Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (1-дарс) Суннат нима?

15:31 / 16.08.2018 17376 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аввало «Суннат» ўзи нима эканлигини билиб олиш лозим. Суннат ва Ҳадис бир-бирининг ўрнида ишлатиб келинган истилоҳлардир. Уларга яхшилаб диққат қилинса, Ҳадис хосроқ, Суннат умумийроқ эканлиги кўринади.

«Ҳадис» араб тилида «гап-сўз» маъносини англатади. Демак, ҳадис деганда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гап-сўзлари кўзда тутилади ва тушунилади.

Ҳадис илми билан шуғулланувчи олимни муҳаддис деб атаймиз. Муҳаддислар асосан, ҳадисни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қайси йўллар билан, кимлар орқали ривоят қилиниб, ўзларигача етиб келганини аниқлайдиган олимлардир. Улар бу улкан масъулиятли ишни амалга оширишда жуда ҳам аниқ ва ишончли йўлларни танлашган. Мазкур услуб ва илмий йўллар инсоният тарихида умуминсоний (гуманитар) илмларга асос бўлган.

«Суннат» сўзи араб тилида «тарийқат – маънавий йўл» деган маънони англатади. «Фалончининг суннати» деганда, ўша одамнинг ҳаётий йўли тушунилади. Шундан келиб чиқиб, «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари» деганда, у зотнинг тарийқатлари, йўлларини тушунамиз.

Суннат муҳаддислар истилоҳида қуйидагича таъриф қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), ахлоқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар «Суннат» дейилади». 

Ушбу таъриф Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган ва ишончли манбалар орқали ривоят қилинган бир неча хил нарсани ўз ичига олмоқда ва ўша нарсаларнинг тўплами «Суннат» деб номланишини англатмоқда. Ана шу таърифда зикри келган нарсаларга биттадан мисол келтирайлик.

1. «Гап»  бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турли ҳолат ва муносабатларда айтган гаплари киради.

Мисол учун, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта, ишлар ниятга боғлиқдир», деганлар.

Мана шу муборак гапни эшитган одамлар уни омонат тариқасида эшитмаганларга етказганлар ва шу тарзда авлоддан-авлодга ўтиб, муҳаддис олимгача етиб келган. Муҳаддис эса, илмий йўллар билан текшириб, унинг ҳадис эканлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнггина китобига киритган. Бу «қавлий (гап) суннат» дейилади.

2. «Иш» деганда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган иш-амаллари тушунилади. Айтайлик, таҳорат қилишлари, намоз ўқишлари, ҳаж ибодатини адо этишлари ва бошқа ишлари. У зотнинг шунга ўхшаш амалларини кўрганлар кўрмаганларга айтиб, кўрсатиб берганлар. Бундай маълумотлар шу тариқа ҳадис олимига етиб келган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари сифатида асар бўлиб қолган. Буни «амалий (иш) суннат» дейилади.

3. «Тақрир» – бир нарсага иқрор бўлиш, унинг тўғрилигини тасдиқлаш – маъқуллаш маъносини англатади. Суннатдаги тақрир эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлар томонидан содир бўлган баъзи нарсаларни маъқуллашларидан иборат. Биргина мисол: Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссалом юборган бир тўп лашкарга бош эди. У киши борган жойида жунуб бўлиб қолади ва совуқдан қўрқиб, ғусл қилмасдан, таяммум билан намоз ўқийди. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг шериклари буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг қилган ишини маъқуллайдилар. Маъқуллаш «Маъқул», деб айтиш билан ёки инкор қилмай, индамай қўя қолиш билан ҳам бўлади. Бу «тақририй суннат» дейилади.

4. «Халқий» сифат деб, тана тузилишидаги сифатларга айтилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кишилар у зотнинг бўй-бастлари, тана тузилишлари, сочлари, кўзлари ва бошқа аъзоларини батафсил васф қилиб берганлар. Бу маълумотлар ҳам ривоят бўлиб, муҳаддисларга, улар орқали Ислом умматига етиб келган. Масалан, Имом Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадийя» асарлари айнан шу масалага бағишланган алоҳида китобдир. Барча муҳаддисларимиз ҳам алоҳида китоб таълиф қилмасалар-да, шу маънодаги ҳадиси шарифлардан ўзларига етганларини ривоят қилиб қолдирганлар.

5. «Хулқий-ахлоқий сифатлар». Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари, ҳилмлари, шижоатлари, саҳийликлари каби барча ахлоқий фазийлатларини ҳам ривоят қилиб қолдирганлар. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳам суннатга киради.

6. «Таржимаи ҳол». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари, у зотнинг таваллуд топганларидан бошлаб, то Роббилари даргоҳига етгунларича бўлган таржимаи ҳоллари ўта аниқлик ва бутун тафсилотлари билан ривоят қилинган. Ушбу бобга тегишли ривоятлар тўплами «Сийрат» дейилади.

