Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (225-дарс) Таҳорат инсонни гўзал қилади

19:00 / 06.04.2023 2652 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

قَالَ اللهُ تَعَالَى:  ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡﭢ

Аллоҳ таоло:

«Эй, иймон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсаларингиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар. Бошларингизга масҳ тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар», деган (Моида сураси, 6-оят).

Таҳоратнинг фарзлиги шу ояти каримадан олинган. Ҳанафий мазҳаби уламолари таҳоратда тўртта фарз борлигини ҳам шу оятдан олганлар. Улар қуйидагилардан иборат:

1. Юзни ювиш.

2. Қўлларни чиғаноқлари билан қўшиб ювиш.

3. Бошга масҳ тортиш.

4. Оёқларни тўпиқлари билан қўшиб ювиш.

Бизнинг тилимизда таҳорат деб ўрганиб қолинган маълум ва машҳур амал араб тилида «вузуъ» дейилади.

«Вузуъ» сўзи луғатда «гўзаллик» ва «ялтираш» маъноларини англатади.

Шариатда эса Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш нияти ила баъзи аъзоларни ювишга вузуъ дейилади.

Таҳорат энг аввало Аллоҳ таоло томонидан амр қилинган ибодатдир. У мусулмон инсоннинг гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлиши ҳадиси шарифларда қайд этилган. Таҳорат поклик демакдир. У инсонни гўзал қилади. Соғлом бўлишини таъминлайди ва яна бошқа кўплаб фойдалар келтиради.

عَنْ حُمْرَانَ رَضِي اللهُ عَنْهُ مَوْلَى عُثْمَانَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ عُثْمَانَ دَعَا بِوَضُوءٍ فَتَوَضَّأَ فَغَسَلَ كَفَّيْهِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، ثُمَّ مَضْمَضَ وَاسْتَنْثَرَ، ثُمَّ غَسَلَ وَجْهَهُ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، ثُمَّ غَسَلَ يَدَهُ الْيُمْنَى إِلَى الْمِرْفَقِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، ثُمَّ غَسَلَ يَدَهُ الْيُسْرَى مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ مَسَحَ رَأْسَهُ، ثُمَّ غَسَلَ رِجْلَهُ الْيُمْنَى إِلَى الْكَعْبَيْنِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، ثُمَّ غَسَلَ الْيُسْرَى مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ قَالَ: رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ تَوَضَأَ نَحْوَ وُضُوئِي هَذَا ثُمَّ قَالَ: مَنْ تَوَضَّأَ نَحْوَ وُضُوئِي هَذَا ثُمَّ قَامَ فَرَكَعَ رَكْعَتَيْنِ لَا يُحَدِّثُ فِيهِمَا نَفْسَهُ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبهِ. وَفِي رِوَايَةٍ: فَمَضْمَضَ وَاسْتَنْشَقَ وَاسْتَنْثَرَ ثَلَاثًا بِثَلَاثِ غَرَفَاتٍ مِنْ مَاءٍ. وَفِي أُخْرَى: فَمَسَحَ رَأْسَهُ ثَلَاثًا. وَفِي رِوَايَةٍ: فَمَسَحَ رَأْسَهُ فَأَقْبَلَ بِيَدَيْهِ وَأَدْبَرَ بَدَأَ بِمُقَدَّمِ رَأْسِهِ ثُمَّ ذَهَبَ بِهِمَا إِلَى قَفَاهُ، ثُمَّ رَدَّهُمَا حَتَّى رَجَعَ إِلَى الْمَكَانِ الَّذِي بَدَأَ مِنْهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Усмон розияллоҳу анҳунинг озод қилган қуллари Ҳумрон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши қуйидагиларни айтганлар:

«Усмон таҳоратга сув опкелтирди ва таҳорат қилди: икки қўлини уч марта ювди. Сўнгра оғзини чайқади ва бурнига сув олиб тозалади. Ке­йин юзини уч марта ювди. Сўнгра ўнг қўлини чиғаноғи билан уч марта ювди. Кейин чап қўлини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Сўнгра бошига масҳ тортди. Кейин ўнг оёғини тўпиқлари билан уч марта ювди. Сўнгра чап оёғини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Кейин:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни менинг шу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилганларини кўрдим», деди ва: «Ким менинг шу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб, икки ракат намоз ўқиса-ю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деб қўшиб қўйди».

Бошқа бир ривоятда:

«Бас, уч ҳовуч сув билан уч мартадан оғзини чайқади, бурнига сув олди ва бурнидан сувни чиқарди» дейилган.

Яна бошқа бир ривоятда:

«Ва бошига уч марта масҳ тортди» дейилган.

Ундан ҳам бошқа бир ривоятда:

«Бас, бошига масҳ тортди. Икки қўлини олдинга, орқага олиб бориб келди. Бошининг олд қисмидан бошлаб, уларни орқасига олиб борди. Кейин яна бошлаган жойига қайтариб келди», дейилган.

Бешовлари ривоят қилганлар.

Аввало ҳадиснинг ровийси Ҳумрон розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.

У кишининг тўлиқ исмлари Ҳумрон ибн Холид ибн Амрдир. Айни Тамр номли жойда Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуга асир тушган. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Ҳумроннинг ҳушёр ва ақл-фаросатлилигини кўриб, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга берганлар. У киши уни қулликдан озод қилиб, ўзларига котиб ва қўриқчи қилиб олганлар.

Ҳумрон розияллоҳу анҳу Ҳажжожнинг даврида Нисобурга волий бўлганлар. У киши 75 ҳижрий санада вафот этганлар.

