1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Суннат тарихи

17:23 / 08.01.2017 4188 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Суннат Қуръони Карим билан чамбарчас боғлиқ эканини аввалроқ таъкидлаб ўтгандик. Шунингдек, Суннатнинг тарихи ҳам, Қуръони Карим ва Ислом тарихи билан бирдир. Биз эса суннатни илм сифатида шаклланиши тарихидан бошлаб ўрганамиз.
Аллоҳу таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Каримнинг биринчи оятларини нозил қилиб, У зотни охирги Пайғамбар, деб эълон қилди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига иймон келтирмаган одам мўмин бўла олмаслиги узил-кесил ошкор бўлди. Мўминларнинг У зотга эргашишлари ва иқтидо қилишлари лозиму лобуд бўлди. Юқорида зикр қилинганидек, бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қайта-қайта таъкидлади. Исломнинг биринчи кунидан бошлаб, мўмин-мусулмонлар каттаю-кичик ҳар бир нарсани ўз пайғамбарларидан ўргана бошладилар. Улар У зотдан илоҳий дастур бўлган Қуръони Карим оятларидан тортиб, то оддий таҳорат олишгача бўлган ҳамма нарсаларни аста-секин қубул қилиб олар эдилар. Шунинг учун ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳаётларининг бирор лаҳзаси ҳам саҳобаи киромларнинг диққат-эътиборларидан четда қолмас эди.

Чунки: У зотнинг муборак оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, ўзларидан содир бўлган ҳар бир ҳаракат шариат ҳукми, ўрнак, шахсий мисол, ҳикмат, насиҳат ва кўрсатма сифатида қабул қилинарди. Инсоният тарихида ҳаёти бунчалик тўкис очиқчасига, оммавий равишда, кўпчилик томонидан ўрганилган яккаю-ягона шахс Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У зоти бобаракотнинг ҳатто ўта нозик ва хос ҳаётлари, бугунги кун истилоҳи билан айтилганда жинсий ҳаётлари ҳам тўлалигича ўрганилиб ривоят қилингандир.
Чунки, Ислом дини мукаммал дин бўлгандан ва инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олганидан буларнинг ҳаммасидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ўрнаклари бўлиши керак эди. Ифодали қилиб айтилганда у зот Қуръонни ўз шахсларида татбиқ қилиб одамларга кўрсатишлари керак эди. Амалда шундоқ бўлди ҳам.
Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан узуликсиз бирга юришар ва У зотдан содир бўлган ҳар бир нарсани ўта аниқлик билан ёдлаб олишар ва ривоят қилишарди. Ҳаттоки, ўз ишлари билан машғул бўлган пайтларида бошқа кишилардан илтимос қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эътибор билан туришни, у зотдан содир бўлган нарсаларни яхшилаб ўзлаштириб олишни илтимос қилиб кетар эдилар. Қайтиб келганларида эса, дарҳол ўзлари йўқ пайтда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсани таъйинлаб кетган одамлардан сўраб, ўрганиб олар эдилар. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўз қўшнилари билан биргаликда келишиб олиб, навбат ила Пайғамбаримиз ҳузурларида турганликлари, У кишининг ўзидан ривоят қилинган.
Хулоса шулки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам содир бўлган заррача нарса ҳам саҳобаларнинг эътиборидан четда қолмаган. Буни душманлар ҳам тан олганлар. Худайбия ходисасида мушриклардан вакил бўлиб Пайғамбаримиз ҳузурларига келганлардан биттаси ўз қавмига қайтиб бориб: «Аллоҳга қасамки, ҳеч кимни Муҳаммаднинг шериклари ҳурмат қилгандек биров ҳурмат қилмайди. У туфласа, туфуги ерга тушмаяпти. Саҳобалари қўллари ила илиб олмоқдалар»-деган. Шунингдек, У зот муборак сочларини олдирганларида саҳобалар бирор толани ҳам ерга туширмай бўлиб олганлар. Ҳаттоки бир тола сочи ерда қолмаган зотнинг гапу-сўзлари ваъз насиҳатлари, ҳукму васиятлари ерда қолармиди?! Уларнинг ҳаммаси катта эътибор ва аниқлик билан қабул қилиб олинган ва омонот ила келажак авлодларга етказилган.
Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларни хойи ҳавас, гапу-сўз, билимли бўлиш учун қабул қилмаганлар. Улар энг аввало бу нарсаларга амал қилишни кўзлаганлар. Қолаверса бошқаларга етказиб, уларни ҳам амалга чорлашни мақсад қилганлар. Бунга биргина мисол келтирайлик.
Қози Ийёз ва Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳимолар Абу Саъд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобалари билан намоз ўқиб туриб, кавшларини ечиб, чап тарафларига қўйдилар. Буни кўриб одамлар ҳам кавшларини ечдилар. Намозни ўқиб бўлиб У зот:
«Нима учун кавшларингизни ечдингиз?»-дедилар. Улар:
«Сиз кавшингизни ечганингизни кўриб»-дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менга Жиброил уларда нопоклик борлигининг хабарини берди»-дедилар.
Аслида нопоклик Пайғамбар алайҳиссаломнинг кавшларида эди. Шунинг учун Жирброил алайҳиссалом У зотга кавшларини ечиб қўйишни хабар қилган эдилар. Бошқалар кавшларини ечишлари керак эмас эди. Аммо саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиш истаклари ғоятда кучли бўлганидан «модомики, Расулуллоҳ кавшларини ечдиларми, биз ҳам ечишимиз лозим», деб шундоқ қилдилар. Бу оддий бир мисол халос. Саҳобаи киромларнинг ҳаётлари бу каби иқтидонинг олий мисолларига тўлиб-тошгандир.
Шундай қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини англаб бошқаларга ривоят қилиш у кишининг ҳаётлари давомида бошланган. Саҳобалар бир-бирларига, айниқса катта саҳобалар кичикларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини оқизмай-томизмай ривоят қилганлар. Саҳобалардан эса, Суннатни улардан кейинги мусулмонлар авлоди – тобеъинлар қабул қилиб олганлар.
Саҳобаларнинг баъзилари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари – ҳадисларини кўп ривоят қилиш билан машҳур бўлганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобий эканликлари ҳаммага маълум. У кишидан кейинги ўринда эса Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бўлганлар. Шунингдек тўрт рашид халифалар – ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, ҳазрати Умар, ҳазрати Усмон ва ҳазрати Али розияллоҳу анҳумлар, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Анас ибн Молик каби саҳобалар ҳам кўп ҳадис ривоят қилиш билан ном чиқарганлар.
Ушбу давр ҳақида яна бир нарсани таъкидлаб ўтмоғимиз лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларида, тўрт халифалар даврида, то юзинчи ҳижрий санагача ҳадисни ёзиш расмий равишда йўлга қўйилмаган. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан Қуръондан бошқани ёзманглар», деганлар. Шунинг учун расмий равишда Қуръони Каримни ёзишга алоҳида эътибор берилган. Аммо, бу, ҳадис умуман ёзилган эмас, деган маънони ифода этмайди. Кишилар хусусий равишда ўзлари учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёзиб юришган.
Аммо, ёзганлар ҳам, ёзмаганлар ҳам, ҳадисларни ўта аниқлик билан ривоят қилишни ўзларининг муқаддас бурчлари деб билар эдилар. Бирорта ҳадисни аниқлаш учун ҳар қанча оғир меҳнатдан, узоқ сафардан қочмас эдилар.
