Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 11 жумадул аввал | 2024 йил 13 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Билимсизликнинг давоси саволдир | Ҳадис дарслари (259-дарс)

19:00 / 06.12.2023 1377 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَرَجْنَا فِي سَفَرٍ فَأَصَابَ رَجُلًا مِنَّا حَجَرٌ فَشَجَّهُ فِي رَأْسِهِ ثُمَّ احْتَلَمَ فَسَأَلَ أَصْحَابَهُ فَقَالَ: هَلْ تَجِدُونَ لِي رُخْصَةً فِي التَّيَمُّمِ؟ قَالُوا: مَا نَجِدُ لَكَ رُخْصَةً وَأَنْتَ تَقْدِرُ عَلَى الْمَاءِ فَاغْتَسَلَ فَمَاتَ، فَلَمَّا قَدِمْنَا عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أُخْبِرَ بِذَلِكَ، فَقَالَ: قَتَلُوهُ قَتَلَهُمُ اللهُ أَلَّا سَأَلُوا إِذْ لَمْ يَعْلَمُوا، فَإِنَّمَا شِفَاءُ الْعِيِّ السُّؤَالُ، إِنَّمَا كَانَ يَكْفِيهِ أَنْ يَتَيَمَّمَ وَيَعْصِبَ عَلَى جُرْحِهِ خِرْقَةً ثُمَّ يَمْسَحَ عَلَيْهَا وَيَغْسِلَ سَائِرَ جَسَدِهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир сафарга чиққан эдик. Биздан бир кишига тош тегиб, бошини ёриб қўйди. Сўнгра ўша одам эҳтилом бўлиб қолиб, ўз шерикларига:

«Менга таяммумга рухсат топасизларми?» деди.

«Сен сувни ишлатишга қодир бўлиб турганингда, биз сенга рухсат топа олмаймиз», дейишди.

Бас, у ғусл қилди ва ўлиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганимизда у зотга бу ҳақда хабар берилди. Бас, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уни қатл қилишибди. Аллоҳ уларни қатл қилсин! Агар билмасалар, сўрасалар бўлмасмиди?! Албатта, жоҳилликнинг шифоси саволдир. Унга фақатгина таяммум қилиши, жароҳатига латта боғлаши, сўнгра унинг устидан масҳ тортиши ва баданининг қолганини ювиши кифоя қилар эди», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Улкан саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинаётган ушбу ривоятда саодат асридаги ҳаётнинг кўринишларидан бири ҳақида сўз бормоқда.

Баъзи кишилар томонидан содир этилган хато, унинг аламли оқибати ва натижалари баён қилинмоқда. Аммо ўша даврдаги хатолар ҳам, аламли ҳодисалар ҳам беҳуда кетмай, асрлар давомида мўмин-мусулмонларга фойда келтирадиган амалга айланар эди.

Сафарда тош тегиб, боши ёрилган саҳобани олайлик. У киши сафарда бўлсалар ҳам, бошлари ёрилиб, жароҳатлансалар ҳам ўзларини поклаш, ибодат қилишнинг пайида бўлдилар. Ярадор одам ғуслнинг ўрнига таяммум қилса бўладими, йўқми, билмас эканлар. Шерикларидан бу ҳақда сўрадилар. Шериклари ҳам билмас эканлар, лекин эҳтиёткорлик йўлини тутдилар, қийин ва хатарли бўлса ҳам, асл ибодатни қилиш керак, деб ўйладилар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иш тамоман бошқача эканлигини баён қилиб бердилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бир ҳукмни билмаган одам шерикларидан сўраши лозимлиги.

2. Доимо намозни қолдирмасликка ҳаракат қилиш лозимлиги.

3. Раҳбарнинг йўқлигида бўлиб ўтган ҳодисалардан уни хабардор қилиш кераклиги.

4. Бир масалани аниқ билмай туриб, фатво бермаслик кераклиги.

5. Билимсиз фатво бериб, ёмон оқибатга сабаб бўлиш оғир эканлиги. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

«Уни ўлдиришибди, Аллоҳ уларни ўлдирсин!»

6. Билмаган нарсани сўраш кераклиги.

«Агар билмасалар, сўрасалар бўлмасмиди?!»

7. «Албатта, жоҳилликнинг давоси саволдир».

Шунинг учун билмайдиганлар биладиганлардан доимо сўраб иш қилиши керак.

8. Жароҳатли одам ғусл ва таҳорат пайтида жароҳатига сув теккизмаслиги жоизлиги. Агар жароҳатни боғлаб олган бўлса, ўша боғланган латта устидан масҳ тортишнинг ўзи кифоя қилиши. Жароҳати йўқ аъзоларини ювиши кераклиги.

9. Исломнинг осон дин эканлиги.

10. Исломда инсоннинг ҳаёти ва унинг соғлиғи олий даражада қадрланиши.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Намозларни, айниқса ўрта намозни муҳофаза қилинг ва Аллоҳ учун итоаткор ҳолда қоим бўлинг,, деган Бақара сураси, 238оят. Шарҳ Намозни муҳофаза давоми...

1300 19:00 / 21 март
Муҳаммад алайҳисалломдан пайғамбарлик сифатлари ила содир бўлган суннатларДемак, сиз билан биз, мусулмонлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Аллоҳ давоми...

5936 15:02 / 03.01.2019
. . Абу Саъд ибн Абу Фазола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачонки Аллоҳ қиёмат кунида ndash давоми...

3002 19:30 / 06.10.2021
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким бир илмдан сўралсаю, бас, у ўшани яширса, қиёмат куни давоми...

4363 17:00 / 05.01.2022