Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 25 ражаб | 2026 йил 14 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Минбарда туриб, Қуръон қироат қилиш мумкинлиги | Ҳадис дарслари (362-дарс)

19:00 44 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ  قَالَ: ﮋ ﭑﭒﮊ  لَيْسَ مِنْ عَزَائِمِ السُّجُودِ وَقَدْ رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  يَسْجُدُ فِيهَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Сод» азийматли (таъкидланган) саждалардан эмас. Лекин мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унда сажда қилганларини кўрдим».

Бухорий, Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ривоятда Сод сурасидаги «Бас, рукуъ қилган ҳолида йиқилди ва тавба қилди» деган маънодаги оят ҳақида сўз бормоқда. Бу ояти каримада азму қарор ила сажда қилиш ҳақида амр келмаган. Балки Довуд алайҳиссаломнинг сажда қилганлари ҳақида хабар берилган. Шунинг учун у таъкидланган саждалардан эмас, деб айтилмоқда.

Шу билан бирга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу оятни ўқиб, сажда қилган ҳоллари ҳам бор. Демак, ушбу оятни ўқиганда сажда қилиш ихтиёрий бўлади. Кейинги ҳадисда бу масала яна ҳам кенгроқ баён қилинади.

وَقَرَأَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  وَهُوَ عَلَى الْمِنْبَرِ ﮋ ﭑﭒﮊ فَلَمَّا بَلَغَ السَّجْدَةَ نَزَلَ فَسَجَدَ وَسَجَدَ النَّاسُ مَعَهُ، فَلَمَّا كَانَ يَوْمٌ آخَرُ قَرَأَهَا فَلَمَّا بَلَغَ السَّجْدَةَ تَشَزَّنَ النَّاسُ لِلسُّجُودِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : إِنَّمَا هِيَ تَوْبَةُ نَبِيٍّ وَلَكِنِّي رَأَيْتُكُمْ تَشَزَّنْتُمْ لِلسُّجُودِ، فَنَزَلَ فَسَجَدَ وَسَجَدُوا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарда туриб, Сод сурасини қироат қилдилар. Сажда оятига етганларида тушиб, сажда қилдилар. Одамлар ҳам у киши билан сажда қилдилар. Бошқа бир куни уни қироат қилдилар. Саждага етганларида одамлар саждага тайёрлана бошладилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, у бир набийнинг тавбаси, холос. Лекин мен сизни саждага тайёрланганингизни кўрдим», дедилар-да, тушиб, сажда қилдилар. Одамлар ҳам сажда қилдилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни саҳобаи киромларга етказишга жуда ҳам ҳарис эдилар. Шу маънода баъзи вақтларда минбардан туриб ҳам уларга Қуръон тиловат қилиб берар эдилар. Баъзи вақтларда Жумъа намози хутбасида Қуръон сураларини ўқиганлари, мисол учун, Қоф сурасини тиловат қилганлари маълум.

Ушбу ривоятда ана шундай муносабатларнинг бирида минбардан туриб, Сод сурасини қироат қилганлари ва унга боғлиқ ишлар ҳақида сўз бормоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, у бир Пайғамбарнинг тавбаси, холос», деганлари, Сод сурасидаги сажда қилинадиган оят Пайғамбарлардан бири – Довуд алайҳиссаломнинг тавбаси ҳақида сўз юритади, холос, деганларидир.

Айнан ушбу жумлага урғу бериб, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари «Бу оятда сажда йўқ», деганлар.

Лекин Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари «Сажда бор. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилганлар», дейишган.

Имом Термизий баъзи саҳобий ва тобеъинларнинг ушбу оятда сажда қилганлари кўрилганини ривоят қилган.

Бошқа бир ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Довуд тавба учун сажда қилган эди, биз шукр учун сажда қилдик», деганлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Минбарда туриб, Қуръон қироат қилиш мумкинлиги.

2. Минбарда туриб, қироат қилаётган одам сажда ояти келгач, тушиб, сажда қилиши кераклиги.

