Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (221-дарс) Ислом динининг афзаллигини қаранг!

19:00 / 08.03.2023 2521 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا اسْتَيْقَظَ أَحَدُكُمْ مِنْ نَوْمِهِ فَلَا يُدْخِلْ يَدَهُ فِي الْإِنَاءِ حَتَّى يَغْسِلَهَا ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، فَإِنَّ أَحَدَكُمْ لَا يَدْرِي أَيْنَ بَاتَتْ يَدُهُ أَوْ أَيْنَ كَانَتْ تَطُوفُ يَدُهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

214. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирортангиз уйқусидан уйғонса, қўлини уч марта ювмасдан туриб, уни идишга солмасин. Чунки ҳеч бирингиз қўли қаерда тунаганини билмайсиз ёки қўлингиз қаерда айланганини билмайсиз», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадисда уйқудан туриб, таҳорат қилмоқчи бўлган одам таҳорат қилишдан олдин суви бор идишни энгаштириб ёки бирорта кичик идиш билан ундаги сувдан олиб, уч марта қўлини ювиб ташлаши суннат экани баён қилинмоқда. Шу билан бирга, бу иш қандай ҳикматга биноан жорий қилингани ҳам баён этилмоқда. Уйқудаги одам қўли қаерларга борганини, нималарни ушлаганини идрок эта олмайди. Эҳтимол, нопок нарсаларни ушлаган бўлиши мумкин. Бинобарин, биринчи сувга уриладиган аъзо қўл экани ва бошқа аъзоларини у билан ювадиган бўлгани учун аввал қўлини ювиб олгани маъқул. Шу мулоҳазага биноан, нафақат уйқудан турган одамга, балки ҳар бир таҳорат қилувчига аввал қўлини уч марта ювиб олиши тавсия қилинади.

Ҳанафий мазҳаби уламолари поклиги гумон бўлган нарсани уч марта ювиш зарурлигини мана шу ҳадисдан олганлар.

عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا صَلَاةَ لِمَنْ لَا وُضُوءَ لَهُ، وَلَا وُضُوءَ لِمَنْ لَمْ يَذْكُرِ اسْمَ اللهِ عَلَيْهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمذِيُّ.

 215. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Таҳорати йўқнинг намози йўқ. (Таҳоратда) «Бисмиллаҳ»ни зикр қилмаган одамнинг таҳорати йўқ», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу бу ҳадиснинг зоҳирий маъносини олиб, «Бисмиллаҳни айтмаган одамнинг қилган таҳорати таҳорат бўлмайди», деганлар.

Бошқа уламолар эса «Бу ҳадиси шарифдаги «Бисмиллаҳни зикр қилмаган одамнинг таҳорати йўқ» дейилгани «таҳоратининг камоли йўқ» дегани», дейдилар. Бу араб тили қоидаларида, хусусан, ҳадиси шарифларда бор нарса.

Мисол учун, «масжиднинг қўшнисига масжиддан бошқа жойда намоз йўқ» деган ҳадис «масжиддан бошқа жойдаги намози комил бўлмайди» дегани экани ҳаммага маълум.

Шунга биноан, «Бисмиллаҳ»ни айтмай таҳорат қилган одамнинг таҳорати комил бўлмайди, савоби тўлиқ бўлмайди. Уламоларимиз «Агар таҳоратнинг аввалида «Бисмиллаҳ»ни айтиш унутиб қўйилса, эслаган вақтда айтилади», дейдилар.

عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَوْلَا أَنْ أَشُقَّ عَلَى أُمَّتِي لَأَمَرْتُهُمْ بِالسِّوَاكِ مَعَ كُلِّ وُضُوءٍ. رَوَاهُ مَالِكٌ وَالْبُخَارِيُّ.

216. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар умматимга машаққат бўлмасин, демаганимда, уларни ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этар эдим», дедилар».

Молик ва Бухорий ривоят қилганлар.

