Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аҳли илмларимиз ҳақида бир қанча ҳақиқатлар борки, уларни эътироф этиш инсофдандир.
Аҳли илмлар, имом-домлалар аслида динга, илмга муҳаббати бўлганидан шу йўлни танлашган. Бу бор ҳақиқат. Масалан, мен айни пайтда тижорат ёки мансаб илинжида ёхуд динни бузиш учун илм ўрганган одамни билмайман. Чунки мазкур мақсадлар учун бошқа кўплаб тинч, хатарсиз соҳалар бор, ҳар қандай ақлли одам танлов пайтида ўшаларни танлайди. Тўғри, гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, битта-яримта бетайин кишилар бўлиши, ярим йўлда айниб қолиши мумкин. Лекин бу билан барча аҳли илмларга баҳо берилмайди, ҳаммани яксар қораланмайди.
Имом-домлалар одамларга яхшилик ўргатувчи кишилардир. Уларнинг ўз вазифасида фаол бўлмагани ҳам одамларга қайсидир даражада яхшилик ўргатади, эзгуликка чақиради, ҳар ҳолда ёмонликка даъват эмайди. Ҳадиси шарифда «Яхшилик муаллимлари учун сувдаги балиқлар ҳам мағфират сўраб туради», дейилган. Биз бундан ибрат олишимиз керак.
Аҳли илмларимизнинг барчаси динга хайрихоҳ кишилар, шариатнинг равнақини керак бўлса, бошқалардан кўра кўпроқ исташади. Ўзим кузатдим, кўпчиликнинг наздида энг тақвосиз имом бўлиб турган киши ҳам диннинг равнақидан аслида хурсанд бўлмоқда. Юртимиздаги жуда кўп аҳли илмларни танийман, лекин диннинг равнақини хоҳламайдиган ёки мусулмонларга ёмонлик истайдиган бирорта ҳам аҳли илмни шахсан билмайман. Дунёқараши ёки ёндашувлари бошқача бўлиши мумкин, аммо умуман олганда динга хайрихоҳликларига шубҳа қилмаса бўлади. Фақат дунёқарашдаги нуқсонлар, ўта хавфсираш каби иллатлар кўп хатоларга сабаб бўлади. Шунингдек, қалб фиқҳидан ғофил айрим кишиларни шахсий ғаразлар чалғитиши ҳам учраб қолиши мумкин.
Аслида кўпчилигимизнинг ҳидоятга юришимизга, оилаларимизга дин-диёнат кириб боришига шу аҳли илмлар сабаб бўлган. Шундай эмасми? Ҳозирда ўзини ҳаммадан тақводор деб билаётганларимизнинг аксари ҳам аслида шу домлалардан нимадир насиҳат тинглаб, инсофга келган, ибодатга кирган. Буни унутмаслик керак.
Домлалар биз кутган айрим ҳақиқатларни баралла айтмаётган бўлса, бу улар бу масалани асло ўйламайди, ҳақиқатни гапирмайди дегани эмас. Балки керакли ўринларда кенг маънода фикр-мулоҳазаларини билдиришаётгандир. Аммо биз билмаётгандирмиз? Улар ўз йўллари билан бунинг ғамини еяётган бўлишлари мумкин. Аммо буни ҳаммага эълон қилиб, мақтанилмайди.
Улар динимиздаги айрим ҳукмларни оммага айта олмаётган бўлса, бошқа ўнлаб, юзлаб аҳкомларни етказишмоқда. Агар ҳар биримиз ўзимизнинг динга қилаётган хизматимизни уларнинг фаолиятига таққосласак, уялиб қолишимиз ҳеч гап эмас. Бошқани айблашдан олдин «Дин учун мен ўзим нима қилдим?» деган саволни ўзимизга бериб кўришимиз керак. Динга хизмат қилиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир. Буни ҳам инобатга олмоғимиз лозим.
Бир куни «Ҳазрати имом» масжиди олдида турсам, бир нотаниш йигит кўзлари қизарган, юзлари бўзарган ҳолда келиб, сўрашиб‑сўрашмай 9‑синфда ўқийдиган синглисининг мактабга қандай усти‑бошда бориши масаласида ташвишдалигини айтиб, куйиниб гапириб қолди. У ҳам кўпчилик қатори гапни домлаларга таъна қилишдан бошлади: «Фалончи домла ундоқ демади‑да, пистончи имом бундай қилиши керак эди‑да», деб ёзғирди.