Имом Бухорий Уқба ибн ал-Ҳорисдан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Бир аёл Уқба розияллоҳу анҳуга, мен сени ҳам, хотинингни ҳам эмизганман, дебти. Шунда Уқба дарҳол уловини миниб Маккадан Мадинага қараб йўлга чиқибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, билмасдан эмикдош синглисига уйланиб қўйган, кейин эса эмизган шахс хабар берган одамнинг ҳукми ҳақида сўраган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қандоқ гап. Бунинг ҳукми айтилганку!»-деб икковларини ўша зоҳати ажратдилар. Сўнгра аёл бошқа эрга тегди.
Ўша вақтда Маккадан Мадинага боришнинг ўзи осон бўлмаган. Неча кунлаб машаққатли сафар қилиш зарур бўлган. Лекин саҳобаларнинг ҳар бир нарсада Ислом ҳукмига амал қилиш рағбатлари ҳар бир нарсани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашга бўлган қизиқишлари ҳамма нарсадан устун турган.
Саҳобалар нафақат ҳадисларни ўрганишни, балки ўргатишни ҳам ўз бурчлари, деб билар эдилар. Чунки, Ислом таълимоти, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари шу эди.
Имом Термизий ва Имом Абу Довудлар Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менинг гапимни эшитиб, ёд олиб, сингдириб сўнгра эшитганидек қилиб адо этган одамни Аллоҳ неъматлантирсин»-деганлар.
Имом Ибн Абдул Барр Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Огоҳ бўлингиз! Сиздан ҳозир бўлганлар ғойибларга етказсин»-деганлар.
Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:
«Ким илмни беркитса, оловдан бўлган юган билан юганланади»-деганлар.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини билган саҳобалар уларни бошқаларга етказишга астойдил ҳаракат қилар эдилар. Шу билан бирга, улар ўта аниқлик билан ҳаракат ва ривоят қилаётганларига ишончлари комил бўлсагина бу ишга журъат қилар эдилар. Акс ҳолда, ҳадис ривоят қилишдан ўзларини тияр эдилар. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:
«Кишига ҳар бир эшитган нарсасини гапираверишининг ўзи гуноҳ учун етарли»-деган эдилар. Яъни, эшитган нарсасини орқа-олдига қарамай гапиравериш гуноҳга олиб боради, деганлар. Ҳар бир нарсани эшитгандан сўнг яхшилаб ўрганиб, ўзлаштириб, аниқлаб кейин гапириш керак.
Саҳобалардан Зубайр ибн Авом розияллоҳу анҳу ҳадисни оз ривоят қиладиган шахслардан эдилар. Имом Бухорий ривоят қилишларича Зубайр розияллоҳу анҳуга ўғиллари Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу:
«Фалончи-фистончиларга ўхшаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилганингизни эшитмайман»-дебти. У:
«Мен У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ажраганим йўқ-ку, лекин: «Ким менга ёлғон гап айтса, дўзахдаги ўрнини тайёрлайверсин»-деганларини эшитганман»-деган экан.
Яъни, Зубайр ибн Авом розияллоҳу анҳу ҳадис ривоят қилишда бирор ноаниқликка йўл қўйиб, гуноҳкор бўлишдан қўрққанлар.
Саҳобалардан Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳуга: «Ҳадис айтиб беринг»-дейилса, «Ёшимиз улғайди. Эсдан чиқарадиган бўлиб қолдик. Расулуллоҳдан ҳадис ривоят қилиш қийин нарса»-дер эдилар.
Демак, саҳобаи киромлардан ҳадисларни ривоят қилишда ўта аниқлик билан иш тутаётганига қаттиқ ишонганларигина ҳадис ривоят қилишга журъат этганлар.
Шу билан бирга умумий сиёсат ҳадис ривоят қилувчиларни текшириб туришга қаратилган. Бу ишда заррача бепарволикка йўл қўймасликка эътибор берилган. Бу борада кўпроқ ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида бўлиб ўтган машҳур ҳодиса мисол қилиб келтирилади.
