Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (43-дарс). «Форуқ» лақабини олган халифа (учинчи мақола)

14:40 / 26.07.2019 5395 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Қиёмат соати қачон бўлади?» деган саволга бирдан-бир тўғри жавоб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифда берган жавобларидир. Бу жавоб жуда содда ва ўта камтарона жавобдир.

«Сўралувчи у ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас». 

Яъни, сен бу нарсани билмай, мендан сўраяпсан, аммо мен ҳам сен каби қиёмат соатини билмайман. Сўровчи аввалги саволларнинг жавобини билиб туриб сўраган. Шунинг учун ҳам жавобни эшитгандан сўнг «Тўғри айтдинг!» деб тасдиқлаган. Аммо қиёмат соати қачон бўлишини билмай туриб сўраган. Сўралган одам ҳам жавоб бера олмаслигини билган.

Ушбу мақомда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улуғворликлари алоҳида намоён бўлмоқда. Ўзларига эргашган, у зотни инсониятнинг энг афзали деб билган ва Аллоҳнинг Расули, деб чин ихлос қилган кишилар ҳузурида бегона одамнинг саволига очиқчасига «билмайман», деб жавоб бермоқдалар. Ўзларининг ҳадларини очиқ тан олмоқдалар. Ҳозирги кунимизда баъзи бир кишилар ўзларининг билмаган нарсаларини биладигандек кўрсатиш учун турли ҳийла-найранглар қиладилар, ёлғон-яшиқ гапирадилар. Аслида эса бу ишлари ўз камчиликларининг боши эканини тушунишни ҳам хоҳламайдилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўзларига тегишли нарсага очиқ-ойдин жавоб берганлар. Билмайдиган нарсаларини ҳам очиқ-ой­дин «билмайман» деб айтганлар. Чун­ки мутлақ ҳамма нарсани билиш Аллоҳ таолога хос. Бир қанча нарсалар борки, уларни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Ўша нарсалардан бири қиёмат соатининг қачон бўлишидир. Шунинг учун ҳам Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган бошқа бир ривоятда юқоридаги саволга жавоб бера туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«У (яъни, қиёмат соати) Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган беш нарсанинг ичидадир», дедилар ва «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида (қиёмат) соати илми бор...» оятини тиловат қилдилар. 

Яъни, бу масала фақат Аллоҳнинг Ўзигина биладиган ишлардан бири эканини баён қилдилар ва унга оятдан далил келтирдилар. Ушбу нарса ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳнинг ҳақиқий пайғамбари – элчиси эканликларига ёрқин далилдир. У киши Аллоҳ билдирган нарсаларни умматларига етказганлар, билдирмаган нарсаларни «Билмайман», деб айтганлар. Фақат сохта даъвогарларгина ҳамма нарсани биламан, деб чиранадилар.

Ҳа, қиёмат соати қачон бўлишини Аллоҳдан бош­қа ҳеч ким билмайди. Агар биров билиши мумкин бўлганида, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билар эдилар. Аммо Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қиёматнинг аломатларини билдирган. Шунинг учун ҳам сўровчи: 

«Унинг аломатларидан хабар бер», деганида қиёмат соати яқинлашганига аломат бўлувчи нарсалардан иккитасини зикр қилиб: 

«Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. 

Ушбу ҳадиснинг икки хил ривоятида «Чўри ўз хожасини» деган жумлада саййидини ва сай­йидасини, деб, икки жинсга ишорат бўлган экан. Демак, чўри аёлнинг ўғли ёки қизи унинг ўзига хўжайин бўлишини кўрасиз, шу нарсалар юзага чиқади, деганлар.

«Чўри ўз хожасини туғиши» деган гапни қандай тушуниш керак, деган масалада уламоларимиз бир неча хил фикр айтганлар. Шу фикр­лардан бирида: «Бунинг маъноси болалар орасида оқпадарлик, онабезорилик кўпайиб кетиб, ўғил-қизлар ўз оналарини беҳурмат қилиб, худди чўриларга муомала қилгандек муомалада бўлишларига ишорадир», деганлар. Аллоҳ таоло уларни раҳмат қилсин, худди ҳозирги кунни назарда тутиб гапирганга ўхшайдилар. Агар шу маънони оладиган бўлсак, қиёмат қоимнинг яна бир аломати юзага чиқиб, унинг қоим бўлиши яқинлашганини англаймиз.

