринда унинг ҳадисни эшитиб, амал қилгани ундан саҳиҳ бўлган рўзани қасддан бузгани учун вожиб бўладиган каффоратни соқит қила оладими? Йўқ. Бу одамга каффорат бериш ҳам фарз бўлади. Рўзадор одам рўзаси бузилганига асосли шубҳа қилса-ю, кейин рўзасини қасддан очиб юборса, лекин аслида шариатга кўра рўзаси бузилмаган бўлса, шариат унинг асосли шубҳасини эътиборга олиб, унга фақат қазони фарз қилади, каффоратни эмас.

Аммо юқоридаги ҳолатда рўзасини ҳадисга суяниб очиб юборган одамнинг шубҳаси ҳатто шубҳа дейишга ҳам ярамайди, чунки ҳадисни эшитиб, унга амал қилавериш авомнинг эмас, олимнинг иши.

Ҳадис авом одам учун бирор ҳукмни собит қилиш уёқда турсин, ҳатто асосли шубҳани ҳам келтириб чиқара олмайди. Энди мана шу авом одам айни шу масалада имом Авзоъийнинг «ҳижома қилдирувчининг рўзаси бузилади» деган қавлини олиб, рўзасини очиб юборса, Абу Юсуфнинг наздида бу нарса шубҳаликка ярайди ва бу ҳолатда каффорат соқит бўлади, чунки авом одам учун муфтийнинг фатвоси хато бўлса ҳам, асосли шубҳа саналади, ҳадис эса бундай эмас.

Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳ ҳижрий 181 йилда, яъни иккинчи асрда, салафлар даврида вафот этган.

Ўша даврдаги мужтаҳиднинг сўзига эътибор беряпсизми: у киши авом одамга Қуръон ва ҳадислар билан қандай муомала қилиш кераклигини ўргатяптилар. Авом одам бу икки манбани ҳурмат қилади, аммо улардан шаръий ҳукм чиқара олмайди.

Демак, Қуръон оятларидан, ҳадиси шарифлардан ҳукм олиш уламоларнинг иши, фақат уларгина бу икки манбага мурожаат қилишади. Бугунги кунда эса қўй боқиб юрган чўпондан тортиб, завод ишчисигача оят ва ҳадислардан ижтиҳод қилмоқчи бўляпти.

Аслида авом одамнинг қўлига бир ҳукм етиб келгунича бир нечта босқичдан ўтади: аввало мутлақ мужтаҳид ҳукмни оят ва ҳадисдан чиқариб олади; кейин мазҳаб ичидаги мужтаҳид катта мужтаҳидларнинг сўзларидан бирини таржиҳ қилади; кейин муфтий унинг сўзини қабул қилиб, авом одамга етказади.

Демак, авом одамнинг қўлига келгунича ҳукм камида уч-тўрт босқичдан ўтиб келмоқда. Охирида у ҳукм текширилган, элакдан ўтказилган ҳолатда тайёр бўлиб, авом одамга айтиляпти. Демак, оят-ҳадислардан ҳукм истинбот қилишга ҳаммага ҳам рухсат берилмайди. Мақсад оят-ҳадисларни ўқиб, савоб олиш бўлса, ваъз-насиҳат қилиш, ибрат олиш бўлса, бирон фазилатли амалга қизиқтириш ёки гуноҳлардан огоҳлантириш бўлса, марҳамат, бунда ҳеч қандай муаммо йўқ. Бемалол амал қилаверинг. Ёки чиқариб бўлинган шаръий ҳукмларнинг асосини ўрганиб, кўнгил хотиржам бўлиши учун ўқилса ҳам, бунга бемалол рухсат. Лекин авом одамга фиқҳий ҳукм олиши учун оят-ҳадислардан фойдаланиш жоизми? Асло жоиз эмас. Бу ишни мужтаҳидлар қилади.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу мақолада аҳли суннанинг манҳажи ва йўлини баён қиламиз. Бу нима ўзи Аҳли суннани бошқа тоифалардан ажратиб турадиган энг ёрқин жиҳат шуки, Аҳли сунна ёлғиз давоми...

1543 14:10 / 05.11.2024
Фақиҳлар ҳукмларни татбиқ қилишади. Бу ҳукмлар эса мужтаҳидларнинг сўзларидан олинган бўлади. Шундан келиб чиқадики, бу борада иккита илм бор ҳукмни чиқариб олиш давоми...

1452 16:35 / 02 январь
Бугунги кунда баъзи одамлар .Мазҳаблар тўхтаб қолган. Уларга эргашиш ҳам тўхтаб қолган. Мазҳабни ушлаш ҳам тўхтаб қолган. Биз тўхтаб қолишни хоҳламаймиз, ижтиҳод давоми...

750 15:09 / 04 июль
Юқоридага сатрларда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ саҳобалардан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўриб у кишидан .Талаби илм ҳар бир мусулмонга фарздир, ҳадисини давоми...

7035 16:14 / 28.03.2017
Аудиолар

214160 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

133355 14:35 / 11.08.2021