Имом Муслим Абу Саъид розияллоҳу анҳудан қилган қуйидаги ривоятда у киши розияллоҳу анҳу томонларидан қуйидагилар айтилади:
«Абу Мусо розияллоҳу анҳу эшик ортидан туриб Умар розияллоҳу анҳуга уч марта салом берди. Унга изн бермаганди, орқасига қайтиб кетди. Умар унинг ортидан одам юбориб:
«Нега орқага қайтдинг?»-деб сўратди. У:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сиздан борортангиз уч марта салом берганда жавоб бўлмаса, ортига қайтсин»-деганларини эшитган эдим»-деди. Умар:
«Ана шунга ҳужжат келтирасан, бўлмаса кунингни кўрсатаман»-деди. Биз ўтирган эдик, Абу Мусо ранги оқарган ҳолда ҳузуримизга келди, биз унга:
«Сенга нима бўлди?»-дедик. У бўлган хабарни айтиб:
«Сизлардан бирортангиз (ушбу ҳадисни) эшитганми?»-деди. Биз:
«Ҳа, ҳаммамиз эшитганмиз»-дедик. У билан бир кишини юбордилар. Ўша одам бориб хабар берди».
Албатта, бу ҳадисни ҳазрати Умарнинг ўзлари ҳам яхши билар эдилар. Лекин сиёсат учун, одамлар ҳадис ривоят қилишдек масъулиятли ишни осон санаб, эътиборсиз бўлмасликлари учун шундоқ қилганлар. Шунинг учун ҳам ҳодиса бўлиб ўтгандан кейин Абу Мусо розияллоҳу анҳуга:
«Мен сени бирор нарсада муттаҳам қилмоқчи эмасман. Аммо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ўта аниқлик бўлиши лозимлигини билдириб қўймоқчи бўлдим», деганлар.
Кўриниб турибдики, бир одам ким бўлишидан қатъий назар, ҳадис эшитганини даъво қилса, ундан бунинг исботи учун гувоҳ кўрсатиш сўрлаган. Яъни, ҳадисни бир киши эмас, кўп киши эшитган бўлиши шарт қилиб қўйилган.
Шундай қилиб, Пайғамбаримиз ҳадислари улкан иноят билан сақланиб, ёдланиб, ривоят қилиб келинди. Бунда саҳобаи киромларнинг хизматлари ғоятда катта бўлди. У зотлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тириклик пайтларида бу ишга катта аҳамият берган бўлсалар, У зот вафотларидан кейиин аҳамиятлари яна ҳам ортди. Бу улкан ҳақиқатни биргина мисолдан тушуниб олсак бўлади:
Имом Бухорий, Имом Аҳмад, Имом Термизий ва Имом Байҳақийлар қилган ривоятда буюк саҳобий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирлари мен эшитмаган бир ҳадисни билиши ҳақида хабар эшитдим. Бир туя сотиб олдим. Унга юкимни юкладим. Сўнгра бир ой йўл юриб Шомга етиб келдим. Қарасам, у одам Абдуллоҳ ибн Анас ал-Ансорий экан. Олдига бориб:
«Менга маълум бўлишича, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан зулм қилганлар муомаласи ҳақида мен эшитмаган ҳадисни эшитган экансан. Ўша ҳадисни эшитишимдан олдин мен ўлиб қоламанми ёки сен ўлиб қоласанми, деб қўрқиб келдим»-дедим. У ҳадисни айта бошлади...»
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўз халифалик вақтларида саҳобаларга Мадинани Мунавварадан кўчиб-чиқиб кетишга рухсат бермас эдилар. Доимий яшаш жойлари Мадина бўлар эди. Шунинг учун ҳадис ўрганмоқчи бўлганлар Мадинаи Мунавварага келишарди.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида саҳобаи киромлар турли юртларга, шаҳар-қишлоқларга кўчиб кетдилар. Одамлар улардан ҳадисларни ўргана бошладилар. Шу билан бирга Ислом давлатининг чегараси ҳам тезлик билан кенгайиб борди. Турли халқлар, динлар, мазҳаблар, миллат ва элатлар вакиллари Исломни қабул қилдилар. Албатта, буларнинг ёдлаш қобилияти, араб тилини билиш даражаси, эътиқоди кучлилиги ва бошқа омиллари саҳобаи киромлар даражасида эмас эди. Бунинг устига уларнинг орасида турли ғаразгўй кишилар ҳам бор эди.
