
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Шуҳрати бутун дунёга етган олим, имом Таҳовий бутун умрини Абу Ҳанифа мазҳабига хизмат қилишга бағишлади. Мазҳаб илмининг мустаҳкам усулга асосланганини билгани учун шундай қилди. Биринчи, иккинчи ва учинчи асрларда бошқа мужтаҳидлар ҳам бўлган, аммо уларнинг усули бу тўрт мазҳаб имомлариникичалик кучли эмас эди.
Бу биринчи масала. Иккинчи масала – мазҳаблардаги фиқҳий масалаларнинг бениҳоя кўплиги масаласи.
«Нима учун Умар розияллоҳу анҳуга эмас, Абу Ҳанифага эргашамиз? Ахир ҳазрати Умар барча мужтаҳидлардан афзал-ку? Нега Абу Бакрга, нега Алийга эргашмаймиз? Тенги йўқ мужтаҳид саҳобалар турганда, нега улар билан кифояланмаймиз?» деган саволлар берилади.
Бу саволларга бир неча жиҳатдан жавоблар берилади, лекин биз бир жиҳатини айтамиз, чунки қолгани мавзуимиздан ташқаридир.
Жавоб шуки, мен имом Абу Ҳанифага ёки имом Шофеъийга тақлид қилсам, ўз-ўзидан Абу Бакрга, Умарга тақлид қилган бўламан, чунки бу мазҳаблар ўша саҳобаларнинг фиқҳи устига қурилган. Хоссатан, ҳазрати Умарнинг деярли барча фиқҳи ҳанафий мазҳабида жам бўлган, десак ҳам бўлади.
Умар розияллоҳу анҳудан таҳоратга доир бешта, намозга доир элликта, закот бўйича учта, савдо борасида ўнта фатво етиб келган, дейлик. Энди мен Умарнинг фиқҳига кўра тўлиқ таҳорат қилмоқчи бўлсам, таҳоратнинг рукнларини, суннатларини, мустаҳабларини билишим учун, таҳоратни бузадиган нарсаларни ўрганишим учун бу фатволар камлик қилади. Намоз ва бошқа амаллар ҳам шундай. Айни шу мазҳабларга эргашишнинг илмий сабаби ҳам шу – мазҳаб уламолари жуда кўп масалаларга жавоб бериб кетишган. Абу Ҳанифанинг айтган масалалари туғилганингиздан вафот этгунингизгача бўлган бутун ҳаётингизни қамраб олади. Баъзилар: «У зот саксон уч мингта масалада фатво берганлар», дейишса, яна баъзи уламолар: «У зот бир миллион икки юз минг масалада фатво берганлар», дейишади. Эътиборли нуқта мана шунда.
Ҳозирги кунда фиқҳдан оғиз очаётган, китоблар ёзаётган баъзи одамларни олайлик. Масалан, бир киши «Рўза ҳукмлари жамланмаси» деган тўрт жилдлик китоб ёзди. Етти юз бетлик китоб десак, унинг ичидан оят-ҳадисларни олиб ташласак, фиқҳий масалалар жуда кам қолади, чунки матннинг тўртдан уч қисми оят-ҳадислардан иборат. Ўзи рўза ҳақида ёзилган китоб бўла туриб, рўзага оид ҳукмлар етарлича ифода қилинмаган бўлади. Ҳали бу ўша айтган фиқҳий масалалари тўғри деб қараганимиздаги ҳолат.
Биз ҳаётимизда амал қиладиган масалаларга муҳтожмиз. Бу тўрт мазҳабдан бошқа ҳеч бирида ишончли ва кўп масалалар баён қилиб берилмагани учун буларга эргашамиз. Мисол учун, Ибн Ҳазмга эргашмоқчи бўлиб, унинг «Муҳалло» китобини олсам, ичидаги далилларни қўшмаганда, фиқҳий масалалари таҳорат, намоз ва савдо-сотиқ масалаларига тўлиқ жавоб бера оладими? Агар унга эргашмоқчи бўлсам, тўлиқ тақлид қилишимга яроқлими? Йўқ, албатта.