Мен унга: «Хўп, ўша домлалар сиз кутган гапни гапиришмабди, сиз айтган ишни қилишмабди. Майли, ўзлари билади, ўзлари жавоб беради. Хўш, сиз ўзингиз шу мақсадингиз йўлида амалда нима иш қилдингиз?» дедим. Ҳалиги йигит гапи чайналиб, алжираб қолди. Мен унга: «Укам, кўрдингизми, айблаш осон, аммо амалий ҳаракат қийин. Сиз ўзингизни эҳтиётлайсиз‑у, нега домлани ўйламайсиз? Одам ўз ҳаққини ўзи талаб қилишга ўрганиши керак», дедим.
Аҳли илмларнинг халқни тўғри йўлга етаклашда, қалбларни динга мойил қилишда кўз илғамас хизматлари ҳам талайгина. Бунинг тафсилотларини айтишга имкон йўқ. Умуман олганда, дину диёнат масаласида жуда кўп ижобий ўзгаришлардан хурсанд бўламиз, аммо бу ишлар ўз-ўзидан бўлмаслигини, бизнинг ғийбат-шикоятимиз билан битмаганини ҳеч ўйлаб кўрмаймиз.
Баъзан шундай вазиятлар бўладики, маълум бир мавзуда минбардан туриб гапириш яхшилик келтирмайди, аммо уни пастда туриб гапирса бўлаверади. Бу гапда шахсий манфаат эмас, умумий манфаат назарда тутилаётганини унутмаслик керак. Бинобарин, сиз бозорда айтаётган гапни имом минбарда туриб айтиши шарт эмас.
Бугунги кунда аҳли илмларга энг кўп таъна келтираётган мавзу рўмол масаласи десак хато бўлмайди. Зоҳиран олиб қараганда, улар бунга бепарводек кўринади. Аммо аслида эса ундай эмас. Мен ўзим аҳли-аёли рўмол ўрамайдиган, вояга етган қизлари сатри авратда юрмайдиган бирорта ҳам тайинли аҳли илмни билмайман. Қайсидир чекка қишлоқда агар иккита рўмолли аёл бўлса, биттаси ўша ердаги имом-домланинг хотини бўлади. Энди ўйлаб кўринг, ўз аҳли-оиласини сатри авратда ушлаб турган қайси домла уларнинг бошидан рўмоли тортиб олинишини истайди? Қандай қилиб улар ўз оилаларида жорий қилган ушбу ўзликни асрашни хоҳламасликлари мумкин?
«Домла рўмолнинг фарзлигини билиб туриб айтмаяпти», деймиз. Аслида сатри аврат масаласини ҳам кўпчилигимизга шу аҳли илмлар уқтирган. Улар бу борада яхшигина хизмат қилишган, шахсий намуна кўрсатишган. Бугун агар бу ҳукмни баралла айтишмаётган бўлса, бунинг сабабини мулоҳаза қилишимиз керак, ўрни келганда, маъзур тута билишимиз керак. Қолаверса, ҳукмни билиб туриб, ҳадеб улардан бу ҳақда фатво сўрайвериш ҳам ўринсиз.
Устозимиз шайх ҳазратларидан бирор масала сўраб, «Шу ҳақда фикрингиз қандай?» дейишса, «Менинг фикримни нима қиласиз? Шариатда бунинг ҳукми қандай деб сўранг, шу тўғри бўлади», дер эдилар. Худди шу каби, шариатда фарзлиги Қуръону Суннат билан собит бўлган амал ҳақида домла одам нима дейиши мумкин? Сатри аврат фарзлигида ихтилоф йўқ, бўлиши мумкин ҳам эмас. Буни ҳамма билади. Буёғига ҳар ким ўзи билиб амал қилиши керак, ҳаракат қилиши керак.
Аҳли илмлар, имом-домлалар кўринишдаёқ кишиларга Исломни эслатгани учун ҳам улар хусусида сўз айтишда эҳтиёт бўлиш даркор. Чунки уларга ана ўша вазиятда таъна етказиш динга қаратилган тажовуз бўлиб қолиши, Исломга зарар бериши мумкин. Бу эса оғир гуноҳ, ҳатто иймонга хатарли ҳолатдир. Зотан, бу Ислом шиорларини беҳурмат қилиш остига кириб қолади.
Домлалар ҳам бизга ўхшаган одам, ўзимизнинг ака-укаларимиз, фарзандларимиз, қўни-қўшни, ёру оғайниларимиз. Шунинг учун уларни қандайдир бир алоҳида тоифа деб фаҳмлаб олмаслик керак. Бундай қараш даҳрийликнинг сарқитидир.