Муҳаддис уламоларимиз мана шу олти бандга тегишли ҳар битта маълумотни атрофлича, чуқур ўрганиб, ўз китобларига киритганлар.

Ўз-ўзидан маълум бўлмоқдаки, Суннат – Ислом учун, мусулмонлар учун ўта муҳим манба. Чунки у Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом, яъни Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дийнини ўз ҳаётларида тўлиқ татбиқ қилиб кўрсатган муборак зотнинг гаплари, ишлари, маъқуллашлари, халқий, хулқий сифатлари ва таржимаи ҳоллари мажмуасидан иборатдир.

Илоҳий, абадий ва мўъжизакор дастур – Қуръони Каримни ҳаётга татбиқ қилиш йўллари ва услубларини ҳам биз Суннатдан ўрганамиз. Чунки Қуръони Каримни қабул қилиб олган, одамларга етказган ва ҳаётга татбиқ қилиб кўрсатган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.

Қуръони Каримнинг тафсирини ҳам ўша Суннатдан ўрганамиз. Чунки Қуръоннинг биринчи ва бош тафсирчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У киши ўзларига нозил бўлган оятларни атрофларидаги кишиларга ўқиб, эшиттирар, зарур бўлганда тафсир қилиб ҳам берар эдилар. Кўпгина саҳобалар Қуръони каримдаги ўзлари тушунмаган ўринларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраб олар эдилар. Мана шу нарсалар ҳам ҳадисларда келгандир.

Қуръони Карим Бош дастур сифатида умумий ҳолда амр қилган ишларнинг тафсилотини ҳам Суннатдан топамиз. Мисол учун, Аллоҳ таоло Қуръонда намоз ўқишга амр қилган. Лекин ўша намозни қандай ўқишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам батафсил айтиб, кўрсатиб берганлар. Шу жумладан, Қуръони Каримда закот бериш фарз қилинган, қайси турдаги молдан, қанча миқдорда ва қай тарзда закот бериш эса, Суннати мутоҳҳарада тушунтириб берилган.

Яна кўплаб умумий йўналиш ва қоидалар Қуръонда зикр этилиб, ўша асосда шариатнинг бир мунча ҳукмлари Суннат ила собит бўлган. Демак, Суннат Ислом шариатида Қуръони Каримдан кейинги иккинчи манба ҳисобланади. Бу солиштириб кўриб ёки мулоҳаза қилиб айтилган фикр эмас. Балки Суннатнинг Ислом шариатида иккинчи манба эканлигини Аллоҳ таоло ва Унинг Расули – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар. Бу мусулмонларнинг асрлар оша иттифоқ билан амал қилиб келаётган ишларидир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида мўминларни, аввало Ўзига итоат қилишга, сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишга амр қилган. Қуръони Каримда:

«Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулига итоат қилинглар» оятининг такрор-такрор келиши шундандир.

Аллоҳга итоат қилиш Қуръонга итоат қилиш билан бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш у зот тирикликларида шахсларига итоат қилиш билан бўлса, вафотларидан кейин эса Суннатларига амал қилиш билан бўлиб келмоқда. Кези келганда шуни айтиб ўтиш лозимки, Аллоҳга итоат қилиш билан Пайғамбарга итоат қилиш алоҳида-алоҳида икки хил нарса эмас. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам доимо Аллоҳнинг итоатида бўлганлар. У зот умматларни Аллоҳнинг итоатидан ташқари нарсага буюрмаганлар. Бу ерда гап Аллоҳ таолонинг бевосита Қуръонда келган амрларига итоат қилиш билан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари воситаси ила келган амрларига ҳам итоат қилиш ҳақида кетмоқда. Қуръони Карим лафз ва маъно жиҳатидан Аллоҳнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ожиз қолдирувчи ваҳийсидир.

Суннат (ҳадис) эса маъноси Аллоҳдан, лафзи Пайғамбардан бўлган ваҳийдир. Дийн-диёнат, шариат ва бошқа маъноларда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз шахсий фикрларини эмас, Аллоҳнинг ваҳийсини ўз иборалари билан тақдим этганлар. Аллоҳ таоло у зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфларида:

«У ҳаводан гапирмас. Бу фақат қилинадиган ваҳийдир», деган.

Яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дийн, диёнат, шариат хусусида айтган ҳар битта гаплари Аллоҳнинг ваҳийсидир. У киши ўз ҳавойи нафсларидан гапирмаслар. Ана шундан ҳам кўриниб турибдики, Суннат шариатимизнинг иккинчи манбасидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилмасдан, у зотнинг ҳукмларига таслим бўлмасдан туриб, иймон даъвосини қилиш мумкин эмаслигини Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда очиқ-ойдин баён қилиб қўйгандир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Нисо сурасида:

«Йўқ! Роббингга қасамки, улар токи, Сени ўз ораларида чиққан нарсага ҳакам қилма­гунларича, сўнгра Сен чиқарган ҳукмдан нафсларида танглик топмайдиган бўлмагунларича ва тўлалигича таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар», дейди.

Шунга биноан, мўминлар ўз ҳаётларида юзага келган ҳар бир муаммони ҳал қилишда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни, у зотнинг Суннатларини ҳакам қилиб олмоқлари лозим. У зотдан чиққан ҳукмни эса, кўнгилларида ҳеч бир танглик топмай амалга оширмоқлари, ўша ҳукмга тўлалигича таслим бўлмоқлари керак. Акс ҳолда, мўминлик даъвосини қилишга асло ҳақлари йўқ. Бу Суннатнинг шариатимизда Қуръондан кейин иккинчи ўриндаги масдар эканлигини қаттиқ таъкидловчи далилдир.

Қуръони Каримда ушбу маънолардаги оятлар ниҳоятда кўп. Уларнинг ҳаммаси ҳам Суннатнинг Ислом шариати учун иккинчи масдар эканлигига далолат қилади. Бу масалани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам қайта-қайта таъкидлаганлар. У зоти бобаракот ўз ҳадисларидан бирида:

«Сизларга икки нарсани қолдирдим. Агар уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз. Булар Аллоҳнинг Китоби ва Менинг Суннатимдир», деганлар.

Худди шу маънодаги жуда кўп ҳадисларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аввал Қуръонни, кейин Суннатни таъкидлашларидан Суннат шариат учун Қуръондан кейинги иккинчи масдар эканлиги тушунилади.

Бу нарсани янада тўлароқ англаб етиш учун машҳур муҳаддислар Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Доримий, Имом Байҳақий, Имом Ибн Саъд ва Имом Ибн Абдул Баррлар ривоят қилган бир ҳадисни ўрганиб чиқайлик.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан бири Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга ўз вакиллари қилиб юбораётиб, у кишига:

«Агар сенга бир ҳукм чиқариш керак бўлиб қолса, қандай ҳукм чиқарасан?» дедилар. У киши:

«Аллоҳнинг Китоби ила ҳукм чиқараман», деб жавоб берди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳнинг Китобида бўлмаса-чи?» дедилар.

«Расулуллоҳнинг Суннати ила», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Расулуллоҳнинг Суннатида ҳам бўлмаса-чи?» дедилар.

«Ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан. Бўш келмайман», деди у.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг кўксига уриб:

«Расулуллоҳнинг элчисини Аллоҳни ва Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», деб, ниҳоятда мамнун бўлдилар.

Юқоридаги ҳадиси шарифдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўқ бўлган жойда мўминлар аввало, Қуръонга, кейин эса Суннатга қараб иш қилишлари лозимлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Ушбу оят ва ҳадислардан ибрат олган ҳолда Ислом уммати Аллоҳ дунёни дийнимиз ила мунаввар қилган кундан бошлаб, ҳозиргача Суннат Қуръондан кейинги иккинчи масдар эканлигига бир овоздан иттифоқ қилиб келмоқда. Бу нарсага фақат ўзини унутган, эс-ҳуши жойида бўлмаган баъзи шахс ёки тоифаларгина қарши чиққан бўлишлари мумкин.

Соғлом ақл ҳам Суннат Қуръондан кейинги иккинчи масдар эканлигини тасдиқ қилади. Аллоҳ таоло Ўзи танлаб олиб, пайғамбар қилган зотнинг Суннати иккинчи масдар бўлмай, кимники бўлиши мумкин? Албатта, ҳар бир соғлом фикр эгаси бу саволга фақатгина Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларигина Ислом шариатига иккинчи манба бўла олади, деб жавоб беради.

Мана, Суннатнинг луғат ва истилоҳдаги маъноларини ўрганиб чиқдик, бу тўғрида мисоллар ҳам келтирдик. Қолаверса, Суннатнинг Ислом шариати учун Қуръони Каримдан кейинги иккинчи масдар эканлигини ҳужжат ва далиллар билан тушуниб ҳам олдик.

Энди бу муҳим манбанинг тарихини қисқача ўрганиб чиқайлик.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Сулаймон ибн Бурайда раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади, у ўз отасидан ривоят қилади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ куни давоми...

2062 19:00 / 18.05.2023
Намоздан кейинги зикр ва дуолар 16тавсия Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлимдан тутиб, .Эй Муоз, Аллоҳга давоми...

130925 17:04 / 08.01.2017
Саксон бешинчи дарсимиздаги ҳадиси шарифни ўрганиш давомида кўпгина ҳикматлардан хабардор бўлдик. Жумладан, бир мавзу бўйича биргина ҳадиснинг зоҳирига, сиртига давоми...

5157 13:00 / 20.05.2020
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Исломнинг нимаси яхши, деб сўради. .Таом бермоғинг ҳамда таниган давоми...

4328 14:30 / 04.09.2019