Хулоса шуки, тўрт мазҳабдан бошқасида етарлича фатволар мавжуд эмас. Бу мазҳабнинг биринчи босқичидаги омил. Айни пайтда бу мазҳаблар доимий ривожланиб, одамларнинг кундалик ҳаётида чиқаётган янги саволларга ҳам жавоб бериб келяпти. Демак, инкор қилиб бўлмас яна бир ҳақиқат шуки, ибодат, оила, жамият, давлат ва иқтисодни кўтаришга бундан бошқа мазҳаблар туриб бера олмайди. Яхлит ҳолатда фақат шу мазҳаблардан жавоб оламиз. Ҳозирги кундаги муаммо ҳам шунда. У ёқдан, бу ёқдан фатволар кўп, лекин бир низомга солинган, бир усулга суянган фатволар камайиб кетяпти.
Яна бир масала қуйидагича: бу мазҳаблар ҳадис илмига, усулий қоидаларга ва фиқҳ илмига беқиёс хизмат қилган.
Фараз қилайлик, ҳозир Тошмат деган бир олим чиқиб, мужтаҳид даражасига етди. Баҳс-мунозара қилинса, ўз далилларини баён қилиб беради. Аммо унинг вафотидан кейин унинг далилларини қўллаш учун кимдир майдонга чиқадими? Унинг йўлини далиллар билан исботлаб берадими, яъни оят-ҳадислар келтирадими? Ҳеч ким ундай қилмайди. Бу фақат мазҳабларга хос хусусият.
Абу Ҳанифа тириклигида ҳеч ким унга бас кела олмаган. Ҳижрат диёрининг имоми бўлган имом Молик ҳазратларидан имом Абу Ҳанифа ҳақида «Анави ироқлик қандай одам экан?» деб сўрашганида, «У шундай одам эканки, агар ёғочдан қилинган мана шу устунни тилладан деса, гапини исботлаб берадиган одам экан», деб жавоб берганлар.
Яна бир воқеа: Абу Ҳанифа кумуш ва темир билан қопланган идишдан сув ичишни жоиз деб фатво берар эдилар. Бир куни Абу Ҳанифани Жаволиқий деган бир амирнинг олдида шарманда қилмоқчи бўлишади. Олдинроқ амирга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тилла ва кумуш идишдан ичишдан қайтарганлар. Бу одам эса бунга рухсат берган», деб етказишган бўлади. Амирнинг ҳузурига Абу Ҳанифани чақириб, олдига шундай идишда сув қўйишади. Абу Ҳанифа идишни олиб, ичмоқчи бўлса, амир: «Кафтингизга олиб ичинг, ахир бу кумуш-ку?» дейди. Абу Ҳанифа: «Мен сувни кумуш узук таққан қўлим билан ичдим нима-ю, кумуш билан безатилган идишдан сув ичдим нима? Иккови бир хил-ку?» дейди. Бу гапнинг маъноси «Сиз кумуш тақилган қўлда ичишни жоиз дейсиз-у, идишни ножоиз дейсизми? Ахир иккиси ҳам бир нарса-ку?» дегани эди. Ҳа, Абу Ҳанифа берган ечимларни бошқа ҳеч ким бера олмаган. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматидан кўпчиликка ато этмаган футуҳотларни у зотга ато этган эди.
Хўш, имом Абу Ҳанифанинг вафотидан кейин нима бўлди?
Имом Авзоъийга Абу Ҳанифанинг бир неча фатволари бошқача етиб келган экан. Бунинг сабаби – Шом ривоят мактаби билан Ироқ ривоят мактаби ўртасидаги фарқлар эди. Авзоъий бунга эътироз билдиради. Сўнг Абу Юсуф «Авзоъийга раддия» деган китоб ёзиб, Абу Ҳанифанинг далилларини келтириб ташлайди. Бу китоб ҳозир ҳам бор, сотувда турибди. Тахминан икки юз бетлик китоб. Имом Муҳаммад Мадинага бориб, «Муватто» китобини тинглаб, Абу Ҳанифанинг бир юз етмишдан ортиқ далилларини ўз ривоятлари орқали келтириб, шу китобга қўшимча қилади. Қолаверса, «Мадина аҳлига қарши ҳужжат» деган китоб ҳам ёзади. Имом Шофеъий имом Муҳаммаддан таълим олгач, Бағдодга келиб, ўз мазҳабини тарқатмоқчи бўлади. Унга Ийсо ибн Абон «Катта ҳужжат китоби» деган китобда раддия беради. Тўрт ой ўтар-ўтмас, имом Шофеъий Мисрга йўл олиб, мазҳабини бутунлай бошидан бошлайди. Бу бурилишнинг асосий сабаби Ийсо ибн Абоннинг ана шу раддиялари эди. Ийсо «Ал-Фусул фии илмил-усул» китобида бу эътирозларни келтирган. Ийсо ибн Абоннинг имом Шофеъийга билдирган раддия ва эътирозлари китобда эллик бетдан ошганини кўришингиз мумкин.