Баъзан ана ўша мафкуранинг таъсирида айрим кишилар ижтимоий тармоқларда жамиятдаги қандайдир муаммо ҳақида гапирган домланинг оғзини ёпишга уринишади, гўё аҳли илмлар бу жамиятнинг вакиллари эмасдек. Бу ҳам хато тушунча.
Аҳли илм, имом-домлалар ҳам инсон, одам боласи, улар ҳам сизу бизга ўхшаб хато қилади, тойилади, баъзан бирор ишни қилишдан ожиз бўлиб қолади. Бинобарин, уларда айрим камчиликларни кўрганда бунинг узрини топишга ҳаракат қилишимиз, имкон қадар яхши гумонда бўлишимиз мақсадга мувофиқдир.
Аҳли илмлар, имомлар ҳам мусулмон, уларнинг ҳам обрўси, шаънига тажовуз қилиш худди уларнинг жонига тажовуз қилиш каби ҳаромдир. Уларни ғийбат қилиш, уларга туҳмат қилиш ҳам оғир гуноҳ саналади. Шунингдек, баъзи фосиқларнинг улар ҳақида айтган хабарларига дарров ишониб кетавермаслик керак.
Имом-домлаларнинг кўпчилиги ҳурматга, эҳтиромга лойиқ инсонлар, чунки улар қайсидир даражада динга, халққа хизмат қилмоқда. Дин ғами даъвосида уларни беҳурмат қилишдан кўра қасддан динга қарши иш қилаётганларни тартибга чақиришимиз ўринли бўлади. Аммо кучи етганни қопиб, кучимиз етмаганнинг олдида дум қисиш мусулмон одамга ярашмайди.
Аҳли илмлар, имом-домлалар кўпчилигимизга устоз. Ҳар биримиз ҳам улардан нимадир ўрганганмиз, ортларида туриб намоз ўқиймиз, яхши-ёмон кунимизда кўпчилигимизга асқотишади. Шундай экан, мунофиқнинг ишини қилмайлик!
Аҳли илмлардек жамиятнинг барча қатламларига таъсир ўтказадиган, беминнат хизмат қиладиган бошқа бирор соҳа вакили йўқ бўлса керак. Аҳли илмларчалик халққа холис хизмат кўрсатадиган бошқа бирор тоифа ҳам йўқ бўлса керак. Аҳли илмларчалик ўзбек халқининг ўзлигини асрашга интилаётган бирор қатлам йўқ.
Бир-иккита қаттиқроқ гапни гапириб қўйган одам ҳақгўй бўлиб, тўғри йўлдаги, дин ғамидаги киши бўлиб қолавермайди. Худди шунингдек, айрим ҳақ гапларни баралла айтишдан ожиз бўлган одам буткул адашган, фосиқ ҳисобланавермайди. Бунинг учун воқеликни атрофлича англаш, фиқҳий тааммулга суяниш лозим. Қолаверса, баъзан ҳақни айтиш динга зарар бўлиши ёки фойдасидан зарари кўп бўлиши ҳам мумкин.
Дунёнинг бир бурчагида туриб олиб, бошқа бир жойдаги сиёсатни танқид қилган билан киши мард, жасур бўлиб қолмайди. Эътибор берилса, ана шундай оғзи полвонлар ўзлари яшаб турган юртдаги сиёсатни ҳеч танқид қила олмайди, аксинча, уларни тўғри тушунишга ҳаракат қилади. «Иштони йўқ тиззаси йиртиққа кулибди», қабилида иш қилиш ўзини билган одам учун шармандаликдир. Қолаверса, Ватанни обод қилиш, халқни ислоҳ қилишни ўйлаган одам улар билан бирга бўлади, қозонда бирга қайнайди.
Аҳли илмларни ёмонотлиқ қилишга уриниш даҳрийларнинг, дин душманларининг энг севимли ишларидан ҳисобланади. Мўмин киши уларга кўмак бериб қўймаслиги керак. Одамларни диндан совутиш, илмдан қайтариш, уларни бебош қилиш, турли бузуқ мафкураларга илинтириш учун энг аввал қилинадиган ишлардан бири – аҳли илмларни обрўсизлантиришдир. Ўтган асрнинг биринчи ярмида ҳам худди шу йўл билан одамлар динсизлаштирилган, комунистик ғояга эргаштирилган. Бугун ҳам ўзларининг турли бузғунчи ғояларига одамларни эргаштирмоқчи бўлаётганлар айнан аҳли илмларнинг обрўсини тўкишни ўзларига касб қилиб олишган. Мусулмон одам бундай қабиҳ ўйинларга алданиб қолмаслиги лозим.
(Давоми бор)
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид