Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Исломда инсон ҳаёти ва соғлиги ўта қадрли | Ҳадис дарслари (258-дарс)

19:00 / 29.11.2023 1770 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: احْتَلَمْتُ فِي لَيْلَةٍ بَارِدَةٍ فِي غَزْوَةِ ذَاتِ السَّلاَسِلِ، فَأَشْفَقْتُ أَنْ أَغْتَسِلَ فَأَهْلِكَ، فَتَيَمَّمْتُ ثُمَّ صَلَّيْتُ بِأَصْحَابِي الصُّبْحَ، فَذَكَرُوا ذَلِكَ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا عَمْرُو، صَلَّيْتَ بِأَصْحَابِكَ وَأَنْتَ جُنُبٌ؟ فَأَخْبَرْتُهُ بِالَّذِي مَنَعَنِي مِنَ الْاِغْتِسَالِ وَقُلْتُ: إِنِّي سَمِعْتُ اللهَ يَقُولُ- ﭹ ﭺ ﭻﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ -فَضَحِكَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَلَمْ يَقُلْ شَيْئًا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبُخَارِيُّ.

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Зотус Салосил ғазотида совуқ кечада эҳтилом бўлиб қолдим. Ғусл қилсам, ҳалок бўламан, деб қўрқиб, таяммум қилдим. Сўнгра шерикларимга Бомдод намозини ўқиб бердим. Улар буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдилар. У зот:

«Эй Амр, жунуб бўлиб туриб, шерикларингга намозга ўтдингми?» дедилар. Мен ўзимни ғусл қилишдан ман қилган нарсанинг хабарини у кишига бердим ва:

«Аллоҳнинг: «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга ўта меҳрибондир», деганини эшитганман», дедим.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва бирор нарса демадилар».

Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилганлар.

Аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу зотни Зотус Салосилга, сўнгра Уммонга бошлиқ қилдилар. Кейинчалик Шом, Миср ва Фалас­тинда бир неча йил амир бўлиб турдилар.

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу вафот этишларидан олдин кўп йиғладилар. Ўғиллари:

«Нега йиғлаяпсиз, ўлимдан қўрқяпсизми?» деб сўраганларида, у зот:

«Ўлимдан кейин нима бўлишимдан қўрқяпман», дедилар. Шунда ўғиллари:

«Қўрқманг, отажон, ҳаётингиз яхшилик билан ўтди. Исломга кирдингиз, доим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлдингиз. Шом ва Мисрни фатҳ этдингиз», дедилар.

Шунда Амр ибн Осс айтдилар:

«Менинг ҳаётим уч қисмга бўлинади. Олдинига кофир эдим, агар шундай ҳолатда ўлганимда, одамлар «Худога шукр, бундан қутулдик», дейишар эди. Сўнгра Исломни қабул қилиб, мусулмон бўлдим. Агар шундай ҳолатда ўлганимда, жаннатга тушишим аниқ бўлар эди. Булардан кейин амир бўлиб, бойликлар ва ҳашаматли уй-жойларга эга бўлдим. Улар менинг фойдамга бўлдими ёки зараримгами, шу тўғрида билмасдан армондаман».

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 43-санасида Фитр ийди куни Мисрда вафот этдилар. Жанозаларини ўғиллари Абдуллоҳ ўқидилар ва ана шу ердаги Миқто қабристонига дафн этилдилар.

Зотус Салолил ғазоти Мадинаи Мунавварадан ўн кунлик йўл масофасида бўлган бир жойнинг номи билан аталиб қолган. Бу ғазот 8-ҳижрий сананинг Жумъадул аввал ойида бўлиб ўтган.

Ҳадис қаҳрамони Амр ибн Осс розияллоҳу анҳунинг ўзлари айтишларича, ўша пайтда қаттиқ совуқ экан. Ғусл қилса, ҳалок бўлишдан қўрқиб, таяммум қилган ҳолда шерикларига Бомдод намозига имом бўлибдилар. Воқеадан хабардор бўлган шериклар энди намозимиз нима бўлади, деб ўйлаб, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилибдилар. У киши иқрор қилиш учун Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ишнинг ҳақиқатини сўрабдилар. У киши бўлган иш ҳақида хабар бериб, ўз фикрларини айтганларидан сўнг кулиб, индамабдилар.

Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тақрирлари бўлади. Яъни, бошқа бир кишининг қилган иши шариатга тўғри келишини иқрор этишлари бўлади.

Бу ҳадисни келтиришдан мақсад, сув бўлса ҳам, ўзига зарар етишидан қўрққан одам совуқ ва шунга ўхшаш монеъликлар туфайли таяммум қилиши мумкинлигини айтишдир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Совуқ туфайли ҳалок бўлишидан қўрққан одамнинг таяммум қилиши жоиз.

Шунингдек, душмандан ёки ваҳший ҳайвондан қўрқиб, сув ололмаса ҳам таяммум жоиз.

Сув ўта совуқ бўлганлиги учун ундан зарар кўришдан қўрққан одам ҳам таяммум қилиши жоиз.

2. Таяммумли кишининг таҳоратли кишиларга имом бўлиши мумкин эканлиги. Баъзи уламолар «Бу Амр ибн Осс розияллоҳу анҳуга хос, у киши бошлиқ бўлганлар», дейишади.

3. Шаръий ишларда иштибоҳ тушиб қолганда олим ва раҳбар кишидан сўраш ва иштибоҳ сабабчиси устидан шикоят қилиш дурустлиги.

4. Бировнинг устидан шикоят тушганда дар­ҳол ҳукм чиқармай, унинг ўзидан ҳақиқатни сўраб, билиш зарурлиги.

5. Исломнинг осонлик дини эканлиги.

6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бор бўлган вақтларида ҳам ижтиҳод қилиш мумкин бўлганлиги.

7. Қилган ишига Қуръон оятидан далил келтириш яхшилиги.

8. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даргоҳлари кенглиги.

9. Баъзи қизиқ нарсалардан кулиш мумкинлиги.

10. Исломда инсон ҳаёти ва соғлиги ўта қадрли эканлиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло.Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганларга ёзажакман,, деган .Аъроф, сураси, давоми...

4874 17:36 / 02.04.2018
1. Толиби илм аввало, ихлосли, соф ниятли бўлиши керак. Илм талаб қилишда дунёвий ғаразларни, риёсат, мансаб, обрў ва шарафни кўзламаслиги лозим.2. Ўз юртидаги давоми...

5600 21:10 / 20.03.2019
. . . Абдулвоҳид ибн Сулайм розияллоҳу анҳумодан ривоят давоми...

4164 13:09 / 08.07.2020
Ёҳуд quotМулланинг айтганини қил, қилганини қилмаquotМен ҳар бир ёзган китобимбитигимни Абу Зуръа Розийга кўрсатганман. Агар у зот бирор ҳадисни бу иллатли, деса уни давоми...

4365 16:59 / 08.04.2016