Халифа Маъмуннинг Ҳошимий деган дўсти бўлган. Бир куни у Маъмунга: «Сизларнинг ҳукмрон мазҳабингизда ҳадисларга зид бир неча масалалар бор», дейди. Уламолар, хоссатан Ийсо ибн Абон унга раддиялар беришади. Ийсонинг ана шу китоби бояги Ҳошимийни ўтирғизиб қўйган. Ҳанафий мазҳаби эса яна бир неча асрлаб халифалик мазҳаби сифатида хизмат қилиб келган. Шу зайлда Аллоҳ таоло ер юзининг энг катта олимларини мазҳабнинг хизматчиси қилиб қўйган, улар атрофдан ёғиладиган таъналардан мазҳабни ҳимоя қилишган. Ўз замонида ер юзининг энг олими бўлган имом Абу Юсуф, имом Муҳаммад, имом Таҳовий, имом Ийсо ибн Абонлар ёрдамга чиқишган. Имом Таҳовийнинг «Мушкилул-осор», «Шарҳу Маъонил-осор» китобларини кўрсангиз, мазҳабнинг аҳком ҳадисларини келтиришига қойил қолмай иложингиз йўқ. Ҳукмий ҳадислар борасида ҳанафий мазҳабига қилинган хизмат бошқа ҳеч қайси мазҳабга насиб қилмаган. Бундай зотларни Аллоҳ таоло бўйсундириб қўймаганмиди?
Яқин асрларда Ҳиндистонда «аҳли ҳадис» номи остида ташаддудчилар кўпайиб, Абу Ҳанифани ва барча ҳанафийларни кофир деб, шу ҳақда китоблар тарқата бошлашган эди. Улар «Сизларнинг ҳеч қандай далилларингиз йўқ», деган туҳматларни қилишган. Олдинлари Ҳиндистон олимлари ҳадис билан мутлақо шуғулланмас эди, мазҳабга тўлалигича таслим бўлишган эди. Тарихда ҳинд муҳаддислар ҳам жуда кам чиққан, улар мазҳабга таслим бўлиб, далилларини ўрганишга вақт сарфлашмаган. Кейин баъзи одамлар чиқиб, мазҳаб ҳақида шубҳалар ёя бошлашди, ҳанафий уламоларни далилсизликда айблайверишди. Шундан кейин ҳинд уламолари мазҳабни ҳимоя қилиш учун ҳадисга шундай бел боғлашдики, ҳозирги кунда энг кўп муҳаддислар Ҳиндистондан чиқадиган бўлди. Ҳадис китобларига энг кўп шарҳни шу диёр уламолари ёзишяпти. Мазҳаб далилларини баён қилишда душманнинг таъналарига жавоб бўлган энг кўп китобларни шулар таълиф қилишди. «Саҳиҳи Бухорий», «Саҳиҳи Муслим», «Сунани Термизий» каби китобларни шарҳлаб, қайси ҳадисларни нега далил қилиб олганмиз, баъзи ҳадисларни нега далил қилмаганмиз – ҳаммасини атрофлича очиб беришди. Ҳозирги кунда Ҳиндистон дунёда олтита ҳадис китоби шарҳланиб, тўлалигича ўқитиладиган ягона давлат бўлиб турибди. Йигирма уч жилддан иборат «Иълоус-сунан» китоби бошдан-охир ҳанафийларнинг далилларини жамлашга бағишланган. Бундан бошқа яна ўнлаб китоблар бор.
Буларни келтиришдан мақсад шуки, бир мазҳаб мазҳаб сифатида тарқалиши учун унинг далилларини жамлашга хизмат қилиниши керак. Бундай хизматлар тарихда фақатгина шу тўрт мазҳабга қилинган. Имом Байҳақий ва Дорақутнийлар шофеъий мазҳабини қўллаб-қувватлашга умрларини тикдилар, моликий мазҳабида бу ишни Ибн Абдулбарр зиммасига олдилар ва ҳоказо.
