1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Расулуллоҳнинг ҳаётларидан лавҳалар (11-қисм)

02:37 / 16.03.2017 7084 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганиш)

11-қисм 

АХЛОҚ 

(Давоми) 

ТИЛИНГНИ, ҚАЛБИНГНИ ВА КЎЗИНГНИ САҚЛА!

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб сўради:

– Эй Аллоҳнинг расули! Бир ой рўза тутаман, бошқа зиёда қилмайман. Беш маҳал намоз ўқийман, ундан орттирмайман. Молимдан Аллоҳ таоло йўлида садақа ва эҳсоним ҳам йўқ. Мен вафот қилсам, қаерда бўламан?

– Жаннатда! – дедилар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Сиз биланми, эй Аллоҳнинг расули?! – сўради у.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар ва:

– Ҳа, мен билан бўласан! Агар қалбингни икки нарсадан – кин ва ҳасаддан сақласанг, тилингни икки нарсадан – ғийбат ва ёлғондан сақласанг, кўзингни икки нарсадан – Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсадан ва мусулмонни пойлашдан сақласанг, ўша икки хотиржамлик ила мен билан жаннатга кирасан, – дедилар.

 

ЭРИГА ЯХШИ ХОТИН БЎЛИШЛИК

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоб билан ўтирган эдилар. Шунда Асмо бинти Язид исмли ансория аёл келиб қолди ва сўз бошлади:

– Эй Аллоҳнинг расули! Ота-онам сизга фидо бўлсин. Мен аёлларнинг сизга вакилиман. Шубҳасизки, Аллоҳ азза ва жалла сизни бира тўла эркакларга ҳам, хотинларга ҳам жўнатган. Сизга ва Аллоҳга иймон келтирдик. Бизлар чегараланган ва чекланган, уйларингизда ўтиргувчи, шаҳватларингизни қондиргувчи ва фарзандларингизни кўтаргувчи аёллар жамоасимиз. Сизлар эса эркаклар жамоасисиз. Бизлардан жамоатда, касалларни зиёрат қилишда, жанозаларга қатнашишда, ҳаждан сўнг яна ҳаж қилишда афзал бўлдингиз. Қачон сиз эркаклар ҳаж ёки умрага чиқсаларингиз, молларингизни муҳофаза қиламиз, кийимларингизни тикиб берамиз, фарзандларингизни тарбиялаймиз. Шундай экан, биз ҳам сизларга ўша савобларда шерик бўлмаймизми?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига юзларини буриб, ўгирилиб қарадилар ва сўрадилар:

– Динининг ишлари бўйича чиройли савол берган аёлни эшитдиларингизми?

– Эй Аллоҳнинг расули! Хотин киши бунча нарсага эришади, деб ўйламаган эдик, – деб жавоб берди асҳоб.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлга юзландилар ва жавоб бердилар:

– Эй аёл, фаҳмлаб ва билиб ол! (Сен ва) ортингдаги аёллар! Хотин кишининг эрига чиройли рафиқа бўлиши, унинг розилигини исташи, мувофиқотларига эргашиши ўшаларнинг ҳаммасига тенг бўлади.

Аёл шод бўлиб чиқиб кетди.

 

СЕН УНИ ТАНИМАС ЭКАНСАН

Ҳазрат Умар ибн Хаттобнинг ҳузурларига бир киши келиб, бошқа одамни мақтади.

– Сен унинг кириш-чиқишини яхши биладиган яқин қўшнисимисан? – деб сўрадилар Умар розияллоҳу анҳу.

– Йўқ, – деди у киши.

– Сен унинг гўзал ахлоқига далолат қилувчи сафарида ҳамроҳи бўлганмисан?

– Йўқ, – деди яна у.

– Кишининг тақвосини кўрсатувчи динор ва дирҳамлари муомаласида бўлганмисан?

– Йўқ.

– Ўйлашимча, сен унинг масжидда овозини баланд қилиб, бошини гоҳ тушириб, гоҳ кўтариб Қуръон ўқиб турганини кўрган бўлсанг керак? – сўрадилар Умар розияллоҳу анҳу.

– Ҳа, – деди у.

– Бор, сен танимас экансан уни, – дедилар ҳазрат Умар.

 

ЭЙ АБУ БАКР, АЛЛОҲ СИЗНИ МАҒФИРАТ ҚИЛСИН!

Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан Робиъа Асламий ўрталарида гап ўтиб қолиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ёмонроқ сўз айтиб юбордилар. Кейин надомат қилиб:

– Эй Робиъа, айтган сўзимни ўзимга қайтариб айт, токи қасос бўлсин! – дедилар.

– Ундай қилмайман! – деди Робиъа.

– Ё айтасан, ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳимоя сўрайман! – дедилар саййидимиз.

– Барибир айтмайман! – қайтарди яна у.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига йўл олдилар. Ортларидан Робиъа ҳам йўлга тушди. Бир неча мусулмонлар келиб айтишди:

– Аллоҳ Абу Бакрга раҳм қилсин! У сенга нима деса – деб бўлди.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг тарафини олармиди?!

– Биласизларми, бу ким? Бу – Абу Бакр Сиддиқ! У ғордаги икки кишининг бири. У мусулмонларнинг муҳтарами. Сизлар менга илтифот қилманглар! У менинг тарафимни олаётганларингизни кўриб қолиб, ғазаби чиқса ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борса, у зот ҳам унинг ғазаби учун ғазаблансалар, уларнинг ғазаблари учун Аллоҳ азза ва жалла ҳам ғазаб қилса, Робиъа ҳалок бўлади! – деб жавоб берди Робиъа.

– Унда нимага буюрасан?

– Қайтинглар!

Абу Бакр ортларидан Робиъа ўзи ёлғиз борди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, бўлган гапни айтиб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак бошларини кўтариб:

– Эй Робиъа, сенга нима бўлди? (Бу) Сиддиқ бўлса! – дедилар.

– Эй Аллоҳнинг расули! Шундай-шундай бўлди. Менга ўзим ёқтирмаган сўзни айтиб, «Мен сенга қандай айтган бўлсам, сен ҳам айт, токи қасос бўлсин», деди. Мен унамадим, – деди у.

– Тўғри қилибсан. Унга қайтарма! Лекин «Эй Абу Бакр, Аллоҳ сизни мағфират қилсин», деб айт, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Эй Абу Бакр, Аллоҳ сизни мағфират қилсин, – деди у.

Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу йиғлаганча ортларига қайтиб кетдилар.

 

ҲАРОМ МОЛ ЕГАННИНГ ЖАЗОСИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Абу Нофеъ ривоят қиладики, у зот алайҳиссалом аср намозини ўқиганларидан сўнг Авс ансорларидан Бану Ашҳалга бориб, улар билан суҳбатлашар ва яна шомгача қайтиб келишга шошилар эдилар. Иттифоқо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтаётиб, Мадинадаги мусулмонлар дафн қилинадиган Бақиъ қабристонига етганларида у зот алайҳиссалом: «Туф сенга! Туф сенга!» дедилар. Абу Нофеъ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу сўзларни эшитишга тоқат қила олмади.

«Мен секинроқ юриб, орқароқда қолдим, – дейди у. – Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Сенга нима бўлди? Юр тезроқ! – деб қолдилар.

– Бирор нарса рўй бердими, эй Аллоҳнинг расули? – дедим.

– Нега ундай (деяпсан)? – деб сўрадилар.

– Менга «Туф!» дедингиз-ку!

– Йўқ. Лекин бу фалончининг қабри. Уни фалон қабилага чопар қилиб юборган эдим, у хиёнат қилди. Ўзи учун жун матодан кийим олди. Энди ўшанинг мислича олов сипқормоқда, – дедилар Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам».

 

САЪЛАБА ИБН ҲОТИБ

Саълаба ибн Ҳотиб ал-Ансорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида доимо масжидда бўлганидан «Масжиднинг каптари» деб ном олган эди. У дунё тирикчилигидан танг аҳволда қолди. Ризқи торлиги уни мағлуб қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Аллоҳ таолога юзланиб, унинг ризқини кенг қилишини сўраб беришликни илтимос қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга шундай жавоб қилдилар:

– Шўринг қурғур, эй Саълаба! Сен шукр қиладиган оз нарса тоқатинг етмайдиган кўпдан яхшироқдир.

У эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёлворди ва агар Аллоҳ унга мол-дунё берса, ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини адо қилишликни бўйнига олишга аҳд этганини изҳор қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига дуо қилдилар.

Аллоҳ таоло дуони ижобат этди. Саълабанинг мол-дунёси кўпайди. Масжидга бир маҳал келса, бир маҳал келмайдиган бўлиб қолди. Мол-дунёси тобора ортганидан шаҳар унга торлик қилиб қолди. Намозни тарк этди. Унинг бойлиги Раббисини эслашни ҳам унутдириб қўйди.