Ушбу ҳадисда зикр қилинган қиёматнинг иккинчи аломати ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларидир. Қадимги уламоларимиз мазкур саҳро аҳли – уй нималигини билмай, чодирда яшаб юрган одамлар ҳақида «Улар аҳвол ўзгариши билан уй-жойга эга бўлиб, фахр учун бир-бирларидан ҳашаматлироқ уй қуришга уриниб кетадилар», деб айтганлар. Бунга ўз замонларидан мисол келтирганлар. Аммо ҳозирги бизнинг замонимизда, айниқса, Арабистон ярим оролининг турли жойларида мазкур васфга эга бўлганлар ва уларнинг авлодлари ҳашамга, зебу зийнатга, ном чиқаришга, хусусан, уй қуришга берилганларини кўрсалар, қиёмат қоим бўлишига жуда оз қолибди, дейишлари турган гап эди. Албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисни айтган вақтларида бундай гаплар йўқ эди, кейин пайдо бўлди. Бу ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ пайғамбар эканликларига ёрқин далилдир.

Қиёматнинг ушбу икки аломатидан бошқа яна бир қанча аломатлари борки, уларни ўрни келганда ўрганамиз.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ислом асослари шаҳодат, намоз, закот, рўза ва ҳаждан иборат экани. Уларнинг Ислом биносининг рукнлари экани ҳақида биринчи ҳадисда гапириб ўтдик.

2. Иймоннинг асослари – Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, яхшию ёмон қадар Аллоҳдан эканига ишониш ва уларни тасдиқлашдан иборатлиги.

Уламоларимиз Ислом билан иймон орасидаги алоқа, фарқ ва «қайси бири умумий», деганга ўхшаш саволлар ҳақида узундан-узоқ баҳслар қилганлар. Уларнинг бу ҳақда алоҳида китоб ёзганлари ҳам бор. Лекин гапнинг хулосаси шуки, Ислом ва иймон тушунчалари умумий тарзда бир-бирига қовушиб кетаверадиган, бири иккинчисини ифода этаверадиган тушунчалардир. Аммо иккисини алоҳида олиб қарайдиган бўлсак, иймон-эътиқод назарий масалаларга, Ислом эса бўйсуниш – амалий масалаларга хосдир.

3. Эҳсон банданинг Аллоҳни кўриб тургандек ихлос билан Унга ибодат қилмоғи, ишонмоғи, ҳаёт кечирмоғидир. Жуда бўлмаса, «Аллоҳ мени кўриб турибди», деган ишонч билан, ўшанга яраша амал қилмоғи, яшамоғидир. Бу даражага етмаган шахс эҳсон-ихлос даражасига етмаган ҳисобланади.

4. Қиёмат соати қачон бўлишини Аллоҳ таологина билади. Бошқалар эса қиёматнинг Пай­ғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилган аломатларинигина биладилар.

5. Буларнинг ҳаммаси қўшилиб, дин дейилади. Чунки ушбу нарсаларни сўраган шахс қайтиб кетганидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга: 

«Уни қайтаринглар», дедилар. Саҳобаи киромлар қараб, ҳеч кимни кўрмадилар. Шунда Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: 

«Бу Жаброилдир. Одамларга динларини ўр­гатгани келибди», дедилар. Яъни, унинг саволлари одамларга динларини ўргатиш мақсадида берилган эди, дедилар. Шундан, бу саволларда зикр қилинган масалаларнинг мажмуаси «дин» экани тушунилади.

Биз ўрганаётган ривоятнинг шу жойи ҳазрати Умарнинг билганлари асосида баён қилинган. Яъни, ҳалиги сўровчи саволларни бериб, жавоб­ларни эшитиб, ўрнидан туриб кетгач, ҳазрати Умар ҳам туриб кетганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Уни қайтаринглар», деганларидан бошлаб, то охиригача бўлган гаплардан у киши хабардор бўлмаганлар. Балки, ўзларига тегишли бош­қача давомнинг гувоҳи бўлганлар. Ҳазрати Умар ўз гувоҳликларини қуйидагича баён қиладилар:

«Сўнгра у қайтиб кетди», яъни, савол берувчи туриб кетди.

«Бас, мен анча вақт ғойиб бўлдим».

Бошқа бир ривоятда «Уч кун ғойиб бўлдим», деганлар. Кейин яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришганлар. Шунда Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч кун олдин бўлиб ўтган ҳодисани эслаб:

«Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?» дедилар.

Ґазрати Умар: 

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», деб жавоб бердилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динларингизни ўргатгани келибди», дедилар».

6. Фаришта турли инсонларнинг шаклида, қиёфасида кўриниши мумкин экан. Жаброил алай­ҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига одам шаклида келганларида кўпроқ ­­         Диҳятул Калбий исмли саҳобий суратларида келганлар. Аммо бу ҳадисда ҳеч ким танимайдиган одам шаклида келганлари таъкидланмоқда. Демак, у зот Диҳятул Калбий розияллоҳу анҳунинг суратларидан бошқа суратда ҳам келганликлари маълум бўлади.