Уламоларимизнинг айтишларича, ушбу ҳадиси шариф таҳоратнинг сифати, унинг ҳукмларини чиқариш бўйича энг асл ҳадис ҳисобланади. Чунки бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин саҳобаларидан бирлари, тўрт халифанинг учинчилари Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кўпчиликнинг олдида сув олиб келтириб, ҳаммага кўрсатма тарзида Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай қилган бўлсалар, шундай таҳорат қилганлар. Сўнгра қўшимча равишда баён этиб, таҳоратга тарғиб қилувчи сўзларни ҳам айтганлар.

Энди Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу таҳорат суви чақириб олганларидан сўнг таҳоратни қандай қилганларини бирма-бир кўриб чиқайлик:

1. «Икки қўлини уч марта ювди».

Аввал келган ҳадисларимизда уйқудан турган одам аввал қўлини ювиб олиши зарурлиги ҳақидаги амрни ўрганган эдик. Ҳазрати Усмоннинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳоратларига ўхшатиб қилган бу таҳоратларида ҳам аввал қўлларини ювиб олганликлари зикр қилинмоқда. Ҳолбуки, бу ерда уйқу ҳақида гап йўқ. Шундан уйғоқ одам ҳам таҳоратни бошлашда аввал қўлини уч марта ювиб олиши зарур эканлиги кўриниб турибди. Ҳамма уламолар бундай қўл ювишни мустаҳаб деганлар.

2. «Сўнгра оғзини чайқади».

Ҳадисдан кейин келтирилган қўшимча бир ривоятда оғизларини ҳам уч марта чайқаганликлари зикр қилинган. Таҳоратда оғизни чайқаш ҳам суннат.

3. «ва бурнига сув олиб тозалади».

Бошқа ривоятда бурунга сув олиш алоҳида, сувни қайтариб чиқариш алоҳида уч мартадан бўлганлиги зикр қилинган. Араб тилида бурунга сув олиш «истиншоқ», бурундан сув чиқариш «истинфор» дейилади. Бу икки амал ҳам суннат ҳисобланади.

4. «Кейин юзини уч марта ювди».

Таҳоратда юзни бир марта ювиш фарз. Оятдаги амрда юзни ювиш таъкидланган. Уч марта ювиш эса суннатдир.

5. «Сўнгра ўнг қўлини чиғаноғи билан уч марта ювди. Кейин чап қўлини ҳам шунга ўхшатиб ювди».

Икки қўлни чиғаноғи билан ювиш ҳам таҳоратнинг фарзларидан. Бу амални қилиш ҳам оятда буюрилган.

6. «Сўнгра бошига масҳ тортди».

Ҳазрати Усмоннинг бошларига қандай қилиб масҳ тортганликлари ҳадисда келтирилган қўшимчада батафсил баён қилинган. Яъни, икки қўлларини бошларининг олд қисмига қўйиб туриб, бошнинг орқасигача масҳ тортиб, кейин яна олд қисмига қайтариб олиб келганлар.

Бошга масҳ тортиш ҳам таҳоратнинг фарзлиги ҳақидаги оятда келганлиги учун фарздир. Бошга масҳ тортиш бир марта бўлиши ҳаммага маълум.

7. «Кейин ўнг оёғини тўпиқлари билан уч марта ювди. Сўнгра чап оёғини ҳам шунга ўхшатиб ювди».

Бу амал ҳам таҳоратнинг фарзларидан. Бошга масҳ тортишдан бошқа таҳоратнинг ҳамма амаллари уч мартадан бўлиши суннатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда кўпроқ шундай қилар эдилар.

Кейин Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менинг шу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилганларини кўрдим», деди.

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳоратни қандай қилганларини кўрдим. Ҳозир ўшандай қилиб таҳорат қилиб кўрсатдим, деб таъкидладилар.

Бундан шаръий амалларни оғзаки тушунтиришдан ташқари, амалий равишда кўрсатиб, таълим бериш ҳам зарурлиги  келиб чиқади.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг мазкур таҳоратларини қанча одам кўрган бўлса, ҳаммаси яхшилаб ўрганган ва ривоят қилган, китобларга ёзилган. Мана, ҳозиргача таҳорат бўйича асосий қўлланмалардан бири бўлиб келмоқда.

Демак, ким худди шу ҳадисда васф қилинганига ўхшатиб таҳорат қилса, айнан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаб таҳорат қилган бўлади.

Шундан сўнг Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу:

«Ким менинг шу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб, икки ракат намоз ўқиса-ю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деб қўшиб қўйдилар.

Албатта, Усмон розияллоҳу анҳу бу гапларни ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганлар. Таҳоратдан кейин ихлос билан икки ракат намоз ўқиш ҳам қўшилмоқда. Ўша икки ракат намоз давомида кўнгилдан дунёнинг ишларидан бирортаси ҳам ўтмаслиги кераклиги таъкидланмоқда. Бу таҳоратнинг ва намознинг қанчалик фазилатли амал эканлигини кўрсатиб турибди. Албатта, бунда кечириладиган гуноҳлар Аллоҳнинг ҳаққига боғлиқ кичик гуноҳлардир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Каримнинг исмларидан бири .Китоб,дир. Шаръий манбаларда, мисол учун фиқҳ, ҳадис ва бошқа илмлардаги баҳсларда .Китоб, дейилса, Қуръони Карим давоми...

4905 16:40 / 03.02.2021
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган,, дедилар,.Бешовлари давоми...

21196 23:00 / 06.05.2017
Имом, ҳофиз, шайхулислом Аҳмад ибн Шуъайб ибн Али ибн Синон ибн Баҳр ибн Динор Абу Абдуллоҳ Хуросоний Насаий ҳижратнинг 215 йилида Хуросоннинг шаҳарларидан бири давоми...

5143 13:50 / 01.05.2019
. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан.Қайси амал афзал, деб сўралди..Аллоҳга ва Унинг давоми...

7403 13:40 / 29.01.2020