Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 25 шаввол | 2025 йил 23 апрель, чоршанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Мағриб ила машриқ ораси қибладир | Ҳадис дарслари (293-дарс)

19:00 / 31.07.2024 1756 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: بَيْنَمَا النَّاسُ فِي صَلَاةِ الصُّبْحِ بِقُبَاءٍ إِذْ جَاءَهُمْ آتٍ فَقَالَ: إِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَدْ أُنْزِلَ عَلَيْهِ اللَّيْلَةَ وَقَدْ أُمِرَ أَنْ يَسْتَقْبِلَ الْكَعْبَةَ فَاسْتَقْبِلُوهَا، وَكَانَتْ وُجُوهُهُمْ إِلَى الشَّامِ فَاسْتَدَارُوا إِلَى الْكَعْبَةِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Одамлар Қубода Бомдод намозини ўқиб турганларида бирдан бир одам келиб:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу кеча оят нозил қилинди. Батаҳқиқ, у кишига Каъбага қараш амр қилинди. Бас, сиз ҳам ўша томонга қаранглар», деди.

Уларнинг юзлари Шомга қараган эди, Каъбага қараб айландилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Худди шу ривоятдагига ўхшаш ҳодиса бошқа бир масжидда ҳам содир бўлган. Ўшанда Каъба қибла бўлгани ҳақидаги оят нозил бўлгач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Каъбага қараб намоз ўқиган одам ансорийларнинг масжидда Байтул Мақдисга қараб намоз ўқиётганларини кўриб, қибла ўзгарганлиги ҳақида хабар берган. Ансорийлар намозда туриб, Каъбага бурилганлар. Ана ўша масжид – Масжиди Қиблатайни («икки қиблали масжид») деб номланиб қолган.

Ушбу ҳадисдан ҳам намозда Каъбаи муаззамага қараб юзланиш фарз эканлиги келиб чиқади.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба томон юзлантирилишларини яхши кўрар эдилар. Аллоҳ: «Гоҳо юзингни осмонга тез-тез бурилганини кўрурмиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қибла томонга юзлантирурмиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Ва қаерда бўлсаларингиз ҳам юзингизни у томон буринг» оятини нозил қилди. Бас, у зот Каъба томон юзландилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Байтул Мақдиснинг қибла бўлиши Қуръон билан эмас, Суннат билан собит бўлган эди. Шу билан бирга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбаи муаззаманинг қибла бўлишини жуда хоҳлар эдилар. Аммо одоб сақлаб, Аллоҳдан бу ишни тезлатишини сўрамас ҳам, дуо ҳам қилмас эдилар. Фақат юзларини осмон томон тез-тез буриб, бу ҳақда ваҳий тушиб қолмасмикан, деб интизор бўлардилар. Аллоҳ таоло ўша ҳолатга ишора қилиб:

«Гоҳо юзингни осмонга тез-тез бурилганини кўрурмиз», демоқда.

Сўнгра Пайғамбарига Каъбани қибла қилиб беришни ваъда этиб:

«Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қибла томонга юзлантирурмиз», демоқда.

Ва ниҳоят, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам, мўмин-мусулмонларга ҳам намозда Каъбани қибла қилиб олишни буюрмоқда:

«Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Ва қаерда бўлсаларингиз ҳам юзингизни у томон буринг».

Мана шу оят нозил бўлганидан кейин у зот алайҳиссалом умрларининг охиригача Каъба томон юзланиб, намоз ўқидилар. Саҳобалар ҳам шундай қилдилар. Барча мусулмон авлодлар ҳам шундай қилишди ва қилишмоқда. Дарҳақиқат, бизда бошқа томонга қараб намоз ўқиганнинг намози қабул бўлмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мағриб ила машриқ ораси қибладир», дедилар».

Ибн Можа, Ҳоким, Дора Қутний ва Термизийлар ривоят қилганлар. Термизий саҳиҳ, деган.

Шарҳ: Бу гап Мадинаи Мунаввара ҳамда унинг теварак-атрофида яшовчиларга тегишлидир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Садақанинг фазли 6тавсия Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Эй Каъб ибн Ужра Ҳаром мол билан давоми...

4800 17:00 / 08.04.2016
Қазои қадар иймоннинг рукнларидан бўлиб, унга ҳеч қачон эътиборсизлик билан қараб бўлмайди. Бу соҳада доимо ҳушёр бўлиш керак. Ана ўша ҳушёрлик, эҳтиёткорлик давоми...

4681 13:00 / 11.11.2020
. . Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Қиз боланинг пешоби ювилади. Таом емайдиган ўғил боланинг пешобига сув сепилади,, дедилар,.Абу Довуд ва давоми...

1959 19:00 / 14.12.2022
. . Анас розияллоҳу анҳудан .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кавушлари билан намоз ўқирмидилар, деб сўралди. .Ҳа,, дедилар,. Бешовларидан фақат Абу давоми...

1142 19:00 / 19.09.2024