1447 йил 26 шаъбон | 2026 йил 14 февраль, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дуонинг фазли (бешинчи ҳадис)

12:50 / 07.03.2019 3790 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ер юзида қайси бир мусулмон гуноҳ аралаштирмасдан, қариндошлик алоқасини узмасдан туриб дуо қилса, албатта, Аллоҳ таоло унга ё сўраганини (тезда) беради, ёки ўшанинг мислича ёмонликни ундан буриб қўяди», дедилар.

Шунда одамлардан бири:

«Ундай бўлса, (дуони) кўпайтирамиз», деди.

«Аллоҳ кўпайтирувчироқдир», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда дуонинг қабул бўлиши шартларидан иккитаси ва дуонинг фазлларидан иккитаси зикр қилинмоқда.

Дуонинг қабул бўлиши учун зарур бўлган ушбу икки шарт:

1. Мусулмон кишининг гуноҳ аралаштирмасдан дуо қилишидир. Гуноҳ қилиб туриб, дуо қилинса, қабул бўлмас экан.

2. Мусулмон кишининг қариндошлик алоқаларини узмасдан дуо қилишидир. Қариндошлик алоқасини узган ҳолда қилинган дуо ҳам қабул бўлмас экан.

Дуонинг фазлларидан иккитаси:

1. Аллоҳ таоло томонидан дуода сўралган нарсанинг тез берилиши.

2. Дуо қилувчидан сўралган нарса мислича ёмонликнинг буриб қўйилиши.

Бас, шундай экан, банда Аллоҳ таолога кўпроқ дуо қилиши лозим.

Демак, банда дуоларим қабул бўлмади, демаслиги керак экан. Аллоҳ таоло унга шу дуоси туфайли охиратда катта ажрни тайёрлаб қўйган бўлиши ёки катта бир балони даф қилиб қўйган бўлиши мумкин экан.

Шунинг учун дуо қилишда иккиланмаслик, гумонда, шубҳада юрмаслик керак. Дуо қилавериш ва ижобат бўлишидан умидвор бўлиш лозим.

Дуони қандай ижобат қилиш эса Аллоҳ таолонинг иродасидир. Ўзи билади. Агар Аллоҳ таоло сўралган нарсани бермаса, ажрини охиратга олиб қўяди ёки ўрнига бошқа бир ёмонликни даф қилади.

Ҳофиз ибн Ҳажар айтадилар:

«Дуонинг ижобати турли навда бўлади. Гоҳида сўраган нарсанинг айни ўзи берилади. Гоҳида унинг ўрнига эвази берилади».

Яна Ибн Жавзий айтадилар:

«Билки, мўминларнинг дуоси рад қилинмас. Фақат унинг учун ортга суриш яхши бўлганда ижобати ортга сурилади. Ёки тездами, секинми, унинг ўрнига ундан кўра яхшироқ эваз берилади. Эҳтимол, арзимаган нарсани сўраган бўлади. Аммо унга афзал ва ўта арзигулик нарсани беради. Бас, мўмин киши Роббига дуо қилишни, Ундан талаб ва сўрашни тарк қилиши жоиз эмас. У таслим бўлиш ва тафвиз қилиш – Аллоҳга солиб қўйиш ила қанчалик ибодат қиладиган бўлса, дуо билан ҳам шунчалик ибодат қилади».

Ривоят қилинишича, бир подшоҳ улкан, ажойиб қаср қурдирди. Қурилиш битгач, ўзида йўқ хурсанд бўлиб, хизматкорига: «Бу қасрни одамларга кўрсат, ким унинг айбини, камчилигини айтса, унга икки дирҳам бер ва уни тузат», деди.

Бир дарвеш буни эшитиб, хизматкорнинг олдига келди-да: «Бу қасрнинг иккита тузатиб бўлмас катта айби бор», деди. Хизматкор «Қандай айблар экан?» деб сўраган эди, дарвеш: «Биринчиси – бу қасрни қурган подшоҳ ўлиб кетади. Иккинчиси – бу қаср ҳам абадий қолмайди», деди.

Хизматкор бу гапни подшоҳга айтган эди, у ўзини маломат қилиб, дунёга берилиб ўтказган умрига ачинди. Кейин ўткинчи зеб-зийнат ва дабдабалардан воз кечиб, боқий қоладиган ишлар билан, ибодат билан машғул бўлди.

«Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Одамлар нубувватнинг биринчи каломидан идрок қилган нарсалардан бири .Агар ҳаё давоми...

2540 14:00 / 15.08.2019
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ ва Расулини яхши кўриш кимни хурсанд қилса, Мусҳафга қараб Қуръон давоми...

2757 11:25 / 23.09.2020
Абу Юсуф Баззоз дейдилар .Тобеъинларга замондош бўлган Риёҳ Қайсий бир аёлга уйланди. Келинкуёв гўшангага киришди. Тонг отгач, келин хамир қормоқчи эди, Риёҳ .Ҳали давоми...

1971 07:59 / 27.07.2020
Абу Саъиддан ривоят қилинади Абдуллоҳ ибн Марзуқ Маҳдий билан тўкинсочинликда эди. Бир куни ўйинкулги қилиб, хамр ичиб, пешин, аср, ва шом намозларини ўқимади. давоми...

4060 07:00 / 15.12.2018