Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (157-дарс). Исломда фақиҳ бўлиш – Аллоҳнинг яхшилигидандир

18:38 / 20.10.2021 3368 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ مُعَاوِيَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ، وَإِنَّمَا أَنَا قَاسِمٌ وَاللهُ يُعْطِي، وَلَنْ تَزَالَ هَذِهِ الْأُمَّةُ قَائِمَةً عَلَى أَمْرِ اللهِ لَا يَضُرُّهُمْ مَنْ خَالَفَهُمْ حَتَّى يَأْتِيَ أَمْرُ اللهِ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар».

Тўртовлари ривоят ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Фиқҳ» сўзи луғатда бир нарсани дақиқ жойларигача тушунишни англатади. Шариат ҳукмини дақиқ жойларигача тушуниш ҳам «фиқҳ» дейилиши шундан. Ана шундай малакага эга бўлган одам «фақиҳ» дейилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», демоқдалар.

Демак, дин таълимотларини яхши тушунадиган бўлиш банда учун катта бахт-саодат, унга Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилганининг аломатидир. Демак, диний илмни бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларининг давомида:

«Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради», демоқдалар. Бундан, мен Аллоҳ берган илмни етказаман, холос. Ҳақиқий берувчи Аллоҳнинг Ўзи, деганлари тушунилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифнинг давомида сиз билан биз – умматларига улкан башорат қилмоқдалар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон умматининг келажаги ҳақида сўз юритиб:

«Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар.

Дарҳақиқат, бу улкан башорат, мусулмон уммати қиёмат қоим бўлгунча Аллоҳнинг амрини тутиб туриши ҳақидаги таъкидли хабардир. Эҳтимол, барча мусулмонлар Аллоҳнинг амрини бирдек тутмаслар. Қайсидир даврда баъзилари ва қайсидир даврда кўпчиликлари Аллоҳнинг амрини тутмаслар. Аммо Ислом уммати ичида Аллоҳнинг амрини доимо тутувчилар қиёматгача бўлиши аниқ. Шу билан бирга, Ислом умматига хилоф қилувчилар бўлиши ҳам аниқ. Энг муҳими, хилоф қилувчилар Ислом умматига зарар етказа олмайдилар.

Бу башорат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари эканлиги ҳам очиқ-ойдин кўриниб турибди. У зотдан бошқа одам бу гапни Ислом уммати заиф бўлиб турган пайтда айта олмас эди. Бир минг тўрт юз йилдан ортиқ муддатли тажриба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу башоратларини тасдиқлаб келмоқда.

Араб мушриклари аввал бошдаёқ аҳд ва кучларини бир қилиб, Ислом ва мусулмонларни ер юзидан супуриб ташлашга қаттиқ ҳаракат қилдилар. Барча далолатлар, барча ўлчовлар мусулмонларнинг мағлубиятидан дарак берар эди. Лекин Аллоҳнинг тадбири ила оз сонли кучсиз мусулмонлар ғолиб, кўп сонли кучли мушриклар мағлуб бўлдилар. Арабистон ярим оролида ширк байроғи йиқилиб, Ислом байроғи ҳилпиради.

Ўша вақтда дунёни сўраб турган Рум ва Форс империялари ёш Ислом давлатини ер юзидан супуриб ташлашнинг пайига тушдилар. Оқибати нима билан тугагани ҳаммага маълум. Мазкур икки кучли салтанат қулаб, улар эгаллаб турган ерлардаги мазлум инсонлар Ислом адолатидан баҳраманд бўлдилар.

Ундан кейин ҳам турли кучлар, тузумлар Исломга ва мусумонларга зарар етказишга уриниб кўрдилар. Бу урушларнинг кўпчилигида инсон ўлчови бўйича, Ислом душманлари ўз мақсадларига эришишлари аниқ эди. Кучлар тенг эмас, шароитлар бошқача эди.

Ҳар сафар, энди Исломга қарши ҳал қилувчи зарба берилди, деб гумон қилинар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу башоратларидан бехабар мусулмонлар ҳам ноумид бўлар эдилар. Лекин ҳар сафар душманларнинг Ислом умматига қарши қилган ҳаракатлари чиппакка чиқаверди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари тасдиқ топаверди.

