Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (114-дарс). Исломдан насибаси йўқлар Муржиъа ва Қадария

13:00 / 09.12.2020 4044 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عَبَّاَس رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: صِنْفَانِ مِنْ أُمَّتِي لَيْسَ لَهُمَا فِي الْإِسْلَامِ نَصِيبٌ؛ الْمُرْجِئَةُ وَالْقَدَرِيَّةُ. رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менинг умматимдан икки синф бор. Икковларининг ҳам Исломдан насибаси йўқ: Муржиъа ва Қадария», дедилар».

Икки ҳадисни Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадис машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар ичидан чиқадиган икки тоифа ҳақида хабар бермоқдалар. У зотнинг:

«Менинг умматимдан икки синф бор», деганларининг маъноси шудир.

«Икковларининг ҳам Исломдан насибаси йўқ».

Демак, булар залолатга кетган, адашган тоифалар ҳисобланади. Аввал ушбу икки тоифани васф қилган ҳолда эшитувчини қизиқтириб, «Улар кимлар экан?» деб иштиёқларини қўзитиб олганларидан сўнг:

«Муржиъа ва Қадария» деб, мазкур тоифаларнинг номларини айтдилар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам беҳуда ташвиш тортмаган эдилар. Ҳақиқатда ҳам, кейинчалик бу тоифалар мусулмонлар ичидан чиқдилар. Тўғрироғи, шу икки васфни ўзида мужассам қилган тоифалар чиқдилар ва уларга мазкур номлар берилди.

«Муржиъа» сўзининг луғавий маъноси «умид қилдирувчи» ва «ортга сурувчи» деган икки хил ифодадан иборатдир.

Бу тоифага мансуб кишилар «Мусулмоннинг қанча гуноҳи бўлса ҳам, Аллоҳ кечиб юборади», деганлари учун шу ном билан «муржиъа», яъни «умид қилдирувчилар» деб номландилар.

Шунингдек, «Гуноҳ қилган мусулмонларнинг ишини ортга сурамиз, Аллоҳ Ўзи билиб муомаласини қилади», дегани учун ҳам «муржиъа», яъни «ортга сурувчилар» дейилди. Яъни, бир лафз билан икки маъно кўзда тутилган.

«Муржиъа»лар ҳам «Қадария»лар каби алоҳида имомлари, эргашувчилари, тузумлари ва фикрий мактаблари билан ажралиб чиққан эмаслар. Балки, ким юқорида зикр қилинган «иржоъ» фикрига қўшилса, ўша муржиъа дейилаверган. Бу фикр ва эътиқоднинг келиб чиқиши мусулмонлар ўртасидаги сиёсий ихтилофлар натижаси ўлароқ пайдо бўлган фикрий-ақийдавий ихтилофлар тарихига бориб тақалади.

Маълумки, ҳазрати Али билан Муовия розияллоҳу анҳумо ўртасидаги сиёсий ихтилоф оқибатида «Хавориж» мазҳаби юзага чиқди. Улар биринчи бўлиб мусулмонларни амаллари туфайли кофирга чиқаришга ўтдилар. «Гуноҳи кабира қилган мўмин ким?» деган масалада қаттиқ ва давомли тортишувлар бўлди. Хаворижлар ҳеч иккиланмай: «Гуноҳи кабира қилган мўмин кофир бўлади, дўзахда абадий қолади», дедилар.

Мўътазилийлар бундай одамни «иймон билан куфр орасидаги оралиқ манзилда қолади. У мўмин ҳам эмас, кофир ҳам эмас», дедилар. 

Ҳасан Басрий, Саъийд ибн Жубайр каби зотлар «Гуноҳи кабира қилган мўмин мунофиқ бўлади», деганлар.

Аҳли сунна ва жамоа эса: «Гуноҳи кабира қилган мўмин осий бўлади, гуноҳига яраша дўзах азобини тортиб, кейин қайтиб чиқади», дедилар.

