Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (12-дарс). Суннат саҳобалар истилоҳида

16:01 / 19.12.2018 6142 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларнинг фақатгина шаръий ҳукмга тегишлиларини Суннат деб, бошқаларини Суннат демаслик саҳобаи киромлар ва тобеъинларнинг одатлари бўлган.

Яъни улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларнинг барча мусулмонлар ҳам амал қилишлари лозим бўлган қисминигина Суннат деб атаганлар.

Мана шу тақсимга биноан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган амаллар ва гап-сўзлар суннат ва суннат бўлмаган қисмга бўлинган. Суннатига мусулмонлар эргашишлари лозим бўлган. Суннат бўлмаганига эса мусулмонлар оммасининг эргашиши лозим ҳисобланмаган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи «Муснад» китобларида келтирган ривоятда Абу Туфайл розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади:

«Мен Ибн Аббосга:

«Сенинг қавминг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Байт(уллоҳ)ни рамл (паҳлавон юриш) ила тавоф қилганлар ва бу суннатдир», де­йишмоқда?» дедим.

«Ҳам рост, ҳам ёлғон айтишибди», деди у.

«Ҳам рост, ҳам ёлғон айтишибди, деганинг нимаси?» дедим.

«Рост айтганлари – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Байтни рамл қилганлари. Ёлғон айтганлари – бу ишнинг суннат экани. Қурайшликлар Ҳудайбия замонида: «Муҳаммад ва унинг саҳобаларини тек қўйинглар, ҳайвонларга тушадиган қуртларга ўхшаб ўлиб кетсинлар», дейишди. У зот улар билан саҳобалари ила келгуси йили келишлари ва Маккада уч кун туришлари ҳақида сулҳ туздилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида, мушриклар Қуъайқиъон тарафда туришар эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига «Байтни уч марта рамл қилинглар, лекин бу суннат эмас», дедилар», деди у.

«Сенинг қавминг «У зот Сафо билан Марва орасида туяга миниб, саъй қилганлар ва бу суннатдир», дейишмоқда?» дедим.

«Ҳам рост, ҳам ёлғон айтишибди», деди.

«Ҳам рост, ҳам ёлғон айтишибди, деганинг нимаси?» дедим мен.

«Рост айтишгани – у зот ҳақиқатдан ҳам Сафо билан Марва орасида туя миниб, саъй қилганлар. Ёлғон айтишгани – бу ишнинг суннат экани. Ўшанда одамлар Расулуллоҳдан четланмас ҳам, бурилиб ҳам кетмас эдилар. Бас, улар у зотнинг каломларини эшитишлари ва қўлларини у зотга теккизмасликлари учун туя миниб, саъй қилганлар», деди.

«Сенинг қавминг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо ва Марва орасида сацй қилганлар ва бу суннатдир», дейишмоқда?» дедим.

«Рост айтишибди», деди у».

Мана шу ривоятдан мацлум бўладики, саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир ишларига эргашишни суннат деб билмаганлар. Балки, шаръий ҳукмга боғлиқларинигина суннат деб билганлар ва уларга сўзсиз амал қилганлар.

Шунингдек, саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган бошқа баъзи амалларнинг ҳам Суннат ёки Суннат эмаслиги ҳақида, яъни мусулмонлар оммаси уларга амал қилишлари лозимми ёки лозим эмасми экани ҳақида баҳс юритганлар. Биргина мисол келтирамиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж қилганларида, Минодан қайтиш пайтида «Биз эртага, иншааллоҳ, Бани Канонанинг селхонадаги тепалигига – куфр учун қасам ичган жойларига тушамиз», дедилар. Ўша жойнинг номи Абтоҳ бўлган. У ер муҳассоб ҳам дейилади. Аммо у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Рофеъ розияллоҳу анҳуни жой тайёрлаш учун юбориб, ҳеч бир кўрсатма бермаганлар. Абу Рофеъ розияллоҳу анҳунинг ўзлари айтишларича, ўз ихтиёрлари билан Абтоҳ номли жойни танлаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушишлари учун чодир қурганлар. Шу ва бошқа шунга ўхшаш маънолардан келиб чиқиб, ҳажда Минодан қайтаётганда Абтоҳга тушиш Суннат ёки Суннат эмаслиги ҳақида саҳобаи киромлар ўзаро баҳс қилганлар. Уларнинг бу баҳслари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Минодан қайтиб келаётиб, Абтоҳга тушганларми ёки йўқми, деган маънода эмас, балки у зотнинг Абтоҳга тушганлари Суннат – шаръий ҳукмми ёки шаръий ҳукм эмасми, деган маънода бўлган.

Имом Муслим қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг мазкур амални Суннат деб билишлари ва ўзлари ҳаж қилсалар, доимо Абтоҳга тушишлари айтилган.

Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Рофеъ, Оиша онамиз ва бошқа саҳобийлар ҳажда Минодан қайтиб келаётиб, Абтоҳга тушишни Суннат эмас деб билганлар.

