1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Набий алайҳиссалом пешин ва аср намозларида қироат қилган суралар | Ҳадис дарслари (326-дарс)

19:00 / 30 апрель 1070 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ جَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَقْرَأُ فِي الظُّهْرِ وَالْعَصْرِ بِالسَّمَاءِ وَالطَّارِقِ، وَالسَّمَاءِ ذَاتِ الْبُرُوجِ وَنَحْوِهِمَا مِنَ السُّوَرِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешин ҳамда Асрда «Вас-самаи ват-ториқ», «Вас-самаи затил буруж» ва шунга ўхшаш суралардан қироат қилар эдилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ҳадиси шарифнинг ровийcи Жобир ибн Самура билан танишайлик:

Жобир ибн Самура ибн Жанода ас-Сувоий, кунялари Абу Ҳомид. Саъд ибн Абу Ваққоснинг Холида исмли сингилларининг ўғли. Бани Зуҳра қабиласининг бошлиқларидан бўлганлар. Ўзлари ва оталари Расулуллоҳнинг суҳбатларида бўлганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 146та ҳадис ривоят қилганлар.

Бу кишидан Шаъбий, Омир ибн Саъд ибн Абу Ваққос, Тамим ибн Тарафа ат-Тоий, Абу Исҳоқ Сабиий, Абу Холид Волибий, Саммок ибн Ҳарб, Ҳусайн ибн Абдурраҳмон, Абу Бакр ибн Мусо ва бошқалар ривоят қилганлар. Бу зот ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар.

Жобир ибн Самура Куфада яшадилар. Ироқда Башир ибн Марвон волийлик қилган даврда, ҳижратнинг 74-йили вафот этдилар.

Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешин ва Аср намозларининг аввалги икки ракъатида Фотиҳа сурасидан кейин мазкур икки сурани ҳар ракъатга биттадан ёки шу суралар ҳажмидаги бошқа суралардан ўқиганлар.

Қолган икки ракъатда фақат Фотиҳа сураси ўқилган, зам сура қилинмаган.

وَعَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقْرَأُ فِي الظُّهْرِ بِاللَّيْلِ إِذَا يَغْشَى، وَفِي الْعَصْرِ نَحْوَ ذَلِكَ، وَفِي الصُّبْحِ أَطْوَلَ مِنْ ذَلِكَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ.

 Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешинда «Вал Лайли иза яғша»ни қироат қилар эдилар. Асрда ҳам шунга ўхшашини қироат қилар эдилар. Бомдодда эса ундан узунроғини қироат қилар эдилар».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ривоят ҳам олдингиларни тасдиқлаб келмоқда. Фақат суранинг номи бошқа. Хулоса шуки, Пешин ва Аср намозларидаги қироатнинг узунлиги бир хил бўлиб, мазкур суралар ёки ўша суралар ҳажмидаги бошқа суралар зам сура қилинади. Бомдодда эса қироат узун бўлади.

وَعَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَقْرَأُ فِي الظُّهْرِ بِسَبِّحِ اسْمَ رَبِّكَ الْأَعْلَى، وَفِي الصُّبْحِ بِأَطْوَلَ مِنْ ذَلِكَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешинда «Саббиҳисма Роббикал аъла»ни қироат қилар эдилар. Бомдодда ундан узунроғини қироат қилар эдилар».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят этилган бу ҳадисларда зикр қилинган суралар бир-бирига яқин ҳажмда бўлиб, Ҳужурот сурасидан бошланадиган «Авсотул муфассал» деб аталувчи суралар тўпламига киради.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Нифос кўрган аёллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қирқ кун ўтирар давоми...

2687 19:00 / 21.10.2023
Умму Кулсум бинти Уқба ибн Абу Муъайт розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг.Одамларнинг орасини ислоҳ қилувчи одам давоми...

4769 05:00 / 06.03.2017
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси давоми...

28949 17:04 / 08.01.2017
Илм талабининг фазилати 3тавсия Қабиса ибн Мухориқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордим. У зот .Эй давоми...

6237 05:00 / 28.02.2017