Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (159-дарс). Илм учтадир (биринчи мақола)

20:00 / 03.11.2021 4836 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: الْعِلْمُ ثَلَاثَةٌ وَمَا سِوَى ذَلِكَ فَهُوَ فَضْلٌ: آيَةٌ مُحْكَمَةٌ أَوْ سُنَّةٌ قَائِمَةٌ أَوْ فَرِيضَةٌ عَادِلَةٌ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Илм учтадир. Улардан бошқаси зиёда фазилатдир: муҳкам оят, қоим суннат ва одил фаризат», дедилар».

Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаръий илмларнинг асосини баён қилиб бермоқдалар:

«Илм учтадир».

Бу иборадаги «илм»дан мурод, шаръий илм эканлигини кейинги иборалардан тушуниб оламиз. Уларда оят, суннат ва фарз ҳақида гап кетмоқда. Демак, нима дейилмоқчи эканлиги маълум.

1. «Муҳкам оят».

Оят Қуръони Каримнинг маълум бўлагидир. Қуръондаги бошланиши ва тугаши маълум бўлакнинг оят дейилиши ҳаммага маълум. Ҳадисда оят «муҳкам» деб васф қилинмоқда. Баъзи уламоларимиз буни очиқ-равшан ва насх бўлмаган оят деб баён қилганлар. Менимча, бу тўлиқ тушунча бера олмайди.

Қуръони Каримда оятларнинг ҳаммаси очиқ-равшан эканлиги баён қилинган. Насх қилинган (ҳукми амалдан қолдирилган) оятларни ўрганмаса бўлаверади, деган гап ҳам йўқ. Балки, аксинча, Қуръонни яхши тушуниш учун аввало оятларнинг носих-мансухини яхшилаб ўрганиш лозимлиги қайта-қайта таъкидланган. Демак, ҳадиси шарифдаги «муҳкам оят» иборасидан Қуръони Каримнинг оятларини тўлиқ ўрганиш лозимлиги маъносини тушуниб оламиз.

Шаръий илмнинг биринчи асоси Қуръони Каримни ўрганиш экан. Бу эса улуғ илм бўлиб, ўзида бир қанча шўбаларни мужассам қилгандир. Келинг, қисқача бўлса ҳам, шу ҳақда тўхталиб ўтайлик.

Аввало Қуръон тиловатини ўрганиш керак. Бунинг учун эса устоздан «Тажвид» илмини ўрганиш лозим. Ҳа, ўзича «тажвид» илмига бағишланган бир китобни ўқиб олиш билан киши бу илмни ўзлаштирган ҳисобланмайди.

Сўнгра ўша тажвид қоидаларига биноан, устоздан ҳар бир калимани, ҳар бир оятни қандай қироат қилишни ўрганиш лозим. Устоз қандай ўқиб берса, худди шундай у кишига қайтариб ўқиб бериш ва шу ҳолда ўқишга устознинг ижозатларини олиш керак. Ана шунда Қуръон тиловат қилиш ўрганилган бўлади. Бу ҳар бир мусулмон учун фарз нарсадир.

Қуръон илмини тўлиқ билмоқчи бўлган киши араб тилини яхши билмоғи лозим. Чунки Қуръони Карим араб тилининг олий даражадаги балоғат ва фасоҳат намуналарини ўзида мужассам қилган илоҳий китобдир.

Араб тилини ўрганиш эса сарф, наҳв, балоғат, фасоҳат каби бир қанча зарурий илмларни тўлиқ ўрганиш билан бўлади. Бу ишни ҳар қандай араб ҳам уддалай олмайди.

Қуръони Каримни билиш учун «Қуръон илмлари» деб номланган илмлар мажмуасини ўрганиш лозим бўлади.

Бу мажмуага жумладан, Қуръони Карим тарихи, оятларнинг маккий ёки маданийлиги, муҳкам-муташобеҳлиги, ом-хослиги, носих-мансухлиги, нозил бўлиш сабаби, қайси оят аввал, қайсиниси кейин нозил бўлганлиги, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қандай тафсир қилганликлари каби бир қанча илмлар киради. Ким ушбу илмларни яхши ўзлаштириб, ояти карималарнинг маънолари, улардан кўзланган мақсадни баён қилиш малакасига эга бўлса, муфассир-тафсирчи бўлади. Буни ҳар бир мусулмон билиши шарт эмас. Ҳар бир мусулмон имкони даражасида ўрганишга уриниши лозим. Аммо ҳар бир жамиятда ўша жамият эҳтиёжларига яраша муфассир бўлиши шарт. Бўлмаса, ўша жамият аъзоларининг ҳаммалари гуноҳкор бўладилар.

Мазкур илмларни ўзлаштирган одам ушбу ҳадис таъбирича, шаръий илмларнинг учдан бирини ўзлаштирган бўлади. Икки-учта қисқа сурани чала ёдлаб олган одам «қори ака» бўлиб қолмайди. Қуръони Карим маънолари таржимасини ўқиган одам ёки араб тилини билиб, арабча тафсир ўқиган одам ҳам муфассир бўлиб қолмайди.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Менга мендан олдин ҳеч кимга берилмаган беш нарса берилди менга бир ойлик масофадаги давоми...

5944 15:05 / 01.04.2020
Икки ракат зуҳо намозининг ва ҳар ой уч кун рўза тутишнинг фазли 7тавсия Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Халилим соллаллоҳу алайҳи васаллам менга давоми...

5129 05:00 / 28.02.2017
. . . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки усаҳобаларни бирор ишга амр қиладиган давоми...

3310 17:59 / 09.06.2021
. . Аёллар Оишага ичига пахта солинган тувакни юбордилар. Унда сарғиш рангли қон асари бор эди. У Оиша .То оппоқ нарсани кўрмагунингизча шошилманглар,, давоми...

1829 19:00 / 11.10.2023