«Мисвок қилиш» деб ишлатилаётган истилоҳ биздаги тишни ишқалаб ювиш маъносидадир. Ўша вақтда тиш маълум бир буталарнинг, аниқроғи, арок номли бутанинг учи юмшатилган новдалари билан тозаланган.

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига машаққат бўлишини мулоҳаза қилганлари учунгина ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этмаганларини таъкидлашларидан бу ишга қанчалик аҳамият берилганини билиб олиш мумкин.

Fарблик олимларнинг таъкидлашларича, дунё тарихида кишиларни тишни тозалаб юришга биринчи бўлиб амр қилган инсон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.

Ҳа, Ислом дини ҳали ҳеч ким тиш ювиш нима эканини билмасидан аввал мусулмонларнинг тишларини тозалаб юришларини суннати муаккадага айлантириб қўйган эди.

Уламоларимиз «Таҳорат қилган одам мисвок қилмоғи суннати муаккада», деганлар.

Баъзилар бу ишни мустаҳаб, деганлар. Аммо нима бўлса ҳам, уни қилишга ундаганлар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо мисвок қилар эдилар. Вафотлари олдидан ҳам мисвок қилиб турганлари маълум ва машҳур.

Мисвок кўпроқ арок дарахти шохларидан олинганлиги учун олимлар ўша дарахт шохларини кимё­вий таҳлил қилиб кўрдилар. Диққат билан олиб борилган кенг кўламдаги илмий ишлардан сўнг ўша дарахтдаги мавжуд моддалар ҳозирги мавжуд тиш маъжунларининг (тиш ювиш воситаларининг) ҳаммасидан кўра тиш ва соғлик учун фойдалироқ экан, деган хулосага келдилар.

Ҳозирга келиб, баъзи ширкатлар арок дарахтидан фойдаланиб, тиш маъжуни (пастаси) ишлаб чиқардилар. Бу ҳам ҳадиси шарифнинг илмий мўъжизаси ҳисобланади.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: السِّوَاكُ مَطْهَرَةٌ لِلْفَمِ مَرْضَاةٌ لِلرَّبِّ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالشَّافِعِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.

     217. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мисвок оғизни покловчи ва Роббни рози қилувчидир», дедилар».

Бухорий, Шофеъий ва Насоийлар ривоят қилганлар.

Ҳадисда айтилганидек, мисвок оғизни покловчидир. Оғизни пок тутиш инсон соғлиги учун қанчалик зарур эканини ғайримусулмонлар эндигина тушунишди. Таом еган, турли ичимликлар ичган одамнинг оғзида, тишлари орасида қолган чиқиндилар ўз вақтида тозалаб турилмаса, беморлик ва зарарга сабаб бўлиши энди ҳаммага маълум.

Шу билан бирга мисвок:

«Роббни рози қилувчидир».

Яъни, ким мисвок қилса, тозаликка риоя қилганлиги, дин – шариатнинг амрини амалга оширганлиги, мисвок қилиш ибодатини адо этганлиги учун Аллоҳ таоло ундан рози бўлар экан.

Ислом динининг афзаллигини қаранг, инсоннинг ўзи учун ўта фойдали ишни, соғлиги учун керакли ва ҳусни-жамоли учун зарур бўлган нарсани бир йўла Аллоҳ таолони рози қиладиган иш қилиб қўйибди. Шариатнинг амрини бажарадиган мусулмонни ҳам соғлик-саломатлигини яхшилаб, ҳам ажру савоб оладиган қилиб қўйибди. Бу ҳолат дунёдаги ҳеч бир тузумда ёки динда йўқ.

Энди бу нарсага ҳаётимизда қандай муносабатда эканимизга бир назар солайлик.

Ҳамма мусулмон ҳам ўз вақтида таҳорат қиладими?

Ҳамма таҳорат қилганлар ҳам мисвок қиладиларми?

Қилишса, мисвок оғизни покловчи, Роббни рози қилувчи эканини англаган ҳолда қиладиларми?

Афсуски, йўқ.