Бу – ҳадис илми борасидаги жиҳат эди. Фиқҳ фанидаги хизматлар ҳам жуда катта.
Ўз даврида Абу Ҳанифага тенг келадиган фақиҳ йўқ эди. У зот нимага эҳтиёж туғилса, жавоб берардилар. Вафот этгач, у зотнинг фиқҳига асосланадиган, фаразан тирик бўлса ҳам, фикрига мувофиқ келадиган олимларга эҳтиёж тушди. Бундай йўсин, бундай маслак тўрт мазҳабдан бошқа яна қаерда бор? Ҳозирги кунда шерикчилик, самолёт, машина борасида ёки замонавий масалаларда берадиган фатволаримизни «Бу Абу Ҳанифанинг сўзига кўра» деб кетяпмиз, яъни Абу Ҳанифа тирик бўлганида нима дейиши мумкин бўлса, ўша фатвони айтяпмиз. Бунга унинг фиқҳини чуқур ўрганиш, илмий манҳажини пухта таҳлил қилиш орқали эришдик, унинг усулини ўзлаштирдик. Аслида бу фатволарни Абу Ҳанифа айтган бўлмайди, балки у зотнинг сўзларидан келиб чиқиб, шундай хулоса қилинган бўлади. Умуман олганда, мазҳабдаги қавллар ичидан Абу Ҳанифага бевосита тегишлиси юз фоиздан атиги икки-уч фоизнигина ташкил қилади, қолган улушни кейинги уламолар тўлдиришган.
Ҳозирги куннинг ўзида ер юзида миллионлаб талабалар бу зотнинг сўзларини, мазҳабини ўрганишмоқда. Бу ютуқни бошқаларда топасизми? Тўртинчи, бешинчи ва олтинчи асрларда барча исломий давлатлар қозиликни, фатво ишларини Абу Ҳанифанинг сўзига кўра юритган, давлатни у зотнинг усули ва маслаги бўйича бошқаришган. Фаразан, у зот тирик бўлганда ҳам айни шу фатволарни чиқарган бўлар эдилар.
Ҳа, бу тўрт мазҳаб шундай хизматлар ёрдамида сақланиб қолган, бошқаларда эса бу ҳолат кузатилмаган. Ушбу тўрт мазҳаб уламолари Қуръон ва ҳадислардан ҳукмлар олишда қўллаган фиқҳий қоида ва усуллар кейингилар учун ҳам асос бўлиб қолган. Бу усулларга ҳам жуда кўп уламолар хизмат қилганлар. Ўнлаб, юзлаб усул китобларини битганлар ҳам мана шу тўрт мазҳаб уламолари эди, бошқаларда бу ҳолатни кўрмайсиз. Шулар орқали бу мазҳаблар мукаммал илм ҳолига келди.
Бугун эса одамлар бу мазҳабларнинг ҳукмларини битта одамнинг сўзи деб ўйлайдиган даражага тушиб қолишди. Энг катта бало мана шунда. Илмни кам ўқиган, ақли паст баъзи одамлар рўза, закот ёки таҳорат борасида битта брошюра ёзиб, ичига «Абу Ҳанифа бундай деган», «Молик бундай деган», «Шофеъий ундай деган», «Аҳмад бундай деган», деб келтириб, тагидан ҳозирги кунда чиққан одамлардан бирини келтириб, «Фалончи бундай деган, Фалончи эса ундай деган» деб, янги чиққан одамларни улар билан бир қаторга қўйишяпти. Яна камига, ўзича далилларни зикр қилиб, таржиҳ ҳам қилиб қўяди. Жаҳолат нақадар илдиз отиб кетганини кўряпсизми? Оддий одамларни эмас, юз минглаб уламолар эргашган мазҳабларни танқид қилишяпти. Ўзи бу одамлар ўша юз минглаб уламолардан энг кичкинасининг даражасига ҳам чиқмаган бўлади, чунки ўша уламолар учун илм мусбат нарса эди, яъни илмнинг қонунлари уларни таслим қила олиш кучига эга эди, ҳозиргилар учун эса қоидалар манфийлик даражасига тушиб кетган, бундайларнинг бўйни ҳеч қайси усулга ҳам, қоидага ҳам эгилмайди. Ана шундай улуғ зотларни мана бу адашганлар билан бир қаторда келтириш мумкинми ахир?
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.