1446 йил 9 рабиъус сони | 2024 йил 12 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

«УЛУМ УЛ-ҲАДИС»

16:59 / 08.04.2016 5119 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«УЛУМ УЛ-ҲАДИС»


Дунё тарихида ҳеч бир йўлбошчининг ҳаммаслаклари Пайғамбаримиз саҳобалари каби батафсил ва мукаммал ўрганиб чиқилмаган. Кимни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, У зотнинг суҳбатларини топган бўлса, унинг ҳаёти тўла ўрганиб чиқилган.

Юқорида зикр этилган илмларга қўшимча яна бир қанча илмлар ҳам юзага чиқди. Уларни умумлаштириб «Улум ул-ҳадис» – »Ҳадис илмлари»-деб аталади. Улардан баъзиларини айтиб ўтамиз:
1.Саҳобаларни таниш илми. 
Бу илмга қўл урган уламолар саҳобаларниннг ҳаммасини-яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, У зотнинг тирик ҳолларида кўрган кишиларнинг ҳаммаларини тўла ўрганиб чиққанлар. Дунё тарихида ҳеч бир йўлбошчининг ҳаммаслаклари Пайғамбаримиз саҳобалари каби батафсил ва мукаммал ўрганиб чиқилмаган. Кимни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, У зотнинг суҳбатларини топган бўлса, унинг ҳаёти тўла ўрганиб чиқилган. Исми, ота-боболарининг исмлари, ҳаёти, қачон Исломга келгани, нималар қилгани ва ҳаказолар шу жумладан бўлган.
Уламолар саҳобаи киромларни ўн икки табақага бўлиб ўрганганлар. Уларнинг Маккада Исломни қабул қилганлардан тортиб, то, болалигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганларгача аниқланиб, китоблар ёзилган. Бу борадаги китоблардан Ибн Саъднинг «Табақот ул-кубро», Ибн Асийрнинг «Асадул ғоба фии маъ-рифати саҳоба», Ибн Ҳажарнинг «ал-Истийъоб фии асмои асҳоб» китобларини эслатиб ўтмоқчимиз.
2.Тобеъийнларни таниш илми. 
Саҳобаларни кўрган авлод – Тобеъийинларни ҳам уламолар чуқур ўрганиб, китоблар ёзганлар. Чунки, саҳобий, тобеъийн ва табаъ тобеъийнларни фарқлай олиш ҳадис илми билан машғул бўлган ҳар бир киши учун зарурдир.
3.Ҳадис фиқҳини билиш илми. 
Яъни, ҳадислардан фиқҳий аҳкомларни чиқара билиш илми. Бу илмда муҳаддис уламолардан Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий, Абдурраҳмон ибн Амр ал-Авзоъий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Суфён ибн Уяйна ва Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқалар бор.
4.Ҳадиснинг носих ва мансухини билиш илми.
Чунки, мансух ҳадис амалдан қолишини эътиборга олганда бу жуда ҳам муҳим илм ҳисобланади.
5.Бир бирига қарши маънолари бор ҳадислар ва уларнинг маъноларини били илми.
6.Муҳаддисларнинг мазҳабларини билиш илми.

7.Сохта ҳадислар ва уларни тўқиганлар ҳақидаги илм.
Бу бобда ҳам кўплаб китоблар ёзилган. Ҳофиз Абул Фараж ал-Жавзий, Абу Амр ибн Бадр ал-Мусилий, Ибн Тоҳир ал-Мақдийсий, Имом ас-Суютий, Али Қори ал-Ҳанафий ва бошқа кўплаб уламоларимизнинг китоблари бунга мисол бўла олади.
Ушбу илмлар бўйича тузилган китоблар турлича бўлгани ҳақида аввал ҳам айтиб ўтган эдик. Энди ўша ҳадис китобларнинг турлари ва уларнинг мартабалари ҳақида бир оз сўз юритайлик:

