Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 26 ражаб | 2026 йил 15 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Саждаи саҳвга сабаб бўладиган нарсалар | Ҳадис дарслари (359-дарс)

19:00 / 24.12.2025 801 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир нарсани қасддан ёки унутиб, тарк қилса ёки эсдан чиқиб, бир нарсани зиёда қилса, ёхуд бир нарсанинг жойини унутиб, ўзгартирса, саждаи саҳв қилади. Булар эса қуйидаги ҳолатларда бўлади:

1. Қасддан қилинган хатода уч нарсада саҳв саждаси лозим: биринчи қаъдани тарк қилганда, биринчи ракъат саждасидан бирортасини намознинг охирига қолдирганда ва қасддан тафаккур қилиб туриб, бир рукн миқдорича вақтни ўтказиб юборганда.

2. Намознинг вожибларидан бирини унутиб, тарк қилганда, олдин-кейин қилиб қўйганда ва зиёда ёки нуқсон қилиб қўйганда саҳв саждаси қилади. У ўн битта вожибдан иборат:

Биринчиси – фарзнинг биринчи икки ракъатида Фотиҳа ёки унинг кўп қисмининг қироатини тарк қилиш.

Иккинчиси – фарзнинг биринчи икки ракъатида Фотиҳадан сўнг бирорта сура ёки уч қисқа ёки бир узун оят ўқишни тарк қилиш.

Учинчиси – жаҳрий ёки махфий қироат қоидасига хилоф иш қилиш: Пешин ва Аср намозларида овоз чиқариб, бошқа намозларда овоз чиқармай қироат қилиш. Албатта, бу иш имом учун.

Тўртинчиси – уч ёки тўрт ракъатли намозда биринчи қаъдани қилмаслик.

Бешинчиси – охирги қаъдада ташаҳҳудни тарк қилиш.

Олтинчиси – бир ракъатда такрорланадиган амал тартибига риоя қилмаслик. Бунда саждани бир марта қилиб, иккинчисини унутиш. Бунда намоз охирида ўша унутилган сажда адо этилиб, сўнг саҳв саждаси қилинади.

Еттинчиси – рукуъ ва сужуддаги вожиб хотиржамликни унутиб, тарк қилиш. Баъзи уламолар наз­дида.

Саккизинчи – фарз намозда қироат жойини ўзгартириш. Масалан, зам сурани аввал, Фотиҳани кейин ўқиш; тўрт ракъатли намознинг охирги икки ракъатида ёки фақат иккинчи ва учинчи ракъатларида Фотиҳадан бошқа сура ўқиш.

Тўққизинчиси – Витр намозида қунут дуосини тарк қилиш. Ким қунут дуосини ўқимай, рукуъга кетган бўлса, саҳв саждаси қилади.

Ўнинчиси – қунутнинг такбирини тарк қилиш.

Ўн биринчиси – икки Ийд намозининг барча такбирларини ёки баъзиларини ёхуд иккинчи ракъатдаги рукуънинг такбирини тарк қилган киши саждаи саҳв қилади.

3. Намознинг жинсидан бўлмаган ва намоздан бўлмаган амални зиёда қилса, саждаи саҳв қилади. Мисол учун, икки марта рукуъ қилса.

Унутган нарсасига қайтиш

Бир одам биринчи қаъдани эсдан чиқариб, туриб кетаётганда эслаб қолди. Агар унинг ҳолати ўтиришга яқин бўлса, қайтиб ўтиради ва ташаҳҳуд ўқиб, салом беради. Агар ҳоли туришга яқин бўлса, қайтмайди. Намозни давом эттириб, охирида саждаи саҳв қилади.

Бир одам охирги қаъдани унутиб, бешинчи ракъатга туриб кетса, лекин ҳали унинг саждасини қилмаган бўлса, қайтиб ўтиради ва саждаи саҳв қилади. Агар бешинчи ракъатнинг саждасини қилган бўлса, фарз намози бузилиб, нафлга айланади. Чунки фарз тарк бўлди. Энди у олтинчи ракъатни ҳам қўшиб қўяди.

Бу ҳолда ўша одам фарз намозни қайтадан ўқийди.

Бироқ, агар намозхон тўрт ракъатдан сўнг ташаҳҳуд миқдорича ўтириб, уни биринчи қаъда деб ўйлаб, туриб кетган бўлса, бешинчининг саждасини қилмаган бўлса, қайтиб ўтиради ва салом беради. Агар бешинчи ракъатнинг саждасини қилган бўлса, яна бир ракъат қўшиб қўяди. Унинг намози тўғри бўлади, чунки у охирги қаъдани ўз ўрнида қилган. Кейин қўшилган икки ракъат унинг учун нафл бўлади.

Намозда шак қилиш

Бир одам намозда неча ракъат ўқиганини билмай, шак қилиб қолди. Учми, тўртми, билмайди. Агар бу унинг умридаги биринчи унутиши бўлса, намозни қайтадан бошлайди.

Агар унутиши кўп бўлса, ғолиб гумонга асосланади. Агар ғолиб гумони бўлмаса, озини олади. 

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 5-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Ким Исломдан бошқа динни истаса, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўрувчилардандир,, давоми...

7017 14:01 / 25.03.2020
.Қиёмат соати қачон бўлади, деган саволга бирданбир тўғри жавоб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифда берган жавобларидир. Бу жавоб давоми...

6904 14:40 / 26.07.2019
. . Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарларидан бирида ҳамма Бомдод давоми...

3110 19:00 / 29.05.2024
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларнинг фақатгина шаръий ҳукмга тегишлиларини Суннат деб, бошқаларини Суннат демаслик саҳобаи давоми...

7296 16:01 / 19.12.2018