Имом Муслим келтирган ривоятда ҳам Оиша онамиз розияллоҳу анҳо «Абтоҳга тушиш Суннат эмас», деганлар.

Имом Аҳмад келтирган ривоятда эса Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўшанда Абтоҳга тушганларига изоҳ бериб, «Аллоҳга қасамки, у ерга фақат менинг сабабимдангина тушганлар», деганлар.

Лекин вақт ўтиши билан истилоҳлар ўзгариб борди. Ўша ўзгаришлар жараёнида Суннат истилоҳи шариат ҳукми бўлишидан қатъи назар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган барча нарсаларга ишлатиладиган бўлиб қолди. Шунинг учун уламоларимиз Суннатнинг шаръий ҳукм учун содир бўлган ва шаръий ҳукм учун содир бўлмаган қисмлари борлигини қайта-қайта эслатиб турадиган бўлдилар. Яна ҳам аниқроқ тушунишимизга ёрдам бўлар, деган умид ила баъзи мисоллар келтирайлик.

Имом Абу Муҳаммад ибн Қутайба ўзларининг «Таъвийлу мухталафил ҳадис» номли китобларида қуйидагиларни ёзган эканлар:

«Бизнингча, Суннат уч хилдир:

«Биринчи Суннат» – Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таолодан келтирган Суннатдир. Бунга у зотнинг «Аёл киши ўз аммаси ва холаси устига никоҳланмас», «Насаб бўйича ҳаром бўлганлар, разоъ (эмизиш) бўйича ҳам ҳаром бўлур», «Бир сўриш ва икки сўриш ҳаром қилмас», «Хун пули оқил(ота томон эркак қариндош)лар зиммасидадир» кабилардир.

«Иккинчи Суннат» – Аллоҳ у зотга мубоҳ қилиб, унда ўз раъйларини ишлатишга амр қилган Суннатдир. Бунда у зотга хоҳлаган кишиларига бацзи иллат ёки узрга биноан, рухсат беришлари жоиздир. Мисол учун, у зот эркакларга ипакни (ипакли кийимни) ҳаром қилганлар. Шу билан бирга, Абдурраҳмон ибн Авфга ундаги мавжуд иллат туфайли ипакка (ипакли кийим кийишга) изн берганлар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка ҳақида «Унинг майсаси юлинмайди ва дарахти кесилмайди», деганларида Аббос ибн Абдулмуттолиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, изхир мустасно. У уйларимиз учун керак», деди.

«Изхир мустасно», дедилар у зот.

Агар Аллоҳ таоло унинг ҳамма дарахтларини ҳаром қилганида, у зот Аббос ибн Абдулмуттолиб ирода қилган нарсага мувофиқлик билдирмас эдилар. Лекин Аллоҳ у зотга ўзлари салоҳиятли деб билган нарсани истисно қилиш ҳаққини берганлиги учун одамлар манфаати учун изхирни истисно қилдилар...

«Учинчи Суннат» – у зотнинг бизга одоб тариқасида суннат қилган нарсаларидир. Агар биз унга амал қилсак, фазилат бўлур. Агар биз уни тарк қилсак, иншааллоҳ, бизга гуноҳ бўлмас. У зотнинг салланинг пешини томоқнинг остидан ўтказишга амр қилганлари, жаллола (нопок нарсани ейдиган ҳайвон)нинг гўштидан, шунингдек, қон олиш касбидан наҳий қилганлари кабилар шу жумладандир».

Имом Абу Муҳаммад ибн Қутайба 276 ҳижрий санада вафот топган бўлиб, мутақаддим уламоларимиз вакилидирлар.

Энди мутааххир уламоларимиз вакили бўлмиш, 1176 ҳижрий санада вафот топган Имом Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг бу масалада ёзиб қолдирган маълумотлари билан қисман танишайлик. У киши раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «Ҳужжатуллоҳил Болиға» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:

«Билки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиниб, ҳадис китобларига ёзилган нарсалар икки қисмга бўлинади:

Биринчиси – Пайғамбарликни етказиш йўлида келганлари.

Булар ҳақида Аллоҳ таоло:

«Расул сизга нимани берса, олинг ва сизни нимадан қайтарса, қайтинг!» дегандир.

Улар жумласига охират илмлари ва малакут ажойиботлари киради. Буларнинг ҳаммаси ваҳийга суянган нарсалардир.

Яна ўшалар жумласига шариат аҳкомлари, ибодатларни забт қилиш ва мазкур забт турларига асос бўладиганлари ҳам киради. Буларнинг баъзилари ваҳийга ва баъзилари ижтиҳодга суянгандир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодлари ҳам ваҳийнинг ўрнидадир. Чунки Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг раъйлари хато бўлишидан Ўзи асрагандир. Шунингдек, у зотнинг ижтиҳодлари баъзилар гумон қилганидек, насслардан (шаръий далиллардан) истинбот қилиниши ҳам вожиб эмас. Балки Аллоҳ таоло у зотга шариат мақсадларини, шариатчилик, енгиллаштириш ва аҳкомлар қоидаларини ўргатган ҳамда ушбу қоидаларнинг мақсадини ваҳий орқали баён қилиб бергандир.

Ана шу нарсалар жумласига яна вақти белгиланмаган ва чегараси баён қилинмаган ахлоқи фозилалар ҳамда уларга зид ва ўхшаш, сарбаст ҳикматлар, мутлақ манфаатларга оид нарсалар киради. Fолибо, бундай нарсаларнинг асоси ижтиҳод бўлади. Яъни Аллоҳ у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мазкур нарсаларни истинбот қилишнинг асос қонунларини ўргатган бўлади.

Яна бу тоифага фазилатли  амаллар ва амал қилувчиларнинг маноқибларига оид гаплар ҳам киради. Менимча, буларнинг баъзилари ваҳийга, баъзилари ижтиҳодга суянган бўлади.

Иккинчиси, пайғамбарликни етказиш йўлида келмаганлари. Булар ҳақида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен ҳам башарман. Қачонки, сизларни динингиздан бўлган нарсага амр қилсам, бас, уни олинг. Қачонки, сизларни ўз раъйимдан бўлган нарсага амр қилсам, бас, албатта, мен ҳам башарман», деганлар.

Яна у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмони чанглатиш қиссасида: «Бас, албатта, мен бир гумон қилдим, холос. Сизлар гумон учун мени тутманглар. Лекин сизларга Аллоҳдан бир нарса гапирсам, уни маҳкам тутинглар. Чунки мен Аллоҳга ёлғон гапирмаганман», деганлар.

Яна шундайлар (яъни Пайғамбарликни етказиш йўлида келмаганлари) жумласига тиб ҳам киради.

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизлар қашқа қорабайирни лозим тутинг», деган гапларига ўхшаш боблар ҳам шулар жумласига киради. Булар тажрибага суяниб айтилгандир.

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қавмлари айтадиган гапларга ўхшаш гаплар, Умму Заръ ва Ҳузофанинг ҳадисига ўхшаш нарсалар ҳам шулар жумласига киради. Бунга қуйидаги мисолни келтириш мумкин: Зайд ибн Собитнинг ҳузурига бир неча кишилар кириб:

«Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан гапириб бер», дедилар. Шунда у:

«Мен у зотнинг қўшниси эдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига қачон ваҳий нозил бўлса, менга одам юборар эдилар. Мен у зотга уни ёзиб берар эдим. Агар биз дунёни зикр қилсак, у зот ҳам уни биз билан зикр қилар эдилар. Агар биз охиратни зикр қилсак, у зот ҳам уни биз билан зикр қилар эдилар. Агар биз таомни зикр қилсак, у зот ҳам уни биз билан зикр қилар эдилар. Мана шуларнинг ҳаммасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сизларга ривоят қилиб берайми?!» деди.

Яна ўшалар жумласига у зотнинг ўша куннинг жузъий манфаатини қасд қилиб, содир этган нарсалари, умматнинг барчасига лозим бўлмаган ишлар ҳам киради. Халифа лашкар тайёрлаш учун амр бериши, шиор (мужоҳидларни ажратиб турадиган белги) тайин қилишига ўхшашлар ва бошқалар ҳам шу тоифадандир.

Бунга ҳазрати Умарнинг қуйидаги гапи мисол бўла олади: «Бизга ва рамл(тавофда паҳлавон юриш қилиш)га нима бўлибди? Биз у билан Аллоҳ ҳалок қилган бир қавмга ўзимизни кўрсатган эдик», деди. Сўнгра унинг бошқа сабаби бўлишидан қўрқди ва бу ишга ўзгартиш киритмади. Воқеъликда кўпгина ҳукмлар мана шу бобга ҳамл қилинган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир душманни қатл этса, унинг нарсалари ўзига», деган қавллари каби.

Яна шу тоифага хос ҳукм ва қозиликлар ҳам киради. У зот бундай ҳолларда гап-сўз ва қасамларга биноан иш тутганлар. Бунга у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Али розияллоҳу анҳуга: «Шоҳид ғойиб кўрмаган нарсаларни кўради», деган қавллари мисолдир».

Аллома Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг «Ҳужжатуллоҳил Болиға» номли китобларидан нақл қилинган парча бир оз шарҳ қилинса, масала кўпчилигимизга яна ҳам ойдинлашса, ажаб эмас.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ихлоснинг фазли 22тавсия Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга юбораётганларида .Эй Аллоҳнинг давоми...

6354 17:04 / 08.01.2017
Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг энг афзал пайғамбари бўлиш билан бирга, оддий инсон ҳам эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

6726 14:00 / 26.12.2018
. . . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки усаҳобаларни бирор ишга амр қиладиган давоми...

3310 17:59 / 09.06.2021
. . Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Яҳудийлардан бир одам у кишига.Эй мўминларнинг амири, Китобларингизда бир оят бор, давоми...

4750 16:02 / 19.02.2020