1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳалол ва ҳаром ҳақидаги ҳадислар (1-қисм)

17:03 / 03.05.2018 5201 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари Аллоҳ таолонинг ваҳийсининг бир тури экани, бу каби масалаларда у зот алайҳиссалом ўзларидан чиқариб бирор нарса айтмасликлари барча адабиётларимизда таъкидланади.

       Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фатҳ йили Маккада шундай деяётганларини эшитган экан: 

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расули ароқни, ўлимтикни, чўчқани ва санамларни сотишни ҳаром қилдилар». Шунда:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ўлимтик ёғининг хабарини беринг-чи? Чунки у билан кемалар мойланади, терилар юмшатилади ва у билан одамлар чироқ ёқадилар», дейилди.

«Йўқ! У ҳаромдир», дедилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳ яҳудларни ҳалок қилсин. Аллоҳ азза ва жалла уларга ўлимтикнинг ёғини ҳаром қилганида улар уни эритдилар, сўнгра сотиб, пулини едилар», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилишган.

Бошқа бир ривоятда: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам итнинг пулидан, зинонинг маҳридан ва фолбиннинг топганидан наҳий қилдилар», дейилган.

Ушбу ҳадисда олди-сотдиси ҳаром қилинган бир неча нарса зикр қилинмоқда. Исломий савдо-сотиқнинг қоидаларидан бири шуки, савдога қўйилган нарсанинг истеъмоли ҳалол бўлиши керак.

Ана ўша эътибордан бу ривоятда зикри келган нарсаларни сотиш ва сотиб олиш ҳаром қилингандир:

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расули ароқни, ўлимтикни, чўчқани ва санамларни сотишни ҳаром қилдилар»

1. Ароқ – маст қилувчи ичимлик.

Жоҳилият даврида ҳозиргига ўхшаб, ароқхўрлик ривожланган, шу боис, ароқ савдоси ҳам авж олган эди. Аллоҳ таоло оятлар нозил қилиб, аста-секин ароқни ҳаром қилди.

Ароқнинг батамом ҳаром қилинганлиги ҳақида Бақара сурасида оят нозил бўлиши билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб, унинг тижорати ҳам ҳаром бўлганини эълон қилганлар.

Бу маънони Имом Бухорий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар. Ароқни истеъмол қилиш ҳаром бўлганлиги учун уни сотиш ва сотиб олиш ҳам ҳаром қилинган.

2. Чўчқа.

Бу ҳайвон бутунлай ҳаром қилингандир. Ҳатто уни кўрган жойда ўлдиришга ҳам амр бор. Уламоларимиз: «Мусулмонлар зиммасида яшаётган ғайридинларнинг мулки бўлган чўчқалар бундан мустасно. Чунки у чўчқалар уларнинг мулкидир, аҳли зимманинг мулкини зое қилиш мусулмон учун жоиз эмас», деганлар.

Чўчқанинг ҳеч бир нарсасидан фойдаланиб бўлмайди. Шунинг учун унинг бирон нарсасини сотиш ҳам, сотиб олиш ҳам мумкин эмас.

3. Санамлар.

«Санам» деб юзини одамнинг юзига ўхшатиб ясалган бутларга айтилади. Бутнинг ҳар қандай хилини сотиб ҳам, сотиб олиб ҳам бўлмайди. Ахир Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарсани қандай қилиб сотиш ёки сотиб олиш мумкин?!

4. Ўлимтик.

Ўзи ўлиб қолган ҳайвон ҳаром бўлгани учун уни сотиш мумкин эмас, ҳаром қилинган. Чунки бу зарарли нарсадир. Ўзи ўлган ҳайвонларнинг терисини ошлаб ишлатиш мумкин. Бу хусусда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари бор.

Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзи ўлган қўйнинг олдидан ўтаётиб: «Бундан фойдалансангиз бўлмайдими?» деганлар. Одамлар: «У ўлимтикдир», деганларида у зот алайҳиссалом: «Уни ейиш ҳаром қилинган, холос», деганлар.

Бошқа бир ҳадисда «Ошлаш поклашдир», деган маъно келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур нарсаларни сотиш ҳаром эканини айтганларида, ушбу ўлимтикнинг териси ҳақидаги масала эсларига тушганми, саҳобаи киромлар у зотга ўлимтик ҳайвоннинг ёғини ва унинг ишлатиладиган жойларини эслатдилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, ўлимтик ёғининг хабарини беринг-чи? Чунки у билан кемалар мойланади, терилар юмшатилади ва у билан одамлар чироқ ёқадилар», дейилди».

Ўша вақтда ўлимтикнинг ёғи кемаларни мойлаш, териларни юмшатиш ва чироқларни ёқишда ишлатилар экан. Аммо шундай бўлса ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлимтикнинг ёғини сотиш ҳаром эканини таъкидладилар.

«Йўқ! У ҳаромдир», дедилар».