Қолаверса сиёсий фитналар чиқиб турли жанжаллар бошланди. Хилма хил фирқалар юзага келди. Орада ҳам қуролли, ҳам фикрий, ҳам даҳанаки жанглар авж олди. Маълумки, тарафкашлик, гуруҳбозлик бор жойда, мутаассиблик бор жойда ўз тарафдорларини қўллаш учун ҳеч нарсадан қайтилмайди. Бундай пайтда мустақим қолишлик жуда ҳам қийин. Ҳар ким, ҳар тараф ўзининг ҳақлигини исботлаш учун тўғри-нотўғри барча чора-воситаларни ишга сола бошлайди. Ўша пайтдаги оммавий ҳаёт диний ҳаёт бўлгани учун ҳар ким ўзини диндор қилиб кўрсатишга, ўзининг қилаётган ишига, айтаётган гапига Қуръон ва Суннатдан далил келтиришга уринар эди. Ушбу услуб ила ўзига кўпчиликнинг эътиборини ва хайрихоҳлигини тортишга уринар эди. Албатта, ҳақиқат бирдир у асло икки хил бўлмайди. Агар икки хил бўлганида тортишаётган иккови томонга биттадан бўлиб бериб, мақсад ҳосил бўлур эди. Аммо, ҳақиқат бир бўлганидан уни талашаётган икки томондан бири ҳақу иккинчи томон ноҳақ. Ана шундоқ ҳолатда ноҳақ томон Қуръонни ботил равишда таъвил қилишга ва ичидан тўқиб чиқарган гапга ҳадис, деб ёлғон даъво қилишга ўта бошлади. Айниқса бундоқ ишларда яҳудий Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул каби Исломни бузиш мақсадида ўзини мусулмон қилиб кўрсатган шахслар ўзларини кўрсатдилар.
Уламоларимиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлмаган нарсани ҳадис, деб аташни, ҳадис вазъ қилиш (қўйиш) дейдилар. Сохта ҳадисни эса, мавзуъ (сохта, биров тўқиган) ҳадис деб атайдилар. Ана ўша – мавзуъ (сохта) ҳадисларнинг пайдо бўлишига қуйидаги омиллар сабаб бўлган:
1. Сиёсий ихтилофлар. Бу борада Рофиза мазҳабидагилар сохта ҳадис айтишда ҳаддан ошганлари алоҳида таъкидланади.
2. Зиндиқлик. Яъни, зимдан Ислом динига ва давлатига қарши кураш олиб борувчи ҳаракат томонидан ҳадис тўқиш.
3. Қавмига, қабиласига, тилига, юртига ва имомига мутаасиб бўлиш. Бунда ҳар ким ўз қавмини, қабиласини, тилини, юрти ва имомини мақтаб, бошқаларни ёмонлаб сохта ҳадис тўқийди.
4. Қиссачилик ва ваъзхонлик. Баъзи бир жоҳил кишилар одамларни оғзига қаратиб шуҳрат қозониш мақсадида турли нарсаларни тўқиб, ҳадис, деб даъво қиладилар.
5. Фиқҳий ва эътиқодий мазҳаблардаги ихтилофлар. Бунда ҳам ўз мазҳаби ҳақ, тўғри эканлигини исбот қилиш мақсадида сохта ҳадис тўқийдилар.
6. Жоҳил кишиларнинг динга хизмат қиламан, деб уринишлари оқибати тўқилган ҳадислар. 
7. Подшоҳ ва амирларга ёқиш мақсадида ҳадис тўқиш.