1.»Саҳиҳ» китоблар.
Бу турдаги китобларнинг биринчиси бўлган Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»лари ва Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»лари ҳақида аввал ҳам зикр қилиб ўтган эдик. Бундоқ китоблар фақат «Саҳиҳ» ҳадисларни ўз ичига олгандир. Ибн Хузайма каби муҳаддислар ҳам «Саҳиҳ» китоб тузганлар, аммо улар Имом Бухорий ва Муслимлар даражасига етмаганлар.
2.»Сунан» китоблар.
Бу турдаги китоблар бошида Абу Довуд, Термизий, Насаий ва Ибн Можаларнинг китоблари туради. «Сунан» китоблари фиқҳ боблари асосида бўлмиш айтиб ўтилган эди. «Сунан» китоблари бошқа уламолар томонидан ҳам тузилган лекин, мазкур тўрт имомнинг китоблари даражасига етмаган.
Юқорида зикр қилинган икки «Саҳиҳ» ва тўрта «Сунан» қўшилиб «Сиҳоҳи ситта» – энг саҳиҳ олти китобни ташкил этади. Лекин олтинчи китоб – »Сунани Ибн Можа» ҳақида уламолар ихтилоф қилишган. Жумладан, Ибн Асийр ва Розийлар «Сунани Ибн Можа»нинг ўринга Имом Моликнинг «Муватто»сини қўйиш керак, деганлар. Ибн Хажар ал-Асқалоний унинг ўрнига Доримийнинг китобини қўйиш керак, деганлар.
Шундоқ қилиб, зикр қилиниш тартиблари ила, аввал Бухорий, кейин Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаийнинг беш китоби энг кучли ҳадис китоблари ҳисобланади ва ушбу китобларда келган ҳадислар энг кучли бўлади. Сўнгра Бухорий билан Муслим иттифоқ қилган ҳадис, кейин Бухорий ёлғиз ўзи ривоят қилган, сўнгра Муслим ва ҳаказо ҳадислар кучли ҳисобланади. Олтинчи ўринга Ибн Можа, Имом Молик ва Имом Доримийларнинг китоблари даъвогарлик қилади. Улардан кейин эса бошқа китоблар келади.
3.»Жомеъ» – жамловчи китоблар.
Бу турдаги китобларга: ақийда, аҳком, зуҳд, емоқ-ичмоқ одоби, тафсир ва тарих, шамоил, фитналар, фазилатлар каби бобларни ўз ичига олган китоблар киради. Шу маънода Имом Бухорий ва Имом Термизийларнинг китоблари «Жомеъ» ҳисобланади.
4.»Муснад» китоблар.
Бу турдаги китобларда ҳар бир саҳобий алифбо бўйича ёки Исломга кириш навбати бўйича олиниб, у зотнинг ривоят қилган ҳадислари бирин-кетин келтирилади.
Абу Довуд ат-Таёлисий ва Бақий ибн Муҳаммадларнинг китоблари муснад китоблар жумласига киради. «Муснад» китобларнинг энг машҳури Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг китобларидир.
5.»Мўъжам» – алифбо бўйича китоблар.
Бу турдаги китобларда ҳадислар шайхлар, юртлар ва қабилаларга мансуб ҳадислар алифбо тартиби билан келтирилади. «Мўъжам» китобларнинг энг машҳури Имом ат-Табаронийнинг китобидир.
6.»Мустадрак» китоблар.
Бирор муҳаддис ўз шартлари бўйича мавжуд ҳадисларни китобига қўшмай кетган бўлса, уни бошқа муҳаддис тўплаб китоб қилиши «мустадрак» бўлади. Мисол учун ал-Ҳоким ан-Нийсобурий Имом Бухорий ва Имом Муслим шартлари бўйича иш олиб бориб, икковлари чиқармаган ҳадисларни топиб «мустадрак» китобини тузган.
7.»Мустахраж» китоблар.
Бу турдаги китобларда муҳаддис ўзидан олдинги бошқа бир муҳаддиснинг китобини олиб, унинг ҳадисларини ўзи топган бошқа ровийлар йўли билан чиқаради. Мисол учун Абу Бакр ал-Исмоилий Бухорийга, Абу Авона Муслимга, Абу Али ат-Тусий Термизийга «Мустахраж» қилганлар.
8.Жузларга оид китоблар. 
Бунда бир киши ривоят қилган ёки маълум бир мавзуъга боғлик бўлган ҳадислар бир китоб қилинади. Мисол учун Имом ас-Суютийнинг «Солат уз-Зуҳа» номи китоби ана шулар жумласидандир.
Кейинги асрлардаги уламоларимиз мазкур китоблардан чиқариб турли мавзуъларда ҳадис китоблари тузишган. Мисол учун Имом Нававий ахлоқ-одобга боғлиқ ҳадислардан «Риёз ус-солиҳийн» китобини, Имом ал-Мунзурий тарғиб ва қўрқитишга боғлиқ ҳадислардан «ат-Тарғийб ват-тарҳийб» китобини, Ибн Таймия фиқҳий ҳукмларга таъллуқли китоблардан «Булуғул маром» китобини тузганлар. Ал-Муттақий ал-Ҳиндий «Канз ул-уммол» номли китобда қирқ минг ҳадисни тўплаган. Имом ас-Суютий ҳамма ҳадисларни тўплаш ниятида «Жамъул жавомеъ» номли китобга тартиб бериб юз минг ҳадис тўплаганларидан кейин вафот этганлар. Имом Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Хотийб ат-Табрийзий, «Масобийҳ» номли катта китобдан «Мишкот ул-масобийҳ» деган аҳком ҳадисларга оид китобни чиқарган. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак ҳадис китоблари жуда ҳам кўп. Уларга ёзилган шарҳлар ундан ҳам кўп. Ҳозирда ҳам турли-туман китоблар топилиб тадқиқ қилинмоқда. Ёки янгидан жамланмоқда, шарҳлар ёзлилмоқда.
Муҳаддис уламоларимизнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари йўлида, шариати Исломия йўлида қилган хизматлари ана шундоқ улкан. Бу хизматларни ёзиб васф этишнинг ўзи қийин.
Шу билан бирга Суннатнинг, Пайғамбаримиз ҳадисларининг, хизмати тамом деб бўлмайди. Энди, хизмат навбати фиқҳ уламоларига келади. Улар муҳаддислар тайёрлаб берган ҳадислардан шаръий аҳкомлар чиқаришлари ва уни Ислом умматига етказишлари керак бўлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Юқорида 67дарсимиздаги ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бир киши .Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ, деб чин қалбдан шаҳодат келтирган давоми...

5695 13:17 / 15.01.2020
Имоми дорул ҳижрат ndash ҳижрат юрти имоми номига мушарраф бўлган Имом Моликни олайлик. У киши ўз даврининг энг йирик муҳаддиси эдилар. Мадинаи Мунаввара аҳлидан давоми...

5666 12:08 / 12.11.2018
. Абу Довуд қилган ривоятда .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки .ташқарига, чиқишни хоҳласалар, то биров кўрмайдиган бўлгунча кетар эдилар,, давоми...

1409 19:00 / 18.01.2023
.Ибн Аббос розияллоҳу анҳу.Жоҳилият аҳли баъзи нарсаларни ер эдилар. Баъзи нарсаларни эса ифлос санаб, тарк қилар эдилар. Бас, Аллоҳ Ўз Набийси соллаллоҳу алайҳи давоми...

5275 17:31 / 03.05.2018