Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (208-дарс) Ёш болаларнинг кийимга бавл қилиши ҳақида

00:00 / 08.12.2022 3041 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: أُتِيَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِصَبِيٍّ يَرْضَعُ فَبَالَ فِي حِجْرِهِ فَدَعَا بِمَاءٍ فَصَبَّهُ عَلَيْهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир эмизикли гўдак келтирилди. У эса қўйниларига бавл қилиб қўйди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам сув опкелтириб, унинг устидан қуйдилар», дедилар». 

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Оиша онамиздан қилинаётган бу ривоят аввалги дарсимиздаги ҳадисга ўхшаб кетади. Ораларидаги нозик фарқ шуки, биринчи ҳадисда «сепдилар» дейилган бўлса, иккинчисида «қуйдилар» дейилмоқда. Албатта, сепиш билан қуйишнинг орасида фарқ бор. Қуйиш умумийроқ бўлиб, ювишга яқиндир. 

عَنْ لُبَابَةَ بِنْتِ الْحَارِثِ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ الْحُسَيْنُ فِي حِجْرِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَبَالَ عَلَيْهِ فَقُلْتُ: الْبَسْ ثَوْبًا وَأَعْطِنِي إِزَارَكَ حَتَّى أَغْسِلَهُ، قَالَ: إِنَّمَا يُغْسَلُ مِنْ بَوْلِ الْأُنْثَى وَيُنْضَحُ مِنْ بَوْلِ الذَّكَرِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ.

Лубоба бинти ал-Ҳорис розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. 

«Ҳусайн Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қучоқларида эди. Бас, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устиларига бавл қилиб юборди. Мен: 
«Бирор кийим кийиб, менга изорингизни беринг, ювиб берай», дедим. 
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Қиз боланинг пешобигина ювилади, ўғил боланинг пешобига (сув) сепилса бўлди», дедилар.

Абу Довуд, Аҳмад ва Ҳокимлар ривоят қилганлар.

Бу ҳадиси шарифда Лубоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо ўзлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирокларида шоҳид бўлган бир ҳодисани ривоят қилмоқдалар:

«Ҳусайн Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қучоқларида эди».

Бу ҳазрати Али ва Фотимаи Заҳроларнинг ўғиллари, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари Имом Ҳусайндир. Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг жажжи набиралари Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайнларни жуда яхши кўрар эдилар. Уларни масжидга ҳам олиб чиқар, ўтирганларида эркалатиб, қучоқларида олиб ўтирар эдилар. Лубоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо ўша ҳолатлардан бирини ривоят қилмоқда.

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қучоқларида набиралари Ҳусайн розияллоҳу анҳуни олиб ўтирар эдилар.

«Бас, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устиларига бавл қилиб  юборди».

Яъни, кичик Ҳусайн бобоси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қучоқларида туриб, у зотнинг устиларига бавл қилиб юборди.

«Мен: «Бирор кийим кийиб, менга изорингизни беринг, ювиб берай», дедим».

Лубоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳонинг бу гапларидан у кишининг Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган олий даражадаги ҳурматлари кўриниб турибди. Изор – тананинг пастки тарафига кийиладиган кийимдир. Лубоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо пешоб нажаслигидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг пешоби теккан кийимлари – изорларини ювиш лозим бўлди, деб тушунган эдилар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Лубоба розияллоҳу анҳонинг тахминлари нотўғри эканлигини баён қилдилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Қиз боланинг пешобигина ювилади, ўғил боланинг пешобига (сув) сепилса бўлди», дедилар.
Бу фарқнинг сабабини уламолар қуйидагича изоҳлайдилар:
Ўғил ва қиз болаларнинг жисмоний тузилишларидаги фарқлар туфайли уларнинг пешоблари ҳам фарқли бўлади. Масалан, пешоб чиқариш аъзоларидаги фарқ туфайли ўғил боланинг пешоби сиқилиб чиқади, қиз боланики эса ундай бўлмайди.

Қиз боланинг пешоби қуюқроқ бўлиб, кийимга тегса, ювмаса кетмайдиган даражада ўрнашиб қолади. Ўғил болаларнинг пешоби эса суюқроқ бўлиб, устидан сув қуйилса, батамом ювилиб кетади. 


«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Илм талабининг фазилати 3тавсия Қабиса ибн Мухориқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордим. У зот .Эй давоми...

4906 05:00 / 28.02.2017
. . . Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёққа тушган сичқон ҳақида сўралди. У зот соллаллоҳу давоми...

2775 19:00 / 28.12.2022
. . Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ илмни одамлардан бир суғуриш давоми...

3507 20:30 / 16.03.2022
. . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтадилар .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир соъдан беш муддгача бўлган сув билан ғусл қилар давоми...

2713 19:00 / 23.03.2023