Кейин эса тушунтириш мақсадида бу иш яҳудийларнинг иши экани, улар мана шу ишлари туфайли лаънатга дучор бўлганларини эслатиб:

«Аллоҳ яҳудларни ҳалок қилсин. Аллоҳ азза ва жалла уларга ўлимтикнинг ёғини ҳаром қилганида улар уни эритдилар, сўнгра сотиб, пулини едилар», дедилар».

Яъни яҳудийлар ўзларига ейиш ҳаром қилинган ёғларни эритиб, сотиб, пулини еганлари учун лаънатга учраганлар. Шунинг учун мусулмонлар ҳам ўзларига ҳаром қилинган ўлимтикнинг ёғини сотиб, баҳосини емасликлари керак.

Шу билан бирга, ҳанафий мазҳаби уламолари: «Ўлимтик ёғини совунга ёки шунга ўхшаш манфаат берадиган нарсаларга ишлатиш жоиз, чунки ҳадисда сотиш ман қилинган, манфаат олиш эмас», дейилган», дейдилар.

Бошқа бир ривоятда: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам итнинг баҳосидан, зинонинг маҳридан ва фолбиннинг топганидан наҳий қилдилар», дейилган.

5. Итнинг баҳоси.

Бу масалани иншааллоҳ, келгуси ҳадис шарҳида батафсил кўриб чиқамиз.

6. Зинонинг маҳри.

Зинонинг ҳаром иш экани ҳаммага маълум. Илгариги жоҳилият даврида ҳозиргига ўхшаб, бузуқ аёлларни зинога ишлатиб пул топадиган одамлар бор эди. Бу ишнинг ўзи ҳаром бўлгани боис, унинг орқасидан пул топиш ҳам ҳаром экани эълон қилинди.

7. Фолбиннинг ҳаққи.

Илгариги жоҳилиятда ҳам ҳозиргига ўхшаб, турли услублар билан фол очиб, одамларнинг пулини оладиган коҳинлар бўлган. Уларнинг фолбинлик йўли билан топган пуллари ҳам ҳаромлиги эълон қилинди. Ушбу ҳадисда зикр қилинган нарсалар орқали мол-пул топиш ҳаромдир. Ким ҳозиргача билмай, бу ишлардан бирортасини қилиб юрган бўлса, билиши билан дарҳол тавба қилиб, мазкур ишни тарк қилмоғи, ҳалол касбга ўтмоғи лозим.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам итнинг ва мушукнинг баҳосидан наҳий қилдилар». 

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган икки нарса – ит ва мушукни сотиш ҳақида уламолар турлича ижтиҳод қилганлар.

1. Имом Шофеъий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва яна баъзи уламолар ушбу ҳадисга амал қилиб, «Ит нажас нарсадир. Уни сотиб ҳам, сотиб олиб ҳам бўлмайди. Унинг ўзи ҳам, баҳоси ҳам ҳаромдир», дейдилар.

Ҳанафий мазҳаби уламолари эса бу масалага кенгроқ қараганлар. Бу тўғридаги бошқа ҳадисларни ва далилларни ўрганиб чиқиб, кейин ҳукм чиқарганлар.

Аввалда маълум сабабларга кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам итларни ўлдиришга, умуман боқмасликка амр қилганлар. Бу маънодаги ҳадислар кўп ва ҳаммага маълум. Ушбу бобда келтирилган ҳадис ҳам ўша вақтда айтилган ҳадислардандир.

Кейинчалик эса маълум мақсад ҳосил бўлганидан сўнг итлардан овда ва қўриқлаш каби ишларда фойдаланишга рухсат берилди. Итнинг ўзидан фойдаланишга рухсат берилгани унинг баҳосидан ҳам фойдаланишга рухсат берилганидир. Агар итнинг баҳосидан фойдаланиб бўлмаса, унинг ўзидан қандай қилиб фойдаланиш мумкин?

Албатта, уламоларимиз бу гапни ит уруштирадиган қиморбозлар боқадиган итларнинг баҳоси ҳақида айтмаганлар. Шариатга хилоф иш учун ишлатиладиган бўлса, ҳар қандай нарсани ҳам сотиб бўлмайди.

Имом Косоний «Бадоиъус Саноеъ» номли китобларида: «Арслон, йўлбарс, сиртлон, бўри, айиқ каби ҳайвонларни сотиш ҳам жоиз», деганлар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  

(Ҳалол очиқ-ойдиндир. ҳаром очиқ-ойдиндир. китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад ибн Идрис ибн Аббос ибн Усмон ибн Шофеъ ибн Соиб ибн Абдулязид ибн Ҳошим ибн Мутталиб ибн Абдуманоф кунялари Абу Абдуллоҳ алҚурайший ҳижратнинг 150 йили давоми...

4379 17:00 / 12.06.2019
Нафс одоби ҳақида 18тавсияЗайдулхойр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ яхши кўрган кишининг қандай сифатлари бор, У Зот яхши кўрмаган давоми...

5542 17:04 / 08.01.2017
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, мен ва менинг умматимнинг мисоли худди олов ёқиб давоми...

4323 13:30 / 31.03.2021
. . . . . Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

1482 19:00 / 17 январь