1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Парда очилди, сир фош бўлди

16:53 / 04 январь 1704 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Най ҳарифи ҳар ки аз ёри бурид,
Пардаҳояш пардаҳойи мо дарид.

Ким жаҳондин кечди, най дўстдир, басе,
Пардамизни йиртди найнинг пардаси!
«Дунёга боғлиқ бўлган нарсалардан дўстликни узган кишига най дўстдир, бас, найнинг пардаси бизнинг пардаларимизни йиртди, сир фош бўлди: найнинг ноласи аслида одамзод ноласи экани маълум бўлди, фироқда куяётган жон най эмас, балки найнинг чолғувчиси экани ошкора тус олди».


Фироқда қолган – одамзод, ўз аслидан йироқда қолган – одамзод! Куйган-куйлаган – одамзод, аслини ўйлаган – одамзод! Тўлган-тошган – одамзод, дарди пардадан ошган – одамзод! Бағри тешик – одамзод, асл ошиқ – одамзод! 

Найнинг муштоқлиги

Ҳамчу най заҳрею тарёке ки дид?
Ҳамчу най дамсозу муштоқе ки дид?

Най каби бир заҳру тарёк кўрди ким?
Най каби дамсозу муштоқ кўрди ким?
«Най каби бир заҳарнию най каби бир тарёкни ким кўрди? Най каби дамсозни – дам ургувчини ва най каби муштоқни – зору интизорни ким кўрди?»
Маълумки, заҳар – ҳаётни барбод этгувчи дори, тарёк эса унинг акси – заҳарга қарши, заҳарланишга қарши, унинг олдини оладиган дори-дармон. 


Най фисқу фужур аҳли учун, ҳақни инкор қилувчилар учун заҳар: аччиқ хитоблари билан фисқ ва инкор аҳлининг бузуқ ҳаётини барбод этади, янги, пок, соғлом, ишқ-муҳаббатли ҳаётга ундайди.


Най маърифат, илму урфон аҳли учун тарёк: ҳар қандай заҳарга қарши энг ишончли дори-дармондир. Чунончи, Яратган Зотнинг қаҳр ели Од қавмини фисқу фужур ишлари учун ҳалок қилди. Ҳолбуки, ўша ел Ҳуд пайғамбар қавми учун майин ел бўлди – улар омон қолдилар. Сўфи Аллоҳёр айтадилар:
Ғазаб – ел Одиларни қилди нобуд,
Эди ул ел насими тобиъи Ҳуд.
«Насим» сўзи бу ўринда «майин ел» маъносидадир. Аллоҳ таоло буюради:
«Бас, унга ва у билан бирга бўлганларга Ўз раҳматимиз ила нажот бердик ва оятларимизни ёлғонга чиқарганларнинг кетини уздик. Улар мўмин эмас эдилар» (Аъроф сураси, 72-оят).
Бир ел бир қавм учун – нажот ва раҳмат, бир қавм учун эса – қаҳр ва ҳалокат бўлди. Най ҳам биров учун заҳар, биров учун тарёкдир. Бундайини ҳеч ким кўрмаган.

 

Най мажнун ишқини куйлайди

Най ҳадиси роҳи пурхун мекунад,
Қиссаҳойи ишқи Мажнун мекунад.

Қонли бир йўл қиссасин сўйлайди най,
Ишқи Мажнун қиссасин куйлайди най.
«Най қонли бир йўл ҳадисини – тарихи, воқеасини сўзлайди, Мажнун ишқининг қиссаларини баён этади».
Ҳикмат хабарида келади: «Тангрини шунчалик кўп зикр қилингларки, токи сизни мажнун десинлар!». 
Мажнун – девонаи Ҳақдир.
Навоий бир ғазалда айтади: 
Лайли недир қўйди Мажнун кўнглида рахти ғамин? – 
Чун йўқ эрди манзил ул водийда ондин покрок.
«Нега Лайли ғам юкхалтасини, қайғу бўхчасини Мажнуннинг кўнглига қўйди? Чунки бу ҳаёт водийсида ундан бошқа покроқ жой йўқ эди!». 
Мажнуннинг кўнгли – ишқ омонатгоҳидир! Шунинг учун мажозий ва Илоҳий ишқ сўзланганда, албатта, Мажнунни эслашга эҳтиёж бор. Ошиқларнинг иши Мажнунсиз битмайди. Мажнун – ҳар бир ошиқ зотига ўз жунуни билан ёрдамга тайёр!
Най – ишқ қурбонларининг қиссагўйидир!

 

Ҳушга маҳрам беҳушдир

Маҳрами иш ҳуш жуз беҳуш нест,
Мар забонро муштарий жуз гўш нест.

Бас, бу ҳушнинг маҳрами беҳуш эрур, 
Тилга ҳам ҳаргиз қулоқлар эш эрур. 
«Ишқи Илоҳий шундай ҳуш – шундай ҳушёрликки, унинг маҳрами – сирдоши фақатгина беҳуш, хомуш, гунгу лол бўлмоғи керак. Зотан, тилга ҳам фақатгина қулоқлар харидор, талабгор, эш-ҳамроҳ ва рафиқ бўлади». 


Қулоқлар асло гапирмайди, фақат жимгина эшитади. Тил гапирганда қулоқлар ҳам гапирса эди, тилга маҳрам ва сирдош бўла олмас эди, тилнинг сирини оламга фош қилар эди. Бас, бу ҳушнинг маҳрами беҳушдир. 
Фузулий айтганидек: 
Зоҳиди ғофил на билсин завқини ишқ аҳлининг,
Бир ажаб майдур муҳаббатким, ичган ҳушёр ўлур!

«Ишқ аҳлининг завқини суратпараст ғофиллар қайдан билсин! Муҳаббат шундай майки, уни ичган киши ҳушёр бўлади – Аллоҳдан огоҳ бўлади, маърифат ҳосил қилади, қалби абадий тирилади!»
Дар ғами мо рўзҳо бегоҳ шуд,
Рўзҳо бо сўзҳо ҳамроҳ шуд.

Ваҳки, бизнинг ғамда кунлар бўлди тун, 
Бўлди ҳар бир кунга йўлдош ўтли ун. 
«Бизнинг ғамимизда кунлар кеч бўлди, кунлар ёниш ва ўртанишлар билан ҳамроҳ бўлди». Мана шу зайлда кунлар ўтаверди.

Рўзҳо гар рафт, гў: «Рав, бок нест,
Ту бимон, эй он, ки чун ту пок нест».

Кетса кунлар, айтки: «Кетгил, бок йўқ,
Эй, фақат сен қолки, сендек пок йўқ!»
«Агар кунлар кетса, айтгилки: «Кетсанг – кетавер, ҳеч зарари йўқ. Лекин, эй ишқимиз, эй ўтли муҳаббатимиз, фақат сен кетмагил, фақат сен қолгил, чунки сендек пок йўқдир!» Яъни: «Биз ишқнинг ошиғимиз, биз покнинг шайдосимиз!»


Мирзо Кенжабек
«Ҳилол» журналининг 8(53) сонидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тўлса бир кун бу дунёнинг поймонаси,Насиб этсин Расулуллоҳ ҳимояси.Паноҳ сўрар Аллоҳимнинг бир бандаси,Маҳшар куни .умматим, денг, Расулуллоҳ Тўним калта бўлса давоми...

3103 09:01 / 13 сентябрь
Ватан қадри Чашма қошида тиниқ сув Қадрини билмас киши, Сайр этиб гулшанда гулни Кўзига илмас киши. Ваҳ, бу не ғафлатки инсон ndash Кўксида тутмиш Ватан, Ким ватан давоми...

779 11:28 / 27 октябрь
ИККИНЧИ ФАСЛОврўподаги миллатчилик Черковнинг мағлубияти мутаассиблик, миллатчилик ва ирқчиликнинг кучайишига сабаб бўлдиМиллатчилик, ирқчилик, халқ ва давоми...

3590 05:00 / 11.03.2017
Тўртинчи бобОврўпо асриБиринчи фаслМоддиюнчи ОврўпоҒарб цивилизациясининг табиати ва тарихиДунёнинг ақл тарзи, халқлар ва элатларнинг ахлоқи, маданият, жамият, давоми...

5653 05:00 / 11.03.2017