Қуръони каримда закот фарзлиги ҳақида оят нозил бўлди:

خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِم بِهَا وَصَلِّ عَلَيْهِمْ إِنَّ صَلاَتَكَ سَكَنٌ لَّهُمْ وَاللّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ

 

«Уларнинг молларидан садақани ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан ва уларнинг ҳаққига дуо қил. Албатта, сенинг дуоинг улар учун сокинликдир. Аллоҳ эшитгувчи ва билгувчи Зотдир» (Тавба сураси, 103-оят).

Саълабанинг мол-дунёси кўпайганига йил тўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг молидан Аллоҳнинг ҳаққини талаб қилиб вакил юбордилар. Элчи Саълабанинг ёнига келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг топшириқларини етказганда Саълабага дунё тор кўриниб кетди.

– Бу жизя-ку! – деб аҳдини унутди у ва ваъдасига хилоф қилди.

Қуръонда Саълаба маҳшаргача мунофиқлар қаторида бўлиши ҳақида оят нозил бўлди:

 وَمِنْهُم مَّنْ عَاهَدَ اللّهَ لَئِنْ آتَانَا مِن فَضْلِهِ لَنَصَّدَّقَنَّ وَلَنَكُونَنَّ مِنَ الصَّالِحِينَ * فَلَمَّا آتَاهُم مِّن فَضْلِهِ بَخِلُواْ بِهِ وَتَوَلَّواْ وَّهُم مُّعْرِضُونَ * فَأَعْقَبَهُمْ نِفَاقاً فِي قُلُوبِهِمْ إِلَى يَوْمِ يَلْقَوْنَهُ بِمَا أَخْلَفُواْ اللّهَ مَا وَعَدُوهُ وَبِمَا كَانُواْ يَكْذِبُونَ

 

«Улардан «Агар У Зот Ўз фазлидан берса, албатта, садақа қиламиз ва, албатта, аҳли солиҳлардан бўламиз», деб Аллоҳга аҳд берувчилар бор. У Зот Ўз фазлидан берган чоғда эса бахиллик қилиб, юз ўгириб, орқага қараб кетарлар. Бас, Аллоҳга берган ваъдаларига хилоф қилганлари ва ёлғон гапирганлари учун Унга рўбарў бўладиган кунгача қалбларида нифоқни оқибат қилиб қўйди» (Тавба сураси, 75–77-оятлар).


ИСЛОМИЙ АДОЛАТ ВА ОЛИЙЖАНОБЛИК

Сайфуллоҳ – Холид ибн Валид қўмондонлик даврида Химс фатҳ қилинди. У жойга адолат ва инсоф ила ҳукм қилувчи волийлар тайинланди. Химслик насронийлардан адолат билан жизялар олинди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан у ерда қолган волийга Рум лашкари жамланиб, насронийларни мусулмонларнинг қўлидан озод қилиш учун Химс томон юриш бошлаганининг хабари келиб қолди. Ҳарбий қўмондон кенгаш ўтказди. Душман лашкари мусулмонларга нисбатан жуда ҳам катта миқдорда ортиқлигини ҳисобга олиб, хатарда қолмаслик учун кўпчиликнинг фикри ва таклифи билан чекиниб туришликка қарор қилинди.

Қўмондон насронийларнинг катталарини чақиртирди ва уларга шундай деди:

– Биз кечагина жонларингизни муҳофаза қилиш, молларингизни асраш ва осойишталигингизни сақлаш учун сизлардан жизя олган эдик. Энди эса кутилмаганда душман лашкари биз томон бостириб келмоқда. Улар билан жанг қилишга бизнинг имконимиз йўқлигидан чекинишга азм қилдик. Шунинг учун сизларнинг тўлаган жизяларингизни қайтариб бермоқчимиз.

Химс насронийлари жавоб беришди:

– Эй қўмондон! Биз ўтган қисқа вақт мобайнида сизларнинг олийжаноблигингиз ва адолатингизни кўрдик. Румнинг эса илгари кўп жабру жафолари ва зулмларига дуч келганмиз. Сизларнинг адолат ва олийжаноблигингиз бизлар учун Румнинг жабру зулмидан кўра яхшироқдир. Эй қўмондон! Сизни сабр қилиш ва улар билан уруш қилишга чақирамиз. Биз сизлар ила елкама-елка бўлиб, бор қувватимиз билан душманга қарши жанг қиламиз! Тирик қолсак, мусулмонларнинг адолати соясида қоламиз. Ўлсак, Раббимизга қайтажакмиз!