Мўғил босқинчилари мусулмон олами бошига бало-офатдек ёғилиб келдилаар. Улар Хоразм, Бухоро, Самарқанд ва бошқа Ислом марказларида тарихчилар таърифи билан айтилганда, кишиларни устара билан соч қиргандек қирдилар.

Ўша пайтда одамлар орасида «Осмон ерга узилиб тушди, деса, ишонгин-у, мусулмон мўғилдан устун келибди, деса, ишонма», деган гап тарқалган эди.

Тарихчиларнинг ривоят қилишларича, мўғиллар номининг ўзиёқ кишиларни даҳшатга солиб, қўл-оёқларидан мадорни олиб қўядиган даражага етган эди. Бир мўғил мусулмонни кўчада учратиб қолиб: «Эй мусулмон, тўхтаб тур, ҳозир қиличимни олиб келиб, сени ўлдираман», деб, қиличини олиб келиб, мусулмонни чопгунича у сеҳрлангандек тураверган ҳоллари ҳам бўлган.

Баъзи вақтларда бир мўғил аёл бир тўп мусулмон эркакни ўлдириб бўлгунича ҳаммалари лол бўлиб, қараб тураверганлар.

Кўпчилик мусулмонлар мўғилларни қиёматдан олдин пайдо бўладиган яъжуж-маъжужларга ўхшатиб, қиёмат қоим бўлиши яқин, деб ҳам ўйлаганлар.

Аммо Қуръон ва Суннатдан бохабар Изиддин ибн Абуссалом каби уламолар, Саййид Қутуз каби аскарбошилар мусулмонлар оммасини тавба қилишга, Қуръон ва Суннатга амал қилишга, душманга қарши курашга чорлаганлар. Мусулмонлар Айни Жолут номли жойда мўғилларга биринчи қақшатқич зарба берганларидан сўнг ўзларига келиб, Ислом юртларини босқинчилардан озод қилганлар. Кўпчилик мўғилларнинг ўзлари эса Исломга кириб, яхши мусулмон бўлдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари яна бир бор ўз тасдиғини топиб, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган башорат мўъжизаси намоён бўлди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари ҳақ:

«Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди».

Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз:

1. Исломни яхши англаб, фақиҳ бўлишга тарғиб.

2. Исломда фақиҳ бўлиш – Аллоҳнинг яхшилиги эканлиги.

3. Ислом уммати қиёматгача Аллоҳнинг амрида қоим бўлиши.

4. Ислом умматига ҳеч ким зарар етказа олмаслиги.

Ҳозирги ҳаётимизда бу ҳадиси шариф ҳикматига жуда муҳтожмиз.

Нима учун ичимизда динимиз ҳукмларини дақиқ тушунувчи кишиларимиз йўқ даражада?

Нима учун орамизда Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилган одамлар йўқ даражада?

Ёки биз учун Аллоҳ яхшиликни ирода қилишининг кераги йўқми?

Ёки Ислом аҳкомларини дақиқ ва аниқ тушунишнинг зарурати йўқми?

Бу чидаб бўлмайдиган даражадаги ачинарли ҳолдир. Агар биз ўзимизни мусулмон ҳисобласак, Аллоҳдан, қиёмат кунидан умидвор бўлсак, Исломни яхши тушунишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Аллоҳ таоло яхшиликка ирода қилган кишилардан бўлишга уринмоғимиз лозим.

 

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Асмо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб .Биримизнинг кийимига ҳайзнинг давоми...

1019 19:00 / 17 июль
Бу илмий иш қандай олиб борилганини яхшироқ тушуниб, тузукроқ англаб етиш учун оддий ва содда мисолдан сўз бошлай қолайлик. Бунинг учун Қуръондан кейинги энг давоми...

6597 11:29 / 17.10.2018
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Эй болам, агар эртаюкеч бировга нисбатан қалбингда ғиллу ғаш бўлмаслигига қодир давоми...

3319 14:00 / 19.05.2021
Ҳазрати Умар ўз халифаликлари даврида кўплаб ислоҳотлар, янгиликлар қилдилар. Мусулмонларнинг Байтулмолларини таъсис этдилар. Басра ва Куфа шаҳарларини давоми...

4700 17:00 / 22.07.2019