Мисвокнинг ҳақиқатини, ҳадиси шарифдаги руҳини тўла ва тўғри тушунган ҳолда унга амал қилаётганларимиз жуда оздир.

Баъзиларимиз арокдан ёки бошқа дарахтдан мисвок қилиб, уни ёнимиздан қўймай, олиб ҳам юрамиз. Ҳар таҳоратда мисвок ҳам қиламиз. Мисвок деганда, шунчаки ўша чўпни тишга теккизиб қўйиш, деб тушунамиз. Шунинг учун ҳам ҳар таҳоратда мисвок қилсак ҳам тишларимиз сарғайиб юради. Мисвокимиздан ҳадисда кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди.

Баъзи бирларимиз мисвок қиламиз, қилганда ҳам, яхшилаб, замонавий воситаларни ишга солиб қиламиз. Тишларимизни иложи борича ялтиратишга уринамиз. Лекин бу ишни ибодат учун, Роббни рози қилиш учун эмас, урфни деб, чиройли бўлишни кўзлабгина қиламиз.

Ушбу ҳадиси шарифга тўлиқ амал қиладиган бўлсак, биз, мусулмонлар дунёдаги энг оғзи пок, тиши энг тоза ва чиройли, ўзи энг соғ ва бу ишлари учун Аллоҳ таолонинг розилигини олган кишилар бўламиз. Шунинг учун ҳаракат қилайлик.

وَعَنْهَا قَالَتْ: كَانَ نَبِيُّ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَسْتَاكُ فَيُعْطِينِي السِّوَاكَ لِأَغْسِلَهُ، فَأَبْدَأُ بِهِ فَأَسْتَاكُ، ثُمَّ أَغْسِلُهُ وَأَدْفَعُهُ إلَيْهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

218. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мисвок қилар ва мисвокни ювишим учун менга берар эдилар. Мен дарҳол аввал ўзим мисвок қилар ва сўнгра уни ювиб, у зотга берар эдим».

Абу Довуд ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо мисвок борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир одатларини баён қилмоқдалар. Бу кўпроқ оилавий шароитдаги ҳолат бўлиб, уни айнан Оиша онамиз ривоят қилишлари жуда ҳам табиийдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак оғиз ва тишларини тозалаб бўлганларидан кейин тиш тозалагични (мисвокни) ювиб қўйишни йўлга қўйган эканлар. Бу ҳам шахсий покизалик ишларида ўта муҳимдир. Инсон тишини ва оғзини тозалаганида унга оғиздаги нарсалар илашади. Ана шу нарсалардан мисвокни тозалаб қўйиш керак. Чунки улар мисвокда қолмагани маъқул.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мисвок қилиб юрганлари.

2. Эр ўз хотинига шахсий тозаликка доир ишларни буюриши.

3. Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган чексиз муҳаббат ва ҳурматлари. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан мисвокни олиб, ўзлари мисвок қилгач, дарҳол уни ювиб қўйишлари шунга далилдир.

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли нарсани табаррук билиш.

5. Эгаси рози бўлса, бировнинг мисвоги ила мисвок қилиш мумкинлиги.

6. Мисвок қилгандан сўнг уни ювиб қўйиш. Шунингдек, мисвокни ишлатишдан олдин ҳам бир ювиб олиш.

Биз, мусулмонлар бу таълимотларга оғишмай амал қилмоғимиз, фарзандларимизни ҳам шу руҳда тарбияламоғимиз зарур.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Биздан бир нарсани эшитиб, уни худди эшитганидек қилиб етказган одамни Аллоҳ давоми...

3204 16:00 / 02.02.2022
Ислом арконлари 12тавсия Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиққан эдим. Бир куни давоми...

12304 17:00 / 08.04.2016
... . .Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Уч нарса иймоннинг аслидандир .Лаа илааҳа иллаллоҳ, деган кимсага давоми...

4118 13:14 / 30.09.2020
. . Сулаймон ибн Бурайда раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади, у ўз отасидан ривоят қилади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ куни давоми...

2060 19:00 / 18.05.2023