7. Ушбу ҳадисда тилга олинган нарсаларга иймон келтириш вожиблиги.

8. Одамларга ўргатиш мақсадида билган нарсасини ҳам кўпчилик олдида сўраш мумкинлиги.

9. Икки билган одам бири сўраб, иккинчиси жавоб қайтариб, кўпчиликка диний таълим беришлари жоиз экани.

10. Қиёмат қачон қоим бўлишини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким, ҳатто Пайғамбарларнинг улуғи Му­ҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, фаришталарнинг улуғи Жаброил алайҳиссалом ҳам билмасликлари.

11. Қиёматнинг баъзи аломатларинигина билиш мумкинлиги.

12. Бошлиқ ва устозлар ҳузурида одоб билан туриш. Саҳобалар ана шундай одоб ўрнакларини кўрсатиб, ўзлари танимайдиган бегона шахс келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саволлар берганида индамай, жим турдилар. У кетганидан кейин ҳам «У ким эди?» деб сўрамадилар.

13. Бошлиқ ва устозлар кўпчилик билмай қолган, лекин билиши лозим бўлган нарсаларни савол берилишини кутмай, баён қилишлари лозимлиги. Чунки Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилдилар.

14. Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида чўккалаб, қўлларини сонларига қўйиб ўтиришларидан толиби илм одобларини ўрганиб оламиз.

15. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат савол бериш билан кифояланган Жаброил алайҳиссалом ҳақида «Ўргатгани келибди», дедилар. Бундан яхши ва ўринли савол таълим ўрнига ўтишини билиб оламиз.

16. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам­нинг «Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас», дейишлари билмаган нарсасини «билмайман», дейиш ҳам илм эканини кўрсатади.

17. Жаброил алайҳиссаломнинг «Тўғри айтдинг», деб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жавобларини тасдиқлашларидан билган одам жавобдан қониққанлигини шу йўл билан ифода қилиши мумкинлиги келиб чиқади.

Ҳадиси шарифдан келиб чиқадиган ҳикматлар:

Ушбу ҳадиси шарифдан жуда кўп ҳикматлар чиқишини у билан танишиш давомидаёқ тушуниб етдик. Бу ҳадис ўз ичига олган маънолар ҳикмати, унинг инсониятга етказадиган фойдалари ҳақида сон-саноқсиз китоблар битилиб, талай гаплар айтилган. Биз эса, ўз одатимиз бўйича, қисқа ва умумий мулоҳазалар билан кифояланамиз.

Сўзни ушбу ҳадисдаги иймон ва унинг рукн­лари ҳақидаги маънолардан бошлаймиз. Иймон-эътиқоднинг инсон ҳаётидаги аҳамияти чексиз эканини инсоният иймонсизлик жафосини тортиб кўрганидан кейингина тушуниб-етиб турибди. Қадимдан иймонсизликнинг турли кўринишлари зоҳир бўлиб келса ҳам, у бор ҳақиқат сифатида ўртага чиққан эмас эди. Ҳамма у ёки бу тарзда иймонга юзланар эди. Кўпчиликнинг хатоси Аллоҳ баён қилган тарздаги иймонга юзланмасликда эди. Ҳеч ким «Аллоҳ таоло йўқ» демас эди. Аммо кўпчилик У Зотга ширк келтирар, У Зотнинг исмлари, сифатлари ва амалларининг баъзиларини инкор қилар ёки нотўғри тушунар эдилар. Шунинг учун ҳам қадимги ақийда китобларимизда Аллоҳнинг борлиги ҳақида эмас, У Зот таолонинг тавҳиди, сифатлари, исмлари ва амаллари ҳақида сўз юритилган. Ақоид уламолари Аллоҳнинг борлиги ҳақида баҳс юритиб ўтирмаганлар. Чунки бу ҳақиқатни баъзи эътиборсизлардан бошқа ҳеч ким инкор қилмаган.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» II жуз китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаддисларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан башарлик тақозоси ила содир бўлган гапсўз, иш, амалларни ҳам ривоят қилганлар. Суннатга амал қилишда давоми...

6168 15:00 / 16.01.2019
Барча ҳамду санолар ёлғиз Аллоҳгадир. У Зотнинг ҳабиби Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг аҳлига ва асҳобига салоту салом бўлсин.Ташбеҳ давоми...

5397 13:28 / 21.06.2017
Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари Қуръонда келган ҳукмни баён қиладиган бўлса, ўша ҳукмнинг даражаси Расули Акрамнинг амалларига ҳам давоми...

6282 15:08 / 05.12.2018
... . .Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Уч нарса иймоннинг аслидандир .Лаа илааҳа иллаллоҳ, деган кимсага давоми...

4117 13:14 / 30.09.2020