Аммо ихтилоф кучайиб, мўминларни кофирга чиқариш авж олаверди. Ҳар кимнинг ўз фикрига таассубли бўлиши ҳам кучайиб бораверди. Тарафкашлик бор жойда ҳаддан ошиш бўлиши ҳаммага маълум. Хаворижларнинг мўмин одамни сал нарсага кофирга чиқараверишларига қарши бўлган тарафлар ичида ҳам ҳаддан ошувчилар чиқди. Улар хаворижлар нима деса, шуни ёлғонга чиқаришга киришиб кетдилар. Улар аввалига «Гуноҳкор мўмин осий бўлади», деган фикрга қўшилган эдилар. Ихтилофлар кучайгач, «Гуноҳкор мўминнинг иши ортга сурилади, нима қилишни Аллоҳнинг Ўзи билади, аммо кечиб юбориши устун», дедилар. Таассублари янада кучайгач, «Иймон – тил билан айтиб, дил билан тасдиқлашдир, амалнинг иймонга дахли йўқ. Шунинг учун гуноҳ амал қилган одам мўминликдан чиқмайди», де­йишди. Бориб-бориб «Амал куфр билан фойда бермаганидек, иймон билан ҳам зарар бермайди», дедилар. Яъни кофир одамнинг қилган яхши амали кофирлиги туфайли унга фойда бермаганидек, мўмин одамнинг қилган гуноҳи иймони борлиги туфайли унга зарар бермайди, дедилар. Бу эса, тили билан иймон калимасини айтиб қўйиб, дили билан тасдиқ қилиб, хоҳлаган гуноҳни қилавериш мумкин, заррача зарар бўлмайди, тўппа-тўғри жаннатга бораверади, дегани эди. Ва ниҳоят «Иймон – дил тасдиғидир, тилда куфр сўзларини айтса ҳам бўлаверади», дейишгача боришди.

Кўриниб турибдики, асосан қуруқ жанжал, даҳанаки жанг, тарафкашлик шу оқибатга олиб келган. Аммо «иржоъ», яъни муржиъаларнинг фикри доимо мусулмонларнинг қаҳрига учраган. Шунинг учун ҳам бу фикр намояндалари ўзларини кўпчиликка танита олмаганлар. Бунинг ўрнига Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад каби улуғ кишиларни муржиъалар деб гап тарқатишга ўтганлар. Аслида эса бу улуғ зотлар «иржоъ» фикрига мутлақо қарши бўлишган. Хаворижлар эса уларни «муржиъа» деб атаганлар. 

Бу улуғ зотлар Аҳли сунна ва жамоанинг имомлари бўлиб, улар хаворижларга ҳам, муржиъаларга ҳам қарши бўлганлар.

Тарихий ва мазҳабчилик манбаларига назар соладиган бўлсак, муржиъаликнинг фикр сифатидаги васфларини кўп кўрамиз. Аммо ҳаракат сифатида, татбиқ қилинган нарса сифатида унинг бирор нарсасини кўрмаймиз. Уларнинг бошлиқлари, кўзга кўринган арбоблари ким эканлигини ҳам кўрмаймиз. Шунингдек, муржиъа фикрини татбиқ қилиб яшаган бирор гуруҳни ҳам билмаймиз. Муржиъалик фикрини олға сурган кишиларнинг ўзлари гуноҳ ишларни қилиб, савоб ишларни тарк этганлари тўғрисидаги хабарларни ҳам учратмаймиз.

Қадария тўғрисида аввалроқ гапириб ўтдик. Муржиъа тўғрисида айтган гапларимиз уларга ҳам тегишли. Исломдан насибаси йўқ бу икки тоифага мусулмонлар орасида жой ҳам йўқ!

 

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.У ҳаводан нутқ қилмас. У Қуръон юбориладиган ваҳий, холос,, деган Нажм сураси, 3ndash4оятлар.Яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дин, диёнат, шариат давоми...

5649 05:00 / 06.03.2017
. . Абу Умома алБоҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши зикр қилинди бири давоми...

4502 19:00 / 15.12.2021
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Кимга илмсиз равишда фатво берилса, бунинг гуноҳи унга давоми...

4333 18:30 / 23.03.2022
. . . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо давоми...

4038 15:00 / 10.03.2021