3. Минбарда туриб, қироат қилаётган одамнинг сажда оятини қироат қилганини эшитганлар ҳам тиловат саждаси қилишлари лозимлиги.

4. Имом ва раҳбар одам кишиларнинг яхши маънодаги ишга шайланиб қолганларини кўрганда уларга ўзи бош бўлиши.

5. Сод сурасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиловат саждаси қилганликлари.

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ  قَالَ: قَرَأ َالنَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ النَّجْمَ بِمَكَّةَ فَسَجَدَ فِيهَا وَسَجَدَ مَنْ مَعَهُ غَيْرَ شَيْخٍ َأَخَذَ كَفًّا مِنْ حَصًى أَوْ تُرَابٍ فَرَفَعَهُ إِلَى جَبْهَتِهِ وَقَالَ: يَكْفِينِي هَذَا، فرَأَيْتُهُ بَعْدَ ذَلِكَ قُتِلَ كَافِرًا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада Нажм (сураси)ни қироат қилиб, сажда қилдилар. У зот билан бўлганлар ҳам сажда қилдилар. Фақат бир чол кафтига майда тош ёки тупроқ олиб, пешонасига кўтарди ва: «Менга шу ҳам кифоя қилади», деди. Шундан кейин унинг кофир ҳолида қатл бўлганини кўрдим».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу – Исломнинг дастлабки вақтида, Қуръони карим янги нозил бўлаётган пайтда содир бўлган машҳур ҳодиса. Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом Маккада мушриклар ва мусулмонлар тўпланиб турган жойда «Ван-нажм» сурасини қироат қилиб, сажда оятига келиб, сажда қилганларида ҳамма у кишига қўшилиб, сажда қилган. Мушриклар ҳам Қуръон таъсиридан қандай қилиб сажда қилиб юборганларини сезмай қолганлар. Фақат Валид ибн Муғийра деган чол кафтига тупроқ олиб туриб, ўшанга пешонасини теккизиб, сажда қилган. Бу хабар ҳамма томонга тарқалган. Ҳатто мушрикларнинг зулмидан қочиб, Ҳабашистонга ҳижрат қилиб кетган Усмон ибн Мазъун бошлиқ муҳожир мусулмонларга ҳам етиб борган. Улар «Аҳли Макка мусулмон бўлибди, уларнинг катталаридан бўлган Валид ибн Муғийра ҳам сажда қилибди», деб эшитишган ва тезда Маккага қайтиб келишган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. «Ван-нажм» сурасида сажда ояти борлиги.

2. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша «Ван-нажм» сурасидаги сажда оятига келганда сажда қилганлар.

3. «Ван-нажм» сурасидаги сажда оятини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиганларида мушриклар ҳам сажда қилганликлари.

4. Сажда оятида сажда қилмаслик ёмонлигини Валид ибн Муғийранинг кофир ҳолида ўлиб кетганидан биламиз. Чунки ҳамма сажда қилганда у кафтига тупроқ олиб, пешонасига теккизиш билан кифояланган эди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 5-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Шарт, сўзи луғатда .аломат, маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда эса бир нарсанинг ҳақиқати ва моҳиятидан ташқари бўла туриб, ўша нарсанинг вужудга келиши учун давоми...

2781 19:00 / 27.06.2024
. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким илмни Аллоҳдан бошқа учун ёки Аллоҳдан бошқани рози қилишни давоми...

5831 20:20 / 20.04.2022
.Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Алига.Сизларнинг ҳузурингизда китоб борми, дедим..Йўқ Магар Аллоҳнинг Китоби, мусулмон давоми...

5040 17:00 / 16.02.2022
Қунут луғатда дуо ва тазарруъ маъносидадир. Шариатда эса, намозда рукуъдан олдин ёки кейин туриб Аллоҳ таолога илтижо қилиб, ёмонликни дафъ қилиш ёки яхшиликни давоми...

9173 19:00 / 18.06.2025