Ана шундай бир пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини поклигини сақлаб қолиш, унга сохта нарсаларни аралаштириб юбормаслик масаласи кўндаланг бўлди. Ҳадис билан таниш кишилар учун ҳақиқий ҳадис билан сохтасини фарқлаб олиш қийин эмас эди. Аммо, авом халқ, янги мусулмон бўлганлар ва келажак авлод учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини бузулмаган, асл ҳолида етказиш зарур эди.
Буни эса омма учун ҳадис китоблари ёзиш билан амалга ошириш керак эди. Аср бошида Қуръондан бошқа нарсани расмий равишда ёзмаслик давлат сиёсати бўлса, энди ўша вақтдаги омиллар ўзгарди. Ҳадис билан Қуръон аралашиб кетмасин, деган эҳтиёткорликка ҳожат қолмади. Қуръони Карим ёд олиниб, ўрганиб бўлинди.
Ҳазрати Усмон даврларида мусҳафларга ёзиб қўйилди. Улардан расмий нусхалар кўчириш ҳам илмий асосда йўлга қўйилди. Энди ҳадисларни расмий равишда ёзиб, эҳтимом беришни давлат сиёсатига айлантириш давр талаби бўлиб қолди.
Ушбу ишни тобеъинлар амалга ошира бошладилар. Чунки, тобеъинлар – саҳобаларни кўрган мусулмонлар авлоди – ичида бу ишга лаёқатли кишилар кўп эди. Улар саҳобаи киромларнинг мухлис ва вафодор шогирдлари сифатида улардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тўлалигича, соф ҳолида қабул қилиб олган эдилар. Тобеъийинлар ичида Саъид ибн Мусаййиб, Ато ибн Абу Рабоҳ, Қатода, Товус, Ҳасан ал-Басрий, Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий каби кишилар улкан муҳаддислар сифатида машҳур бўлганлар.
Биринчи ҳижрий аср охирида халифалик қилган, кўпчилик томонидан бешинчи рошид халифа, деб тан олинган Умар ибн Абдулазиз Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийдан ва бошқа муҳаддислардан омма учун ҳадис китоб ёзишни сўради. Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий содда қилиб бир китоб таълиф қилди. Бошқалар ҳам унга эргашдилар. Расмий равишда ҳадис китоблар ёзиш шундан бошланди.
Бу муборак ва масъулиятли ишга алоҳида ҳимматли уламолар бел боғлаб, енг шимариб ишга тушдилар. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларининг ишончли, адолатли ривоятлардан олишни, Суннати набавийя пок, соф эканлигини исбот қилишни ўзларига вазифа қилиб олдилар. Шу билан бирга улар сохта ҳадислар ва уларни тўқиганларни фош қилишни ҳам кўзлаб иш олиб бордилар. Улар бу мақсадга эришиш йўлида инсоният тарихида мисли кўрилмаган улкан ва нозик, ишончли ва покиза илмий иш олиб бордилар.
Муҳаддис уламоларимизнинг бу илмий жасоратлари бир неча илмларга асос бўлди. Жумладан бугунги кунда бутун дунё инсоний (гуманитар) илмлар, деб атаётган илмларга асос солинди. Ҳадиснинг ҳақиқийлигини, унинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлганлигини исбот қилиш учун бир қанча синовлардан ўтиши зарур экани шарт қилиб қўйилди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдиларда, бошларининг олд қисмига, саллаларига ва икки давоми...

2528 19:00 / 19.04.2023
биринчи мақола Авф алМузаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол ибн алҲорисга .Билгин, дедилар. .Нимани билай, эй давоми...

3657 19:00 / 08.06.2022
Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир куни Бомдод намозидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўта балоғатли ваъз қилдилар. Ундан давоми...

5950 09:26 / 06.09.2017
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четда бўлинглар. давоми...

3270 16:30 / 24.03.2021