Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 9 рабиъус сони | 2024 йил 12 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (232-дарс) Жинсий яқинлик ва эҳтиломдан кейин ғусл қилган одамда қон юриши яхшиланади

19:00 / 24.05.2023 2603 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ғусл» сўзи луғатда бирор нарсанинг устидан сув оқизиш деган маънони англатади.

Шариатда эса Аллоҳ таолога қурбат ниятида баданнинг ҳаммасига сув оқизишга айтилади.

Ғуслнинг шариатимизда вожиб қилинишининг ҳикматлари кўп.

Аввало у ибодат, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун зарур нарса.

Иккинчидан, поклик, озодалик ва соғлик учун ўта муҳим омилдир.

Қолаверса, ғуслни вожиб қилувчи нарсалар туфайли инсон вужудида пайдо бўладиган баъзи нопокликларни кетказиш, маний кетиши ила жисм йўқотган нарсаларни қайта тиклашдир.

Жинсий яқинлик ва эҳтиломдан кейин ғусл қилган одамда қон юриши яхшиланади ва тетиклик тикланади.

Шунингдек, ният билан қилинган ғусл туфайли гуноҳлар ҳам ювилади.

قَالَ اللهُ تَعَالَى: ﭣ ﭤ ﭥ ﭦﭧ

Аллоҳ таоло:

«Агар жунуб бўлсангиз, бас, покланинг», деган (Моида сураси, 6-оят).

وَقَالَ: ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖﯗ

Ва яна:

«Ва жунуб ҳолингизда, то ғусл қилмагунингизча (масжидда турманг) магар йўлдан ўтсангиз», деган. (Нисо сураси, 43-оят)

«Жунуб» сўзи луғатда «четда турувчи» деган маънони англатади.

Шариатда эса жинсий яқинлик, уйқуда булғаниш ва бошқа сабабга кўра маний чиқариб, ғусл вожиб бўлган шахсга нисбатан айтилади.

Ғусл вожиб бўлган одам намоздан, Қуръондан, масжиддан ва шариат кўрсатган бошқа нарсалардан четда бўлганлиги учун ҳам «жунуб» номини олган.

Биринчи оятда жунуб бўлган одам покланиши, яъни ғусл қилиши вожиблиги таъкидланмоқда.

Иккинчи оятда эса жунуб одам ғусл қилмагунча масжидда тура олмаслиги, магар ғусл қилиш учун ўтишга бошқа йўл бўлмаса, масжид орқали ўтиши мумкинлиги ҳақида сўз бормоқда.

Демак, жунублик одамнинг баъзи бир нарсалардан четда туришига сабаб бўлар экан.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا جَلَسَ بَيْنَ شُعَبِهَا الْأَرْبَعِ ثُمَّ جَهَدَهَا فَقَدْ وَجَبَ الْغُسْلُ. وَفِي رِوَايَةٍ: وَإِنْ لَمْ يُنْزِلْ. وَفِي أُخْرَى: وَمَسَّ الْخِتَانُ الْخِتَانَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачонки у (эр) у(хотин)нинг тўрт мучаси (қўл-оёғи) орасига ўтирса ва унга яқинлик қилса, батаҳқиқ, ғусл вожиб бўлади», дедилар».

Бошқа ривоятда:

«Агар тўкмаса ҳам», дейилган.

Яна бошқа бир ривоятда:

«Хатна қилинган жой хатна қилинган жойга тегса», деганлар.

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Бу ҳадисда ғуслни вожиб қилувчи сабабларнинг энг асосийси ҳақида сўз юритилмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жинсий яқинликни англатувчи сўзни очиқчасига айтмай, пардали тарзда баён қилмоқдалар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Жинсий яқинликдан кейин ҳам эрга, ҳам хотинга ғусл вожиб бўлади.

2. Жинсий яқинликда маний тўкилишининг ғусл вожиб бўлишига алоқаси йўқ. Жинсий алоқа бўлдими, маний тушса ҳам, тушмаса ҳам ғусл вожиб бўлаверади. Бу «Агар туширмаса ҳам» деган жумладан билинади.

3. Ғусл вожиб бўлиши учун эркакнинг хатна қилинадиган жойи аёлнинг хатна қилинадиган жойига тегса бўлди. Иссиқ минтақаларда, хусусан, араб юртларида қизларни ҳам хатна қилиш одати бор. Унда фаржнинг ичидаги бир оз ўсиб турадиган қисми хатна қилинади. Уламоларимиз «Эркакнинг хатна қилинган жойи аёлнинг хатна қилинган жойига тегиши учун эркак аъзосининг бош қисми аёл аъзосига кириши керак», дейдилар. Ана шу ҳолат юзага келганида икковларига ҳам ғусл вожиб бўлади.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: إِنَّ رَجُلًا سَأَلَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ الرَّجُلِ يُجَامِعُ أَهْلَهُ ثُمَّ يُكْسِلُ هَلْ عَلَيْهِمَا الْغُسْلُ؟ وَعَائِشَةُ جَالِسَةٌ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ r: إِنِّي لَأَفْعَلُ ذَلِكَ أَنَا وَهَذِهِ ثُمَّ نَغْتَسِلُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бир одам аҳлига яқинлик қилиб, маний тўкилмаган киши ҳақида, «Икковларига ғусл вожиб бўладими?», деб сўради. Оиша ўша ерда ўтирган эди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, мен буни манави билан қиламан. Сўнгра ғусл қиламиз», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда жинсий алоқа пайтида маний тўкилмаса ҳам барибир эркакка ҳам, аёлга ҳам ғусл вожиб бўлиши таъкидланмоқда. Сўровчи саволида «икковларига ғусл вожиб бўладими?» деб, ҳам эр, ҳам хотин ҳақида сўрамоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз жавобларида:

«Албатта, мен буни манави билан қиламан. Сўнгра ғусл қиламиз», деб, Оиша онамизни кўрсатмоқдалар ва маний тушмаса ҳам эр-хотинга баробар ғусл вожиб бўлишини таъкидламоқдалар. Шундан бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қилган иш эканлигини билиб олмоқдамиз.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Икки киши қазои ҳожатни ирода қилиб чиқиб, авратларини очиб, давоми...

1959 19:00 / 01.02.2023
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, мен ва менинг умматимнинг мисоли худди олов ёқиб давоми...

4172 13:30 / 31.03.2021
Б и р и н ч и б о бАллоҳ таоло.Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларгина қўрқарлар,, деган Фотир сураси, 28оят.Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, бу давоми...

4170 15:10 / 28.03.2019
. .Ибн Аббосдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан хатони, унутилган ва мажбур қилинган нарсани давоми...

2612 13:09 / 19.08.2020