Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 9 жумадул аввал | 2024 йил 11 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (201-дарс) Мушук теккан сувда таҳорат қилса бўладими?

00:00 / 20.10.2022 2642 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 عَنْ كَبْشَةَ بِنْتِ كَعْبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: دَخَلَ أَبُو قَتَادَةَ فَسَكَبْتُ لَهُ وَضُوءًا فَجَاءَتْ هِرَّةٌ فَشَرِبَتْ مِنْهُ فَأَصْغَى لَهَا الْإِنَاءَ حَتَّى شَرِبَتْ فَرَآنِي أَنْظُرُ إِلَيْهِ فَقَالَ: أَتَعْجَبِينَ ياَ بِنْتَ أَخِي؟ فَقُلْتُ: نَعَمْ، فَقَالَ: إِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّهَا لَيْسَتْ بِنَجَسٍ إِنَّهَا مِنَ الطَّوَّافِينَ عَلَيْكُمْ وَالطَّوَّافَاتِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Кабша бинти Каъб розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«У киши айтадилар:

«Абу Қатода (уйимизга) кирди. Унга таҳорат суви қуйиб бердим. Бас, бир мушук келиб, ундан ичди. У эса идишни энгаштириб, унга ичиб олиши учун тутди. Бас, у ўзига назар солаётганимни кўрди ва:

«Эй биродаримнинг қизи, ажабланяпсанми?» деди. Мен:

«Ҳа», дедим. У:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, у (мушук) нажас эмас, у сизларнинг атрофингизда айланиб юрувчилардандир», деганлар, деди».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Ривоятда исмлари келган Абу Қатода розияллоҳу анҳу Кабша розияллоҳу анҳога қайната бўладилар. Абу Қатода у кишининг кунялари бўлган, исмлари Ҳарс ибн Робъи Ансорийдирлар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг отларига қараб юрганлар.

Демак, бу ривоятда келган ҳодиса қайната билан келин орасида бўлиб ўтган. Бу ҳақда Кабша розияллоҳу анҳо қуйидагиларни айтадилар:

«Абу Қатода (уйимизга) кирди. Унга таҳорат суви қуйиб бердим».

Арабларда қайнатам, қайнанам каби сўзлар кам ишлатилади. Улар қайната, қайнаналарига нисбатан кўпроқ уларнинг исми ёки куняларини ишлатишга одатланганлар. Кабша розияллоҳу анҳо ҳам қайнаталарини куняси ила атамоқдалар. Демак, Абу Қатода розияллоҳу анҳу уйга кириб, таҳорат қилмоқчи бўлганлар ва келинлари Кабша розияллоҳу анҳо у кишига таҳорат суви қуйиб берганлар. Бу ўша вақтдаги мўмина-муслима келинларнинг одоб-ахлоқлари, қайнаталарини ҳурмат қилишлари, уларнинг хизматларини қилишларидан далолат беради.

«Бас, бир мушук келиб, ундан ичди. У эса идишни энгаштириб, унга ичиб олиши учун тутди».

Мушук келиб, таҳорат учун тайёрланган сувдан ичмоқчи бўлган. Абу Қатода розияллоҳу анҳу мушукнинг сув ичиши осон бўлиши учун идишни энгаштириб, унга тутган.

«Бас, у унга назар солаётганимни кўрди ва:

«Эй биродаримнинг қизи, ажабланяпсанми?» деди. Мен:

«Ҳа», дедим».

Шу ерда ҳам келиннинг одоби зоҳир бўлмоқда. Кабша бинти Каъб розияллоҳу анҳо қайнаталари таҳорат сувини мушукка тутиб беришини кўриб, ҳозирги баъзи келинларга ўхшаб, бидирлаб кетмадилар. Балки индамай, савол назари билан қараб турдилар. Қайната ўз келини ажабланаётганини англаб:

«Эй биродаримнинг қизи, ажабланяпсанми?» деди. Арабларда шунга ўхшаш «Эй биродаримнинг ўғли» истилоҳи ҳам кўп ишлатилади. Одобли келин гапни чўзмай, қисқа қилиб, «Ҳа», деди. Бу ажабланишда «Мушукка таҳорат сувини тутиб бериб, ундан қолган сув билан таҳорат қилса бўлаверадими?» деган савол бор эди.

Абу Қатода розияллоҳу анҳу нима учун шундай қилганларини қуйидагича баён этиб бердилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, у (мушук) нажас эмас, у сизларнинг атрофингизда айланиб юрувчилардандир», деганлар», деди.

Бу, мушук уй ҳайвони бўлганлиги учун доимо атрофингизда айланиб туради, шунинг учун унинг оғзи теккан нарса нопок бўлиб қолмайди, деганидир.

Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Келинларнинг одоби ва қайнаталарига хизмат қилишлари лозимлиги.

2. Бир одамга бошқа одам таҳорат суви тайёрлаб бериши жоизлиги.

3. Одоб юзасидан савол бермай, савол назари билан қараб туриш айниқса, келинлар учун яхши эканлиги.

4. Савол назари билан қараб турган кишига жавоб бериш кераклиги.

5. Мушукнинг нажас эмаслиги.

6. Мушук теккан сувда таҳорат қилиш мумкинлиги.

7. Исломнинг мусулмонларга енгиллик яратадиган дийн эканлиги.

Шу билан бирга, бу ва бошқа ҳадисларда мушук теккан сув ҳақидаги ривоятлар маълум ҳолатларга асосланганини ва мушук сичқон ҳамда шунга ўхшаш нарсаларни ейиши эътиборидан, уламоларимиз «Мушук теккан сув макруҳ», деганлар. Яъни, мушук теккан сувдан бошқа сув бор бўлса, ўша бошқа сувда таҳорат қилган яхшироқ, деганлар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳга тавба қилишнинг фазли 11тавсия Ағарр ибн Ясор Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Эй одамлар, Аллоҳга тавба давоми...

5000 05:00 / 28.02.2017
. . Абдуллоҳ ибн асСанобиҳий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Абу Муҳаммад .Витр намози вожиб,, деб даъво қилди. Бас, Убода давоми...

2068 19:00 / 24 январь
. . Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга сув қўйиб қўйдим ва тўсиб турдим. У киши ғусл қилдилар,. Муслим ривоят давоми...

2400 19:00 / 12.07.2023
. . . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ўн нарса фитратдан соф табиатдандир мўйлабни қисқартириш, давоми...

2657 19:00 / 15.03.2023