1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин

19:00 / 18 ноябрь 407 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ

«Уларга Бизнинг баломиз етганда, тазарру қилсалар эди! Лекин қалблари қаттиқ бўлди ва шайтон уларга қилаётган ишларини чиройли кўрсатди» (Анъом сураси, 43-оят).

Афсуски, улар тазарру қилмадилар. Қалблари қотиб, моғор босиб кетганлиги сабабли, бошларига тушган бало-офатлар ҳам уларга таъсир ўтказмади. Бунинг устига, шайтон уларга қилаётган ишларини зийнатлаб кўрсатди. Улар куфр ва ширкларида бардавом бўлдилар.

ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ ﰌ

«Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик. Бас, қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар» (Анъом сураси, 44-оят).

Бундай муомалага «истидрож» – билдирмасдан, даражама-даража олиш дейилади. Аллоҳ огоҳлантириш мақсадида аввал бало-офатга дучор қилган эди, тазарру қилмади, куфрда давом этди. Бало-офат таъсир қилмайдиган қалб тош қотган, яхшилик умид қилиб бўлмайдиган қалбдир. Ундан энди иймон ҳам, бирор-бир яхшилик ҳам кутиб бўлмайди. Аллоҳ Ўзи ҳикоя қилаётган аввалги умматлардан шундай қаттиқ қалблиларини бир муддат тек қўйиб қўйган. Улар бошидан ўтган мусибатларни ва:

«Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик», – дейди.

Яъни, улар истаганларидан ҳам ортиқ нозу неъматларга кўмиб ташланганлар. Бу дунёнинг матоҳлари уларга селдек оқиб келган. Албатта, улар бу нарсаларга чексиз хурсанд бўлганлар. Аммо иймонсиз, тазаррусиз келган нозу неъмат яхшиликка олиб бормаслиги турган гап. Аслида иймонли, тазаррули ва тақволиларга нозу неъматлар, фаровон турмуш берилиши лозим. Аллоҳ таолонинг ваъдаси шу. Аммо бу нарсалар кофир-мушрикларга берилса, хусусан, ҳамма нарсанинг эшиги очиб қўйилса, орқасида бошқа гапи бўлади. Нозу неъматга кўмилган кофирлар ғурурга кетиб, яна ҳам кўпроқ исёнга, гуноҳкорликка ўзларини урадилар. Аммо ҳақиқий ҳикмат кейин пайдо бўлади:

«Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик».

Бундай бўлишини хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар. Уларни бирданига Аллоҳнинг азоби тутди.

«Бас, қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар».

Энди тавба-тазарру қилишга имкон қолмади.

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ

«Бас, зулм қилган қавмларнинг кети кесилди. Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин» (Анъом сураси, 45-оят).

Ширк ва куфрда юрган қавмлар битирилди. Ўтган умматлар ичида бундай оқибатга дучор бўлганлар кўп. Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут қавмлари, Рум, Форс ва Совет империяси ва бошқа империялар шулар жумласидандир. Уларнинг ҳаммаси бу дунё неъматларига ғарқ бўлиб, куфр «нашида»сини сураётган чоғларида бирданига балога гирифтор бўлдилар.

«Бас, зулм қилган қавмларнинг кети кесилди».

Зулм қилган қавмларга муносиб жазони берган

«Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин».

Бугун ҳам куфр ва исёнига қарамай, нозу неъматларга ғарқ бўлиб, ғурурда яшаётганлардан ажабланмаслик керак. Уларнинг бу «тантана»лари абадий эмас. Эртага нима бўлишини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Илгари ҳам қалблари тош қотиб, тазарру қилмай, шайтоннинг найрангига учганларга Аллоҳ таоло «ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйган» эди. Буларга ҳам шундай қилмоқда. Ўтган қалби қаттиқ кофирларнинг оқибати маълум. Бугунги кофирларнинг оқибати кутиляпти. Иншааллоҳ, булар ҳам Аллоҳ томонидан бирдан тутиладилар.

Шунинг учун кофир ва осийларнинг бу дунё нозу неъматларига ботишларини яхшилик аломати деб бўлмайди ва уларга ҳавас ҳам қилиш керак эмас. Бу маънода Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам бир қанча ҳадислар ворид бўлган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ бир бандага осийлигига қарамай, у хоҳлаган нарсаларни бераётганини кўрсанг, билки, бу истидрождир», – дедилар. (Яъни, уни аста-секин олишдир). Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида, уларга ҳамма нарсанинг эшигини очиб қўйдик. Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик. Бас, қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар» ояти каримасини тиловат қилдилар.

Имом Ибн Аби Ҳотим Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтар эдилар:

«Агар Аллоҳ бир қавмга боқийликни ва тараққиётни ирода қилса, уларга тежамкорликни ва қаноатни беради. Агар Аллоҳ бир қавмни «кесмоқни» ирода қилса, уларга хиёнат эшигини очиб қўяди. «Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик. Бас, қарабсизки бутунлай ноумид бўлдилар. Бас, зулм қилган қавмларнинг кети кесилди. Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин».

Бу ривоятни Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа ҳадис уламолари ҳам келтирган эканлар.

Юқоридаги оятларда мушрик ва кофирларга ибрат-эслатма бўлиши учун, улар тазарру қилишлари учун, қавмлар ва умматлар умумий бало-офатлар ила тутилгани зикр қилинган эди. Кейинги оятда эса Аллоҳ таоло улардан ҳар бирининг тана аъзоларини мубтало қилиши ҳам борлигини эслатиб ўтади.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Ёки сизни унга денгизга яна бир марта қайтариб, устингиздан шиддатли шамол юбориб, куфр давоми...

1102 19:00 / 11.06.2024
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Роҳмандан бошқа сизларга ёрдам берадиган лашкар ким ўзи Кофирлар алдовдан бошқа ҳеч нарсада эмаслар давоми...

3110 19:05 / 26.09.2019
Аллоҳ таоло Жума сурасида шундай марҳамат қилади .Улар қўллари тақдим қилган нарсалар туфайли ҳеч қачон уни орзу қилмаслар. Аллоҳ золимларни ўта билувчидир, давоми...

3295 17:00 / 21.12.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Қачон уларга .Аллоҳ нозил қилган нарсага, Расулга келинглар,, ndash дейилса .Бизга давоми...

815 19:00 / 03 июнь
Аудиолар

210800 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130065 14:35 / 11.08.2021