Шундай қилиб, исломий адолат ва олийжаноблик шарофати ўлароқ, Химс насронийлари мусулмонлар билан бирга Румларга қарши жангга киришди.

ЗАРАРКУНАНДА

Ансорийлардан бирининг ҳовлисида бошқа одамнинг хурмоси бор эди. Хурмо унга жуда кўп халақит берар ва ундан ўз ҳовлисида анча зарар кўрар эди. Хурмонинг эгасидан уни сотишликни сўради, кўнмади. Кўчириб олишликни ёки ўрнига бошқа хурмони алмаштиришликни айтди, бўлмади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб, ҳолатни сўзлаб берди. Пайғамбар алайҳиссалом хурмонинг эгасидан хурмони сотишини талаб қилдилар, кўнмади. Кўчиришни қатъий сўрадилар, рози бўлмади.

– Ундай бўлса, бунга совға қил, сенга шундай-шундай нарсалар бўлади, – дедилар. (Чамаси, жаннатдаги маконлардан сўз кетган бўлса керак. Валлоҳу аълам.) Унга ҳам кўнмади.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

– Сен зараркунанда экансан! – дедилар-да, ансорийга ўша хурмони кесиб ташлашни буюрдилар.

ТОРТИШУВНИ БАС ҚИЛИНГ!

Улуғ саҳобийлардан бири айтадилар: «Бизлар дин ишлари ҳақида тортишиб ўтирган эдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб қолдилар. Бизларни кўриб шундай қаттиқ ғазабландиларки, ҳеч ҳам бунчалик ғазабланмаган эдилар. Сўнг бизларни тўхтатдилар-да, насиҳат қилдилар:

– Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уммати! Сизлар шу нарсага буюрилганмисизлар?! Сизлардан аввалгилар худди шунга ўхшаш нарса билан ҳалок бўлган эди. Тортишувни бас қилинглар, унда билим кам ҳосил бўлади. Тортишувни бас қилинглар, чунки киши (тортишганда бирибир) тан олмайди. Тортишувни бас қилинглар, чунки тортишгувчи бутунлай мағлуб бўлғусидир. Тортишувни бас қилинглар, тортишув давомийлигидан гуноҳликка кифоя қилади. Тортишувни бас қилинглар, чунки мен тортишгувчини қиёмат кунида шафоат қилмайман. Тортишувни бас қилинглар, чунки менга Раббим бутларга ибодат қилишдан кейин энг аввалги қайтарган нарсаси тортишувдир! Инсонларнинг ичида Аллоҳ энг ёмон кўргани ашаддий тортишгувчидир!

МЕҲНАТДА БАРАКА БОР

Али ибн Абу Толиб саҳар тонгда бола-чақаларига егулик топиш учун иш излаб чиқдилар. Лой қориш учун қудуқдан сув ташигани ишчи излаб юрган аёлга тўғри келдилар. Ишни маъқул кўриб, бир пақир сувга бир донадан хурмога келишиб, ишга рози бўлдилар.

Натижада йигирма дона хурмога яраша ишладилар. Аёлдан меҳнат ҳаққини олиб, уйга қайтаётган эдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учраб қолдилар ва ёнидаги нарса нималигини сўрадилар.

– Бу – хурмо! Лайф арқонда қудуқдан сув тортиш эвазига топган хизмат ҳаққим! Қўлларим қавариб кетди, – дедилар секингина ҳазрат Али розияллоҳу анҳу.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг қўлларини силаб, уқалаб қўйдилар. Сўнг юзларини сийпалаб туриб:

– Бу қўлларга Аллоҳ барака берсин! – деб дуо қилдилар ва яна: – Эй Али, хурмодан менга ҳам дориликка бир дона бер, – дедилар.

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг 

«Қабасотун  мин ҳаётир Расул» 

китобидан Асака туман бош имом-хатиби 

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у зотнинг завжаларидан бири эътикоф ўтирди. У аёл сарғиш ва давоми...

1687 19:00 / 08.11.2023
. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан.Қайси амал афзал, деб сўралди..Аллоҳга ва Унинг давоми...

7406 13:40 / 29.01.2020
. . . . . Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

1483 19:00 / 17 январь
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг байъатини .ва Аллоҳга ҳеч нарсани ширк давоми...

3731 13:30 / 27.01.2021