1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

У зот азиз, сен бўлсанг хорсан

10:43 / 19.12.2018 3883 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Мунофиқун сурасида шундай марҳамат қилади:

ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ

«Улар: «Агар Мадинага қайтиб борсак, албатта, азиз хорни ундан чиқарур», – дерлар. Ҳолбуки, азизлик Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларга хосдир. Лекин мунофиқлар билмаслар» (8-оят).

Бу дўқни мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул қилганини, «азиз» деганда ўзини кўзлаб, «хор» деганда Набий алайҳиссаломни назарда тутганини юқорида айтиб ўтдик.

«Мадинага қайтиб борсак», дейилгандан мурод «Мусталақ қавмига қарши ғазотдан қайтиб, Мадина шаҳрига борсак», деганидир.

«Улар: «Агар Мадинага қайтиб борсак, албатта, азиз хорни ундан чиқарур», – дерлар».

Бундан кўриниб турибдики, мунофиқлар мусулмонларга қарши турли жабҳа ва услубларни, шу жумладан, маҳаллийчиликни ҳам ишга соладилар. Маълумки, Набий алайҳиссалом ва муҳожирлар мадиналик эмаслар, балки бу ёққа дин учун Маккадан ҳижрат қилиб келганлар. Мунофиқлар Мадинанинг туб аҳолиси бўлмиш ансорийларда турли йўл билан маҳаллийчилик руҳини қўзғаб, уларни ўз дин қардошларига қарши қўйишга ҳам уринганлар. Улар бундай йўллар билан мўминларни хор қилмоқчи бўлдилар. Лекин Аллоҳ таоло уларнинг ўзларини хору зор қилиб қўйди. Улар ўйламаган тарафдан бошларига балоларни олиб келди. Мазкур ҳодисада Абдуллоҳ ибн Убай ва унинг нифоқдаги шерикларининг ишлари фош бўлгандан сўнг, одамлар ичида «Расулуллоҳ Абдуллоҳ ибн Убайни қатл этишга фармон берганмишлар» деган гаплар тарқалади. Баъзи шижоатли мусулмонлар у зотдан бу ишни амалга оширишга рухсат ҳам сўрайдилар. Лекин Набий алайҳиссалом кўнмайдилар. Бу хабар мунофиқларнинг раҳбари Абдуллоҳ ибн Убайнинг ўғлига ҳам етиб боради. Шунда у йигит Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига шошилиб келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, эшитишимча, отамни ўлдиришга амр бермоқчи экансиз, Аллоҳга қасамки, бизнинг қабиламизда мендан кўра отасини ҳурмат қиладиганроқ одам йўқлигини ҳамма билади. Сизнинг амрингизни бажариб, отамни қатл этган кишини кўриб юриш менга оғир бўлади. Шунинг учун изн берсангиз, мунофиқ отамнинг бошини ўзим танасидан жудо қилсам», – дейди. Набий алайҳиссалом унга ҳам рухсат бермайдилар. Ҳа, иймон ҳақиқий бўлса, бунга ўхшаш мўъжизалар содир бўлаверади. Мунофиқлар ўзларини азиз билиб, мўминларни хор қилишга уринсалар ҳам, Аллоҳ таоло уларнинг ўзини икки дунёда хору зор қилиб қўяди. Бунга Абдуллоҳ ибн Убайнинг бошига тушган кўргиликлар яққол мисол бўлади.

Имом Абу Довуд ривоят қилишларича, «Одамлар (ўша ғазотдан сўнг) қайтиб, Мадинага яқинлашиб келганларида, Абдуллоҳ ибн Убайнинг ўғли шаҳарга кираверишда қиличини яланғочлаб турди. Одамлар бир-бир унинг олдидан ўтиб кетавердилар. Қаршисига отаси Абдуллоҳ ибн Убай келганда: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ изн бермагунларича, бу ердан ўтмайсан, албатта, у зот азиз, сен бўлсанг хорсан», – деди. Абдуллоҳ ибн Убай Расулуллоҳга ўғлидан шикоят қилди. Ўғил эса: «Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, сиз изн бермагунингизча, шаҳарга кирмайди», – деди. Расулуллоҳ изн бердилар. Шундан кейингина ўғил отасига: «Расулуллоҳ изн берган бўлсалар, ўтавер», – деди.

Мунофиқлар ва кофирлар нимани ўйласалар, ўйлайверсинлар, лекин Қуръони карим рост хабар берганидек,

«Ҳолбуки, азизлик Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларга хосдир. Лекин мунофиқлар билмаслар».

Ушбу ояти карима мусулмонлар заиф бўлиб, уларга турли ҳужумлар уюштирилиб турган пайтда нозил бўлган. Аммо Қуръон мўъжиза экани тезда намоён бўлди. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига душманларга қарши курашда ёрдам берди. Арабистон ярим оролининг барча аҳолиси у кишига эргашди. У зотдан сўнг халифалари даврида ўша пайтдаги дунёнинг икки улкан салтанати мусулмонлар қаршисида тиз чўкди; Ислом дини бутун дунёга тарқалди. Ҳақиқий азизлик Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларга хослиги исбот бўлди.

Суранинг охиридаги оятларда Аллоҳ таоло мўмин бандаларини мунофиқларнинг сифатларидан холи бўлишга чақиради.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Ва сенга Китобни ҳақ ила, ўзидан олдинги барча китобни тасдиқловчи ва уларнинг устидан назорат давоми...

1594 19:00 / 08.10.2024
.Айтгин .Қайси нарса гувоҳликда улуғроқдир, Айтки .Аллоҳ сиз билан менинг ўртамизда гувоҳдир. Менга ушбу Қуръон Унинг ила сизларни ва у етиб давоми...

632 19:00 / 02 сентябрь
Аллоҳ таоло Нисо сурасида шундай марҳамат қилади Бас, улардан юз ўгир ва Аллоҳга таваккул қил. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилурrdquo Нисо сураси, 81оят.Ўша давоми...

3768 11:02 / 19.11.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Айт .Агар ростгўй бўлсаларингиз, айтингчи, сизга Аллоҳнинг азоби ёки Соат келса, Аллоҳдан ўзгага давоми...

327 19:00 / 11 ноябрь
Аудиолар

210860 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130125 14:35 / 11.08.2021